Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилЎзбекистон Экологик партиясидан Президентликка номзод Абдушукур Ҳамзаевнинг Сайловолди дастурида бу борада аниқ мақсадлар бор
Бугунги кунда экология ва атроф муҳит муҳофазаси бутунжаҳон кун тартибидаги долзарб масалалардан бирига айланди. Инсон саломатлиги ва унинг ҳаётига бевосита таъсир қилувчи муҳим омил бўлган экология ва атроф муҳит ҳолати ҳар бир мамлакат барқарор ривожланиш йўлининг асосий қисми ҳисобланади.
Дунё миқёсида табиий захиралар қисқармоқда. Глобал иқлим ўзгариши, экология ва табиат билан боғлиқ муаммолар келтириб чиқараётган оқибатлардан бирор бир мамлакат четда эмас. Жумладан, мамлакатимиз рўбару бўлаётган сув тақчиллиги, аномал об-ҳаво, тез-тез такрорланаётган чанг ва қум бўронлари – буларнинг ҳаммаси экологик масалалар нақадар жиддий аҳамият касб этаётганидан дарак беради.
Мана шундай шароитда аҳолининг қулай атроф муҳитда яшаши, мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш олдимизда турган энг долзарб масалалардан биридир. Чунки, БМТ маълумотларига кўра, инсон саломатлигининг 20-40 фоизи атроф муҳит ҳолатига боғлиқ. Айнан халқимиз фаровонлигини, қулай яшаш шароитини таъминлаш, мамлакатимиз барқарор ривожланишига эришиш бизнинг бугунги саъй-ҳаракатларимизга, инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларга асосланади.
Сўнгги йилларда атроф муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликнинг олдини олиш масалаларига мамлакатимизда жиддий эътибор қаратилмоқда. Зеро, фуқароларнинг муносиб атроф муҳитга бўлган ҳуқуқлари таъминланмасдан туриб уларнинг саломатлиги ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш имконсиздир.
Мамлакатимизда экологик вазият ва атроф муҳит ҳолатини яхшилаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, салбий таъсирларнинг олдини олиб экологик хавфсизликни таъминлаш масалалари давлат сиёсатининг усувор йўналишларидан бирига айланди. Яқинда халқимизнинг хоҳиш-истаклари асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси муқаддимасидаги «мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини кўпайтиришга, ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлашга ҳамда атроф муҳит мусаффолигини сақлашга астойдил аҳд қилиб...» деган жумлалалар ҳам бу борада мамлакатимиз ўзининг аниқ ва мустаҳкам позициясига эга эканини англатади. Бундан ташқари Бош Қомусимизда ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқлар қатори «экологик ҳуқуқ» тушунчаси киритилди.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, Ўзбекистон иқлим ўзгаришига жуда мойил мамлакатлар қаторига киради. Агар ўз вақтида мослашиш чоралари кўрилмаса, мамлакат сув ресурслари етишмовчилиги ва ерлар таназзули муаммосига дуч келиши мумкин. Иқлим исиши натижасида қор қопламали доимий музликлар эриши жадаллашиб қисқармоқда, буғланиш кучаймоқда. Қурғоқчиликнинг тез-тез такрорланиши ва жадаллигининг кучайиши қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши барқарорлигини бузиши ва озиқ-овқат хавфсизлигига зарар етказиши мумкин. Ёз давридаги жазирама, баҳорда тошқинлар ва селлар, қишда кўчкилар Ўзбекистоннинг аҳоли яшайдиган туманлари ва муҳим инфратузилмасига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Амударё қуйи оқимидаги ҳудудлар сув танқислиги ва чанг бўронларидан кўпроқ азият чекмоқда.
Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам давлат ушбу соҳада жамоатчилик назоратини амалга оширишни рағбатлантириш ва шароит яратиш ишларини амалга оширишни ўз зиммасига олмоқда. Мана шу орқали биз табиатнинг овозини эшита оламиз, фақат бугунни эмас, яқин ва узоқ келажакни ўйлаб иш тутамиз.
Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдушукур Ҳамзаевнинг Сайловолди дастурида аҳолининг қулай атроф муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш, экологик вазиятни яхшилаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш тизимини яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, номзод томонидан илгари сурилаётган ташаббусларнинг муҳим йўналишларидан бири экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Жумладан, сўнги йилларда республикамизда экология ва атроф муҳит муҳофазасига оид меъёрий ҳужжатлар мазмун ва моҳияти жиҳатидан 30 дан ошиқ қонун ва 400 га яқин қонуности ҳужжатларида акс этган бўлиб, улар тарқоқ ҳолатда. Номзод ушбу ҳужжатларни кодификация қилиш орқали табиатни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш тартиб ва талабларини соҳалар кесимида Ўзбекистон Республикасининг Экологик кодекси, Сув кодекси ва Ўрмон кодексларини ишлаб чиқишни таклиф этмоқда. Бу мамлакатимиз экологик хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар учун қулай атроф муҳит яратилишига хизмат қилади.
Ҳозирги кунда бошқа соҳалар сингари ишлаб чиқариш саноат корхоналари жадал ривожланиши, уларнинг сони ортиши ҳамда аҳоли сонининг йил сайин ўртача 900 мингдан ошиб бориши озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжнинг ҳам сезиларли ўсишига олиб келяпти. Янги иш ўринларига, электр энергияси, коммуникация ва бошқаларга бўлган талаб ҳам ортиб боради.
Номзоднинг Сайловолди дастурида мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлашда тежамкор ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишда имтиёз ва преференциялар беришнинг ҳуқуқий механизмларини соддалаштирилишига алоҳида эътибор қаратилган. Ҳар қандай инвестиция лойиҳасини ишлаб чиқишда, табиий ресурслар билан боғлиқ лойиҳаларни амалга оширишда уларни атроф муҳитга бўлган таъсирини баҳолаш тизими жорий этилиб, таъсирни баҳолаш талаб этиладиган ҳолатларнинг асос ва мезонлари, баҳолаш механизми, атроф муҳитга таъсирни баҳоловчи субъектларга нисбатан қўйиладиган талаблар белгиланади. Иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларни ривожлантиришнинг муҳим стратегик дастурларини ишлаб чиқишда экологик хавфсизлик мезонлари мажбурий тартибда киритилади.
Сўнгги уч йилда қурилишлардан норози бўлиб, аҳолидан 15 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган, судлар томонидан биргина Тошкент шаҳрида 200 дан ортиқ қурилишлар тўхтатиб қўйилган эди.
Ушбу шароитда фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш, қурилишларнинг табиатга зарарли таъсирига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик бош режалари аҳоли билан бамаслаҳат ишлаб чиқилиб, экологик экспертизадан ва жамоатчилик муҳокамасидан мажбурий ўтказилади, шунингдек, жамоатчилик назоратидан сўнг амалга оширилишига эришилади. Ушбу амалга оширилаётган тадбирларда атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари акс этади.
Мамлакатнинг экологик муаммоларни ҳал этиш ва экологик хавфсизлигини таъминлашга доир давлат стратегияси ва дастурларни амалга ошириш учун давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ОАВ ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари жалб этилади.
Экологик хавф-хатарларга қарши курашиш, уларни бартараф этишда давлат назорати билан бир қаторда ва жамоатчилик назоратининг замонавий электрон тизимларидан фойдаланиш орқали аҳолимиз ва келажак авлод учун қулай ва экологик тоза ҳудудни сақлаб қолиш, аҳолининг саломатлигини ишончли муҳофаза этиш, улар яшаши ва ривожланиши учун қулай атроф муҳитни таъминлашнинг ҳуқуқий тизими кучайтирилади.
Мамлакатимизда атмосфера ҳавосига таъсир этувчи саноат корхоналар сонининг ортиб бориши билан бир қаторда транспорт воситаларининг ҳам сони кун сайин ортиб бормоқда. 2022 йилда атмосферага ташламалар миқдори 2,2 млн. тоннани ташкил қилди. Шундан 58 фоизи транспорт воситалари, 42 фоизи саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари ҳиссасига тўғри келди. Шу сабабли, мамлакатимизнинг йирик ва саноати ривожланган шаҳарларида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган углерод, азот бирикмалари, метан ва бошқа зарарли газлар миқдори 2 бараварга камайтирилиши устувор вазифа сифатида белгиланди.
Ҳар йили 6,8 млн тонна маиший, 750-850 минг тонна қурилиш, 256 минг тонна саноат ва 42 минг тонна тиббиёт чиқиндилари ҳосил бўлади. Чиқиндиларни бошқаришнинг ҳамда фойдаланиш хусусиятини йўқотгандан сўнг атроф муҳитга зарар етказувчи ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган қадоқлаш материаллари ҳамда товарларга экологик йиғимнинг ҳуқуқий механизмларини белгиловчи Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонуни ишлаб чиқилади. Номзоднинг Сайловолди платформасига кўра, мамлакатмизда полиэтилен, полиамид таркибли қадоқлаш маҳсулотлари, бир марталик ишлатиладиган пластик ва бошқа идишлардан фойдаланишдан босқичма-босқич воз кечилади.
Сайловолди дастурида акс этган мамлакатимиз экологияси, унинг атроф муҳити ҳолатини яхшилаш, табиат ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган «Барқарор экологик ривожланиш Стратегияси»ни ишлаб чиқишга оид ташаббуслар ҳам мамлакатимиз бугуни ва эртанги ҳаёти учун, ҳар жабҳада ривожланиши учун муҳим бўлган узоқ йиллик стратегик режаларга асос бўлиб хизмат қилади.
Ўлмас СОБИРОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Экология, атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш ва
иқлим ўзгариши вазирлиги
масъул ходими
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилБоғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.
БатафсилБаъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.
Батафсил