Экоолам      Бош саҳифа

Экологик муаммолар ечими Конституция талабига айланмоқда

Орол денгизи ҳалокати нафақат мамлакатимиз, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг энг оғриқли муаммоларидан саналади. Салкам ярим аср вақт бўляптики, бу борада ҳар куни бонг уриляпти.

Экологик  муаммолар ечими  Конституция талабига  айланмоқда

Орол фожиаси ҳақида ёзмаган матбуот, гапирмаган радио, телевидение йўқ. Бироқ, афсуски, шунча йиллар мобайнида қуриб бораётган денгизни асраш борасида баландпарвоз гап-cўзлардан нарига ўтилмади. Қилиниши лозим бўлган амалий ишлар режалари ҳам фақат қоғозларда қолиб кетди.

Шуни шукроналик билан эътироф қилиш лозимки, фақатгина кейинги беш-олти йил ичидагина Оролбўйи экологиясини барқарорлаштириш бўйича бирмунча амалий чоралар бажарила бошланди. Эндиликда Орол муаммоси янгиланаётган Конституциямизда ўз аксини топмоқда. «Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўради», деб таъкидланади унда. Бу эса Оролбўйи аҳолиси учун ёрқин келажакка умид уйғотади. Чунки Орол муаммосини юмшатиш ва экологик таҳдидларни бартараф қилиш бугунги кунда бўлгани каби келажакда ҳам давлатнинг доимий эътиборида бўлади.

Тан олиш керак, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси ва сайъ-ҳаракатлари билан Оролбўйи минтақасида жуда кенг кўламли ишлар амалга оширилди ва бу хайрли ишлар янгиланаётган Конституция мисолида яна давом этмоқда. Қуриган денгиз ўрнида яшил макон яратиш бўйича қилинган ишлар ўз самарасини бераётир. Икки-уч йил муқаддам экилган саксовул, юлғун ва жийда дарахт­лари бугун дуркунгина кўчатга айланган. Шахсан юртбошимизнинг ўзлари Оролбўйида 1 миллион 500 минг гектар ер майдонида яшил макон яратишга бош-қош бўлмоқда.

Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи минтақасини ижтимоий-иқтисодий ривож­лантириш, ҳудуднинг экологик ҳолатини соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ижросини таъминлашга давлатимиз томонидан жиддий эътибор қаратилгани айни муддао бўлди. Орол денгизи фожиаси натижасида сув ресурс­лари танқислиги, чўлланишнинг кучайиши, биохилма-хилликнинг кескин камайиши ва бошқа жиддий иқлим ўзгаришлари тобора чуқурлашиб бораётган эди. Бу нафақат минтақамиздаги, балки дунёдаги экология ва атроф муҳит муҳофазасига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсонда жиддий ташвиш уйғотарди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор фармон ва қарорлари ҳамда ҳукуматнинг қарорлари мазкур экологик муаммони ҳал этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан жаҳоннинг нуфузли минбарларида атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурс­лардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларни бартараф этиш соҳаси бўйича берилган илғор таклифлар халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш билдирилиб, эътироф этилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ томонидан қўллаб-қувватланган, 2018 йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида Орол фожиаси оқибатларини юмшатишга бағишлаб ўтказилган халқаро конференциянинг асосий хулоса ва тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшерикли Траст фондини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилган эди. Ушбу ташаббус қўшни мамлакатлар – Қозоғис­тон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида барча соҳалар қатори экологик хавфсизлик масаласига ҳам эътибор қаратди. Жумладан, юртбошимиз «Ҳар йили 100 миллион тонна қум ва туз ҳавога кўтарилмоқда. Бу эса Орол ҳалокати глобал муаммо эканини яна бир бор исботламоқда. Орол денгизининг сувсиз қолган ерларида яшил ўрмонлар барпо этишга алоҳида эътибор бермоқдамиз... Қабул қилинаётган махсус дастурга кўра, Орол денгизининг сув ости ҳудудида келгуси йилнинг ўзида яна 500 минг гектар ўрмонзор барпо этилади», дея таъкидлаб ўтган эди.

Қисқа вақт ичида амалий ҳаракатлар бош­лаб юборилди. Қорақалпоғистон Респуб­ликасининг Мўйноқ туманида ўрмонзорлар барпо этиш бўйича алоҳида штаб ташкил этилиб, ишлар жадаллик билан олиб борилди.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунга қадар Оролнинг қуриган тубидаги ер майдонларига саксовул уруғлари экилган.

Дарҳақиқат янгиланаётган Конс­титуция Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббус ва таклифларни рўёбга чиқариш ҳамда Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш, Оролбўйи ҳудудида ижтимоий-иқтисодий ва экологик ҳолатни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган улкан ишлар Марказий Осиё минтақаси давлатларининг экологик, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳал этишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда экологик хавфсизликни таъминлаш имконини беради.

 

Ойжамол АЛИЕВА,

Қорақалпоғистон Республикаси

Элликқалъа тумани

Бўстон шаҳри,

нафақадаги ҳуқуқшунос




Ўхшаш мақолалар

Мансаб ёки  обрўни эмас, халқ манфаатларини  маҳкам тутган  депутат

Мансаб ёки обрўни эмас, халқ манфаатларини маҳкам тутган депутат

🕔16:35, 11.12.2025 ✔8

Айжамал опага фидойилик аждодоларидан ўтган. Отаси Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ҳамиша ўз фарзандларини халқпарвар, меҳрибон ва жонкуяр қилиб тарбиялашга интилган.

Батафсил
Ҳаво  ифлосланишида инверсия таъсири,  у нима дегани?

Ҳаво ифлосланишида инверсия таъсири, у нима дегани?

🕔16:33, 11.12.2025 ✔10

Тошкентда кузатилаётган ҳаво сифатининг ёмонлашиши бир вақтнинг ўзида намоён бўлиб, бир-бирини кучайтирган бир нечта табиий-иқлимий ва антропоген омиллар йиғиндиси билан боғлиқ. Табиий-иқлимий омиллар орасида кучли инверсия ҳодисаси ҳаво сифатининг бузилишига энг катта таъсир кўрсатмоқда.

Батафсил
Автомашинамиздан воз кечолмасак, тоза ҳаво исташда  мантиқ борми?

Автомашинамиздан воз кечолмасак, тоза ҳаво исташда мантиқ борми?

🕔11:00, 04.12.2025 ✔50

Тоза ҳаво бугунги кунда нафақат юртимиз, балки бутун дунё мамлакатларининг оғриқли муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар бир давлатда демографик кўрсаткичлар ўсиб боргани сайин тоза ҳаво масаласи ҳам кўндаланг муаммога айланмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар