Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилҚушлар миграцияси ва экологик башоратлар қанчалик ўзаро боғлиқ?
Кутилмаганда ҳаво айниб, осмонни булут босди, қаттиқ шамол туриб, ҳаммаёқни тўзон қоплади. «Бу бирор нарсанинг қойи бўлса керак», деди нуроний отахонлардан бири. Кимдир унинг гапини тушунди, кимдир эса йўқ. Хўш, қой нима ўзи?
Юртимизнинг ўзига хос иқлими, жўғрофияси мавжуд. Табиат ҳодисалари ҳам юртимизнинг бошқа жойлариникидан ўзгачароқ кечади. Ёзи анча иссиқ, қиши қақшатувчи аёз билан ўтади. Гоҳо дарёлар музлаб қолиши, устидан юк машиналари ўтиши ҳам мумкин. Табиат ҳодисаларидан келиб чиққан ҳолда бу ерда яшовчи одамларнинг ўзига хос «тақвим»лари бўлади. Улар бирор ҳодисага қараб фасллар қандай келишини айтиб бера олиши ҳам мумкин.
Айрим ҳудудларимизда «қой» деган тушунча мавжуд бўлиб, кўпчилик бу сўзнинг луғавий маъносини айтиб беришолмайди. Аслида бу сўз учмоқ маъносини англатади. Масалан: «Ўйинчоғим қойиб бориб, ариққа тушди» ёки «Ғозлар қойиб бориб кўлга қўнди» ва ҳаказо.
Бироқ «қой» сўзи ҳамма вақт учмоқ феълига нисбатан қўлланилмайди. Одамлар орасида табиатнинг айрим ўзгарувчанлигини «қой» деб аташ одати ҳам бор. Бир маромда кечаётган об-ҳаво кутилмаганда ўзгариб қолса, «Бу бирор нарсанинг қойи бўлса керак», дейишади. Бундай дейилишининг асл моҳияти сўралганда эса бирор тайинли жавоб олишингиз қийин, албатта. Элдошларимизга бу борадаги мавҳум жиҳатлар ойдинлашишини истаган ҳолда асл ҳақиқатни маълум қилмоқчимиз.
Табиат ҳамма вақт бир маром, бир хил об-ҳаво шароитига эга эмас, балки у ўзгарувчан муҳитга эга. Баъзан об-ҳаво ҳар куни ҳар хил бўлиши мумкин, айрим ҳолларда эса бир куннинг ўзида бир неча марта ўзгариб, гоҳ илиқ, гоҳ совуқ, гоҳ ёмғир ёғиб, бир зумда қуёш чарақлаб кетиши мумкин. Саратоннинг тандирдек иссиқ ҳароратли кунларида жонзотлар ўзини соя-салқин жойга ураётган бир паллада хориқулодда қаттиқ оромижон шамол эсиб, роҳат бағишлаши мумкин.
Одамлар бундай ўзгарувчан об-ҳавони «қой» дейишади. Элимизда «турна қойи», «қалдирғоч қойи» деган ибора мавжуд. Кекса ёшли билимдон инсонлар билан гурунглашганимизда аслида табиатда қой ҳодисалари бундан ҳам кўпроқ эканини билиб олишимиз мумкин. Жумладан, қиш чилласи тугагач, аниқроғи, февраль ойи бошларида ҳаво яна икки-уч кун қаттиқ совуқ бўлиб ерлар яхлаб қолади. Буни қадимда «читтак қойи» дейишган. Февраль ойи охирлари ёки март ойининг бошларидаги об-ҳаво ўзгарувчанлиги «қизилиштон қойи» дейилса ҳам, манбаларда «Аямажуз» деб аталади. Ана шундан сўнг турналар жануб томондан шимол томонга қараб уча бошлайди. Шу боисдан ҳам иккинчи «Аямажуз» «турна қойи» деб аталди. Абу Райҳон Беруний ўзининг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» китобида «Аямажуз» ҳақида батафсил маълумот бериб ўтади.
Март ойининг ўрталарида «сассиқпопишак қойи», март охирлари, апрель ойи бошларида «қалдирғоч қойи» апрель ойи ўрталари «кўк қарға қойи» бўлиб ўтади ва май ойи ўрталаридаги «какку қойи» билан қойларга якун ясалиб, об-ҳавонинг кескин ўзгариши унча кузатилмайди.
Қойлар – қушлар миграцияси саналади. Иқлим ва об-ҳавонинг ўзгаришини олдиндан сезган қанотли жонзотлар бир ҳудуддан иккинчи бир ҳудудга гала-гала бўлиб кўчиб ўтишади. Ҳатто олис Африкадаги турналар шимолий қутбга яқин минтақалар: Россия, Қозоғистон ва Хитойдаги сув ҳавзалари бўйига минглаб чақирим масофаларни босиб ўтганча учиб боришади. Қушларнинг бир минтақадан иккинчи минтақага кўчишидан асосий мақсад: тухум қўйиб, бола очиш учун қулай шароит излашдан иборат. Турна, ўрдак, сақоқуш, ғоз каби ёввойи паррандаларнинг жўжалаш учун Африканинг ўта иссиқ ҳароратли об-ҳаво муҳити қийинчилик туғдириши мумкин экан. Шунинг учун ҳам бу тур қушлар мўътадил иқлим шароити мавжуд ўлкаларга кўчиб ўтишади.
Тўйида тўхтовсиз қор ёки ёмғир ёққан одамни «қойли экансиз» дейишади. Қор-ёмғирли кунда дунёга келган одам «қойли» бўлади дея ирим қилинади. Бу ирим қанчалик ҳақиқатга яқин, буниси қоронғу. Бироқ табиатда қушлар қойи билан боғлиқ ҳодисалар юз фоиз ҳақ гап. Чунки қушлар ҳам жонли жонивор, уларда ҳам сезиш қобилияти шаклланган. Инсониятга нисбатан парррандаю даррандалар табиат ўзгарувчанлигини кўпроқ олдиндан сезиши мумкинлиги олимлар томонидан аллақачон исбот қилинган.
Азалдан аждодларимиз қойларни шунчалик кузатиб қўя қолмаган, балки ундан тақвим сифатида ҳам фойдаланишган. Масалан: «читтак қойи»дан сўнг ернинг яхи эрий бошлаши билан арпа, жавдар экишган. Баҳорги «турна қойи»дан кейин ерларни шудгорлашга киришишган. «Қалдирғоч қойи»дан сўнг кузда кўмиб қўйилган ток, анжир ва анорлар очилиб, тикланган ва сув берилган. Бу пайтда сабзавот экинлари ҳам экила бошлаган. «Кўк қарға қойи» эса, қовун-тарвуз каби полиз экинлари экиш палласи бошланганини англатган. «Какку қойи»дан сўнг оқжўхори экишга киришилган. Бундан олдин экилган оқжўхори барвақт яъни сумбулада пишиб етилгани сабаб унинг донини чумчуқлар еб, қирон келтирар экан. Август ойи охирлари, яъни сумбула кириши билан найқамишлар қўғалаб, унинг гулини еган чумчуқлар тиқилиб ўлиб қолар экан. Шу сабабдан ҳам найқамиш гуллагандан сўнг пишган жўхорига қирон етмаслиги аниқ.
Бободеҳқон аждодларимиз: «Келмаса «какку қойи», Жўхоринг сеча пойи» деб бежиз айтишмаган. Ўғиз лаҳжасида гаплашадиган элдошларимиз чумчуқни «сеча» дейишади. Маъноси: митти, майда деганидир. «Пой» эса ризқ-насиба демак.
Баҳорда қушлар шимолга кўчиши билан юз берадиган қой ҳодисаси, куз фаслида уларнинг шимолдан жанубга қараб учиши билан яна қайта такрорланади. Бироқ кузги қойлар асосан қалдирғоч, турна ва қарға қойларидан бошқа қойлар аҳамияти жиҳатидан саналмайди. Бундан кўринадики, кузда баҳор фаслидаги каби об-ҳаво ўзгариши унчалик кўп кузатилмас экан.
Эрпўлат БАХТ
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилБоғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.
БатафсилБаъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.
Батафсил