Экоолам      Бош саҳифа

Ҳар бир кўчат келажагимиз учун катта аҳамиятга эга

«Тоза экологик муҳит инсон саломатлигида муҳим аҳамият касб этади. Буни эса бизга фақатгина дарахтлар таъминлаб бериши мумкин. Шундай экан, яшил майдонларни кўпайтиришга жадал киришмоғимиз керак.

Ҳар бир  кўчат  келажагимиз учун  катта аҳамиятга эга

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини сифатли амалга оширишимиз, экилаётган ҳар бир кўчатнинг тақдирини ўз тақдиримизга эътибор сифатида ёндошмоғимиз даркор. Акс ҳолда, иқлим ўзгаришлари туфайли юз бераётган турли салбий экологик муаммолар олдида ожиз қолаверамиз...»

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаев билдиргна бу мулоҳазалар бугунги кунимизнинг энг долзарб вазифасига айланиб бормоқда. Хусусан, ҳудудларда қизғин давом этаётган умуммиллий лойиҳа тадбирларида бу фикрлар соҳа мутахассислари, кенг жамоатчилик ва ҳар бир ватандошимиз онг-шуурига,  қалбига етиб бориши зарур аҳамият касб этмоқда. Партия раҳбарининг ўтган ҳафта давомида Наманган ва Фарғона вилоятларига хизмат сафари чоғида шу мавзу асосий эътибор марказида бўлди.   

 

Кечиктириб бўлмайдиган масала

Баъзида оддийгина кундалик ҳаётимизда юзага келган чиқиндини белгиланган жойга олиб боришга ҳам ҳафсала қилмай қўйдик. Шу каби ҳолатлар сабаб бугун чиқиндилар ҳар тарафга сочилиб, табиат ҳуснига доғ бўлиб турибди. Шунингдек, чиқиндилардан чиқадиган заҳарли газ ва ҳид аҳоли орасида турли касалликларни ҳам тарқатиши мумкин. Бу каби салбий одатлардан тезроқ воз кечиш, экологик маданиятни ошириш энг муҳим вазифаларимиздир.

Бу борада Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши томонидан аҳоли орасида тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Ўтган ҳафтада Фарғона шаҳридаги ташкил этилган Жамоатчилик эшитуви тадбири ҳам айнан шу масалага бағишланди.

Чиқиндиларни йиғиш, саралаш, олиб чиқиш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш, чиқинди полигонларини рекультивация қилиш, соҳасида амалга оширилаётган ишлар мавзусида ўтказилган жамоатчилик эшитувида Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаев, Экологик партия Фарғона вилоят Кенгаши, туман ва шаҳар партия ташкилотлари ходимлари, депутатлар, масалага дахлдор бўлган мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди.

Жамоатчилик эшитувида Абдушукур Ҳамзаев сўзга чиқиб, деярли барча давлатларда қаттиқ ва маиший чиқиндилар миқдори аҳоли жон бошига ҳар йили бир фоизга ортиб бораётганини таъкидлаб ўтди. — Мамлакатимизда иқтисодий-ижтимоий ўсиш ҳисобига бу кўрсаткич 7 миллион тоннага етиб, йилига 2 фоиздан ўсаётгани қайд этиб ўтилди. Лекин уларни йиғиш, саралаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш ахволи қониқарли даражада эмас. Мисол учун Қорақалпоғистонда 10 фоиз, Қашқадарёда 20 фоиз чиқинди қайта ишланади холос. Биз ҳамон маиший чиқиндиларнигина қайта ишлашни ташкил қилиш ҳақида бош қотираяпмиз, олдимизда эса саноат ва бошқа турдаги чиқинди муаммоларини бартараф қилиш вазифаси ҳам турибди. Шу сабабли бу борадаги чора тадбирларни ўз вақтида жадаллаштиришимиз зарурдир, — дея таъкидлаб ўтди партия раҳбари.

Эшитувда соҳада амалга оширилаётган ишлар бўйича вилоят «Тоза ҳудуд» ДУК раҳбари Ҳусанбой Иномов ҳамда Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази ҳудудий филиали раҳбари Абдулазиз Холиқов ахборот берди.

Ўзбекистон Экологик партияси Фарғона вилояти партия ташкилоти раиси вазифасини бажарувчи Ш.Каричаев партия томонидан айни шу йўналишда олиб борилаётган ўрганишлар давомида чиқиндиларни йиғиш, саралаш, олиб чиқиш, утилизация қилиш ва уларни зарарсизлантириш каби масалаларда қатор камчиликлар мавжудлиги аниқланганини қайд этди. Жумладан, Олтиариқ, Бувайда, Фурқат, Учкўприк туманларидаги чиқинди полигонларида зарур техникалар етишмаслиги, чиқиндиларни қайта ишлаш, йўлга қўйилмагани, ёритиш мосламалари, дизбарер йўқлиги, атрофи ўралмагани, утилизация ва рекультивация ишлари олиб борилмагани каби камчиликлар борлиги таъкидланди. Шунингдек, Данғара тумани, «Қияли» маҳалласи ҳудудида жойлашган чиқинди полигонининг ҳолати ҳақида алоҳида сўз юритилди. Ушбу полигон бир неча йиллардан бери антисанитария ҳолатида. Майдони 13 гектар бўлган чиқиндихонада маиший қаттиқ чиқиндилар билан 20 метр баландликдаги ҳудуд тўлиқ қамраб олинган. 2023 йил 1 октябрь ҳолатига тўпланган чиқиндилар миқдори 600 минг тоннадан ошиб кетган. Яқин масофада яшайдиган аҳолининг соғлиғига хавфи ошиб бораётгани ва у ерда яшаётган аҳолининг ҳақли эътироз­ларини инобатга олиб, мазкур полигонни рекультивация қилиш ҳамда ҳудудни ободонлаштириш таклифи билдириб ўтилди.

Жамоатчилик эшитуви якунида мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга аниқ таклифлар берилиб, эшитув қарори қабул қилинди. Қарор ижроси вилоят, туман, шаҳар ҳокимликларига назоратга олиш мақсадида юбориладиган бўлди. Мазкур эшитув бўйича келгусида қилинадиган ишлар партия томонидан жамоатчилик назоратида бўлиши таъкидланди.

Фарғонадаги хизмат сафари доирасида Абдушукур Ҳамзаев Жамоатчилик эшитувидан сўнг Фарғона туманидаги «Саткак» маҳалла фуқаролар йиғинидаги чиқинди полигони ҳолати билан танишди. Ушбу чиқинди полигонининг майдони 74 гектарни ташкил этган бўлиб, бир кунда 500-600 тонна атрофидаги чиқиндилар олиб келинади. Шундан 60-70 тоннаси қайта ишланади. Партия раҳбари ҳамда бошқа мутахассислар томонидан қайта ишлашни ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди. Шунингдек, чиқинди полигони атрофида юзга яқин дарахт кўчатлари экилди. Бундай ҳудудлар атрофи дарахтлар билан ўралишининг фойдали жиҳатлари ҳақида тушунтириш­лар берилди.

Шу куни партия раҳбари Марғилон шаҳрида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ўтказилаётган кўчатлар ярмаркасида ҳам иштирок этди. Унда партия раҳбари Абдушукур Ҳамзаев, Марғилон шаҳар ҳокими Шукрулло Нисбатхонов сўзга чиқиб, «Яшил макон» лойиҳаси сабаб юртимизнинг барча ҳудудларида кўркамлик, яшиллик ортиб бораётгани, яшил боғлар, яшил белбоғлар сони кўпаётгани, бу эса она табиатимизнинг мусаффолигини таъминлашга муносиб хизмат қилаётганини таъкидлаб ўтишди.

Шунингдек, партия раҳбари ва тадбир иштирокчилари Марғилон  шаҳридаги «Йўрмадўз» маҳалласида дарахт экиш тадбирларида қатнашишди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Маҳаллий Кенгаш депутатлари Марғилон шаҳар ҳокими, маҳалла фаоллари, вилоят Экология бошқармаси, вилоят ўрмон хўжалиги агентлиги вакиллари иштирок этган тадбирда 200 дан зиёд дарахт кўчатлари экилди.

Партия раҳбари Абдушукур Ҳамзаев Қува туманидаги Шредер илмий-амалий марказида етиштирилаётган кўчат захираси билан ҳам танишди.  Марказда Фарғона водийсининг иқлим шароитига мос бўлган дарахт кўчатлари билан бирга ноёб ва йўқолиб бораётган навларни кўпайтириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотлар бериб ўтилди.

Хизмат сафари давомида партия раҳбари Қува туманидаги Қорақум маҳалласидаги ўз ҳовлисида кўчат етиштираётган хонадонларда бўлди. Мазкур оилалар мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатлари, турли гулларини етиштириб, яхшигина даромадга ҳам эга бўлиб келишмоқда. Бу иш нафақат оила бюджети ва мамлакат тараққиётига, балки юртимиздаги экологик тизимнинг яхшиланишига, яшил ҳудудларни кўпайтиришга хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.

 

Фотима МАНСУРОВА,

Фарғона вилояти партия ташкилоти бош мутахассиси

 

«Яшил макон» – экологик муаммоларга муносиб ечим

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаевнинг Наманган вилоятига хизмат сафари  Тўрақўрғон туманидаги маҳаллаларга кўчат тарқатиш тадбири билан бошланди. Унда туман ҳокимлиги, Ўрмон хўжалиги агентлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг туман бўлими вакиллари иштирокида маҳаллаларга дарахт кўчатлари тарқатилди. 

Тадбирда сўзга чиққан мутахассислар томонидан кўчатларни экиш ва уларни дастлабки икки йилда парваришлашнинг ўзига хос агротехник қоидалари бўйича тушунтириш ва тавсиялар ҳам берилди.

Партия раҳбари Абдушукур Ҳамзаев Тўрақўрғон туманидаги «Бахт» маҳалласи ҳудудида ташкил этилаётган яшил боғда кўчат экиш тадбирларида қатнашди. Беш гектар майдонда ташкил этилаётган мазкур боққа 7 хил турдаги 2 минг тупдан ортиқ кўчатлар экилади. Тадбир давомида боғларнинг экологик барқарорликни таъминлашдаги аҳамияти, инсон саломатлигига бўладиган фойдали жиҳатлари ҳақида сўз юритилди.

Лойиҳа доирасида вилоятда кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш бўйича 2023 йил куз мавсумида 6 млн 543 минг туп мевали, манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев Наманган вилоятига бўлган хизмат сафари чоғида яшил белбоғлар яратиш масалани ўрганиш мақсадида Тўрақўрғон иссиқлик электр стансиясида бўлди. Мазкур объектда ҳудуд иқлим шароитига мос кўчатлар экилиб, яшил белбоғлар намунали тарзда ташкил этилгани ҳамда уларни суғоришда сув тежовчи усуллардан фойдаланиш ҳам йўлга қўйилгани маълум бўлди. Шунингдек, А.Ҳамзаев янги майдонларга кўчатларни экишнинг ўзига хос тартиб-қоидалари ҳақида тушунтиришлар бериб ўтди.

Партия раҳбари вилоятдаги кўчатчилик етиштиришга ихтисосланган «Ўрта олрол» корхонаси фаолияти билан ҳам танишди. Ўрганишлар давомида умумий майдони 30 гектарга яқин бўлган бу ерда ҳозирги кунда 40 турдаги 2 млн тупдан ортиқ маъданли кўчатлар етиштирилаётганига гувоҳ бўлинди. Партия раҳбари мазкур кўчатларни ерга қадагандан сўнг яхши парваришлаш, сифатли агротехника муҳимлиги, аммо уни экаётганда ҳам эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар тўғрисида сўз юритди.

— Дарахт экишдан олдин бир нечта ишларни бажаришимиз керак бўлади. Дастлаб улардаги зарарланган илдизлар кесиб ташланади. Илдизлар орқали турли касаллик ва бошқа салбий омилларнинг таъсир этиш эҳтимоли юқори бўлади. Дарахтда ўз-ўзини тиклаш хусусияти бор. Шунинг учун кесилган илдиз ўрнида тез орада янгиси ҳосил бўлади. Навбатдаги эътибор қаратишимиз лозим бўлган жиҳат шундаки, кўчатимизда ортиқча бўлган «ёввойи новда»лар олиб ташланади. Бу берилган озуқанинг танага сингиши, шунингдек, ниҳолнинг тезроқ ўзини тутиб олишига ёрдам беради, — деди А.Ҳамзаев.

Шунингдек, Норин туманидаги 42-мактабда маҳалла фаоллари, нуронийлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Унда сўзга чиққан Абдушукур Ҳамзаев бутун дунёда экологик муаммоларга катта эътибор қаратилаётгани, хусусан, мамлакатимизда ҳам охирги йилларда сув тақчиллиги ортиб, чўлланиш кўпайиб бораётгани ва бу муаммони фақатгина дарахт экиш ва яшил ҳудудларни кўпайтириш билан енгиб ўтиш мумкинлиги ҳақида таъкидлаб ўтди.

Норин туманидаги «Учтепа» маҳалласида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирлари маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда партия вакиллари иштирок этди. Тадбир давомида маҳалладаги кўчалар атрофига 300 тупдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари экилди. Нуроний отахонлар экилган кўчатлар ўниб-ўсиши, юртимизда яшил маконлар кўпайишини сўраб дуога қўл очишди.

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбирлар республикамиз бўйлаб 1 декабргача давом этади.

 

ЎЭП Марказий кенгаши 

матбуот хизмати




Ўхшаш мақолалар

«Қўшним  йўлбарс боқмоқда...»

«Қўшним йўлбарс боқмоқда...»

🕔15:14, 10.05.2024 ✔30

Жонзотлар учун энг муҳим нарса бу озуқа бўлса, ёввойи ҳайвонлар учун иккинчи муҳим нарса бу уларнинг табиат қўйнида эркин яшашидир.

Батафсил
Тозаликка масъул ташкилотнинг ўзи  «бемор»

Тозаликка масъул ташкилотнинг ўзи «бемор»

🕔17:00, 02.05.2024 ✔52

Уйимизни қай даражада тоза сақласак, табиат ҳам худди шундай муносабатга муҳтож. Аммо атроф-муҳитга назар ташланса, бутунлай бошқача манзара. Табиат бизга, наҳотки, ўгай бўлса?!.

Батафсил
Табиатнинг  жонкуяр қизи

Табиатнинг жонкуяр қизи

🕔16:57, 02.05.2024 ✔44

Бир неча 10 йилдан сўнг дунё манзараси қандай бўлиши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Инсониятнинг ҳаёт кечириш тарзи қай тарзда ўзгариши мумкинлиги ҳақида-чи? Ҳозирги кунда тобора глобаллашиб бораётган экологик муаммолар таъсирида атроф-муҳит қай ҳолга келади?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «Қўшним  йўлбарс боқмоқда...»

    «Қўшним йўлбарс боқмоқда...»

    Жонзотлар учун энг муҳим нарса бу озуқа бўлса, ёввойи ҳайвонлар учун иккинчи муҳим нарса бу уларнинг табиат қўйнида эркин яшашидир.

    ✔ 30    🕔 15:14, 10.05.2024
  • Тозаликка масъул ташкилотнинг ўзи  «бемор»

    Тозаликка масъул ташкилотнинг ўзи «бемор»

    Уйимизни қай даражада тоза сақласак, табиат ҳам худди шундай муносабатга муҳтож. Аммо атроф-муҳитга назар ташланса, бутунлай бошқача манзара. Табиат бизга, наҳотки, ўгай бўлса?!.

    ✔ 52    🕔 17:00, 02.05.2024
  • Табиатнинг  жонкуяр қизи

    Табиатнинг жонкуяр қизи

    Бир неча 10 йилдан сўнг дунё манзараси қандай бўлиши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Инсониятнинг ҳаёт кечириш тарзи қай тарзда ўзгариши мумкинлиги ҳақида-чи? Ҳозирги кунда тобора глобаллашиб бораётган экологик муаммолар таъсирида атроф-муҳит қай ҳолга келади?

    ✔ 44    🕔 16:57, 02.05.2024
  • «Кемалар  қабристони»да  табиатнинг  йиғиси  эшитилади

    «Кемалар қабристони»да табиатнинг йиғиси эшитилади

    Қорақалпоғистоннинг олис Мўйноқ туманида иккита ажойиб музей борлигини биласизми? «Мўйноқ экология музейи» ҳамда «Орол денгизи тарихи музейи» ҳамиша қизиқувчилар билан гавжум.

    ✔ 32    🕔 16:54, 02.05.2024
  • Соғлом ҳаёт  ва барқарор  келажакка шунчаки  эришиб бўлмайди!

    Соғлом ҳаёт ва барқарор келажакка шунчаки эришиб бўлмайди!

    Ҳамма бирлашсагина бирор натижага эришиш мумкин

    ✔ 22    🕔 16:44, 02.05.2024
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар