Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Эзгулик ва оқибат рамзига айланган кўприк

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хоразмга ташрифи қалбларга ифтихор ва сурур бағишлади. Давлатимиз раҳбари бошчилигида Амударё устидан ўтувчи темир йўл ва автомобиль йўли қўшма кўприги очилиши янги тарихнинг унутилмас воқеаларидан бири бўлди.

Эзгулик ва оқибат  рамзига айланган кўприк

Ўтмишга назар ташлайдиган бўлсак, азалдан бир эл, бир халқ бўлган Оролбўйи одамларини асов Амударё иккига ажратиб турган. Не-не ҳукмдорлар, не-не салтанат соҳиблари икки қирғоқни бирлаштирувчи кўприк қуриш уддасидан чиқолмаган. Шу боис одамларнинг ўзаро борди-келди, савдо-сотиқ қилишида қатор қийинчиликлар юзага келган.

Элдошларимиз бу муаммоларнинг барҳам топишини узоқ даврлар мобайнида интизорлик билан кутишган эди. Мана, Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманида қисқа муддатда қуриб битказилган муҳташам кўприк меҳнаткаш халқимиз учун муносиб туҳфа бўлди, десак, асло муболаға бўлмайди.

Ушбу бебаҳо туҳфа тақдимоти ҳақидаги хабарлар билан танишар эканман, кўприк орзусида суринган элдошларимизнинг фожиали, изтиробларга тўла кечмиши ёдимга тушади.

Биз ўсиб-улғайган қишлоқ билан Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл шаҳрини даливаш дарё ажратиб туради. Болалигимизда томга чиқиб, шаҳарнинг гавжум ҳаётини томоша қилиб ўтирар эдик. Бу шаҳарда аксарият қишлоқдошларимизнинг қариндош-уруғи истиқомат қилишади. Тўй-маъракада борди-келди қилишнинг ўзи учи йўқ калавага ўхшарди.

Ўшанда еттинчи синфда ўқирдик. Қиш чилласининг қақшатқич аёзида мактабдошимиз Сайёра деган қизнинг ота-онаси, укалари дарёга чўкиб кетгани ҳақида шум хабар тарқалди. Маълум бўлишича, ўшанда улар Тўрткўлдаги қариндошлариникига тўйга отланишган. Кўприк йўқлиги сабаб машинасини ҳайдаганча, музлаб ётган Амударёдан кесиб ўтмоқчи бўлишибди. Ярим йўлга борганида муз ёрилиб, уларнинг барчаси машинаси билан бирга сув тубига ғарқ бўлишибди.

Бундай фожиа ва кулфат ҳар йили так­рор-такрор содир бўлиб турарди. Одамгарчилик, силаи раҳмни дастуриламал қилган қишлоқдошларимиз ҳаётини гаровга қўйганча муз қоплаган дарёни кечиб ўтишга уринишарди. Бу уриниш баъзан муваффақиятли бўлса, аксарият ҳолларда фожиа билан тугарди. Келин келтираётганда муз ёрилиб, катта бир автобусни ўз комига тортиб кетгани ҳақидаги хабарлар бизнинг бола қалбимизни жунбушга келтириб юборган эди бир вақтлар. Ўшанда Шўролар салтанатидек катта бир давлатнинг ихчамгина битта кўприк қуришга қудрати етмаслигидан ўксиниб-ўксиниб қўярдик.

Яқин йилларгача Хоразм вилояти билан Қорақалпоғистон Республикасини фақатгина «Тўямўйин» сув омбори ва Тахиатош ГРЭСига қурилган тўғон боғлаб турарди. Уларнинг иккови ҳам марказдан анча олисда бўлиб, юзлаб чақирим йўқ босишга тўғри келарди. Тўғри, кейинги вақтларда Хоразм вилоятининг Урганч ва Хонқа туманлари ҳамда Қорақалпоғистоннинг Қипчоқ овулида пантон кўрпиклар қурилиб, улар аҳолига хизмат кўрсата бошлади. Бироқ омонатгина барпо этилган бундай кўприклар қишда улкан муз бўлакларининг келиб урилиши ёки ёзда қутирган асов тўлқинлар ҳамласида ўтиб бўлмайдиган даражада хавфли бўлиб қоларди.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач, дастлаб Қорақалпоғистоннинг «Мискин» аҳоли пункти ва Хоразмнинг Ҳазорасп туманини боғловчи маҳобатли кўприк қурилиб, фойдаланишга топширилди. Мазкур кўприкнинг поезд ўтиши учун ҳам мўлжаллангани туфайли «Урганч–Тошкент» оралиғидаги масофа қисқарди. Вилоятнинг экспорт-импорт салоҳияти ошди. Лекин Хоразм вилоятининг Шарқ томонидан кириб келган  поезд темир йўлнинг «Тошкент–Нукус» йўналишига уланмагани боис яна ортига қайтиб, «Мис­кин» станциясидан мўлжалланган томонга ҳаракатланарди. Бу эса бир мунча вақт ва кучнинг сарфланишига сабаб бўлар эди.

Эндиликда Амударё туманида барпо этилган ушбу  баҳодир кўприк ана шу вақт ва энергиянинг тежалишига омил бўлиши шубҳасиз. «Мискин»дан кириб келган
поезд­ ортга қайтмасдан «Урганч–Шовот–Амударё» орқали магистрал линияга уланади. Бу, албатта, халқаро йўналишда юк ва йўловчи ташиш учун ҳам катта қулайлик­лар туғдиради.

– Кўприкнинг Юртбошимиз томонидан тантанали очилишини кузатарканман, қалбим чексиз ғурурга тўлди, – дейди Ўзбекистон халқ таълими аълочиси, нафақадаги ўқитувчи Эркин Олламов. – Яқиндагина ёшуллилар 85 ёшни қаршилаган мендай нуроний оқсоқолни олиб бориб, мана шу кўприк тамал тошини қўйдириб, дуои фотиҳа қилдиришган эди. Ўшанда мен унинг бунчалик тез ва қисқа муддатда қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилади, деб ўйламаган эканман.

Ҳа, қисқа муддатда залварли меҳнатлар натижасида қуриб тугалланган мазкур кўприк жонажон Ватанимиз мустақилликка эришгандан буён Амударё узра барпо этилган учинчи кўприк саналади. Яқин йилларда Урганчнинг «Чолиш» мавзеини Қорақалпоғис­тоннинг Беруний тумани билан боғловчи автомобиль кўпригининг фойдаланишга топширилгани ҳам чинакам тарихий воқеа, деб қабул қилинди. Ўшанда юртдошларимиз берк кўчадек бўлиб қолган Хоразм темир йўлини асосий линия билан туташтирувчи кўприк қурилишини ич-ичдан орзу қилган эди. Мана, орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан асов дарё узра учинчи муҳташам кўприк қурилиб, фойдаланишга топширилди. Аҳамиятлиси шундаки, бу кўприк ҳам поезд, ҳам автомобиллар ўтишига мўлжалланган.

Дарҳақиқат, Амударё устидан янги кўприк қурилиши кўп йиллик муаммони ҳал қилди. Энг муҳими, аҳолини икки соат вақти тежаладиган бўлди, темир йўлда юк ташиш харажатлари 1 та вагон учун 600 минг сўмга арзонлашяпти.

Бу – табиий хомашё захиралари кам бўлган Хоразм тадбиркорлари учун янги имконият, саноат ва хизматлар учун эса жуда катта туртки. Шунингдек, минглаб йигит-қизларнинг Нукус ёки Урганчга қатнаб олий ўқув юртларида таълим олишлари учун янада қулайроқ шароит вужудга келди. Энди улар учун йўл азоби деган тушунчанинг ўзи бўлиши мумкин эмас.

Амударё узра қурилган муҳташам янги кўприк элларни, дилларни туташтириб турувчи эзгулик муштараклигининг рамзи сифатида асрлар оша салобат касб этиб туришига ишонамиз.

 

Эрпўлат БАХТ




Ўхшаш мақолалар

Обод  маскан  мусаффо  муҳитдан  бошланади

Обод маскан мусаффо муҳитдан бошланади

🕔11:43, 20.08.2026 ✔78

Мустақиллик – халқимизнинг энг улуғ ва бебаҳо қадрияти. У бизга ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш, миллий тараққиёт йўлидан дадил бориш, юртимизни бунёдкорлик ва фаровонлик масканига айлантириш имконини берди.

Батафсил
Меҳрга  интилган беозор жонзотлар

Меҳрга интилган беозор жонзотлар

🕔16:33, 06.08.2026 ✔257

Мушуклар қулоқларини 180 даражагача айлантира олади, уларнинг эшитиш қобилияти эса инсонникидан камида беш баравар юқори.

Батафсил
«Табиий»  деган ёрлиқ  остидаги катта  хавф

«Табиий» деган ёрлиқ остидаги катта хавф

🕔13:25, 20.07.2026 ✔442

Ўзбекистон Экологик партияси органик маҳсулотлар етиштириш, халқимиз эҳтиёжини экологик тоза маҳсулотлар ҳисобига қоплаш масаласи учун доимий курашиб келмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Обод  маскан  мусаффо  муҳитдан  бошланади

    Обод маскан мусаффо муҳитдан бошланади

    Мустақиллик – халқимизнинг энг улуғ ва бебаҳо қадрияти. У бизга ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш, миллий тараққиёт йўлидан дадил бориш, юртимизни бунёдкорлик ва фаровонлик масканига айлантириш имконини берди.

    ✔ 78    🕔 11:43, 20.08.2026
  • Меҳрга  интилган беозор жонзотлар

    Меҳрга интилган беозор жонзотлар

    Мушуклар қулоқларини 180 даражагача айлантира олади, уларнинг эшитиш қобилияти эса инсонникидан камида беш баравар юқори.

    ✔ 257    🕔 16:33, 06.08.2026
  • «Табиий»  деган ёрлиқ  остидаги катта  хавф

    «Табиий» деган ёрлиқ остидаги катта хавф

    Ўзбекистон Экологик партияси органик маҳсулотлар етиштириш, халқимиз эҳтиёжини экологик тоза маҳсулотлар ҳисобига қоплаш масаласи учун доимий курашиб келмоқда.

    ✔ 442    🕔 13:25, 20.07.2026
  • Руҳий соғлом жамият қуришда  биз нимани  бой беряпмиз?

    Руҳий соғлом жамият қуришда биз нимани бой беряпмиз?

    Бугун тезкор технологиялар, сунъий интеллект ва глобаллашув асрида яшаяпмиз. Ҳар бир ота-она фарзандининг энг яхши мактабларда ўқишини, бир нечта хорижий тилларни мукаммал билишини, замонавий касбларни эгаллашини хоҳлайди.

    ✔ 505    🕔 15:39, 09.07.2026
  • Халқаро аҳоли куни:  инсон қадри ва барқарор  тараққиёт пойдевори

    Халқаро аҳоли куни: инсон қадри ва барқарор тараққиёт пойдевори

    Ҳар йили 11 июль санаси бутун дунёда Халқаро аҳоли куни сифатида кенг нишонланади. Бу сана аҳоли сонининг ўсиши, инсон саломатлиги, оила фаровонлиги, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва барқарор тараққиёт масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратишда муҳим аҳамият касб этади.

    ✔ 537    🕔 15:35, 09.07.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар