Экоолам      Бош саҳифа

Жамоатчилик экология назоратчиси: ҳуқуқ, мажбурият ва рағбат

Жамоатчилик назорати бу халқнинг давлат ҳокимияти устидан том маънодаги назорати ҳисобланади. Халқ назорати қанча кучли бўлса, жамият муаммоларига шунча тез ечим топилади.

Жамоатчилик  экология назоратчиси:  ҳуқуқ, мажбурият ва рағбат

Барча давлат ташкилотларини ўз вазифаларини мукаммал бажаришга ундаб туради. Бугунги кун учун энг долзарб бўлган экология соҳасида жамоатчилик назоратини ўрнатиш эса ноқонуний дарахткушликдан тортиб, атроф-муҳит муҳофазасига зид қурилишлар, саноат корхоналарининг атмосферани ифлослантириши, чиқинди муаммоларигача – барча-барчасига қарши самарали кураш олиб боришда ёрдам беради. Шу боисдан ҳам 2023 йил 1 июлдан «Жамоатчилик экология назоратчиси» тизими жорий қилинди.

Тизим жорий этилди, аммо унинг тартиби қандай бўлади, кимларга жамоатчилик назоратчиси мақоми берилади каби саволлар туғилиши табиий. Ушбу саволларга жавобни эса Вазирлар Маҳкамасининг 24 февралдаги «Жамоатчилик экология назоратчиси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қароридан топиш мумкин.

Низомда жамоатчилик экология назоратчиси фаолиятини ташкил қилиш тартиби, мақоми, вазифаси, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга бўлган ва 18 ёшга тўлганлар экология назоратчиси бўлиши мумкин.

Кимлар жамоатчилик экология назоратчиси бўлиши мумкин?

Номзодлар экология назоратчиси мақомини олишлари учун махсус тайёргарликдан ўтишлари лозим. Бунинг учун номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Экология бошқармасига мурожаат қилиб, ёзма ариза қолдиришлари ёки вазирликнинг uznature@exat.uz электрон манзилига электрон ариза юборишлари лозим.

Номзодларнинг аризалари тегишлилиги бўйича вазирликнинг ҳудудий органлари томонидан 10 иш кунидан кечиктирмасдан кўриб чиқилади ва уларнинг рўйхати вазирлик ҳузурида ташкил этилган Жамоатчилик экология назоратчиси мақомини бериш комиссиясига тақдим этилади. Комиссия номзодлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни уч иш кунида кўриб чиқиб, уларнинг рўйхатини тасдиқлайди ва вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилади.

 

Номзодлар махсус тайёргарликдан ўтади

Номзодлар вазирлик томонидан тасдиқланган ўқув режаси ва дастурлари асосида Марказ томонидан бепул махсус тайёргарликдан ўтказилади. Бу номзодларнинг талаб ва истакларидан келиб чиқиб масофавий таълим тарзида амалга оширилиши мумкин. Махсус тайёргарликнинг муддати 72 соатни ташкил этади. Марказ номзодларни махсус тайёргарлик бошланиши муддатлари ҳақида тайёргарликдан 10 кун олдин хабардор қилади.

 

Нималар ўргатилади?

Махсус тайёргарликни ўтказиш жараёнида номзодларга экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари, табиатни муҳофаза қилиш фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган жамоатчилик назорати тўғрисида, давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик тадбирларнинг амалга оширилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг иштироки, шунингдек, экология назоратчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жамоатчилик экология назорати натижаларини расмийлаштириш тартиби ҳамда экология соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик юзасидан таянч тушунча ва билимлар берилади.

Махсус тайёргарликни тўлиқ якунлаган номзодлар якуний имтиҳондан ўтади. Якуний имтиҳон масофавий шаклда якка тартибдаги суҳбат кўринишида Комиссия томонидан махсус тайёргарликдан ўтиш якунланганидан сўнг 15 кун ичида ўтказилади.

 

Экология назоратчиси гувоҳномаси уч йил амал қилади

Имтиҳон натижалари вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Якуний имтиҳон натижалари бўйича номзодларга вазирликнинг ҳудудий органлари томонидан сертификат ҳамда вазирликнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган экология назоратчиси гувоҳномаси берилади. Сертификат ва экология назоратчиси гувоҳномаси уч йил амал қилади ва муддат тугаганидан кейин номзод қайта тайёрловдан ўтказилади.

 

Экология назоратчисининг вазифалари

Экология назоратчиси қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

— соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва чек қўйишда иштирок этиш;

— экологик ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, браконьерликка қарши курашиш;

— табиатни муҳофаза қилиш фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларнинг амалга оширилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг иштирокини таъминлашга кўмаклашиш.

Экология назоратчиси чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаш ёки ёқиб юбориш; автотранспорт воситаларини очиқ сув ҳавзалари яқинида ювиш ҳамда оқова сувларни ушбу ҳавзага оқизиш; қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олиш; жисмоний ва юридик шахслар фаолиятидан ҳосил бўлган оқова сувларни белгиланмаган жойларга оқизиш; ноқонуний ов қилиш; дарахтларни ноқонуний кесиш, ўсимликларни йўқ қилишга олиб келувчи бошқа ҳолатларни аниқлаганда далолатнома расмийлаштириши мумкин.

 

Экология назоратчисининг ҳуқуқлари

Экология назоратчиси қуйидаги ҳуқуқ­ларга эга:

— ўз фаолиятини амалга оширишда махсус билим ва кўникмаларга эга бўлиш учун бепул таълим олиш ва малакасини ошириш;

— атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликка юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилишини кузатиб бориш;

— ваколатли органлар томонидан давлат экологик назорати амалга оширилишида кузатувчи сифатида иштирок этиш;

— экологик ҳуқуқбузарликни аниқлаш, тегишли далолатномани расмийлаштириш ва Эконазорат электрон тизимига киритиш;

— аниқланган ҳуқуқбузарликларга нисбатан кўрилган чоралар юзасидан ахборот олиш, ҳуқуқбузарга жазо тайинлаш билан боғлиқ жараёнларда қатнашиш;

— «Яшил макон» ва бошқа платформалардан фойдаланиш ҳамда соҳада амалга оширилаётган ишлар кўлами ва натижалари билан мунтазам танишиб бориш;

— атроф-муҳитнинг ҳолати, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, мазкур соҳадаги қонун бузилишини бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот олиш учун тегишли давлат органларига фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органи ва (ёки) нодавлат нотижорат ташкилотининг мурожаатини тайёрлашда иштирок этиш;

— атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш, жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказишда иштирок этиш;

— аҳолининг экологик маданиятини ошириш, экологик таълим ва тарбияни ривожлантиришга доир ишларда қатнашиш.

 

Рағбатлантириш тартиби

Экология назоратчиси экология ва атроф-­муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун талаблари бузилганлиги ҳолатларини аниқлаши ва зарур чоралар кўриши натижаларига кўра Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги тартибда рағбатлантирилади:

— дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтқазиш бўйича — ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлар ҳисобидан БҲМнинг бир баравари миқдорида (340 000 сўм);

— экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги бошқа ҳуқуқбузарлик бўйича — ҳуқуқбузардан ундирилган жарима миқдорининг ўн беш фоизи миқдорида. Бунда ўн беш фоиз жарима миқдорининг беш фоизи Давлат экологик назорат инспекцияси инспекторини рағбатлантириш учун йўналтирилади.

Бугунги кунгача мамлакатимизда атроф-­муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбу­зарликлар ва ноқонуний хатти-ҳаракатлар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигидаги Давлат экологик назорат инспекцияси мутахассислари томонидан назорат қилинар эди. Жорий йилнинг ўзида инспекция томонидан соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузган 26 минг 610 нафар шахс аниқланган. Қонунбузарликларнинг сони эса 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 81 фоиз, белгиланган жарималар суммаси эса 104 фоизни ташкил этган.

Умид қиламизки, экологик ҳуқуқбузарлик­лар ва ноқонуний хатти-ҳаракатларни назорат қилувчи яна бир янги тизим – Жамоатчилик экология назоратчиси фаолияти бошлаши атроф муҳит муҳофазасига оид ҳуқуқбузарлик­лар сонини янада камайтиради.

 

Шаҳруза САТТОРОВА тайёрлади.




Ўхшаш мақолалар

Соғлом тупроқ –  соғлом экология ва    хавфсиз озиқ-овқат  деганидир

Соғлом тупроқ – соғлом экология ва хавфсиз озиқ-овқат деганидир

🕔20:49, 19.04.2024 ✔26

Табиий ва антропоген шароитда 1 см. тупроқ қатлами ҳосил бўлиши учун юз йил талаб қилинар экан.

Батафсил
Юртимиз бўйлаб  «тоза ҳаво»  ойлиги бошланди

Юртимиз бўйлаб «тоза ҳаво» ойлиги бошланди

🕔20:48, 19.04.2024 ✔14

Сўнгги вақтларда атмосферани ифлослантирувчи саноат корхоналари, тадбиркорлик объектлари, ҳавони ифлослантирувчи автотранспорт воситаларига нисбатан назорат кучайтирилмоқда.

Батафсил
Экологик  маданият –  барча муаммолар калити

Экологик маданият – барча муаммолар калити

🕔20:47, 19.04.2024 ✔16

Кўплаб мамлакатларда ҳар йили 15 апрель – Халқаро экологик билимлар куни сифатида нишонланади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар