Экоолам      Бош саҳифа

Барқарор экологик ривожланишнинг ҳуқуқий кафолатлари

Марказий Осиё минтақасида сўнгги йилларда сув танқислиги, чўлланиш жараёнининг кучайиши ҳамда биологик хилма-хилликнинг камайиши каби экологик инқирозлар кучаймоқда. Бу муаммоларни бартараф этишга жиддий киришмаслик тикланиб бўлмас экологик фожиаларга сабаб бўлиши мумкин.

Барқарор экологик ривожланишнинг ҳуқуқий кафолатлари

Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида экология соҳасида ўнлаб халқаро конвенцияларни ратификация қилиб, бир қатор муҳим мажбуриятларни амалга ошириш юзасидан миллий дастур ва чора-тадбирлар режасини амалга оширмоқда.

Ушбу мавзу юзасидан Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори Шуҳрат Файзиевнинг фикрлари билан қизиқдик.

– Жорий йилнинг 30 апрелида мамлакатимизда ўтказилган умумхалқ референдумида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси янги таҳрирда қабул қилинди, – дейди Шуҳрат Файзиев. – Конституция­мизда «шахс-жамият-давлат» тизимининг ҳуқуқий мақоми белгиланган. Бунда, аввало, миллий давлатчилик тажрибамиз ва қадриятларимиз, шунингдек, ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаси ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган замонавий норма ва тамойиллари мужассам этилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Конс­титуциямизда давлатимиз экологик сиёсатининг асосий йўналишлари, фуқаролар ва юридик шахсларнинг экологик ҳуқуқ ва мажбуриятларига оид қоида-талаблар ҳам мустаҳкамланган. Хусусан, Бош қонунимизнинг Муқаддимасида мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини кўпайтиришга ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлашга ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга астойдил аҳд қилинганига урғу берилган. Бу давлатимизнинг экологик муаммоларнинг олдини олиш, табиий ресурсларнинг хилма-хиллигини таъминлаш ва атроф табиий муҳит ҳолатини яхшилаш орқали келажак авлодлар олдидаги давлатнинг стратегик мақсад ва вазифаларини ифодалайди.

– Фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари кафолатлари нималардан иборат?

– Бош қомусимизда бу бўйича аниқ қайд этилган. Хусусан, 49-моддада ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эгалиги келтирилган. Шунингдек, давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши ҳам кўрсатилган. Бу жараёнда шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши кўзда тутилган. Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади. Шунингдек, шу модданинг сўнгида давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўради, деб мустаҳкамланган. Ушбу модданинг аҳамияти шундаки, биринчидан, фуқароларнинг яшаш учун мақбул бўлган табиий шароитларга эга бўлишдек муҳим ҳуқуқини, шунингдек, ҳар бир фуқаронинг атроф табиий муҳит ҳолати ва унда бўлаётган ўзгаришлар ҳақидаги ахборотни олиш, ҳамда танишиш имконига эга бўлишини белгилайди. Ушбу ҳуқуқларни белгиланиши Ўзбекистон Республикаси ратификация қилган халқаро ҳужжатларни миллий қонунчилигимизга имплементация қилишни таъминлайди. Иккинчидан, фуқароларнинг муҳим экологик ҳуқуқларни давлат органлари томонидан амалга ошириш механизмларини белгилашга хизмат қилади. Жумладан, экология соҳасида қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари, дастурлар ва шаҳарсозлик ҳужжатларининг ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини олиб борилиши, шунингдек, барпо этилаётган уй-жой, ижтимоий иншоотлар ва саноат объектларига оид қурилиш ҳужжатларининг лойиҳалари жамоатчиликни хабардор қилиш, жамоатчилик эшитуви ва экспертизасидан ўтказилиши каби муҳим чора-тадбирларни ўз ичига олади.

Маълумки, БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йилнинг 25 сентябрида Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланишнинг 17 та мақсадларидан иборат дастурий ҳужжат қабул қилинган.

 Ўзбекистон Республикаси ушбу халқаро ҳужжатни амалга ошириш бўйича фаол ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги тегишли қарори билан «2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» дастурий ҳужжат асосида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Марказий Осиё минтақасидаги экологик таҳдидларнинг марказида Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ мураккаб вазият ётади. Минтақадаги экология тизимини яхшилаш, биологик хилма-хилликни тиклаш, чўлланиш жараёнларининг олдини олиш ва аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш ҳамда иқлим ўзгаришларига мослашиш каби дастурий чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси давлатнинг конституциявий мажбуриятларини ташкил этади.

– Атроф-муҳит муҳофазаси юзасидан мажбурият ва талаблар деганда нималар назарда тутилишига кенгроқ тўхталсангиз.

– Фуқароларнинг ҳуқуқий мақомида уларнинг мажбуриятлари ҳам муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Конституциямизнинг бир неча моддаларида экологик мажбуриятлар ва талаблар ҳам белгиланган. Хусусан, 61-моддада «Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий меросини асраб-авайлаши шарт. Тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий мерос давлат томонидан муҳофаза қилинади», деб кўрсатилган. Ўзбекистон замини нафақат тарихий, илмий ва ижтимоий мерос объектларига балки, табиатнинг ноёб, қайта тикланмас, такрорланмас ва гўзал масканларига бой ҳисобланади. Уларнинг орасида ЮНЕСКО маданий ва табиий мероси объектлари рўйхатига киритилганлари ҳам талайгина. Шунинг учун ҳам ушбу ноёб табиий ёдгорликларининг асраб авайланиши ва уларни ҳар томонлама муҳофаза қилиниши фуқароларимизнинг конституциявий бурчи ҳамда давлат органларининг устувор вазифалари сифатида эътироф этилган.

Асосий Қонунимизнинг 62-моддасида эса фуқароларнинг атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур эканлиги қайд этилган. Табиатни муҳофаза қилиш, турли чиқиндиларни ташлашнинг олдини олиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш умумий иш саналади. Бу нимани англатади? Ҳар биримиз оиламиз, маҳалламиз, иш жойимизда табиатни муҳофаза қилиш қоидаларига қатъий риоя қилишимиз керак. Бу экологик маданият деб аталади. Бир сўз билан айтганда ушбу конституциявий норма табиатни муҳофаза қилиш ҳар бир фуқаронинг кундалик юмуши ва ташвишига айланишини талаб этади.

Сўнги йилларда глобал иқлим ўзгариши фонида барча давлатларда саноатнинг ривожланиши ва аҳоли сонининг ортиши иқтисодиётнинг табиий ресурсларга бўлган эҳтиёжини кескин оширмоқда.

 Атроф-муҳитга салбий антропоген таъсир кучаймоқда. Мулкдор ва хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда тадбиркорлар томонидан аҳолининг турли эҳтиёжларини қондириш мақсадида ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолиятини олиб бормоқдалар. Шунинг учун ҳам конституциямизнинг 66-моддасида «Мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак» деб қатъий мустаҳкамланган.

– Экология соҳасидаги сиёсатнинг устувор йўналишлари нималар?

– Атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳолининг экологик хавфсизлигини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси экологик сиёсатининг асосий йўналишлари ҳисобланади.

Конституциямизнинг 68-моддасида «Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурс­лар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир» дейилган. Бу давлат экологик сиёсатининг муҳим стратегиясини белгилайди. Хусусан, ушбу норма ҳар бир давлатнинг суверенитети авваламбор унинг ҳудудидаги табиий ресурс ва бойликларга мустақил эгалик қилиш ҳуқуқи билан белгиланади. Шунинг учун ҳам табиий ресурсларга нисбатан мулк масаласи муҳим аҳамиятга эга бўлиб, халқимизнинг умуммиллий бойлиги, яъни давлатимизнинг мулки сифатида конституциявий норма билан мустаҳкамланган. Шунингдек, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш принципи асосида яъни, белгиланган экологик қоидалар ва талабларга амал қилган ҳолда улардан турли мақсадларда фойдаланиш мумкинлиги алоҳида белгиланган. Бундан ташқари, табиий ресурсларнинг ҳуқуқий ҳолати бевосита давлат органларининг энг муҳим вазифаси сифатида муҳофаза қилинишини таъминлайди.

Ўз навбатида, ушбу муҳим конституциявий норманинг амалга ошириш механизмлари бевосита Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, Ўзбекистон Республикасининг «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ўрмон тўғрисида»ги, «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунларида белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясидаги экология соҳасидаги нормаларнинг аҳамияти шундаки, биринчидан, фуқароларнинг экологик ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайди. Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш тамойилини конституциявий қоида сифатида мустаҳкамлайди.

 

ЎзА мухбири

Икром АВВАЛБОЕВ суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

«Қўшним  йўлбарс боқмоқда...»

«Қўшним йўлбарс боқмоқда...»

🕔15:14, 10.05.2024 ✔30

Жонзотлар учун энг муҳим нарса бу озуқа бўлса, ёввойи ҳайвонлар учун иккинчи муҳим нарса бу уларнинг табиат қўйнида эркин яшашидир.

Батафсил
Тозаликка масъул ташкилотнинг ўзи  «бемор»

Тозаликка масъул ташкилотнинг ўзи «бемор»

🕔17:00, 02.05.2024 ✔52

Уйимизни қай даражада тоза сақласак, табиат ҳам худди шундай муносабатга муҳтож. Аммо атроф-муҳитга назар ташланса, бутунлай бошқача манзара. Табиат бизга, наҳотки, ўгай бўлса?!.

Батафсил
Табиатнинг  жонкуяр қизи

Табиатнинг жонкуяр қизи

🕔16:57, 02.05.2024 ✔44

Бир неча 10 йилдан сўнг дунё манзараси қандай бўлиши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Инсониятнинг ҳаёт кечириш тарзи қай тарзда ўзгариши мумкинлиги ҳақида-чи? Ҳозирги кунда тобора глобаллашиб бораётган экологик муаммолар таъсирида атроф-муҳит қай ҳолга келади?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «Қўшним  йўлбарс боқмоқда...»

    «Қўшним йўлбарс боқмоқда...»

    Жонзотлар учун энг муҳим нарса бу озуқа бўлса, ёввойи ҳайвонлар учун иккинчи муҳим нарса бу уларнинг табиат қўйнида эркин яшашидир.

    ✔ 30    🕔 15:14, 10.05.2024
  • Тозаликка масъул ташкилотнинг ўзи  «бемор»

    Тозаликка масъул ташкилотнинг ўзи «бемор»

    Уйимизни қай даражада тоза сақласак, табиат ҳам худди шундай муносабатга муҳтож. Аммо атроф-муҳитга назар ташланса, бутунлай бошқача манзара. Табиат бизга, наҳотки, ўгай бўлса?!.

    ✔ 52    🕔 17:00, 02.05.2024
  • Табиатнинг  жонкуяр қизи

    Табиатнинг жонкуяр қизи

    Бир неча 10 йилдан сўнг дунё манзараси қандай бўлиши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Инсониятнинг ҳаёт кечириш тарзи қай тарзда ўзгариши мумкинлиги ҳақида-чи? Ҳозирги кунда тобора глобаллашиб бораётган экологик муаммолар таъсирида атроф-муҳит қай ҳолга келади?

    ✔ 44    🕔 16:57, 02.05.2024
  • «Кемалар  қабристони»да  табиатнинг  йиғиси  эшитилади

    «Кемалар қабристони»да табиатнинг йиғиси эшитилади

    Қорақалпоғистоннинг олис Мўйноқ туманида иккита ажойиб музей борлигини биласизми? «Мўйноқ экология музейи» ҳамда «Орол денгизи тарихи музейи» ҳамиша қизиқувчилар билан гавжум.

    ✔ 32    🕔 16:54, 02.05.2024
  • Соғлом ҳаёт  ва барқарор  келажакка шунчаки  эришиб бўлмайди!

    Соғлом ҳаёт ва барқарор келажакка шунчаки эришиб бўлмайди!

    Ҳамма бирлашсагина бирор натижага эришиш мумкин

    ✔ 22    🕔 16:44, 02.05.2024
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар