Шовот туманининг Қиёт қишлоғида яшовчи Рўзимбой Отажонов аграр соҳанинг етук мутахассиси, тажрибали боғбон сифатида яхши таниш. У ўз ташаббуси билан воҳада янги боғлар ташкил қилиш ва ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келмоқда. Шунингдек, унинг Туркманистонда янги боғлар барпо этишда фаол иштирок этгани ҳар доим эътироф қилиб келинади.
Р.Р.Шредер номидаги боғдорчилик институтининг Хоразм филиали раҳбари бўлиб ишлаган бу меҳнатсевар инсон Урганчдаги марказий хиёбон ва истироҳат боғларини реконструкция қилиш ва кўкаламзорлаштиришда ҳам фаол иштирок этган. Унинг ўзи истиқомат қилаётган хонадон томорқасидаги иссиққхона нақ мўъжизанинг ўзгинаси. Айни қиш чоғида бу ерда лимон, мандаринлар қатори узум ва анжирларнинг ғарқ пишиб турганини кўриб ҳайратланмасдан иложингиз йўқ.
Рўзимбой отанинг боғида биргина олманинг 50 тури ўсиб мева бермоқда. Шу йилнинг ўзида пайвандлаб, баҳорда ўтқазишга тайёрлаб қўйилган олма, анор, нок, беҳи кўчатларининг сони 28 минг тупдан зиёд.
Рўзимбой ота гожи доривор бутасимон дарахтини ҳам кўпайтирмоқда.
– Мен бу дарахтнинг Самарқанд вилоятидаги Тойлоқ агротадбиркорлик касб-ҳунар коллежи ўқитувчилари томонидан икки йил давомида республикамиз иқлимига мослаштирилгани ва 2010 йилда илк мевалари териб олинганини эшитиб, унинг хусусиятларини ўргана бошладим, – дейди Рўзимбой Отажонов. – Маълумотларга қараганда, Ҳимолай ўлкасида яшовчи кишилар доимий равишда ўзларида ўсадиган гожи бутасимон дарахти мевасини истеъмол қилгани боис уларда ортиқча холестерин, руҳий толиқиш муаммолари, жигар саратони, қандли диабет, юрак қон-томир касалликлари учрамас экан.
Хитой табобатида жуда қадимдан фойдаланиб келинган гожи бутасимон дарахти XVIII асрдан маҳаллийлаштирила бошлаган. Ҳозирда у мазкур мамлакатда саноат миқёсида 82 минг гектар майдонда ўстирилиб, йилига жаҳон бозорига 95 минг тонна миқдорида экспорт қилинади. Шифобахшлиги билан жаҳонга гожи қуруқ мевасининг бир килограмми сифатига қараб 50 доллардан 143 АҚШ долларигача сотилар экан. У таркибидаги дармондорилари миқдори бўйича барча мева ва сабзавотлардан устун турар экан. Гожининг таркибида 19 хил аминокислота, 21 хил макро ва микро элементлар, ҳатто озиқ-овқат маҳсулотларида кам учрайдиган германий элементи ҳам мавжуд. Илмий текширишларда гожи меваси истеъмол қилинганидан олти соат ўтганидан кейин инсон организми ҳужайраларида қарилик аломатлари тўхтагани исботланган.
Ҳар куни 10-20 граммдан гожи истеъмол қилинса, унинг шифобахш таъсири кишини бардамлаштириб, руҳий зарбаларга чидамлилигини ҳамда об-ҳаво, шунингдек, иқлим ўзгаришига нисбатан мослашувини оширади. Қондаги холестеринни меъёрлаштириб, қанд даражасини пайсайтиради. Атеросклероз, диабет касалликлари ривожланишининг олдини олади, қаришдан, саратон ва юрак қон-томир касалликларидан самарали ҳимоя қилади.
– Айтингчи, гожи ўсимлигининг алоҳида яна қандай хусусияти мавжуд? – дея савол қотамиз тажрибали боғбонга.
– Гожининг алоҳида хусусиятлари жуда кўп. Аввало, у шўрга ва қурғоқчиликка жуда чидамли бутасимон дарахт саналади. Уни шўрхок ва сув танқис жойларга эксангиз ҳам яхши ривожланиб кетаверади. Юртбошимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида Орол денгизининг қуриган ерларида яшил ҳудуд яратиш ишларига уюшқоқлик билан киришилди. Бу ерларга асосан саксовул, юлғун экилмоқда. Агар ўша жойларга гожи бутасимон дарахт кўчатлари экилса, жуда тез ривожланиб кетишига ишончим комил, – дейди биз билан суҳбатда Рўзимбой Отажонов.
– Уста боғбон тўғри гапни айтдилар, – дейди хонқалик О.Исмоилов. – Мен ундан олган гожи кўчатини томорқамизга эккан эдим. Келгуси йили уруғи учиб тушган шекилли, молхонамизнинг шўр босган пойдевори биқинида янги ниҳоллар ўса бошлади. Уни на суғориб бўлади, на шўрдан ҳимоялаб. Лекин икки йилдан бери гуркираб ўсиб турибди.
Дарҳақиқат, меваси кони фойда бўлмиш бу ноёб тур бутасимон дарахтни магистрал йўл чеккаларига ҳам экиб кўпайтирилса, айни муддао бўларди. Вилоятлараро элтувчи катта йўллар асосан чўл ва саҳроларни кесиб ўтади ва уларнинг атрофида бирорта дарахт йўқлиги кишининг таъбини хира қилади. Гожи ўзининг ям-яшиллиги ва мевасининг чўғдек қип-қизиллиги билан кўзни қувнатиши шубҳасиз.
Гожи жуда манзарали бутасимон дарахт бўлиб, меваси асал берувчи ҳисобланади. Бу бутасимон дарахт уруғи ва қаламчаларидан кўпайтирилади. Экилганидан сўнг иккинчи йили қисман ҳосилга кириб, учинчи йили тўлиқ ҳосил беради. Ёруғликсевар, совуқ ва ўта иссиққа чидамли, шўрхок тупроқда ҳам ўса оладиган мазкур ўсимликнинг бўйи 2,5 – 4 метргача келади.
Рўзимбой отанинг айтишича, у гожи кўчатларини республикамизнинг 9 та вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси боғбонларига етказиб бермоқда. Кўчат олиб кетган элдошларимиз апрель ойида экилган ниҳоллар тез ривожланган, ҳатто экилган йили ҳам ноябрь ойига бориб ҳосил берганини таъкидлашади. Кейинги йилдан эътиборан эса, унинг мевалари май ойидан то кеч кузаккача пишиб етилар экан.
Сўлим Қиёт қишлоғидаги гожизорлар оралаб оҳиста одимларканмиз, юртимизда Рўзимбой Отажоновдай инсон соғлиги ва атроф муҳит мусаффолигини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутувчи ўсимлик ва дарахтлар кўчати ҳамда уруғини аҳолига етказиб бериш мақсадида беминнат меҳнат қилаётган миришкорларнинг борлигидан кўнглимиз тўлгандек бўлди.
Эрпўлат БАХТ
Сессия қарори асосида «Навоийазот» АЖ атрофида атмосфера мониторинг қилинади
🕔09:23, 23.10.2025
✔6
Саноат корхоналари мамлакатда иқтисодий тараққиётнинг бош омили саналади. Уларда минглаб элдошларимиз меҳнат қилар экан, биринчи навбатда ўз оиласи фаровонлигини таъминлаётганидан мамнун, албатта.
Батафсил
Кўринмас сув нима?
🕔09:11, 23.10.2025
✔6
Виртуал сув маҳсулотни ишлаб чиқариш жараёнида ишлатилган, лекин кўзга кўринмайдиган сув миқдоридир.
Батафсил
Сирдарёда сувдан фойдаланиш қандай кечмоқда?
🕔15:32, 16.10.2025
✔26
Сирдарёда экологик ислоҳотлар бўйича эшитувда сув ресурсларини тежаш ва амалий натижалар босқичи бошлангани муҳокама қилинди.
Батафсил