Ёз кунларида иштаҳамиз бироз пасайиб, яхна ичимликларга эҳтиёж ортади. Кўча-кўйда олиб юриш учун турли идишларга қадоқланган рангли-рангсиз сувлар жуда қулай. Аммо уларни ҳар куни ичиш зарарли эмасми?
Қандай қилса, чанқоқ қондириш тўғри ва саломатлик учун фойдали бўлади?
Организмга суюқлик нега керак?
Бир кунда катта одам 2,5-3 литргача суюқлик ичиши мумкин. Ундан ками ҳам, кўпи ҳам саломатлик учун зарар. Сув организмдаги барча жараённи, энг асосан, мия ва буйрак фаолиятини меъёрлаштириб туради.
Кам суюқлик ичиш оқибатида буйрак пешоб ҳайдашга қийналади. Ажралаётган пешоб қуюқлашади, туз чўкмаларининг катта қисми суюқлик етишмаслиги оқибатида ташқарига чиқиб кетолмай, буйракда тош ҳосил қилади. Суюқлик етишмаслиги бора-бора ташқи кўринишимизда ҳам ўз натижасини кўрсата боради: тери салқиб, қуриши; сочларнинг тўкилиши, озиш...
Танамизнинг сувга бўлган эҳтиёжини водопровод суви, совуқ чой, газли ичимликлар, айрон, ҳўл ва қуритилган мева шарбати кабилар билан қондиришимиз мумкин.
Оддий чучук сув
Оддий сув — энг яхши чанқовбосди. У организмнинг сувга бўлган эҳтиёжини тез қондиради, калорияси бўлмагани боис, ҳамма учун бирдек мос. Водопровод сувини қайнатмай ичиш эса кони зарар. Хом сув — зараркунандалар макони. Оддий сувни қайнатиб, совитиб қўйиб ичишни одат қилинг. Бу ёзнинг иссиқ кунларида бутун оила саломатлиги кафолатидир.
Яхна чой
Ўзбек халқининг энг севимли ичимлиги — совуқ чой ҳам яхшигина чанқовбосди ичимлик. Таркибидаги микроэлементлар чарчаган бўғимларни мустаҳкамлашга ёрдам беради, тинчлантиради. Унутманг, чой дамланганидан кейин 20-25 дақиқа ўтгач, шамасини алоҳида олиб совитинг. Чунки аччиқ чойнинг фойдасидан зарари кўп.
Газли ва газсиз минерал сувлар
Томоғи қақраган одамнинг кўз олдига муздек минерал сув келади одатда. Бу сув чанқоқни қондириш билан бирга, иссиқдаги чарчоқларни ҳам аритади. Минерал сув таркибидаги микроэлемент ва тузлар уч кўринишда бўлади: оддий истеъмол, даволовчи истеъмол ва даволовчи. Даволовчи минерал сувларни шифокор кўрсатмаси билан ичиш мақсадга мувофиқ. Чунки уларнинг аксарият қисми ошқозон-ичак хасталикларига, буйракдаги тошларни туширишга мўлжалланган ва бунда меъёрни билиш муҳим.
Айрон (қуртоб, чалоб)
Иссиқда айрон ичмайдиган одамни топиш мушкул. Фойдали, мазали ва чанқовбосди бу ичимлик офтоб урганда ҳам биринчи даво. Айроннинг турлари кўп: райҳонли айрон хушбўйлиги билан, газли сувга қилингани чанқоқни тез қондириши билан, бодринг-кўкатлар солингани эса тўйимлилиги билан ажралиб туради. Иссиқ кунда овқат емай, хархаша қилаётган болага айрон берсангиз, офтобнинг тафтини олиб, иштаҳасини очади. Ёзда тез-тез айрон ичиб туриш тавсия қилинади.
Ўрик шарбати
Ҳаммамизга аён: ўрик шарбати — юракка қувват. Камқонликка, иссиқдаги ҳолсизликка ҳам ундан яхши давони топиш қийин. Ўрик дамламасини чанқовбосди шарбатга айлантириш учун қуйидагича тайёрлаш кифоя: 10-15 дона ўрикни совуқ сувда яхшилаб ювиб, устидан бир литр қайнаб турган сув соласиз. Шарбатга кам миқдорда шакар қўшинг. Акс ҳолда, у чанқоқ босувчи эмас, чанқатувчи ичимликка айланади. Шaрбат хушхўр бўлиши учун 2-3 дона ялпиз япроғидан солсангиз ҳам бўлади.
Дилроз АБРАЕВА
тайёрлади.
Демография билан ўйнашиб бўлмайди
🕔10:56, 04.12.2025
✔20
Кейинги йилларда Ўзбекистонда ўғил болалар кўпроқ туғилаётгани ҳақидаги хабарларга тез-тез кўзимиз тушмоқда. Сўнгги статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки 9 ойи давомида мамлакатимизда 321 мингта қиз бола ва 343,6 мингта ўғил бола дунёга келган. Кўриб турганингиздек, ҳар 100 та қиз болага 107 та ўғил бола тўғри келяпти.
Батафсил
Анор – бактериялардан табиий ҳимоя
🕔15:43, 27.11.2025
✔43
Анор юрак-қон томир тизими саломатлиги учун муҳим бўлган мевалардан биридир. B12 витаминининг кони экани ҳисобига қон босимини меъёрлаштиради, қон-томирлар деворини мустаҳкамлайди, эритроцит ва гемоглобин синтезида фаол иштирок этгани сабабли мия ва асаб тизимига ижобий таъсир қилади.
Батафсил
Коронавирус вакцинаси саратонни даволашда ёрдам беради
🕔15:12, 20.11.2025
✔56
COVID-19 га қарши мРНК вакциналари саратон билан курашаётган айрим беморларнинг умрини узайтириб, касалликни даволашда самарали бўлиши мумкин.
Батафсил