Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Экологик стикерлар бизни ҳаво ифлосланишидан қутқара оладими?

1 июндан бошлаб Ўзбекистонда «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этила бошлайди. Бунинг учун шаҳарлар экоҳудудларга бўлинади ва автомобилларга экологик стикерлар берилади.

Экологик стикерлар бизни  ҳаво ифлосланишидан қутқара  оладими?

Бир қарашда жозибадордек кўринадиган ушбу тадбирлар аслида қанчалик самарали? Ушбу тизим қандай амалга оширилади? Бу янгиликка жамоатчилик қандай муносабат билдирмоқда?

 

«Экологик транспорт» тизими ўзи нима?

Ҳукуматнинг «Атмосфера ҳавосига транспорт воситаларининг салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2024 йил 1 июндан бошлаб «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этилади.

Унга кўра, ҳудудлар улардаги атмосфера ҳавоси билан боғлиқ реал экологик ҳолатдан келиб чиқиб, илғор хорижий тажриба ва инновацион технологиялар асосида «яшил», «сариқ» ва «қизил» ранглар билан белгиланадиган «тоза», «ўрта» ва «зарарли» экологик зоналарга ажратиб борилади.

 

Экологик стикерлар бупул берилади

Автомобилларни диагностик текширувдан ўтказиш ва натижасига қараб электрон стикер бериш ҳудудлардаги ЙҲХХ бўлинмаларида рўйхатга олиш ва қайта рўйхатга олиш жараёнида бепул амалга оширилади. Экологик стикерларга эга бўлган автомобиль эгалари транспорт воситаларини бир йилда бир маротаба ихтиёрий равишда диагностик текширувдан қайта ўтказиши ва электрон стикер олиши мумкин бўлади.

Ҳудудга киришда ҳайдовчилар, агар уларнинг машинаси унга мос келмаса, компенсация тўлайди. Олинган маблағлар экологик вазиятни яхшилашга сарфланади. Чекловлар такси ва маршрут таксиларидан ташқари махсус ва фавқулодда транспорт воситаларига, шунингдек, жамоат транспортига таъсир қилмайди.

 

Жамоатчилик қандай фикрда?

Экологик муаммолар энг долзарб масалага айланган бу даврда, табиийки, бу қарор эътиборсиз қолмади. Дастлаб эътироз «экологияни ўйлаб» ишлаб чиқилган қарорларда кўмир ва мазут ишлатишни камайтириш тўғрисида у-бу нарса борми, ёки ҳаммаси фақат стикеру электромобиллар билан чекланганми, деган мазмунда бўлди. Негаки, кўпчилик атмосфера ифлосланишида автомобиллардан кўра саноат корхоналарининг улуши кўпроқлигини яхши билади. Нега унда энг таъсирчан чоралар саноат корхоналарга қўлланмай, автомобиллар нишонга олинмоқда? Бу хусусда жамоатчилик фикри қандай?

 

Экостикерлар чораларнинг биринчисими ёки ягона тадбирми?

Иқтисодчи Отабек Бакиров бошланган ишлар шу билан тугаб қолиши ва абсурд оқибатлар яратиши эҳтимолидан хавотирда.

«1 июндан автотранспорт воситаларидан чиқаётган ифлослантирувчи моддалар ташламаларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсирини камайтириш бўйича эълон қилинган илк чораларни умуман олганда маъқуллаган ҳолда, бошланган ишлар шу билан тугаб қолиши мумкинлигидан қўрқаман ва шунингдек, бу абсурд оқибатлар яратиши эҳтимоли хавотирлари ҳам йўқ эмас.

Биринчидан, АИ-80 бензинни ишлаб чиқариш ва сотишдан воз кечиш бўйича бирон қадам қўйилгани йўқ.

Айтайлик, ишлаб чиқарилганига уч йилдан ошмаган ва яшил стикерли Cobalt АИ-80 бензин ишлатиб ҳавони ва одамларни заҳарлашда давом этавериши мумкин. Бу ўзини ўзи алдаш эмасми? Ёки монополия манфаатига келганида экологияга кўз юмиб туриладими?

Иккинчидан, экостикерлар маъмурчилиги яна қўшимча назорат, қўшимча диагностика талаб этади. Экологик стикерлар бериш 2027 йилгача бепул дейилгани билан жараён барибир харажат талаб қилади (бориб-бориб Ягона экостикер маркази каби субъектлар пайдо бўлиши мумкин). Бира-тўла экологлар таклиф этганидек, ишлаб чиқарилганига 15 йилдан ошган автомобилларни йирик шаҳарларда (Тошкент ва вилоят марказларида) ҳаракатланишини тақиқлаш осон ва арзон тушмасмиди (барча мавжуд қурилмалар автомобиль рақамларини ва ишлаб чиқарилган йилини осон аниқлай олади)?!.

Учинчидан, мазут ва кўмир ёқиб ҳавони ифлослантираётганларга нисбатан ҳам ғалати сукут давом этмоқда. Ҳатто суд қарори бўла туриб бундай зарарли корхоналарни тугатиш ёки ишлаб чиқариш жараёнини кўчириш имкони бўлаётгани йўқ. Шунақа тасаввур пайдо бўлмоқдаки, ҳукумат ўзига фойда келтираётган ва харажат қилишни истамайдиган масалаларда, гарчи у экологияни каррасига кўпроқ булғаётган бўлса-да, ҳеч нарсани ўзгартирмоқчи эмасдек.

Тўртинчидан, ҳаракатларда узвийлик йўқ, масалан, электромобилларга ўтишни рағбатлантиришда. Одамлар ва бизнес ўзлари ўзларининг пулига электромобиль олиб келаётганини ўзига рақобат деб билган янги электромобиль монополияси лоббизми ҳукумат томонидан қўлланмоқда. Қани бу ерда мантиқ?..»

 

Бизга комплекс ёндашув керак

Иқлимшунос олим Эркин Абдулаҳатовдан мавзу юзасидан фикр сўраганимизда у ҳақиқатан ҳам қўшимча чора-тадбирларга муҳтож эканимизни таъкидлади. Мутахассис фикрини тинглар эканмиз, нега тақиқ кўпроқ автомобилларга, деган саволга жавоб топгандек бўламиз.

«Пойтахт ҳавосининг ифлосланиши қишда асосан мазут ва кўмир ёқиш эффекти экани тобора ойдинлашиб қолди. Совуқ ойларда давомий антициклонларнинг бўлиши тепадан пастга қараб ҳавони олиб тушгани каби, мўрилардан чиқаётган зарарли кимёвий унсурларни тез ерга туширишини келтириб чиқарди. Ёз ва куз бошида эса пойтахтда дарахтсиз омил ҳамда Қозоғистондан чанг массасанинг ёпирилиши бизда чанг билан боғлиқ ҳаво ифлосланиши даражасини оширади.

Аммо, автотранспорт воситаларининг ҳавони ифлослантириши бизда йил давомида бир хил ва муттасил. Автомобилдан чиққан ташламалар бу РМ-2,5 майда заррача кўринишида ҳам, бошқа ифлослантирувчи моддалар кўринишида ҳам ҳавони булғамоқда. Автотраспортда ёнилғи ресурслари ёнишида унинг 80 фоизи турли газлар ва майда дисперс зарралар кўринишида ҳавога яна қайта чиқарилишини тушуниб етиш керак. Улар турли хил газлардир ва сўнгги тадқиқотлар альцгеймер касаллигининг (хотира сусайиши, мия тормозланиши) чиқиб келишини ҳам машина ёнилғиси ёниши эффектига боғлашмоқда.

Бир қарашда транспорт секторида юқоридаги муаммоларни ечишда экостикер тизими мукаммал ечимдек кўрилади. У орқали шаҳарларда онлайн тез янгиланиб турувчи экологик зоналаштириш тизими яратилиши ҳам бу жуда пухта ўйланган тарғибот экани ҳаммага кундек равшан, менимча.

Бироқ пойтахт ҳавосини мусаффо қилиш бу комплекс ёндашувни талаб қилади. Биргина автомобиль билан боғлиқ эмас демоқчиман. Бунда биринчи навбатда, жойларга ҳозирги ва келгуси иқлимга мос дарахтлар экиш, сув объектларини кўпайтириш, катта автомобиль йўлларига автотранспорт тиғиз ҳаракатланиш муддатларидан олдин сув сепиш ёки ҳавога сув пуркаш, мазут ва кўмирдан воз кечиш, мўриларга электродли ҳаво тозаловчи филтьр ускуналарини ўрнатиш ва шаҳар жамоат транспорти жозибадорлигини оширишда экостикер ҳамда экокарталаш тизимини жорий қилиш керак».

 

Стикерни пулли қилиш керакми?

Тез-тез экология мавзусини кўтарадиган блогер Никита Макаренко эса мавзу юзасидан фикр билдирар экан, стикерни пулли қилиш, Сингапур ва Хитойдаги каби автомобилга эгалик қилиш солиғини жорий этиш ва дунёда аллақачон қўлланилаётган бошқа шунга ўхшаш чораларни амалга ошириш кераклигини таъкидлайди. Унинг сўзларига кўра, барча ривожланган шаҳарлар шу йўл билан тоза ҳаво учун машиналар ва тирбандликлардан халос бўлишмоқда.

«Ички ишлар вазирлиги халқаро тажрибага ишора қилмоқда. Интернетдаги қидирувга кўра, Европа Иттифоқида экологик стикерлар Испания, Германия ва Францияда фаол жорий этилмоқда. Тўғри, бепул эмас. Текшириш ва стикернинг ўзи 15 евро туради. Англияда қаттиқроқ. У ерда стикер эмас, балки эски автомобиллар учун шаҳарга кириш солиғи – ULEZ жорий қилинган. Лондон марказига кириш учун Congestion Charge ҳам 15 фунтни ташкил этади», – деб ёзади блогер.

Ижтимоий тармоқларда бу каби муносабатлар жуда кўп. Нима бўлганда ҳам, эндиликда ҳар бир соғлом ёндашув билан чиқарилаётган ташаббусларга аҳоли мутлақо бефарқ эмас. Жамоатчиликнинг бундай фаоллиги аслида ҳар қарорни тўғри ва аниқ амалга ошириш имкониятини кенгайтиради. Халқимиз ўртасида жамоатчилик назорати институти фаол ишлай бошлайди.

«Экологик транспорт» қарорини эса бутунлай самарасиз деб бўлмайди. Фақат тизим такомиллаштиришни талаб қилади, комплекс ёндашув зарур. Зеро, экологик муаммолар ўта долзарб бўлиб турган бугунги даврда кичик масъулиятсизлик ҳам катта оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмас.

 

Шаҳруза САТТОРОВА




Ўхшаш мақолалар

Электр энергияси ва  табиий газ қимматламоқда,  ижтимоий норма халққа  қандай ёрдам бўлади?

Электр энергияси ва табиий газ қимматламоқда, ижтимоий норма халққа қандай ёрдам бўлади?

🕔20:38, 19.04.2024 ✔33

Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилади, кўп ишлатган кўпроқ тўлайди. Яъни, энергетика соҳасида «ижтимоий норма» жорий этилди. Буни қандай тушуниш керак?

Батафсил
Экологик стикерлар бизни  ҳаво ифлосланишидан қутқара  оладими?

Экологик стикерлар бизни ҳаво ифлосланишидан қутқара оладими?

🕔22:10, 12.04.2024 ✔37

1 июндан бошлаб Ўзбекистонда «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этила бошлайди. Бунинг учун шаҳарлар экоҳудудларга бўлинади ва автомобилларга экологик стикерлар берилади.

Батафсил
Қулоқчинлар  эшитиш қобилиятининг бутунлай йўқолишига  сабаб бўлади

Қулоқчинлар эшитиш қобилиятининг бутунлай йўқолишига сабаб бўлади

🕔14:33, 29.03.2024 ✔43

Бугун ён-атрофга назар солсангиз, кўпчилик инсонларнинг қулоқчин (нашуник)-да мусиқа ёки аудиокитоб тинглаб кетаётганига кўзингиз тушади. Бу  яхши, aлбаттa. Аммo ҳaр нaрсaнинг фoйдaли тoмoни бўлгaни кaби зарари ҳaм йўқ эмас.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар