Табиат      Бош саҳифа

Глобал иқлим ўзгаришига қарши кураш

яшил макон ва  «яшил» иқтисодиёт дастурлари  билан самарали кечади

Глобал иқлим ўзгаришига  қарши кураш

Дунё ҳамжамияти глобал иқлим ўзгаришига қарши курашда сайёрамиз ҳарорати ўсишини 1,5 даражада ушлаб туриш дастурини қабул қилган. Бунда кўмир ва газдан фойдаланиш натижасида чиқадиган карбонат ангидрид (СО2) газини кескин камайтириш, 2050 йилгача тўлиқ муқобил энергетика тизимига ўтиш ҳамда ўрмон ва ер деградациясининг олдини олиш каби қатор вазифалар кўзда тутилган. Айниқса, яйлов ва ўрмонлар муҳимлигидан келиб чиқиб, карбонат ангидридни камайтиришда яшил макон дастурлари алоҳида эътиборга молик. Бироқ атмосферадаги карбонат ангидрид газининг иссиқ тутиб туриш хусусияти юқорилигини инобатга олсак, сайёрамиз ҳарорати ўсишини 2 даражадан қуйида ушлаб туриш катта қийинчилик туғдиради. Бу муаммони ечиш учун СО2 газини мақсадли ва режали камайтиришга урғу бериш лозим. Бу мақсадга эришиш учун 2100 йилгача атмосферадан 500 миллиард тонна СО2 газини ўзлаштириш мақсадга мувофиқ. Бу йилига 6,5 миллиард тонна СО2 газини ўзлаштириш мажбуриятини қўяди.

Мазкур мақсадларга эришиш учун муҳим қадам яйлов ва ўрмонларни, музлик­ларни сақлаб қолиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш бўлиб, натижада йилига камида 4 миллиард тонна СО2 гази ўзлаштирилиши мумкин. Шу билан бирга, дарахт экиш, парваришлаш, боғ ва ўрмонлар барпо этишга қаратилган яшил макон дастурлари ҳам йилига 5-6 миллиард тонна СО2 газини ўзлаштириш имконини беради.

Яшил макон деганда, дарахтлар экишни тарғиб қиларканмиз, табиий ечим сифатида атмосферадаги карбонат ангидридни камайтириш орқали иқлим ўзгаришига қарши курашамиз. Ҳукуматлар, турли ташкилотлар, партиялар томонидан ўтказилаётган кўчат экиш кампаниялари катта самара бериши кераклигига барча ишонади. Янги дарахтзор ва ўрмонлар барпо этар эканмиз, аксарият ҳолларда барчамиз дарахтларни ўтхўр ҳайвонлардан ҳимоя қилиб, иложи борича ўтлоқлар, дарахтзор ва ўрмонларга ҳайвонларни киритмасликни стратегик қадам ҳисоблаймиз. Тушунчамиз бир хил ва оддий — ҳайвонлар дарахтларни зарарлайди ва бунинг натижасида экологик тозаликка эришиш (асосан ҳаводаги карбонат ангидрид газини камайтиришга интилиш) томон йўналтирилган режамизга халал беради.

Албатта, дарахт экиш, боғ ва ўрмонлар барпо этиш жуда муҳим, аммо бунинг ўзи иқлим ўзгариши, экологик фожиаларни бартараф этиш учун кифоя қилмайди. Экологияга оид кейинги тадқиқотлар кўрсатмоқдаки, масалага фақат флорани тиклаш ва сақлаш нуқтаи назаридан ёндашиш ўта нотўғри. Атроф-муҳит мусаффолигига тўлақонли эришиш, яъни атмосферамиздаги СО2 газини камайтиришда яйлов ва ўрмонлардаги жониворларнинг ўрни беқиёс. Қандай қилиб дейсизми? Келинг, шунга тўхталайлик.

Кўчат экарканмиз, катта муаммо дарахт­ларнинг аксарияти қуриб, нобуд бўлиши эканини эътибордан четда қолдирамиз. Ниҳолларнинг нобуд бўлишини кўпинча ёғингарчилик кам бўлиши, тупроғимизнинг унумдор эмаслиги, сув танқислиги билан изоҳлаймиз. Аммо муттасил ёғингарчилик бўладиган тропик ва субтропик минтақаларда ҳам ўрмонни тиклаш мақсадида экилган дарахтларнинг 50 фоизи қуриб қолишини (бу тадқиқотлар орқали тасдиқланган факт) қандай изоҳлаш мумкин? Ёки Буюк Британияда 40 километрдан ортиқ йўл четидаги 850 минг туп кўчатнинг 70 фоизи экилганидан 3 йил ўтар-ўтмас нобуд бўлганини-чи? Асосий муаммо нимада?

Биринчидан, дарахтлар экилганда шаклан бир хил бўлиши учун деярли бир турдаги ниҳоллардан фойдаланилади. Натижада бир касаллик тушса, барчаси бирваракайига нобуд бўлади. Иккинчидан, энг муҳими, дарахтларнинг соғлом ўсишига катта кўмак берувчи жониворлар дарахтзорларга киритилмайди.

Натижада флора табиий тозаловчиларсиз қолиши, айтиш жоиз бўлса, бир томонлама ривожланиши носоғлом ички рақобатни вужудга келтиради. Пировардида шароитнинг ўзи касалликлар ўчоқларини пайдо қилади ҳамда дарахтларнинг яшовчанлигини тушириб юборади.

Гап шундаки, дарахтлар ўзи ёлғиз ўса олмайди. Улар фақат мураккаб экотизимда ҳайвонлар билан бирга соғлом ривожланади ва экологик жиҳатдан самарали ўзаро таъсирга эга бўлади.

Биринчидан, дарахт мева-уруғларининг экоареал бўйлаб тенг тақсимланиши натижасида дарахт туплари атрофидаги сув, озиқ-овқат, қуёш нурига ички рақобат босими камайиши орқали соғлом муҳит яратилади. Иккинчидан, ҳайвонлар томонидан экоареалнинг органик ўғитлар билан таъминлаши натижасида тупроқ зоофаунаси ва микробиотаси, айниқса, зарарли ҳашарот ва микроорганизмлар мувозанати бузилишининг олди олинади. Натижада соғлом флора СО2 газини кўзланган даражада самарали камайтиради.

Ҳайвонлар томонидан дарахтзорлар қалинлашувининг назорат қилиниши, ўтлоқларнинг қуриган биомассадан доимий тозаланиши натижасида катта ўрмон ёнғинларининг, ўз навбатида, атмосферага тонналаб СО2 чиқишининг олди олинади. Шунингдек, яйлов тупроғининг ҳайвонлар томонидан босилиши қум-тупроқ бўронлари туришига йўл бермайди. Бунинг натижасида катта майдондаги ўсимликлар қатлами тўсатдан нест-нобуд бўлмаслигига ёрдам беради. Юқори қорли тоғ қатламларига яқин яйловлардаги ҳайвонлар қор ва музликлар қатламини тепкилаб қотиради. Натижада эриш жараёни секинлашиши туфайли баҳорги сел келишининг камайишига катта ҳисса қўшади.

Яқинда Освальд Шмидт бошчилигидаги АҚШ олимлари томонидан Гайана ўрмонларида ўтказилган тадқиқотлар кўрсатдики, ҳар 100 квадрат метр майдондаги дарахтлар сони 10 тадан 70 тага кўпайганда СО2ни ўзлаштириш миқдори 4 баробар ошган. Бироқ худди шунча майдонда сут эмизувчиларнинг сони 5 тадан 35 тага кўпайганда СО2ни ўзлаштириш миқдори 5 баробар ошгани аниқланган.

Бу ҳайвонларнинг экотизимни жонлантириши орқали углерод айланмаси тезлашиши билан боғлиқ жараён бўлиб, ўрмон экотизимидан ҳам кенг жабҳаларга таъсир кўрсатади. Масалан, Танзаниядаги Серенгити экотизими дунёдаги энг қадимги ва Ер юзида энг яхши сақланган жойдир. У ерда табиий истиқомат қиладиган гну оҳуси гўнгида ўсимликлар учун зарур углерод мавжуд бўлиб, ҳашаротлар уни қайта ер остига кўмиб ташлайди. Тундрада қўйбуқа подаси қорни босиб жипслаштиради. Натижада муз остидаги тупроқ музлаган ҳолда сақланиб, метан чиқишининг олдини олади. Текисликнинг қуёш нурини акс эттириш хусусиятини ошириб, атроф-муҳитнинг совуқ ҳароратда бўлишини таъминлайди. Кит ва бошқа йирик денгиз ҳайвонлари ўлганда ўзидаги углеродни океан қаърига олиб кириб кетади. Тапира ва филлар рациони орқали ўсимликларнинг рақобатини сусайтириб, уруғларнинг тарқалишига ва тупроқнинг унумдорлиги ошишига хизмат қилади.

Тадқиқотга кўра, ҳайвонларнинг 9 тури ва гуруҳи — балиқлар, китлар, акулалар, бўрилар, гну оҳуси, денгиз қундузи, қўйбуқа, Африка фили, Америка бизони атмосферадан йилига қўшимча жами 6,41 миллиард тонна карбонат ангидридни йўқ қилиши мумкин. Бу мазкур ҳайвон турларининг тикланиши туфайли 2100 йилга бориб атмосферада камайтирилиши лозим бўлган умумий 500 миллиард тонна карбонат ангидрид йиллик нормасининг 95 фоизи деганидир.

Яна Серенгетига қайтадиган бўлсак, у ерда ҳозир яшаётган 1,2 миллион бош оҳу ўсимликлар барқарорлигини сақлаб турганининг гувоҳи бўламиз. Оҳу подаси 25 минг квадрат километр майдонда йил бўйи ҳаракатланиб, мавсумий ёмғир оқибатида гуркираб ўсган яшил майдонларни қисқартиради. Қадимги инстинкт билан бошқариладиган миграция таъсирида оҳулар ўтлоқлардаги жуда катта миқдордаги углеродни ҳазм қилади ва гўнг шаклида ерга қайтаради.

Ўтган асрнинг бошида уй ҳайвонларидан ўлат юқиб, оҳулар сони камайган ва атиги 300 минг бошни ташкил этиши оқибатида дарахтлар ҳаддан ташқари кўпайиб, ўрмон ёнғинлари сони ва ҳажми ошган.

Бунинг натижасида эса ўсим­лик­ларда сақланадиган углероднинг 80 фоизи атмосферага кўтарилган. Ҳозир Серенгетида оҳулар энг кам бўлган пайтдагига нисбатан 4,4 тонна кўпроқ карбонат ангидрид сақланади. Шундай қилиб, табиий экотизимни тиклаш орқали, айниқса, иссиқ ўлкаларда ёнғинларнинг олдини олишга эришилади. Шунингдек, ёнғинлар туфайли атмосферага карбонат ангидриднинг чиқиши камаяди.

Ёввойи табиатни тиклашнинг бошқа ижобий томонлари ҳам бор. Буюк Британиянинг Кент графлигидаги Уэст-Блин ўрмонига ўтган йилнинг июнь ойида бизонлар олиб келинди. Бештагина жонивор ўрмонда сўқмоқ очиб, қуюқ дарахтзорга қуёш нурлари киришини таъминлади. Бу янги ўсимликларнинг ўсишига ижобий таъсир кўрсатди. Шунингдек, бизонлар маҳаллий ўсимликларни сиқиб чиқараётган ва 2015 йилдан 2022 йилгача Буюк Британияга 1 миллион фунт стерлинг миқдорида зарар келтирган, бир пайтлар тропик ўлкалардан олиб келинган рододендрон ўсимлиги камайишига ёрдам берди. Заҳарли буталарнинг шохларини синдириб, уларни майдалаб, подани ҳашаротлардан ҳимоя қиладиган табиий кимёвий восита яратди.

БМТнинг иқлим ўзгариши бўйи­ча REDD+ конвенцияси ривожланаётган мамлакатларда ўрмон ёнғинларининг олдини олиш ва углерод миқдорини сақлаб қолишга қаратилган. Шундай бўлса-да, мазкур ҳудудлардаги ҳайвонот дунёси овчилар томонидан йўқ қилинмоқда. Бунинг оқибатида лойиҳалар мақсадига эришилмаслиги мумкин. Ушбу конвенцияга кўра, иштирокчи давлатлар 2030 йилга бориб ўзларига қарашли 30 фоиз қуруқлик ва океанлардаги майдонларни ҳимоя қилиши назарда тутилган. Бу, албатта, бошланишига ёмон эмас, лекин конвенцияда ҳам ўсимликлар, ҳам ҳайвонларнинг иштироки зарурлиги алоҳида қайд этилмаган. Агар ҳимояга олинадиган ҳудудлар кичик ва бир-биридан узоқ бўлса, ҳайвонлар атроф муҳитдаги муҳим вазифасини бажара олмайди ҳамда углерод айланмасининг жонланмаслиги хавфи юқори бўлади.

Албатта, ёввойи табиатни тиклаш универсал ечим эмас. Ер куррасидаги биохилма-хилликни сақлаб қолиб, заминимизни соғломлаштиришни истасак, уни ифлослантирмаслигимиз шарт. Табиий шароитни тиклаш учун ҳар бир ҳайвон турига, ҳудудга, маҳаллий шароитларга алоҳида ёндашув талаб этилади. Янги билимларга эга бўлиш учун янгидан янги тадқиқотлар ўтказишга тўғри келади. Аммо вазифа аниқ — биз наботот ва ҳайвонот дунёсининг барча имкониятларидан фойдаланишимиз лозим. Зеро, бу янги билимлар ва тадқиқотлар натижалари Ўзбекистонда белгилаб берилган яшил макон ва «яшил» иқтисодиёт дастурлари самарадорлигини таъминлайди.

 

Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,

олий таълим,

фан ва инновациялар вазири, академик




Ўхшаш мақолалар

Янги ҳуқуқий меъёр  Ёввойи  Ўсимликлар эътибордан  четда  эмас

Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас

🕔09:22, 23.10.2025 ✔12

Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.

Батафсил
Боғотда чиқинди муаммоси:  рақамлар тизимли ёндашувни  талаб  қилмоқда

Боғотда чиқинди муаммоси: рақамлар тизимли ёндашувни талаб қилмоқда

🕔09:18, 23.10.2025 ✔16

Боғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.

Батафсил
Ҳайвонлар ва қушларда ҳам  ғурур бор

Ҳайвонлар ва қушларда ҳам ғурур бор

🕔09:09, 23.10.2025 ✔12

Баъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Янги ҳуқуқий меъёр  Ёввойи  Ўсимликлар эътибордан  четда  эмас

    Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас

    Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.

    ✔ 12    🕔 09:22, 23.10.2025
  • Боғотда чиқинди муаммоси:  рақамлар тизимли ёндашувни  талаб  қилмоқда

    Боғотда чиқинди муаммоси: рақамлар тизимли ёндашувни талаб қилмоқда

    Боғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.

    ✔ 16    🕔 09:18, 23.10.2025
  • Ҳайвонлар ва қушларда ҳам  ғурур бор

    Ҳайвонлар ва қушларда ҳам ғурур бор

    Баъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.

    ✔ 12    🕔 09:09, 23.10.2025
  • Тозалик ва озодалик  ойлиги бошланди:  Ҳисса  қўшинг, фаол  иштирок этинг!

    Тозалик ва озодалик ойлиги бошланди: Ҳисса қўшинг, фаол иштирок этинг!

    Ўзбекис­тон Президенти топшириғига кўра, 15 октябрдан эътиборан бутун республикада тозалик ва озодалик ойлиги бошланди.

    ✔ 37    🕔 15:30, 16.10.2025
  • Табиатнинг  олтин  бешиги

    Табиатнинг олтин бешиги

    «Сайгачий» мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси Устюрт текислигининг ноёб биологик хилма-хиллигини ўзида мужассам этган. Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот ва Мўйноқ туманлари ҳудудида жойлашган мазкур қўриқхонанинг асосий мақсади табиий гўзалликни асл ҳолича ишончли муҳофаза қилишдан иборатдир.

    ✔ 30    🕔 15:27, 16.10.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар