Иқлим      Бош саҳифа

Экологик муаммоларга қарши курашишда жамоатчилик овози баландроқ янграши шарт

Жамоатчилик назорати – экологик муаммоларга қарши курашда энг самарали йўллардан бири. Сўнгги вақтларда кўплаб экологик масалалар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлаётгани ҳам бунга мисолдир.

Экологик муаммоларга  қарши курашишда жамоатчилик овози  баландроқ  янграши шарт

Аммо бугун жамиятимизда жамоатчилик назорати механизмлари тўла ишлашини таъминлаш, экологик муаммоларга қарши курашишда барчанинг бирдек масъулиятини ошириш учун меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни етарли деб бўлмайди.

Аввало, керакли дастурларни қабул қилишда жамоатчиликнинг фикри кўпроқ инобатга олиниши керак. Айниқса ривожланган хорижий мамлакатларнинг жамоатчилик экологик назорат тажрабасини ўрганиш ва мамлакатимизда татбиқ этиш долзарб аҳамиятга эга. Бу жараёнда эса соҳага оид давлат идоралари билан бирга, нодавлат нотижорат ташкилотлар, сиёсий партияларнинг ролини ошириш талаб этилади.

Яқинда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази томонидан «Экология соҳасида жамоатчилик назоратининг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари» мавзусида ўтказилган давра суҳбатида шулар хусусида сўз борди. Олий Мажлис Сенати ҳамда Қонунчилик палатаси аъзолари, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Гидрометеорология хизмати агентлиги мутахассислари, Ўзбекистон Экологик партияси, мазкур йўналишда фаолият кўрсатувчи нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, соҳа экспертлари ва экофаоллар иштирок этган тадбир савол-жавобларга, баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди.

– Бугунги тадбиримиздан кўзланган мақсад экология соҳасида жамоатчилик назоратининг ҳолатини таҳлил қилиш ва уни янада кучайтириш масалаларини муҳокама қилиш, мамлакатимизда экологик вазиятни янада яхшилаш, мазкур йўналишдаги муаммоларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, бу борада зарур таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдир, – деди Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази директори в.б. Азамат Пардаев. – Хабарингиз бор, сўнгги йилларда мамлакатимизда табиатни муҳофаза қилиш, жумладан, атмосфера ҳавоси, ер, ер ости бойликлари, сув, ўрмонлар, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш масалалари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Ҳозирги экологик вазият табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, атмосфера ҳавоси мусаффолигини асраш масалаларига эътиборни янада кучайтириш, аҳолида экологик маданиятни тубдан мустаҳкамлашни тақозо этмоқда.

Дарҳақиқат, тадбир иштирокчилари экологик муаммолар бўйи­ча янада фаол бўлишимиз кераклигини қайд этишди. Экологик муаммоларни бартараф этишда мавжуд қонунчилик ҳам етарлича ҳуқуқий йўл очиб бериши керак. Афсуски, ҳозирги қонунчилик ва экологик меъёрий ҳужжатларимизда баъзи бир бўшлиқлар ҳам кўзга ташланиб қоляпти. Шундай пайтларда жамоатчилик назоратини янада кучайтиришимиз керак. Маълум бир объект атрофида бўлаётган муҳокамалардан қонуний-ҳуқуқий муҳокамаларга ўтиш керак. Ҳар бир объект иш бошлашдан олдин давлат экологик экспертизасидан ўтади. Жараёндаги очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳозирги кунда жуда катта масала. Жамоатчилик эшитувлари ва муҳокамалар бирон объект фаолияти ҳақида қатъий тўхтамга келгандан кейин эмас, ўша жараённинг ўзида бўлиши керак. Яъни муайян лойиҳа амалга ошгандан кейин эмас, лойиҳани бошлашдан олдин жамоатчилик фикрини ўрганиш зарур бўлади. Фуқароларимиз ўз фикр-муносабатини қонуний тарзда ўз вақтида билдириш кўникмасига эга бўлиши зарур.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев партия томонидан жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталди.

– Бугунги кундаги экологик ҳолатни тўғри англаган аҳолимиз партиямизнинг дастурий ғоя ва мақсадларига хайрихоҳлик билдириб, сафимизга қўшилмоқда. Ҳозирда Экопартия аъзолари сафи қарийб 700 мингга етди. Бу ҳудудларда экологик масалалар юзасидан самарали жамаотчилик назоратини олиб боришда жуда муҳимдир. Шунингдек, мурожаатлар билан ишлаш тизимини яхшилаш орқали ҳам жамоатчилик назоратини кучайтиришга эришмоқдамиз, – деди Экопартия раҳбари.

Давра суҳбатида экология соҳасида жамоатчилик назоратининг роли ва аҳамияти, бу борада хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари, уларни Ўзбекистон шароитида жорий этиш масалалари хусусида фикр-мулоҳазалар алмашилди. Бу борада юртимизда фаолият олиб бораётган кўплаб жамоат бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик вакиллари, экофаоллар ва блогерларнинг иштирокини қайд этиш жоиз.

Хусусан, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, «Тараққиёт стратегияси» маркази, «Эколог» жамоат бирлашмаси, «Экомактаб» ва бошқа шу каби тузилмалар ҳамда кўплаб экоблогерлар фаолияти кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кузатиб борилаётгани, қўллаб-қувватланаётгани таъкидланди. Оммавий ахборот воситалари ҳамда блогерларнинг экологик муаммолар юзасидан танқидий-таҳлилий чиқишлари натижасида кўплаб қонунбузилиш ҳолатларига барҳам берилгани эътироф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 февралдаги қарори билан жамоатчилик экология назоратчиси тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унга кўра, жамоатчилик экология назоратчиси экологик ҳуқуқбузарликни аниқлаш, тегишли далолатномани расмийлаштириш ва Эконазорат платформасига киритиш, аниқланган ҳуқуқбузарликларга нисбатан кўрилган чоралар юзасидан ахборот олиш, ҳуқуқбузарга жазо тайинлаш билан боғлиқ жараёнларда иштирок этиш каби ҳуқуқларга эга бўлади. Иштирокчилар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан «Жамоатчилик экология назоратчиси» мақомини бериш жараёнини соддлаштириш, кўпроқ экофаолларни жалб этиш зарурлиги бўйича таклифларини билдиришди.

Тадбирда мамлакатда экологик барқарорлик ва атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, экологик вазиятни барқарорлаштиришда партия­лар иштироки ва партиявий назоратнинг айрим хусусиятлари, мазкур соҳада жамоатчилик назоратини амалга оширишда хорижий тажриба, экологик ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

«Жамоатчилик назоратини кучайтириш дегани нима? Бу шуни англатадики, ўзини Ўзбекистон фарзандиман, шу ер менинг ватаним, деган ҳар бир инсон экологик муаммоларга бефарқ бўлмаслиги керак. Ўз уйини қанчалик ифлослантирмай, озода сақласа, атроф-муҳитга ҳам шундай муносабатда бўлиши керак. Буни одамларга сингдириш учун биз доим экологик маданиятни шакллантириш ҳақида гапирамиз. Бироқ бу етарли самара бермаяпти, қачонки экологик ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайса, муаммоларнинг олди олинади. Мана шундагина ҳар бир қилаётган ишимиз учун жавобгарликни ҳис қиламиз», – дейди «Эколог» жамоат бирлашмаси раҳбари Наргис Қосимова.

Тадбирда иштирокчилар эколог журналистлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоясини кучайтириш, жамоат жойлари ва паркларини муҳофаза қилиш, экология йўналишидаги нодавлат нотижорат ташкилотларини кўпайтириш, яшил маконларни суғоришда сув ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ юзага келаётган тушунмовчиликларга аниқлик киритиш каби кўплаб масалалар бўйича таклифлар билдирдилар. Шунингдек, бу каби учрашувларни мунтазам ўтказиб бориш, иштирокчи ташкилотлар сафини янада кенгайтириш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Давра суҳбати якунида экология соҳасида жамоатчилик назоратини янада кучайтириш ҳамда давлат мутасадди идоралари ва жамоатчилик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.




Ўхшаш мақолалар

Сессия қарори асосида «Навоийазот» АЖ  атрофида атмосфера  мониторинг  қилинади

Сессия қарори асосида «Навоийазот» АЖ атрофида атмосфера мониторинг қилинади

🕔09:23, 23.10.2025 ✔10

Саноат корхоналари мамлакатда иқтисодий тараққиётнинг бош омили саналади. Уларда минглаб элдошларимиз меҳнат қилар экан, биринчи навбатда ўз оиласи фаровонлигини таъминлаётганидан мамнун, албатта.

Батафсил
Кўринмас сув нима?

Кўринмас сув нима?

🕔09:11, 23.10.2025 ✔11

Виртуал сув маҳсулотни ишлаб чиқариш жараёнида ишлатилган, лекин кўзга кўринмайдиган сув миқдоридир.

Батафсил
Сирдарёда  сувдан фойдаланиш қандай кечмоқда?

Сирдарёда сувдан фойдаланиш қандай кечмоқда?

🕔15:32, 16.10.2025 ✔26

Сирдарёда экологик ислоҳотлар бўйича эшитувда сув ресурсларини тежаш ва амалий натижалар босқичи бошлангани муҳокама қилинди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар