Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилҚишнинг қорли-қировли кунлари ортда қолишига ҳам бир ойдан камроқ вақт қолди. Вақт – оқар сув, бир нафасда ўтиб кетганини билмай ҳам қоласан. Буёғи остонамизда баҳор турибди. Айрим ҳудудларда бойчечаклар бўй кўрсатди.
Февраль ойининг охирларидан бошлаб юртимизнинг илиқроқ иқлимли ҳудудларида бемалол ерга кўчат қадаш мумкин бўлади. Демакки, табиат яшилликни кўпайтиришга бизга яна бир имкон беради. Бу имкондан унумли фойдаланиш учун эса вақт ғанимат. Зеро, йилдан-йилга аномал тус олаётган дунё иқлими ер сайёрасида яшовчи ҳар бир инсондан табиат ривожи учун муносиб ҳисса қўшишни тақозо этмоқда.
Мувозанатнинг муҳим ўзаги
Саломатлигимиз учун ўсимликлар дунёсининг аҳамияти жудаям катта. Бир гектар ўрмон ўртача 200 минг аҳоли яшайдиган шаҳар ҳавосини тозалаб туриш имкониятига эга. Худди шунча майдондаги кенг баргли ўрмонлар 5 килограмм, нинабаргли ўрмонлар эса 8 килограмгача шифобахш моддалар ажратиб, бактерияларни зарарсизлантиради. Шуларни ҳисобга оладиган бўлсак, ўрмонларни асраш ва яшил майдонларни кенгайтириш давримизнинг энг долзарб экологик масалаларидан бири бўлиб қолмоқда. Айниқса, бу борада юртимиз ҳар доимгидан ҳам ғамхўрликка муҳтож.
Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, сайёрамизда киши бошига 0,5 гектар ўрмон тўғри келади. Ўзбекистонда эса бу кўрсатгич 0,1 гектарни ташкил қилмоқда. Йирик ўрмонларга эга давлатлар, жумладан Канадада бу кўрсаткич – 8,9, Австралияда – 6,7, Россияда – 5,6 гектарга тенг.
Осиёда ўрмон билан қопланганлик даражаси 20 фоиз. Энг кўп ўрмон билан қопланиш эса Жанубий Кореяда – 73 фоиз, шунингдек, бу кўрсаткич Лаосда – 71, Японияда – 67, Бутанда – 64, Мянма ва Шимолий Кореяда – 63 фоизни ташкил этади. Ўрмон билан қопланиши энг кам давлатлар эса Яман (0,9 гектар), Баҳрайн (0,7 гектар), Кувайт (0,3 гектар), Афғонистон (0,5 гектар), Миср ва БАА (1 гектар) ҳисобланади. Ўзбекистон ҳудудининг 7 фоизи ўрмон билан қопланган. Яқин уч-тўрт йилда ўрмонларни яна камида 14 фоизга етказиш бўйича концепция ишлаб чиқилган. Биргина Орол денгизи мисолида айтадиган бўлсак, мазкур денгиз қуриган ҳудудида 2019 йилнинг ўзида 461 минг гектар ўрмон барпо қилинди. Бу иш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар белгиланиб 2026 йилгача Оролнинг қуриган тубидан яшил қопламалар барпо қилиш бўйича барча вазифалар белгилаб олинган.
Ўрмон билан қопланиш даражаси ҳар бир мамлакат мамлакат учун жуда муҳим кўрсаткич ҳисобланади. Бу даража қаерда юқори бўлса, тоза ҳаво, кислород кўп дегани, сув ва бошқа табиий ресурслар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси бой дегани. Буларнинг ҳаммаси инсоннинг яхши яшаши ва узоқ ва соғлом ҳаёт кечириши учун муҳим омил.
Бизга қанча дарахт керак?
– Шаҳар ҳудудида барпо этилган бир гектар дарахтзор бир соатда саккиз килограмм заҳарли газлар ва карбонат ангидридни ютади. Бу миқдордаги углекислоталар, карбонат ангидридни бир соатда 200 киши атмосферага чиқаради. Тошкент шаҳри шароитидан келиб чиқадиган бўлсак, ҳар бир инсон нормал шароитда яшаши учун 50 метр квадрат кўкаламзорлаштирилган жой керак.
Кейинги йилларда Тошкент, Самарқанд ва бошқа қатор шаҳарларда кўкаламзорлаштириш анча кенгайди. Аммо бу ишларни нафақат давлат идоралари балки ҳар бир хўжалик юритувчи ташкилот амалга ошириши лозим», – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев.
Ҳисоб-китобларга кўра, дарахтларнинг кесилиши оқибатида келиб чиқадиган умумбашарий зарарни қоплаш учун ҳар йили 150 миллион гектар ерга кўчат экишимиз керак экан. Агар бир йилда 100 миллион туп кўчат эксак, атмосферага карбонат ангидрид гази чиқарилишини 18 минг тоннага қисқартирган бўламиз. Шу орқали биологик хилма-хиллик сақлаб қолиниши баробарида сув тошқинлари, қурғоқчилик, тупроқ эрозиясининг ҳам олди олинади.
Энди тасаввур қилинг, ҳар бир хонадонда атиги 2 тупдан ҳар йили экилган кўчат ҳам экологик вазиятни ўнглашда қанчалар аҳамиятли. Қолаверса, йилдан-йилга иссиқлашиб бораётган ёз тафтини ҳам айни шу яшил посбонлар қайтариб туради.
Олимлар томонидан олиб борилган тадқиқотларга кўра, яшиллик кўп бўлган ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли жисмоний жиҳатдан фаол бўлиб, уларда ортиқча вазн ва юрак-қон томир касалликлари нисбатан кам учрар экан.
Йилдан-йилга эмас, кундан-кунга тезлашиб бораётган глобал иқлим ўзгариши, аномал иссиқликларга, совуқликларга ҳам кўникиб кетармиз. Аммо бундай ўзгаришларга билиб-билмай инсониятнинг ўзи сабабчи бўлаётганини ҳам англаб етишимиз керак.
Хулоса ўзингиздан
Келажак авлодлар олдидаги масъулиятимизни чуқур англаб, мамлакатимизда шаҳарларни яшил ва обод масканга айлантиришда юқоридан буйруқ келишини кутиб ўтириш ва хўжакўрсин учун ниҳолни ушлаб расмга тушиш билан иш битмайди. Фарзандларимизда, ўзимизда табиатга она каби авайлаб, ҳурмат билан муносабатда бўлишни бошлаш вақти етган. Бусиз фақатгина муаммолар ипи танглашаверади холос.
Экотизм мувозанатини сақлашда чекка қишлоқ ёки катта шаҳарларда истиқомат қилаётган ҳар бир инсон фаол иштирок этмоғи, ташаббуслар билан чиқиши керак. «Бошқалар қилар» деган кайфиятда кутиб ўтирадиган замонлар ўтиб кетди. Энди ҳар ким ўзи учун, ўз фарзандларининг саломатлиги, она ер хавфсиз бўлиши учун ҳаракат қилиши керак.
Сиз-чи, бу йил қанча ниҳол экишни режа қилдингиз? Бирини ўзингиз, бирини онангиз, бирини фарзандларингиз, бирини туғилажак авлодларингиз учун деб экинг. Ҳар бир ниҳолга меҳр, парвариш бериб туринг. Зеро, бугунги экилган ҳар бир ниҳол эртанги кун учун, кундан-кун инқирозга юз тутаётган экотизим учун сув ва ҳаво каби зарурлигини ҳис қилишимиз шарт.
Саида ИБОДИНОВА,
«Oila va TABIAT» мухбири
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилБоғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.
БатафсилБаъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.
Батафсил