Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилХалқаро анжуман баҳонасида Бельгия пойтахти Брюссель шаҳри зиёрати насиб қилди. «Европанинг юраги» деб таърифланадиган кўҳна кентнинг сиёсату тижорат, маданияту маишат борасида ўзига хос жиҳатлари талайгина. Аммо биз ушбу мақолада шаҳарнинг экология, атроф муҳит муҳофазаси борасидаги ютуқ ва тажрибаларига эътибор қаратмоқни маъқул кўрдик.
Машиналар хушланмайдиган масканлар
Яқин ўн йилларга қадар Брюссель Европа шаҳарлари орасида экология рейтингларида ўрта ўринларни эгаллаб келган. Бельгия 1998 йилда Киото протоколини имзолагач, энг аввал пойтахтда атроф муҳит муҳофазасига доир жиддий ислоҳотларни амалга ошира бошлади. Ўрмон ва дарахтзорлар она заминнинг ўпкаси экани сир эмас. Шу боис Брюссель ҳокимлиги иқлим сиёсати доирасида биринчи галда яшил ҳудудларни кўпайтиришга киришди.
Пойтахт бўйлаб кезар экансиз, вақт билан рақобатга киришган муҳташам саройлар, кўкка бўй чўзган кунгурадор ибодатхоналар, тарих ва замонавийлик фавқулодда уйғунлик касб этган кошоналар, мозий нафаси уфуриб турган тор кўчаларга ҳайрат ила боқасиз. Аммо серқуёш ўлкадан келган эмасмизми, иморатлардан ҳам кўра сўлим хиёбонлар, яшил боғлар, гулларга бурканган майдонлар ва мўъжаз ўрмонларга суқланиб қараймиз.
Мегаполиснинг шовқин-сурони, серғалва ҳаётидан зада бўлганлар осуда паркларда баҳузур дам олаётир. Ажабо, шундай улкан хиёбону майдонларни анвойи гуллар, ранг-баранг бутаю оғочларга тўлдириш учун қанча фурсат, қанча харажат кетган экан?!
Брюссель яшил ҳудудлари ҳажми бўйича қўшни мамлакатлар бошкентлари билан бемалол беллаша олади. Пойтахт ва унга туташ музофотда яшил ҳудудлар 8000 гектарни ташкил этади. Харитага синчиклаб разм солсангиз, Брюссель шаҳри яшил ҳалқа билан ўралганини кўрасиз.
Атмосферани заҳарли газлардан муҳофаза этиш мақсадида 2018 йил 1 январдан Брюсселда Low Emission Zone (қуйи эмиссия ҳудуди) тартиби жорий қилинган. Унга кўра, маҳаллий автоуловларнинг техник ҳолати муттасил назоратдан ўтказилади, пойтахтга шахсий маркабида келаётган меҳмонлар эса аввалдан электрон рўйхатдан ўтиши лозим. Пойтахт ҳудудига атмосферага меъёрдан ортиқ заҳарли газ чиқарувчи эски машиналар кириши ман этилади. Қоидабузарлар отнинг калласидек жарима тўлайди.
Брюссель марказидаги сайёҳлар қадами узилмайдиган айрим кўчалар машиналар учун буткул ёпилган. Чекловлардан кўзланган мақсад аввало атмосфера софлигини муҳофаза этиш бўлса, иккинчидан, одамларни жамоат транспорти ҳамда велосипед каби экологик тоза уловларга ўтишга ундашдан иборатдир.
Чиқиндини қайта ишлашнинг ноёб тажрибаси
Сафар давомида Брюсселдан 50 км жанубдаги Шарлеруа шаҳрида жойлашган “Tibi” чиқиндини қайта ишлаш корхонасида ҳам бўлдик. Пойтахтдан Шарлеруа томон кетишда йўл бўйи аскарлардек текис саф тортган яшил дарахтлар, сайҳонликларда қад ростлаган баҳайбат шамол генераторлари эътиборни тортади. Бўш ер кўринмайди, миришкор аҳоли ҳар бир қарич заминдан унумли фойдаланишга интилади.
Бельгияда чиқиндини саралаш, йиғиш ва қайта ишлаш тизими Европа Иттифоқи ҳамда маҳаллий қонунчилик асосида қатъий назорат қилинади. Қоғоз, мева ва озиқ-овқат қолдиқлари, пластик, металл, шиша, электроника каби чиқиндилар алоҳида рангли қопларга солинади ва махсус белгиланган кун ҳамда соатда кўчага олиб чиқиб қўйилади. Чиқиндини қайта ишлаш ширкатлари ҳафтанинг муайян кунида уйма-уй, идорама-идора юриб қопларни олиб кетади. Дейлик, душанба куни фақат органик чиқиндилар, сешанба куни пластик маҳсулотлар йиғилади. Мақсад – чиқиндини қайта ишлашни осонлаштириш.
«Tibi» давлат тасарруфидаги ширкат бўлиб, 535 км квадрат ҳудуд, 14 та туман, 422 минг аҳолига хизмат кўрсатади. Корхона маъмурияти чиқиндини саралаш ва қайта ишлашда замонавий технологиялардан фойдаланади. Биргина чиқинди ёқиш линиясини такомиллаштириш учун 60 миллион евро маблағ сарфланган. Қаттиқ маиший чиқиндилар 1000 даража ҳароратда ёқилади. Ёниш жараёнида махсус технология ёрдамида 20-30 минг хўжаликка етадиган электр энергияси олинади. Умуман, корхона чиқиндидан максимал даражада фойдаланади. Дейлик, қаттиқ чиқиндини ёқиш жараёнида ҳосил бўлган кул махсус капсулаларга жойланган ҳолда йўлсозликда ишлатилади. Қайта ишлаш жараёнида ялпи чиқиндининг 1 фоизигина қолади, холос. У эса зарарсизлантирилган ҳолда ер остига кўмилади. Дарвоқе, чиқиндини ёқиш жараёнида атроф муҳитга заҳарли газлар тарқалмаслигига алоҳида эътибор қаратилади.
«Бир пайтлар Бельгияда ҳам чиқинди шунчаки ёқиб юборилган. Одамлар чиқинди саралаш маданиятидан йироқ эди. Аммо кейинги 30-40 йилда ватандошларимиз қайта ишланмаган чиқинди атроф муҳитга қанчалар катта зиён етказишини тушуниб етди, табиатни асраш борасидаги масъулият теран ҳис этила бошлади. Албатта, бу хамирдан қил суғургандек осон кечмади. Аҳолида атроф муҳитни асраш маданиятини шакллантириш учун кўп йиллар кетди», – дейди «Tibi» ширкати бўлим бошлиғи Флавио Латтука.
Қозон ҳам мой, чўмич ҳам...
Беш қўл баробар эмас, ҳозир ҳам аҳоли орасида чиқиндини саралаш тартибига риоя қилмайдиганлар учраб туради. Аммо бу борада қонунчилик шу қадар қаттиқки, экополиция кўз очиб юмгунча қоидабузарларнинг танобини тортиб қўяди. Саралаш тартибига риоя қилмаганлар 600 еврогача жарима тўлайди.
Бельгияда саноат ва маиший чиқинди соҳасида давлат-хусусий шериклик тартиби йўлга қўйилган. Мазкур йўналишда фаолият юритаётган корхоналарга субсидиялар ажратилади. Льеж шаҳридаги «Revatech» компанияси йилига 215 минг тонна шиша, металл, батарея каби саноат чиқиндиларини қайта ишлайди. Йиллик савдо айланмаси 37 миллион еврони ташкил этувчи корхона кимёвий, биологик ишлов бериш ускуналари, замонавий лабораторияларга эга.
Техника шиддат билан тараққий этаётган ҳозирги даврда батареялар кундалик ҳаётимизда тобора кенг ўрин эгалламоқда. Яшириб нима қилдик, биз соат, телефон, фонар ва бошқа электроника маҳсулотларига қувват манбаи бўлган батареяларни яроқсиз ҳолга келгач, саралаб ўтирмай умумий ахлат қутисига ташлаб юборамиз. Аммо Бельгияда бу борада ҳам темир интизомга риоя этилади. ЕИ қонунчилигига мувофиқ, истифода этилган батареяларнинг камида 50 фоизи қайта ишланиши керак. Жумладан, «Revatech» компанияси йилига 4000 тонна батереяни қайта ишлайди.
«Тадқиқотлар ерга кўмиб юборилган батареялар чириши учун 100 йил керак бўлишини кўрсатган. Бу жиҳатдан батареяларнинг атроф-муҳитга зарари, дейлик, целлофан халталардан кўра каттароқ», – дейди компания масъули ходими Венди Вершурен.
Чиқиндини қайта ишлаш тартиби аввало табиатни асраш талаби бўлса, иккинчидан, йўқ жойдан даромад ишлаш, муқобил энергия олиш имконини беради. Халқона айтганда, қозон ҳам мой, чўмич ҳам!
Аҳолига атроф муҳит муҳофазасига доир масъулият ва мажбуриятини ёдга солиш учун оммавий ахборот воситалари ҳамда интернетда замонавий усуллардан фойдаланган ҳолда мунтазам тушуштириш ишлари олиб борилади. Ҳукуматнинг бу борадаги фаолиятига эса парламент ҳамиша кўз-қулоқ! Сирасини айтганда, Бельгия шу каби кўп босқичли чора-тадбирлар орқали 2050 йилда углерод нейтраллигига эришишни мақсад қилган.
Собир САЛИМ
Муаллиф олган суратлар
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилБоғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.
БатафсилБаъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.
Батафсил