Кейинги беш йилликда рекордлар яна янгиланадими?
Бутун дунёда иқлим ўзгариши ва ҳароратнинг кўтарилиши кузатилмоқда. Бунинг ортидан ўрмон ёнғинлари, қурғоқчиликлар юзага келяпти. Об-ҳаводаги бу аномал ўзгаришлар одамлар ўртасида турли касалликларни келтириб чиқараётган бўлса, қурғоқчилик мамлакатлар иқтисодиётига, озиқ-овақат саноатига кескин зарба беряпти.
Олимларнинг таъкидлашича, 2030 йилгача дунёнинг турли бурчакларида жойлашган 6 та шаҳар иқлим ўзгариши натижасида сув остида қолиши мумкин. Хўш, бу катта хавфларнинг олдини олиш учун нима қилиш керак?
Тадқиқотларга кўра, сўнгги саккиз йил сайёрамиз тарихидаги энг иссиқ давр бўлган. Европа ва Хитой эса ўтган йили шу вақтгача кузатилмаган жазирама ёзни бошдан кечирди. Метеорологлар бу ҳали бошланиши экани, олдинда иқлим ўзгариши билан боғлиқ янги катаклизмлар кутаётгани ҳақида огоҳлантирмоқда.
БМТнинг Жаҳон метеорология ташкилоти ўзининг янгиланган ҳисоботида айтилишича, 2023-2027 йилларда ўртача ҳарорат ўтган беш йилликдаги ўртача ҳарорат билан таққослаганда сезиларли юқорилаб, тарихдаги энг иссиқ ҳарорат деб қайд этилган 2016 йилги рекорд кейинги беш йилликда янгиланади.
– Сайёрамизда ҳарорат кўтарилишда давом этади, биз кўниккан одатий иқлим тарихга айланиб боради, – дейди мазкур ҳисобот муаллифларидан бири, иқлимшунос олим Леон Хермансон. – Ўртача ҳарорат кўтарилишининг асосий сабаби, энг аввало, инсониятнинг ўзи ҳисобланади. У ҳозирча ўз фаолияти туфайли юзага келаётган муаммоларни бартараф қилишга қодир эмас. Хулоса шуки, биз ҳали ҳам глобал исишни тўхтата олмаяпмиз ва тескари томонга ҳаракат қилмоқдамиз. Инсон соғлиғи, атроф муҳит, арзон озиқ-овқат ва сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар ортиб боради. Бунга тайёрланишимиз керак.
Олимнинг таъкидлашича, қурғоқчилик, қаҳратон қиш совуқлари, довуллар, ўрмон ёнғинлари ва сув тошқинлари натижасида сайёрамизда қашшоқлик ортади, мажбурий кўчишлар ва ортиқча харажатлар кўпаяди. Бу, шундоғам, коронавирус пандемияси, ҳарбий можаролар туфайли юзага келган энергетика ва озиқ-овқат инқирозини янада кучайтиради.
Иқлим ўзгариши нималарга сабаб бўлади?
Ердаги ҳароратнинг бор йўғи 2 даража баландлаши биз тасаввур қилганимиздан-да ёмонроқ кўрсаткичдир. Денгизларнинг сатҳи ҳозирда ҳар 100 йилда 0,3 метр тезлик билан кўтарилмоқда. Олимларнинг тадқиқотларига кўра, жазирама давом этаверар экан яқин ўн йил ичида океанлардаги сув сатҳи ярим метрга кўтарилишини тахмин қилишмоқда. Атмосферага кўтарилаётган иссиқхона газларини тўхтаганда ҳам, денгиз сатҳининг 4-6 метрга кўтарилиши муқаррар ва бу сайёрамиз учун чинакам фожиа бўлади.
Мутахассислар прогнозларига кўра, 2050 йилга бориб, маккажўхори, гуруч ва буғдой 25 фоизга камайиб кетиши эҳтимоли юқори. Дунё бўйича аҳоли сони 9 миллиардга етиши ва шаҳарлар кенгайиб бориши тахмин қилинар экан, озиқ-овқат етишмовчилиги янада ёмонлашади. Тропик ҳудудлар ва Антрактиданинг баъзи жойларида балиқчилилар 50 фоизга камайиши мумкин. Иқлим исиши туфайли ўрмонзорларда ёнғин содир бўлиб яшилликнинг кўп қисми нобуд бўлиши, қолаверса ҳайвонот оламининг йўқ бўлиб кетиши, қишлоқ хўжалигида етиштириш учун мақбул экинлар таркиби бутунлай ўзгариши, чўллашиш жараёни кучайиши, яшаш ва хўжалик юритиш мумкин бўлган ерлар камайиши кутиляпти.
Хавфнинг олдини олиш учун нима қилиш керак?
Сўнгги йилларда юртимизда атроф муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини сақлаш, экологик хавфсизликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Аммо она табиатга эътиборни оиламиздан бошламас эканмиз, бирор ўзгариш қила олишимиз қийин. Шунинг учун энг аввало экологик маданиятни оиладан бошлашимиз лозим.
Иссиқхона газларига транспорт воситаларидан чиқаётган заҳарли газлар қўшилмоқда. Биринчи навбатда экологик тоза транспорт воситаларини, шу жумладан одамлар учун қулай бўлган велойўлакларни кўпайтириш зарур. Ташкил қилинган велойўлаклар созлиги ва талабларга жавоб бериши экологик тоза транспорт ривожланишида жуда муҳим.
Шаҳар ҳудудлари ва автомобиль йўллари четларида яшил ҳудудларни кенгайтириш даркор. Ичимлик сувини бесамар ишлатмасдан ҳар бир соҳа истеъмолида сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга қатъий ўтиш, сув тежовчи ускуналарни кўпайтириш вақти етган. Чиқиндисиз технологиялар, энерготежамкор, ресурстежамкор ускуналардан фойдаланишни кенг жорий этиш, бошқачароқ айтганда, мамлакатда «яшил» иқтисодиётга бутунлай ўтиш юқоридаги каби глобал экологик хавфларнинг олдини ололмаса-да, уларга тайёр туриш учун муҳим қадам бўлади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, юқоригидагиларни амалётда қўллай олсак, глобал иқлим ўзгариши оқибатида юзага келадиган экологик муаммоларнинг олдини олиш учун нафақат давлатлар, балки барчамиз жам бўлиб бирлашсак натижага эриша оламиз. Зотан экологик муаммолар чегара билмайди, минтақа танламайди. Унга қарши туриш инсониятдан фақатгина бирлашиш ва ҳамжиҳатликни талаб этади.
Мансурбек ЖАББОРОВ,
«Оила ва ТАБИАТ» мухбири
Қатъий чоралар кўриш бошланди: Тоза ҳавони таъминлаш учун муросага ўрин йўқ
🕔15:51, 27.11.2025
✔54
Сўнгги кунларда Тошкент шаҳри ва атрофида кузатилаётган ҳаво ифлосланиши даражаси жамоатчиликда чуқур ташвиш уйғотмоқда. Пойтахт аҳолисини ҳақли равишда хавотирга солаётган бу ҳолат тезкор ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни талаб этади.
Батафсил
Уйингиз ичидаги экологик муҳит қандай?
🕔15:24, 20.11.2025
✔32
Беш ёшли Азизбек қишда ҳам, ёзда ҳам тез-тез шамоллайди, йўталади, аксиради.
Батафсил
Иссиқхона газлари 50 фоизгача камайтирилади
🕔15:54, 13.11.2025
✔64
Ўзбекистон Париж битимига мувофиқ ўзининг 3-Миллий миқёсда белгиланадиган ҳиссасини (ММБҲ 3.0) эълон қилди. Миллий шароитлар ва имкониятларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси «2010 йил даражасига нисбатан 2035 йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари ташламалари (яъни уларнинг интенсивлиги)ни 50 фоизга камайтириш» мажбуриятини олди.
Батафсил