Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилСув – сайёрамиздаги барча тирик мавжудотлар учун тириклик манбаи. Шу билан бирга, улкан сув ҳавзалари ҳамда сув-ботқоқ ҳудудлар минглаб жонзотларнинг яшаш маскани ҳамдир.
Биохилма-хилликни таъминлашда алоҳида ўрин тутувчи тирик организмлар муҳофазаси, аввало, улар ҳаёт кечираётган ҳудудларга етарли даражада эътибор қаратишни тақозо этмоқда.
Сув-ботқоқ ҳудудлар экологиясини муҳофаза қилиш фақат бизнинг юртимиздагина эмас, бутун дунё ҳамжамиятида жуда муҳим аҳамиятга молик масаладир. Сайёрамиздаги минглаб ноёб ўсимлик ва ҳайвон турлари ҳаёти бевосита сув-ботқоқ ҳудудлар билан чамбарчас боғлиқ. Бундай ҳудудлар, айниқса, қушлар учун осойишта маскан ҳисобланади. Ўсимлик ва ҳайвонот муҳофазаси бевосита сув ҳавзалари ва тупроқ муҳофазаси заруратини келтириб чиқаради.
Охирги юз йилликда ишлаб чиқариш салмоғининг ортиши, техника тараққиёти, демографик ўсиш каби омиллар туфайли атроф муҳитга етказилаётган салбий таъсирлар бир неча баробар ортди. Бу эса, ўз навбатида жонли табиатни зудлик билан муҳофазага олиш масаласини кун тартибига қўйди. Шунга биноан, атроф муҳит ва экология билан боғлиқ халқаро меъёрий ҳужжатлар қабул қилина бошланди.
Худди шундай халқаро ҳужжатлардан бири 1971 йил Эроннинг Рамсар шаҳрида қабул қилинган сув-ботқоқ ҳудудлар тўғрисидаги конвенция бўлди. «Рамсар конвенцияси» деб юритиладиган мазкур халқаро ҳужжатнинг асосий мақсади дунё бўйлаб барқарор ривожланишга эришиш воситаси сифатида сув-ботқоқ ҳудудларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш ҳисобланади. Унга кўра, сайёрамизнинг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш учун жаҳон миқёсидаги турли мамлакатлар ва ҳукуматлар эътиборини сув-ботқоқ ҳудудлар экологиясини муҳофазалашга қаратиш кўзда тутилган.
Жаҳондаги 200 га яқин давлат бугунги кунда Рамсар конвенциясининг аъзоси ҳисобланади. Рамсар конвенциясига қўшилишнинг асосий шартларидан бири ўз ҳудудида камида битта Рамсар ҳудудини яратишдир. Халқаро аҳамиятга эга сув-ботқоқ ҳудудлар рўйхатига дунё бўйича умумий майдони 255 миллион гектар бўлган 2 минг 435 та комплекс киритилган.
2001 йил 30 августда Ўзбекистон Республикасининг Рамсар Конвенциясига аъзо бўлиши ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарори қабул қилинди. Шу йили Бухоро вилоятида жойлашган Денгизкўл Рамсар конвенциясининг халқаро аҳамиятга эга бўлган сув-ботқоқ ҳудудлари рўйхатига киритилди. Бу қарор 2002 йил 8 февралда кучга кирди. Бугунги кунгача мамлакатимиз ҳудудида жойлашган Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳамда Қуйимозор ва Тўдакўл ҳам Рамсар конвенцияси рўйхатига киритилган.
Сув-ботқоқ ҳудудлари кўпгина ноёб жонзотлар учун бошпана, насл қолдириш маскани ҳисобланади. Кўплаб ўсимлик ва ҳайвон турлари, жумладан, бир қатор ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган турлар сув-ботқоқларда яшайди. Сувли ерларда ўсадиган ўсимликлар йиртқичлардан бошпана ва қушлар учун уя бўлиб хизмат қилади. Баъзи ҳайвонлар турлари бутун ҳаётини ботқоқ ерларда ўтказади, бошқалари – мажбурий турлар – насл бериш учун сув-ботқоқ ерларига боришлари керак.
Чучук сувли ботқоқларда ўт, ёввойи гул ва буталар, шўр сувли ботқоқларда эса қамиш, шўрга чидамли ўсимликлар мавжуд. Сув-ботқоқ ўсимликлари сувни ушлаб туришга ёрдам беради, бу эса маҳаллий дарёларни сув босишидан сақлайди ва тупроқ эрозиясининг олдини олади.
Сув-ботқоқ ҳудудларда қундуз, кийик, қоракузан, ондатра каби сутэмизувчилар, аллигатор, илон, тошбақа каби судралиб юрувчилар ҳаёт кечиради. Шунингдек, қисқичбақа, чивин, ниначи каби умуртқасиз жонзотлар ҳам сув-ботқоқли жойларда яшайди. Қушлар эса, сув-ботқоқ ерлардан уя қўйиш жойи сифатида фойдаланади. Булардан ташқари бундай ҳудудларда кўплаб балиқ турлари ҳам учрайди.
Ўзбекистоннинг сув-ботқоқ ҳудудлари умумий майдони тахминан 1 миллион гектарни ташкил этадиган 500 дан зиёд сув омборларидан иборат. Бу ҳудудлар сувда яшайдиган қушлар ва сув қушлари, шу жумладан ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида қолган қушлар учун жуда муҳимдир.
Бугунги кунда катта майдонга эга сув ҳавзаларидаги экологик вазиятни янада барқарорлаштириш мақсадида бир қанча жиҳатларга эътибор қаратиш муҳимдир. Улардан, биринчи навбатдагиси – дарё ва кўллар ҳамда бошқа сув ҳавзалари ҳудудидан жисмоний ва юридик шахсларнинг ўзбошимчалик билан фойдаланиши каби ҳолатлар, афсуски, ҳалигача учраб турибди. Бунинг оқибатида, ҳавзаларда ҳаёт кечираётган кўплаб тирик организмлар ҳаёти хавф остида қолмоқда. Маълумки, юртимизда камёб тур сифатида рўйхатга олинган бир қанча турларнинг ҳаёт кечириш миқёси айнан сув ҳавзалари ҳудудига тўғри келади. Ҳавзалар ҳудудидан оқилона фойдаланиш, у ерда фақат қонун доирасида иш олиб бориш ҳамда турли ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилишининг олдини олиш орқали сув-ботқоқ ҳудудлар экотизимини янада барқарор сақлаш имконияти яратилади.
Шунингдек, сув ҳавзалари ҳудудига ноқонуний равишда саноат ва маиший чиқиндилар ташланишининг олдини олиш бўйича назоратни кучайтириш масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, саноат чиқиндилари таркибидаги заҳарли моддаларнинг ҳавзаларга оқизилиши ҳамда улардаги токсинлар миқдори йилдан-йилга меъёрдан ошиб бораётгани рад этиб бўлмайдиган ҳодисадир. Бу каби ҳолатларга ўз вақтида барҳам беришнинг самарадор механизмини амалга жорий қилиш бугун олдимиздаги энг долзарб масалалардан бири бўлиб турибди.
Баъзан аҳоли пунктларида чиқарилган маиший чиқиндиларнинг сув ҳавзаларига етказадиган зарари саноат чиқиндиларидан ҳам бир неча баробар ортиб кетиши мумкин. Бугунги кунда маиший чиқиндиларнинг атроф муҳитга етказадиган зиёнини аниқ прогноз қилиш анча мураккаб бўлиб қолди. Шуни назарда тутиб, сув ҳавзалари ёқаларини озода сақлаш масаласига эътибор кучайтиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Айрим ҳолларда ҳавзалар атрофи ёки яқин ҳудудларда жойлашган саноат корхоналаридан ажралаётган заҳарли газлар ҳам соҳил бўйи экотизимига жиддий таъсир ўтказиши мумкин. Атмосфера ҳавосидаги зарарли таъсир нисбатан кам миқдорда бўлса-да, унинг мунтазамлиги катта экологик масалаларга сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бунинг олдини олишда саноат тутуни ва буғларга қарши замон талабларига жавоб бера оладиган фильтрация тизимидан унумли фойдаланиш назарда тутилиши зарур.
Қисқача айтганда, мамлакатимиз ҳудудида жойлашган Айдар-Арнасой кўллар тизими, Қуйимозор, Тўдакўл каби Рамсар конвенцияси рўйхатига кирган ва кирмаган сув-ботқоқ ҳудудлар муҳофазасини кучайтириш экологик барқарорликни таъминлашда етакчи аҳамият касб этади.
Абдушукур ҲАМЗАЕВ,
ЎЭП Марказий кенгаши раиси,
профессор
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилБоғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.
БатафсилБаъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.
Батафсил