Китоб бу — мўъжиза      Бош саҳифа

Ота-оналар медиасаводхонлиги

Ўзбек ёш-ялангларидан бири онасини туғилган куни билан қандай табриклагани хусусидаги видеони ижтимоий тармоққа жойлади. Тасвирдаги манзара ақл-ҳуши жойида бўлган инсонни гангитиб қўяди.

Ота-оналар  медиасаводхонлиги

Нега?.. Қандай қилиб?.. Наҳотки?..

Кўрмаган бўлсангиз, тасаввур қилинг. Манзара қуйидагича. Синфдоши ёки тенг­қури жараённи телефони орқали видеога туширяпти. Онанинг туғилган куни шекилли. Ўғли қўлида усти очиқ торт билан она томон юриб келяпти. Хурсанд онанинг совға – тортни кутаётган лаҳзалари. «Ҳозир ўғли тортдан озгина олиб унга едиради ёки совғани қўлига тутқазади, кейин уни бўлаклаб барчага тарқатади».

Томошабин ҳам одмигина кийинган содда онанинг юзидаги қувончни мамнун кузатмоқда. Бироқ бу жараён узоққа чўзилмади. Ўғил онасига яқинлашгач кутилмаганда тортни унинг юзига ёпиштирди... эзғилади ҳам...

Ўғил бундай табриклашнинг оддийроқ шаклини ижтимоий тармоқда кўргани аниқ. Киноларда бор бундай саҳна, фақат баҳслашган, қасдлашган қизиққон болалар томонидан тенгқурлари юзига торт билан ургани акс этган холос. Лекин онанинг юзига боласи... «Буниси ҳали тарихда бўлмаган». Айнан бўлмаган!..

Ёшлар ўйлаб топган бетакрор «эзгу» ниятларига етишишди чоғи атрофда масхарали кулгу янгради... Бундай воқеалар тасодифан амалга ошмайди, албатта. Биринчидан, дўкондан торт олганда у қоғоз қутига ўралган бўлади. Иккинчидан, бола тортни онаси томон «узатаётган»да унинг усти очиқ эди. Учинчидан, тасвирга олиш олдиндан «белгиланган». Қисқаси, «суратга олиш» жараёнига ҳар тарафлама тайёргарлик кўрилган... Қолаверса, бундай манзарани саҳналаштириш, ташкил этиш учун «дўстлар» ўртасида кенгаш бўлган. Маслаҳатлашишга масҳаталашгану улар орасида бу қилмишнинг нотабиийлиги, нотўғрилиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган. Бу тенгқурлардаги тубан ва бефаросат онг қандай шаклланиб қолди экан-а?

Она эса ҳар қандай шароитда, ҳатто, хўрланганда ҳам фарзанди тарафида бўлади. Бошқа йўл йўқ, ахир у она! Тасвирдаги манзара – онанинг юзида сувалган торт бўлаклари, масхарали бўлса-да, томошабинларнинг кулгусидан хурсанддек, лекин «болажони»нинг қилиғидан етти ухлаб тушига кирмагани торт қаймоғи ёполмаган бир жуфт кўзларидаги бесаранжомликдан билиниб турибди...

Албатта, ижтимоий тармоқдаги катта авлод ёшларнинг бу қилмиши бўйича кўп салбий фикрлар билдирди. Лекин баъзилар онани табриклашнинг янги йўлини топганидан ҳиринглаб қолди.

Энди кейинги ўйланадиган табрик усули бундан ҳам баттарроқ кўринишда бўлишини фикрсизликдан келиб чиққан маданиятсиз тоифадаги авлод «исботлаш»га уринади.

Бу уриниш ўзини узоқ куттирмади. Ижтимоий тармоқдаги бу вазиятни жонкуяр журналист Рўзибой Қўлдошев қуйидагича изоҳлади.

«Бир тўда махлуқлар инсонлар учун (бу қавм инсонлар қаторига кирмайди) тайёрланган маҳсулотларни бир одамнинг бошига, юзига, елкасига ва умуман қаери тўғри келса, тўкиб, сочиб, суртиш билан роҳатланмоқда».

Рўзибой ака таъкидлаган бу «бир одам» юқорида юзига торт ёпиштирилган она «ўғли»нинг туғилган куни бўлса керак... Бу ўғлон ҳам вақти келиб отамдан кам бўлмайин деб қандай қилиқ ўйлаб топаркин?.. Ҳаётий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, ҳойнаҳой у бундан баттарини топадиям.

Агар бундай бадхулқликларнинг олди олинмаса албатта...

Бунақа аҳмоқлик­лар оломон орасида азалдан бўлган, бор ва бундан кейин ҳам йўқолиб кетишига кафолат йўқ. Фақат бу каби маданиятсизликни тийиш,­ камайтириш мумкин.

Ҳар бир миллатдан донишмандлар чиққанидек, унинг тескариси мавжуд бўлиши ҳам бор гап. Масалан, бугун маданиятлилиги билан мақталаётган Европа давлатларидан бирининг фуқароси камерасини ижтимоий тармоққа «онлайн» улаб, ўзга дин вакиллари ибодати вақтида ўқ узиб, аксарини қурбон қилди. Ўша давлат оломони қотилни қўллади ҳам. Аммо юртнинг дониш раҳбарлари қурбон бўлганлар хонадонига уларнинг диний либосида бориб таъзия билдирди. Мисолимиздан биринчи мақсад ҳар бир элатда иблис қиёфасидаги махлуқлар ҳам бўлишини айтиш бўлса, иккинчиси, яхшилари ҳам мавжудлигини ва улар ёмонлар учун кечирим сўраш орқали эзгулик посангисини босаётганини таъкидлашдир. Ҳамма гап ана шу меъёрни эзгулик ҳисобига кўпайтиришдадир. Ана шундай халқ дунёда ҳурматга сазавор бўлиши, шубҳасиздир.

Замонамизнинг айни даврида бунинг йўлларидан бири медиасаводхонлик, медиамаданият тарбиясидир. Зеро, маънавият ёки тарбия деган сўзларнинг оҳори тўкилгани боис ёшлар эшитгандаёқ тескари самарани кузатар эканмиз авторитар усуллардан воз кечиб, лекин айнан ўйлаган ғояларимизни медиамаданият деган тушунчага жойлаб иш тутишимиз даркор. Масалан, жадидлар ўз даври талабидан келиб чиқиб, ғояларини «Китобат ул-атфол» («Болалар мактублари»), география сингари фанлар таркибига киритиб ўқитган бўлсалар, нега биз ёшларимиз тез қабул қиладиган янги медиа қатига жойлаб тарбияламаслигимиз керак?

«Китобат ул-атфол»нинг «Хат ёзмоқ шартлари» бўлимидан иқтибослар:

«1. Котиб ҳар муддаони ёзмоқчи бўлганда, ўшал муддаони ўзи яхши тушунуб, сўнгра ёзса (ёзиши. – Ҳ.С.) керак...

9. Туркийча ёзилур экан ва иборатни туркиси бўлуб туруб, ани ўрниға русий ва ажнабий исмини ёзмоқни аҳли дониш манъ қилгандурлар...

17. Мактубға ҳақорат, таъна, ҳазл, фисқ ва гуноҳға тааллуқ сўзлар асло ёзилмасин...»

Бир юз ўн беш йил аввал айтилган бу фикрларнинг қай бири бугунги кунга мос эмас? Фақат бу гаплар китобдан ташқари электрон шакл ва замонавий талқинда тарғиб этилиши керак.

«Қандай қилиб» саволига жавоб излаш эса алоҳида мавзу.

Ҳозирча эса қўлида телефони ёки интернет тармоғига олиб кирадиган бошқа мосламалари бўлган ҳар бир бола ижтимоий тармоқдаги бефаросат ота-оналарнинг бемаъни баҳслари, фикрсизлик оқибатидаги сўкинишларини ўқиб, тинглаб, соч юлишу муштлашишлар, ҳаёсизликларни кўриб, кўзи қотиб бораяпти. Бу болалар ҳақорату беҳаёликларни эрта англаб, «тарбия» топаяпти. Қани эди бу баҳсу мунозаралар сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий ва ҳоказо инсон камолотига, алалоқибат, жамият тараққийсига хизмат қиладиган мавзуларда бўлса...

Қизим беш яшарлик пайти эди шекилли, тўсатдан олдимга келиб «дада, қачон Россияга кўчиб кетамиз», деб сўраб қолди. «Россияда нима қиласан?», дедим кўзига қараб. «У ерда жуда кўп ўйинчоқлар бор экан», деди кўзида ҳайрат билан. «Ўйинчоқлар ўзимизда ҳам бор». «Йўқ, фақат Россияда бор экан, айтишди». «Кўрсатчи менга ҳам», дедим қизиқиб. Телефондан топиб, кўрсатди. «Бунақа ўйинчоқлар ўзимизда ҳам бор, олиб бераман», дея ишонтиргач, унинг кўрган манбаларига назар ташладим. «Инжилни бирга ўрганамиз», деган каналга кўзим тушди. Сўрасам, «расмлари чиройли», деди. Қизиқарли суратлари кўп бўлса-да, энди бу ёғи катталар ўйлаб топган сиёсий ўйин эди... Дарҳол эътибор беришга ошиқдим. Демак, ота-она техника воситаларидан хабардорлигини оширмаса ва болаларни назорат қилмаса оқибати яхшилик билан тугамайди. Қолаверса, ишдан чарчаб келиб, «чакагини ўчириш» мақсадида телефонимизни болалар қўлига топшириб қўйишимиз ҳам яхши эмас. Кун ора янги «гап»лар чиқяпти: «болалар пул ўғрилаяпти, кўп ҳолларда интернетни ишлатиб ота-онанинг маблағини ўзи билмаган ҳолда «еб» юбормоқда». Бу ҳам биз катталарнинг камчилигимиз, замонавий техникаларни ўрганишдан тўхтамаслигимиз, медиасоводхонликни, медиамаданиятимизни ривожлантириб боришимиз шарт.

Алҳол, шундай кунлар келиши учун ҳар бир жамият аъзоси бу ишларга Беҳбудий айтмоқчи кўшиш, яъни ҳиссамизни ўз ўрнимизда қўшиш маданиятини ўзлаштиришимиз зарур бўлади. Маданият эса ўз-
ўзидан шаклланмайди.

 

Ҳалим САИДОВ,

филология фанлари доктори




Ўхшаш мақолалар

Ота-оналар  медиасаводхонлиги

Ота-оналар медиасаводхонлиги

🕔17:07, 21.07.2023 ✔259

Ўзбек ёш-ялангларидан бири онасини туғилган куни билан қандай табриклагани хусусидаги видеони ижтимоий тармоққа жойлади. Тасвирдаги манзара ақл-ҳуши жойида бўлган инсонни гангитиб қўяди.

Батафсил
Китоб  даволайди!

Китоб даволайди!

🕔18:42, 19.07.2023 ✔208

Китобни танлаб ўқиш керак.

Китоб танлаш учун кўп нарсалардан ўтиш керак. Бир воқеани айтиб берай. Набоковнинг «Лолита» деган оламга машҳур романи бор. Дунёда 100 буюк китобнинг биттаси дея рўйхатларга киритилган. Бунинг ўзига хос жиҳатлари бор.

Батафсил
У сизни йиллаб кутаётган  бўлиши мумкин

У сизни йиллаб кутаётган бўлиши мумкин

🕔11:51, 27.01.2023 ✔358

Ички кечинмалар, ҳаётий қараш ва китоб ўқишга бўлган иштиёқдан келиб чиқиб ҳамма турли мавзудаги китобларни танлаб ўқийди. Энг асосийси, биргина ўқилган китоб турли ёшда турлича таъсир қилиши мумкин.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Ота-оналар  медиасаводхонлиги

    Ота-оналар медиасаводхонлиги

    Ўзбек ёш-ялангларидан бири онасини туғилган куни билан қандай табриклагани хусусидаги видеони ижтимоий тармоққа жойлади. Тасвирдаги манзара ақл-ҳуши жойида бўлган инсонни гангитиб қўяди.

    ✔ 259    🕔 17:07, 21.07.2023
  • Китоб  даволайди!

    Китоб даволайди!

    Китобни танлаб ўқиш керак.

    Китоб танлаш учун кўп нарсалардан ўтиш керак. Бир воқеани айтиб берай. Набоковнинг «Лолита» деган оламга машҳур романи бор. Дунёда 100 буюк китобнинг биттаси дея рўйхатларга киритилган. Бунинг ўзига хос жиҳатлари бор.

    ✔ 208    🕔 18:42, 19.07.2023
  • У сизни йиллаб кутаётган  бўлиши мумкин

    У сизни йиллаб кутаётган бўлиши мумкин

    Ички кечинмалар, ҳаётий қараш ва китоб ўқишга бўлган иштиёқдан келиб чиқиб ҳамма турли мавзудаги китобларни танлаб ўқийди. Энг асосийси, биргина ўқилган китоб турли ёшда турлича таъсир қилиши мумкин.

    ✔ 358    🕔 11:51, 27.01.2023
  • Бу – ақлни  «чархлаб»,  яроқсиз ҳолга келтириб қўювчи мослама эмас

    Бу – ақлни «чархлаб», яроқсиз ҳолга келтириб қўювчи мослама эмас

    Пойтахтимизнинг «Ўзэкспомарказ» мажмуасида халқаро китоб кўргазмаси иш бошлади. Ташкилотчиларнинг хабар беришича, уч кун (2-4 ноябрь) давом этган мазкур кўргазма доирасида китобхонлар учун кўплаб қизиқарли ва фойдали тадбирлар ташкил этилди. Китоб кўргазмасини айланиб, хаёлимдан ўтган айрим фикрларни қоғозга туширишга ҳаракат қилдим.

    ✔ 336    🕔 09:07, 14.11.2022
  • Бахт шунчаки  афсона эмас…

    Бахт шунчаки афсона эмас…

    Мазкур асар ҳақида биринчи марта уч-тўрт йил аввал «Мени ўзгартирган китоб» кўрсатувида эшитгандим. Кўрсатув меҳмони бўлган мамлакатимизнинг машҳур тадбиркори китоб ҳақида тўлқинланиб гапирганди ўшанда.

    ✔ 402    🕔 22:28, 14.07.2022
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар