Бугун 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни! Ушбу байрам билан муҳтарама онахонларимиз, қадрли опа-сингилларимиз, гўзал қизларимизни табриклаган ҳолда, мамлакатимиз қонунчилигига асосан аёлларга берилган айрим имтиёзлар билан таништириб ўтишни лозим топдик.
Тадбиркорлик учун 33 миллион сўмгача кредитлар
«Ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш дастурларини самарали амалга ошириш ҳамда уларнинг тадбиркорлик фаолияти учун микрокредитлар ажратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги низом тасдиқланган. Унга кўра, тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахслар, шу жумладан, ёшлар ва хотин-қизлар, шунингдек, микрофирма ва кичик корхона таъсис этган шахслар (қарз олувчилар) кредит олиш учун «Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банки ёки акциядорлик тижорат Халқ банкига электрон ариза билан мурожаат қилади.
Кредит бир қарз олувчига бир маротаба ажратилади. Микрокредитлар 3 йил муддатгача 6 ойгача имтиёзли давр билан, ёшларнинг бизнес лойиҳаларига эса 7 йилгача муддатга, 3 йилгача имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида ажратилади. Қарз олувчи – ёшлар ва хотин-қизларга микрокредитлар уларнинг талабига биноан жами кредит суммасининг 50 фоизидан ошмаган миқдорда нақд пулда ажратилади.
Магистратурада ўқиётган хотин-қизлар контракт тўлови қоплаб берилади
Ҳукумат қарори (447-сон, 15.08.2022 й.) билан давлат ОТМнинг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган хотин-қизларнинг тўлов-контракт суммасини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Унга кўра, давлат ОТМ, шу жумладан, Президент ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси, Бош прокуратура академияси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда Банк-молия академиясининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт-тўловлари қайтариш шартисиз қопланади.
Айрим хотин-қизларнинг контракт пули давлат томонидан тўлаб берилади
Ҳукумат қарори билан ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёллар олий таълим олишларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.
Низомга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили ўзларининг ҳудудларидан ўқишга кирган 25 нафардан ҳамда 2-4-курсларда ўқиётган 75 нафар (ҳар бир курсдан – 25 нафардан), жами 100 нафар хотин-қизлар учун тўлов-контракт суммасини тўрт ўқув йилининг якунланишига қадар тўлаб беради. Молиявий барқарор давлат ОТМ томонидан уларнинг кенгашлари қарорига мувофиқ, 50 нафаргача хотин-қизлар биринчи ўқув йилида бепул ўқитилади.
Талабгорларни танлаб олиш отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган муҳтож қизлар; боқувчиси йўқ эҳтиёжманд ёлғиз аёллар мезонлари асосида амалга оширилади.
Касб ўрганиш харажатлари тўлаб берилади
Президентнинг 2020 йил 13 октябрда қабул қилинган «Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиби ўрнатилди:
Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан маъқулланган дастурлар ва белгиланган талаблар асосида ташкил этилган ўқув курсларини тамомлаган ҳар бир битирувчи (ёшлар, хотин-қизлар) учун касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига 1 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдори давлат томонидан компенсация қилинади.
Хусусий секторда ишлаётган аёлларга ҳам «декрет» тўланади
Ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ижтимоий суғуртаси бўйича минимал истеъмол харажатларидан келиб чиқиб ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тўланади. Бунда, ходимнинг иш стажида 1 ойгача бўлган танаффуслар мавжуд бўлса ушбу танаффуслардан олдинги ва кейинги ойлар кетма-кет иш стажини ҳисоблашда қўлланилади. Хусусий секторда ишлаётган аёлларга давлат томонидан тўланадиган ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси миқдори – 2 миллион сўмни ташкил этади.
Ишлайдиган оналарга танаффус
Икки ёшга тўлмаган болали аёлларга болани овқатлантириш учун (ўзига берилган дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган танаффусдан ташқари) камида ҳар 3 соатда бир марта ҳар бири 30 минутдан кам бўлмаган танаффус берилади.
2 ёшга тўлмаган икки ва ундан кўп болали аёлларга танаффуснинг муддати камида 1 соат қилиб белгиланади. Мазкур танаффуслар учун иш ҳақи камайтирилмайди. Болали аёлнинг хоҳишига кўра танаффуслар дам олиш ва овқатланиш учун белгиланган танаффусга қўшиб берилиши ёки умумлаштирилиб, иш кунининг бошига ёки охирига кўчирилиб, иш куни шунга яраша қисқартирилиши мумкин.
12 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга қўшимча таътил
Меҳнат кодексига кўра, 12 ёшга тўлмаган икки ва ундан кўп боласи ёки 16 ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили 3 иш кунидан кам бўлмаган ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.
Шунингдек, уларнинг хоҳишига кўра ҳар йили 14 календар кундан кам бўлмаган иш ҳақи сақланмаган таътил берилади. Бундай таътил йиллик таътилга қўшиб берилиши ёки алоҳида фойдаланилиши мумкин.
2 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга енгилроқ иш
Меҳнат кодексига кўра, 2 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар аввалги ишини бажариши мумкин бўлмаганида боласи 2 ёшга тўлгунгача енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи ишга ўтказилади.
Бунда аввалги ишидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади. Ҳомиладор аёллар, 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни ишга қабул қилишда дастлабки синов қўлланилмайди.
«Аёллар дафтари»га киритилган ёлғиз аёллар фарзандлари учун боғча имтиёзи
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига кўра, «Аёллар дафтари»га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг болалари давлат мактабгача таълим ташкилотларига устунлик билан қабул қилиниш ҳуқуқига эга.
Раҳбарлик лавозимига танловда тенг ҳуқуқ
«Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунга кўра, давлат хизматидаги лавозимларни, шу жумладан раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун танловда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг равишда иштирок этиши таъминланиши керак.
Давлат органларининг кадрлар хизматлари зиммасига танлов комиссияларига нафақат танловда иштирок этаётган шахсларнинг маълумоти ва касбий тайёргарлиги тўғрисидаги маълумотларни, балки давлат хизматининг тегишли лавозимларида ишлаётган хотин-қизлар ва эркаклар сонининг нисбати тўғрисидаги маълумотларни ҳам тақдим этиш мажбурияти юклатилади.
Айрим аёллар 53 ёшда пенсияга чиқиши мумкин
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунга кўра, технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган аёллар 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Шахруза САТТОРОВА
тайёрлади.