Қайта тикланадиган энергия манбаларини кўпайтириш бизнес соҳаларининг ўсишига, янги бозорларнинг пайдо бўлишига ва янги иш ўринлари яратилишига ижобий таъсир кўрсатувчи истиқболли лойиҳалардан саналади. Бугунги кунда бу соҳанинг ривожига алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгашида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамкорлигида «Яшил энергетикани амалиётга татбиқ этиш: ютуқлар ва муаммолар» мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Конференцияда сўз олган Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев ва бошқалар мамлакатимиз иқтисодиётида қайта тикланувчи энергия манбаларининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётганини алоҳида қайд этишди. Бугунги кунда аҳоли хонадонларида, турли ижтимоий объектларда муқобил энергия ускуналари ўрнатилаётгани, бунинг учун имтиёзли кредитлар, субсидиялар ажаратилаётгани экология ва атроф муҳит муҳофазасида муҳим қадам бўляпти. Бу борада амалга оширилаётган янги-янги лойиҳалар бошланғич сармояларни талаб қилса-да, лекин иқтисодий ўсиш нуқтаи назаридан узоқ муддатли ижобий натижаларга олиб келади.
Шунингдек, тадбир давомида муқобил энергетикани ривожлантириш, «яшил иқтисодиёт» технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш масалаларида айрим камчиликлар сақланиб қолаётгани ҳақида ҳам сўз юритилди.
– Муқобил энергиядан фойдаланиб маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларга давлат томонидан солиқ ва бошқа имтиёзлар тақдим этиш лозим. Хусусан, маҳсулотни ишлаб чиқаришда анъанавий йўл билан эмас, балки муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилгани давлат харидларини амалга оширишда устунлик беришини қонун нормаларида белгилаш ушбу йўналишда фаолият олиб бораётган корхоналар ривожланишида асосий омил бўлиб хизмат қилади, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Хайрулло Гаппаров. – Шунингдек, хорижий тажрибалардан хулоса қилган ҳолда мавжуд чиқинди полигонларидан ҳам энергия олишда фойдаланишни кенгайтириш ва бу борада ҳам имтиёзлар бериш, энергия борасидаги муаммоларни бартараф этишда самарали воситалардан бири бўлади.
Йиғилишда соҳа юзасидан халқаро тажрибага ҳам эътибор қаратилди. Статистик маълумотларга кўра, 2022 йилда Европа Иттифоқи илк бор қайта тикланадиган манбалардан анъанавий йўлдан кўра кўпроқ энергия олди. Германия «яшил» энергия ишлаб чиқариш бўйича Европа мамлакатлари ичида етакчи бўлиб турибди (126 ТВт/соат шамолдан ва 59 Твт/соат қуёшдан). Бироқ, умумий энергия балансида «яшил» энергиянинг улуши Голландия (14 фоиз), Греция (13 фоиз) ва Венгрия (13 фоиз) мамлакатларида Германияга (10 фоиз) нисбатан кўпроқ эканини кўришимиз мумкин.
Европа давлатларида нафақат шамол ва қуёш ёрдамида энергия олиш, балки чиқиндилардан ҳосил бўладиган иссиқликдан фойдаланишга ҳам давлатдан субсидиялар ажратиляпти. Германияда қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришга қаратилган ўнга яқин қонун мавжуд. Европанинг соҳа ривожланган бошқа давлатлари ҳамда АҚШ, Бразилия, Жанубий Корея, Сингапур, Ҳиндистон каби мамлакатларда махсус яхлит қонунлар қабул қилинган.
Илмий-амалий конференсияда Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси юзасидан тадбир иштирокчиларига маълумотлар берилди. Соҳа мутахассислари томонидан қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди. Конференсияда илгари сурилган ғоялар, инновацион технологиялар ва илмий асосланган таклифлар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Мансаб ёки обрўни эмас, халқ манфаатларини маҳкам тутган депутат
🕔16:35, 11.12.2025
✔8
Айжамал опага фидойилик аждодоларидан ўтган. Отаси Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ҳамиша ўз фарзандларини халқпарвар, меҳрибон ва жонкуяр қилиб тарбиялашга интилган.
Батафсил
Ҳаво ифлосланишида инверсия таъсири, у нима дегани?
🕔16:33, 11.12.2025
✔10
Тошкентда кузатилаётган ҳаво сифатининг ёмонлашиши бир вақтнинг ўзида намоён бўлиб, бир-бирини кучайтирган бир нечта табиий-иқлимий ва антропоген омиллар йиғиндиси билан боғлиқ. Табиий-иқлимий омиллар орасида кучли инверсия ҳодисаси ҳаво сифатининг бузилишига энг катта таъсир кўрсатмоқда.
Батафсил
Автомашинамиздан воз кечолмасак, тоза ҳаво исташда мантиқ борми?
🕔11:00, 04.12.2025
✔50
Тоза ҳаво бугунги кунда нафақат юртимиз, балки бутун дунё мамлакатларининг оғриқли муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар бир давлатда демографик кўрсаткичлар ўсиб боргани сайин тоза ҳаво масаласи ҳам кўндаланг муаммога айланмоқда.
Батафсил