Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Шуҳратпарастлик фазилатга айланяптими?

Яқинда зиёли биродаримиз 60 йиллик ёшини нишонлади. Ҳовлисида, 70-80 чоғлик кишига дастурхон ёзибди. Чиройли давра бўлди, ҳамкасблари, қудалари, дўстлари, фарзандлари таб­риклашди, битта зар чопон кийгизилди.

Шуҳратпарастлик  фазилатга айланяптими?

Ҳовли бурчагидаги радиодан суҳбатга халақит бермайдиган ёқимли ашулалар эшитилиб турди, спиртли ичимликлар қўйилмади, даврадагилар билан мириқиб гаплашдик. Кейин билсам, тўй эгаси оила аъзолари, оғайнилари ва бошқа танишларига сўзини ўтказиб, даврани ана шундай ташкил этишга қарор қилган экан. Ҳашаматли тантанага сарфланадиган пулга ўғилларига хорижга оилавий бориб келишни маслаҳат берибди, ўзи эса аёли билан Умра сафарига боришни режалаштирибди.

­Очиғи, завқланиб ўтирдик ва ҳузур қилдик. Аммо қайтишда бир шеригим «Домла бунча қаттиқ бўлмаса, икки ўғли тадбиркор, бирорта ресторанда қилса бўларди шу юбилейни» деб қолди. Битта шу гап билан даврадан олган ширин таассуротим чил-чил синди.

Қаердан ва кимларда пайдо бўлаяпти бунақа фикрлар!? Алломаларимизнинг барчаси мискин, камтар ҳаёт кечиришган, давлати борлари ҳам уни элга илм йўлида сарфлашган. Шунинг учун Ҳотами Той ривояти шууримизга сингиб кетган. Қолаверса, Искандар Зулқарнайннинг майитини тобутга икки қўлини ташқарига чиқариб қўйиб солишгани ҳақидаги ривоят ҳам кўп китобларда бор. Амир Олимхон дабдабали тўйларга барҳам бериш учун фармон чиқарган. Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз матбуотида тўй ва маъракалардаги дабдабабозлик ва исрофгарчилик миллат маънавиятига путур етказади, деб бонг урган.

Майли, тарихимизни қўя турайлик, бугунги ҳолатга бир кўз ташлайлик. Дунёга эшик очдик, энди қаерда нима бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, ривожланган давлатларга ҳавасимиз келяпти, ўша ерлардан пул топиб келяпмиз. Айтинг-чи, ўша хориждаги қайси давлат фуқароси бизчалик ҳашаматли тўй қиляпти? Хитой ёки туркнинг, япон ёки немиснинг катта тўй қилганини кўрдингизми? Нима, бунга уларда пул йўқ, дейсизми? Ҳатто биз ҳаётига гоҳида нописанда қарайдиган ҳиндлар ҳам топган маблағини тўйга, кошона қуришга эмас, фарзандининг билим олишига сарфлаяпти. Наҳотки бу кўраётганимиз бизга ҳануз ибрат бўлмаётир.

Ёлғон бўлмасин, ибрат бўлаётир, аммо ҳаммага эмас. Биз ҳатто бу масалада ихчамликка интилаётганларга қарши чиқамиз, дўсту танишларни кошоналарда шоҳона тўй беришга даъват этамиз. Айниқса, бунақа шуҳратпарастликка муккасидан тушаётган, турмуш ўртоқларини маблағ сарфлашга ундаётган аёлларимиз ишидан Бибихонимдек оналаримизнинг руҳлари чинқирамайдими?

Биз эса... Худодан ҳам, қонундан ҳам қўрқмай қўйдик, ишонаверинг, баҳслашиб ҳам ўтирманг. Негаки камина бу ҳолнинг ичида юриб, юрагим куйганидан айтяпман.

Кўпқаватли уйлар атрофидаги болалар майдончалари, боғу гулзорларни бузиб, уйлар қуриб ташлаганимиз ёлғонми? Янги иморатлардан ҳатто туғилмаган фарзанду неваралар учун уй олиб қўйганимиз ёлғонми? Бор-йўғи учта кутубхонаси бор Самарқанд шаҳрида ҳар ойда ҳар битта маҳаллада биттадан тўйхона, ошхона очилаётгани ҳам ёлғонми? Раҳбарларни қўя турайлик (вақти келиб улар ҳам виждони олдида жавоб беришади) шу ишларни қилаётган кимсалар яқин ўртада бирорта китоб ёки газета ўқиганмикан?..

Жаҳонгир Маҳмуд Султон «Шаҳарликлар учун канализация, ҳаммом ва кутубхона жуда зарур нарсалардир. Канализация шаҳарни тозалайди, ҳаммом – инсон танасини, кутубхона эса руҳни тозалайди» деган экан. Биз эса кутубхона, китоб дўкони ўрнига ошхонаю ресторан, чилимхоналар очиб, танимизни ҳам, руҳимизни ҳам тозалаш ўрнига чиқиндихонага айлантиряпмиз. Буюк аллома Хожа Аҳрор Валий ҳисобсиз ери, мулки бўлишига қарамасдан фақирона, мискин кун кечиргани, топган-тутганини аҳолига тарқатгани ҳам ибрат бўлмаётир. Зеро, ул мутафаккир «бизнинг дунё (мол-мулк) билан шуғулланишимиз саховат ва карам қилиш учун эмас, балки одамларнинг тама қилишидан қутулиш учундир», яъни одамларга яшаш ва ишлаш учун шароит яратиш учундир, деб таъкидлаган ва шу шиорга амал қилган.

Ҳурматли муштарий, ҳали инсон ресурсидан фойдаланишда тизимда мавжуд бўлган камчиликлар борлиги табиий. Иншооллоҳ, кўряпмизки, бу камчиликлар мавриди билан барҳам топиб бораверади. Аммо мен бевосита ўзимизга, шахсий нуқтаи назаримизга оид масала ҳақида фикр юритяпман. Масалан, пешана тери, баъзан хориждан минг машаққат билан топган даромадимизни оқилона сарфлаш хусусида. Ота-она бўлиб, қудалар, оғайнилар билан келишиб тадбирларимизни ихчам, камхарж, мазмунли ўтказишга ким халақит беради? Никоҳ тўйлардаги ҳашамдор машиналар «карвони»га биринчи бўлиб ким барҳам беради? Ким кошонасифат тўйхона ёнида ўқувчилар учун тўгарак ёки кутубхона очади? Қайси оқила аёл дугоналар, овсинлар ва яна алламбалолар гаштакларини қисқартириб, уйга кўчиради? Ким чет элдан уй ёки вилла сотиб олиш ўрнига ўз маҳалласидан хусусий мусиқа мактаби қуради?

Агар эътибор қилган бўлсангиз, гап кредитга ёки бировдан пул олиб, нимадир қилиш эмас, балки бугун ҳавога совураётган маблағларимиздан оқилона фойдаланиш устида боряпти. Биламан, бу нуқтаи назар тезда шаклланмайди, чунки биз мол-мулк тўплаш, тантаналар, кошоналар орқали шуҳрат қозонишга кўникиб қолдик. Бундан ташқари аҳолининг барчаси ҳам фикримизга қўшилавермайди. Пул меники, қаерга, нимага ишлатишни ўзим биламан, дейди. Аммо бу ҳолга томошабин бўлиб туриш ҳам яхши ҳолат эмас.

Айтиб ҳам чарчадик, қонунларга ўзгартиришлар киритдик, тартиблар ишлаб чиқдик, минг афсуски, ўзгариш биз кутгандек бўлмаяпти. Демак, энди одамлар, айниқса ёшлар нуқтаи назарини ўзгартириш устида кўпроқ ўйлашимиз лозим. Зеро, дунёдаги ишбилармонлар катта нуфузга ва қудратга маблағни топиш эмас, уни тўғри сарфлаш орқали эришганлар.

Ушбу мулоҳазаларимни алломаларимиз, айниқса, жадид боболаримиз пок руҳлари олдидаги бурчим ҳаққи ҳурмати Сизга илиндим, азизларим.

 

Фармон ТОШЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

Самарқанд вилоят бўлими раиси




Ўхшаш мақолалар

Эътибордан четда қолаётган  «ётоқ туман»  муаммоси

Эътибордан четда қолаётган «ётоқ туман» муаммоси

🕔16:35, 02.05.2024 ✔36

Катта шаҳарларимиз, айниқса, пойтахтда ҳаво ифлосланиши энг долзарб муаммога айлангани сир эмас. Атмосфера ифлосланишига 53 фоиз ҳолатда автомобиллардан чиқадиган зарарли тутунлар сабаб бўлмоқда. Кўчаларда юзага келадиган тирбандлик эса транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли ташламалар миқдорини янада оширади.

Батафсил
Электр энергияси ва  табиий газ қимматламоқда,  ижтимоий норма халққа  қандай ёрдам бўлади?

Электр энергияси ва табиий газ қимматламоқда, ижтимоий норма халққа қандай ёрдам бўлади?

🕔20:38, 19.04.2024 ✔52

Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилади, кўп ишлатган кўпроқ тўлайди. Яъни, энергетика соҳасида «ижтимоий норма» жорий этилди. Буни қандай тушуниш керак?

Батафсил
Экологик стикерлар бизни  ҳаво ифлосланишидан қутқара  оладими?

Экологик стикерлар бизни ҳаво ифлосланишидан қутқара оладими?

🕔22:10, 12.04.2024 ✔55

1 июндан бошлаб Ўзбекистонда «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этила бошлайди. Бунинг учун шаҳарлар экоҳудудларга бўлинади ва автомобилларга экологик стикерлар берилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар