Табиат      Бош саҳифа

XXI аср эко дарахти

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўчат экиш тадбирларида юртимизнинг турли ҳудудларига жами юз миллион тупдан ортиқ павловния дарахти кўчатлари ўтқазилди. Олимларнинг эътироф этишича, атмосфера мусаффолиги, тупроқ таркиби, зараркунандаларга қарши кураш тизими ва шаҳарлар экзотикасини кўркамлаштиришда мазкур дарахт экотизм учун жуда самарали ҳисобланади.

XXI аср  эко дарахти

Энг сара ҳаво тозалагич

Қарийб беш минг йиллик тарихга эга бу дарахтнинг асл ватани Хитой ва Япония саналса-да, бугунги кунда у дунёнинг ўнлаб давлатларида етиштириляпти. Павловниянинг энг муҳим хусусияти – атмосфера ҳавосини катта миқдорда кислород билан таъминлашидир. Шу хусусияти туфайли у барча баргли ўсимликлар орасида энг яхши ҳаво тозалагич экани эътироф этилади. Катта барглари туфайли дарахт атроф муҳитга кўп миқдорда кислород чиқаради. Аниқланишича, павловния оддий дарахтга қараганда тўрт марта кўпроқ кислород чиқаради. Ўн гектар ерга экилган павловния тахминан уч юз тонна карбонат ангидридни «ютади». У ушбу ноёб хусусияти орқали автомобиллар ва саноат корхоналарининг атмосферага чиқараётган зарарли газларидан кун сайин ифлосланиб бораётган шаҳар ҳавосини тозалашда катта ёрдам кўрсатиши мумкин.

Кейинги пайтларда тупроқ ва қум кўчиши туфайли ҳавода катта миқдорда чанг пайдо бўлиши экотизимга жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Чангни табиий усуллар билан бартараф этиш ёки зарарини камайтириш асосий муаммолардан бири бўлиб турибди. Павловния дарахти бу борада ҳам етарлича кўмак бера олиши мумкин. Катта-катта баргларга эга бўлган павловния ҳаво таркибидаги чангни ўзига жалб қилиш орқали зарарсизлантириш хусусиятига эга. Ўн гектар ҳудудга экилган павловния дарахти минг тонна чангни зарарсизлантира олади.

Тупроқ унумдорлигини оширади

Одатда павловния унумдор бўлмаган туп­роқ шароитида ҳам ўсиб, мослашиб кета олади. Унинг ўсиши учун тупроқнинг турли минералларга бой ва тўйинган бўлиши талаб этилмайди. У қумли ва қуруқ тупроқларга ҳам яхши мослашиши билан бирга тупроқ чўлланишининг олдини олишга ҳам фаол ҳисса қўшади. Шу сабабдан тупроққа мустаҳкам ўрнашиб олгандан кейин, асосан, икки-уч йиллигидан бошлаб, қурғоқчиликка етарлича бардош бера олади. Шунингдек, намлик ўртача бўлган, мўътадил, қум-шағалли тупроқларда ривожланиши яхши кечади. Захлаган ерларда дарахт инфекциялардан таъсирланади ва нобуд бўлиш эҳтимоли кучаяди.

Қурғоқчилик ва иссиққа чидамли. Биринчи икки йил ичида мунтазам суғоришни талаб қилади, ҳар бир кўчат учун сув истеъмоли 30 – 40 литр, суғориш ҳафтасига икки мартадан ошмаслиги зарур. Илдиз тизими ривожланганидан сўнг, учинчи йилдан бошлаб махсус суғориш зарурати йўқолади.

Павловния тупроқ кўчишининг олдини олиш хусусиятига эга. Унинг илдизи тупроққа чуқур ёпишиб, унинг сурилиб кетишига йўл қўймайди. Шунинг учун уни қияликларга экиш тавсия этилади. Шунда у тупроқни мустаҳкам ва барқарор ушлаб қола олади.

Кузда дарахтнинг озиқ моддаларга бой улкан барглари ерга тўкилгач,  тупроқни тўйинтирувчи озиқага айланади. Барг таркибидаги минераллар тупроқнинг табиий қувватини тиклайди ва унумдорлигини оширади. Дарахт  тез ўсиши, тез ривожланаётган илдиз тизими туфайли эрозияга учраётган  майдонларнинг унумдорлигини тиклашга ёрдам беради. Шунинг­дек, ўсимликнинг бу хусусиятлари ёнғиндан зарар кўрган майдонларни қайта кўкаламзорлаштиришда асқатади. Баргли массанинг катта миқдори зарарланган ерларнинг қайта тикланишини таъминлайди.

Павловния тез ўсиши туфайли унинг илдизи тупроқ таркибидаги оғир металларнинг миқдорини сезиларли ўзлаштиради ва тупроқни улардан тозалайди. Шунинг учун павловния XXI аср дарахти деб аталади.

У бор жойда зараркунанда йўқ

Баъзи дарахтларнинг инсон омилига бир қадар нохуш таъсирлари аниқланган. Айни сабабга кўра, шу турга мансуб дарахтларни аҳоли яшаш жойларига, хусусан, уй ҳовлиларига экиш тавсия қилинмайди. Бироқ павловния бундай дарахтлар турига мансуб эмас. Уни ҳовли ва уй олдидаги бўш жойларга бемалол экавериш мумкин. Унинг бир фойдали хусусиятини назарда тутган айрим кишилар кўпинча уни айнан хонадонларга экишни маъқул кўришади.

Павловния муттасил равишда ўзида танин моддасини тўплайди. Бу модда етарлича заҳарли бўлгани боис уни термитлар, қўнғизлар, пашшалар ва ҳар хил ҳашаротлар зараридан ҳимоя қилади. Баъзи давлатларда иссиқ ҳавода ҳашаротлардан сақланиш мақсадида ҳам уйлари атрофига павловния кўчатлари экишади. Бу дарахт бор жойга зараркунандалар яқин йўлай олишмайди. Шу тарзда дарахт нафақат ўзини, балки атрофидаги экотизимни, хусусан, инсонни ҳам зараркунандалардан ҳимоя қилади.

Павловниянинг намликни ютмаслик хусусияти ўсимлик ва дарахтларда учрайдиган бир қанча касалликларга бардошлилигини таъминлайди. Асосан, ёмғирли ва зах ерларда кўпроқ кузатиладиган қўзиқорин инфекциясига унчалик сезгир эмас.

Мутахассислар уни ҳатто шовқинга ҳам тўсиқ бўлишини илгари суришади. Аммо бу хусусият кўпроқ павловния дарахтида эмас, унинг ёғочида аниқланган.

Дарахтнинг намликни ўзига тортмаслиги ёғочи зич бўлса-да, анча енгил бўлишини таъминлайди. Унинг бир куб метри 250 килограмм­гача етиши мумкин.

Дарахтлар маликаси

Павловниянинг яна бир муҳим хусусияти ўзига хос декаротив кўринишидир. Асосан, уй атрофлари, боғлар, хиёбонлар, сайилгоҳлар ва шаҳарларга экилиши атроф муҳит кўркамлигини таъминлашга қаратилган. Дарахтнинг кўриниши бир неча жиҳатдан инсонни ўзига мафтун қилиб, ҳайратига сабаб бўлади.

Аввало, дарахт ёғочи бошқа дарахтларникига ўхшамайдиган даражада ўзига хос кўркамликка эга. Асосан, кулранг тусдаги силлиқ танаси ва шохлари инсонни ҳайратда қолдиради. Дарахт танасининг айланаси 1,5 – 2 ёшли дарахтда 8 – 14 сантиметр, 3 – 4 ёшли дарахтники 20 – 24 сантиметр, катта ёшли дарахтнинг айланаси 80 сантиметрдан ошади. Баландлиги 25 метргача етиши мумкин. Ўсиш баландлиги йилига 1,5 метргача, 10 ёшида павловния 15 метрга етиши мумкин, шунинг учун у дунёдаги энг тез ўсадиган дарахтлардан бири ҳисобланади. Умумий ҳисобда юз йилдан ортиқ умр кўради.

Филнинг қулоғини эслатувчи барглари катталиги билан ажралиб туради. Баргининг диаметри 50 – 85 сантиметрга етади. Баргларининг шакли баъзан юраксимон ёки тухумсимон, қирралари юмалоқ тарзда бўлади. Туси – оч яшил, баргнинг устки қисми силлиқ, пастда туксимон шаклга эга. Баргларининг ранги кеч кузгача ўзгармайди. Ҳатто тўкилганда ҳам яшил рангини сақлаб қолади. Тўкилгач, жигаррангга айланади.

Биринчи марта бу дарахт 4-5 ёшида гулга киради. Баҳорнинг охирларида юз берадиган гуллаш даври 6 – 8 ҳафта давом этади. Гуллаганда худди келинчакдай оппоқ тусга киради. Баъзан бинафшаранг тусда гуллаши ҳам мумкин. Гоҳида павловния август ойида яна ям-яшил тож шаклида гуллайди.

Мевалари кўплаб майда қанотли уруғлардан иборат қутичадир. Улар миттигина бўлса-да, дарахтга ўзгача жозиба бахш этади. Айниқса, гуллаган пайтлари дарахт ўзидан хушбўй ҳид таратади ва бу билан асалариларни ўзига жалб қилади. Унинг гули ширасидан озиқланган асаларининг асали ҳам худди шундай хушбўй ҳидга эга бўлади.

Павловния, айниқса, шаҳар экзотикасига катта таъсир кўрсатади. Бу дарахтдан кўп миқдорда экилган ҳудудлар аҳоли дам олиб, ҳордиқ чиқариши учун ҳам жуда қулай ҳисобланади. Шунинг учун павловнияни сиҳатгоҳлар, хиёбонлар ва истироҳат боғларига кўпроқ экиш экотизим учун ҳар томонлама фойдали бўлади.

Саноатда ишлатилиши

Дарахт ёғочи деганда биринчи навбатда кўпчиликнинг хаёлига қурилиш материали сифатида ишлатилиши келади. Аммо павловния яна бир қанча мақсадлар учун қимматли хомашё саналади.

Унинг ёғочи жуда енгил ва бақувват бўлгани учун кемаларнинг зарур қисмларини ясашда жуда қўл келади. Чиройли ва ёқимли кумуш-жигарранг туси турли қимматбаҳо жиҳозлар, уй-рўзғор буюмлари, эсдалик совғалар  тайёрлашда ишлатилади. Унинг ажойиб акустик хусусияти ҳамда жуда паст намлиги мусиқа асбоблари ва спорт анжомлари ишлаб чиқаришга ҳам қулайдир. Шунингдек, саноатда у сифатли газета қоғози тайёрлашда қўлланилади.

У кўпинча биоёқилғи сифатида ва ўрмон хўжалигида ёғоч чиплари учун ишлатилади. Павловния барглари ем-хашак ишлаб чиқариш учун мос келади, чунки улар сифати ва оқсил миқдори (20 %) бўйича бедага яқин, шунингдек, арзон нархда. Унинг барглари жуда кўп протеинни ўз ичига олади, шунинг учун улар чорва учун хушхўр озуқа вазифасини бажаради.

Дарахт япроғи, гули ва меваси асрлар давомида халқ табобатида фойдаланиб келинган. Ҳозирда косметика ва фармацевтика саноати учун ҳам муҳим хомашё ҳисобланади.

Дастлаб Жануби-Шарқий Осиё ва Узоқ Шарқда ўстирилган, кейинчалик  Россия, Кавказ, Украинанинг жанубий ва ғарбий ҳудудлари ва Қримнинг жануби, бир қатор Европа давлатлари ҳамда Шимолий Америка қитъасига тарқалган павловния яқин келажакда юртимиз экотизимини янада барқарорлаштиришга муносиб улуш қўшишига умид қиламиз.

 

Ҳотам АБДУРАҲИМОВ




Ўхшаш мақолалар

Янги ҳуқуқий меъёр  Ёввойи  Ўсимликлар эътибордан  четда  эмас

Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас

🕔09:22, 23.10.2025 ✔12

Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.

Батафсил
Боғотда чиқинди муаммоси:  рақамлар тизимли ёндашувни  талаб  қилмоқда

Боғотда чиқинди муаммоси: рақамлар тизимли ёндашувни талаб қилмоқда

🕔09:18, 23.10.2025 ✔16

Боғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.

Батафсил
Ҳайвонлар ва қушларда ҳам  ғурур бор

Ҳайвонлар ва қушларда ҳам ғурур бор

🕔09:09, 23.10.2025 ✔12

Баъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Янги ҳуқуқий меъёр  Ёввойи  Ўсимликлар эътибордан  четда  эмас

    Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас

    Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.

    ✔ 12    🕔 09:22, 23.10.2025
  • Боғотда чиқинди муаммоси:  рақамлар тизимли ёндашувни  талаб  қилмоқда

    Боғотда чиқинди муаммоси: рақамлар тизимли ёндашувни талаб қилмоқда

    Боғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.

    ✔ 16    🕔 09:18, 23.10.2025
  • Ҳайвонлар ва қушларда ҳам  ғурур бор

    Ҳайвонлар ва қушларда ҳам ғурур бор

    Баъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.

    ✔ 12    🕔 09:09, 23.10.2025
  • Тозалик ва озодалик  ойлиги бошланди:  Ҳисса  қўшинг, фаол  иштирок этинг!

    Тозалик ва озодалик ойлиги бошланди: Ҳисса қўшинг, фаол иштирок этинг!

    Ўзбекис­тон Президенти топшириғига кўра, 15 октябрдан эътиборан бутун республикада тозалик ва озодалик ойлиги бошланди.

    ✔ 37    🕔 15:30, 16.10.2025
  • Табиатнинг  олтин  бешиги

    Табиатнинг олтин бешиги

    «Сайгачий» мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси Устюрт текислигининг ноёб биологик хилма-хиллигини ўзида мужассам этган. Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот ва Мўйноқ туманлари ҳудудида жойлашган мазкур қўриқхонанинг асосий мақсади табиий гўзалликни асл ҳолича ишончли муҳофаза қилишдан иборатдир.

    ✔ 30    🕔 15:27, 16.10.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар