Табиат      Бош саҳифа

Нидерландиянинг «яшил» келажаги

Бугунги кунда европаликлар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича дунё­ни ортда қолдирмоқда. Қўҳна қитъа қуёш ва шамол қувватидан иссиқлик ҳамда электр энергиясини олиш, ушбу ресурсларни оқилона тақсимлаш ва сақлаш бўйича илғор тажрибага эга.

Нидерландиянинг  «яшил»  келажаги

Мухбиримиз Наргиза Умарова Европа Иттифоқининг WECOOP ВА SECCA лойиҳалари доирасида Нидерландия қироллигида ўқув сафарида бўлиб, жараён билан бевоста танишиб қайтди.

Бир неча соатлик йўл юрган самолётимиз Амстердам шаҳрининг «Схипхол» халқаро аэропортига қўнишга тайёргарлик кўрмоқда. Иллюминатордан разм соламан: даставвал автострада ёқалари, кенг далалар ва ҳатто табиий сув ҳавзалари узра турнақатор тизилган шамол генераторлари эътиборимни тортди. Бундай қурилмалар пешонасидаги баҳайбат парраклар сокин ва тинимсиз айланади. Улар мамлакат иқтисодий ривожи учун зарур хомашё – юзлаб киловатт электр энергиясини ишлаб чиқармоқда.

ШАМОЛДАН КЕЛГАН ФАРОВОНЛИК

Нидерландияда шамолли кунлар кўп. Қуёш тафти ҳам етарлича. Бежиз эмаски, катта-кичик шамол ва фотоэлектростанциялар Қиролликнинг барча ҳудудларида учрайди. Мамлакат ички эҳтиёжининг 23 фоизи «яшил» энергия манбалари ҳисобига қондирилмоқда. 2050 йилга келиб мазкур кўрсаткични юз фоизга етказиш кўзда тутилган. Шу аснода табиатдан йилига 70 ГВтгача электр энергия олиш имкони яратилади.

– Мамлакатимизда газ ва кўмирда ишлайдиган иссиқлик электр станциялари оз эмас, – дейди Нидерландия Иқтисодиёт ва иқлим сиёсати вазирлиги масъул ходими Марк Шаурман. – Лекин яқин истиқболда улардан батамом воз кечишни мақсад қилганмиз.

Нидерландия «яшил» энергетикасида хусусий секторнинг улуши катта. Шамол ёки қуёш электр станциялари асосан давлат субсидиялари ҳисобига қурилмоқда. Муҳими, тадбиркор ер олиш, унинг хат-ҳужжатини тайёрлаш ва бошқа техник-ташкилий масалаларга чалғимайди. Бу вазифалар тўлиқ ҳукумат гарданида. Зарур инфратузилма ҳозирлаб берилгач, хусусий компаниялар ўртасида тендер эълон қилинади.

– Илгари тартиб бошқача эди, – давом этади Марк Шаурман. – 2013 йилгача фуқароларга Шимолий денгиз ҳавзасида шамол генераторларини мустақил тарзда ўрнатишга рухсат берилган. Аммо бундай тажриба амалда ўзини оқламади. Қурилмалар пала-партиш жойлаштирилиб, денгиз манзарасини бузар, устига-устак, уларнинг салмоғи иқтисодиётни декарбонлаштириш учун етарли эмасди. Шундан сўнг соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб этишга қарор қилинди.

Бизнес-лойиҳаларни саралашда экологик инновацияларга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, «яшил» энергетика билан боғлиқ янги объектлар ёввойи табиат вакилларига зиён етказмаслиги керак. Илк паллада шамол генераторлари қушларнинг кўплаб ўлимига сабаб бўлганини нидерланд жамоатчилиги яхши эслайди. Эндиликда бизнес вакиллари олимлар кўмагида бу каби нохуш ҳолатларни бартараф этиш чорасини кўрмоқда. Жумладан, янги авлод шамол турбиналарига осмонда ҳаракатланувчи жисмларни пайқайдиган радарлар ўрнатиляпти. Қиролликнинг Флеволанд вилоятида қад ростлаган «Groen» шамол парки мисолида бунга амин бўлдик.

ХАЛҚ РОЗИЛИГИ МУҲИМ

Флеволанд – серсув ва ҳосилдор ўлка. Аҳолиси асосан деҳқончилик билан шуғулланади. Ҳудудда жами 480 та фермер хўжалиги мавжуд. Бир неча йил аввал вилоят бўйлаб шамол электр станцияларини қуриш ишлари бошланганди. Шу кунгача аҳоли тураржойлари яқинида 86 та шамол турбинаси ўрнатилиб, жами 600 минг хонадонга арзон электр энергияси етказиб берилмоқда.

– «Groen» шамол парки Флеволандда амалга оширилаётган ўнта йирик инвес­тиция лойиҳасининг бири холос, – дейди ҳудудий «Winddome Green» (WKG) уюшмаси раиси Вим Луйкс. – Маҳаллий ҳукуматнинг амалдаги сиёсати турбиналар сонини камайтирган ҳолда ишлаб чиқариладиган электр энергия миқдорини ошириш талабига асосланган. Бу ўз-ўзидан шамол генераторларининг катталашишига олиб келяпти. Замонавийлари 9 МВт қувватга эга бўлиб, Эйфель минораси билан бўйлашади. Нидерландияда 250 метргача қурилмаларга рухсат берилган. Аэропортлар атрофидаги шамол генераторларининг баландлиги эса 150 мертдан ошмаслиги керак. Уларнинг ташқи дизайни имкон қадар атроф муҳит манзараси билан уйғунлаштирилади.

– Ҳар бир турбинани ўрнатишдан аввал аҳоли билан музокаралар олиб борамиз, – давом этади суҳбатдошимиз. – Айни масалада консенсусга эришиш жуда муҳим. Одамлар «яшил» энергетика, аввало, ўзлари учун аҳамиятли эканини англаб олиши зарур. Акс ҳолда, тушунмовчилик ва норозиликлар келиб чиқади. Шамол электр станциялари нафақат бизнес, балки оддий халқ манфаатларига ҳам хизмат қилса, айни муддао. Ҳозирда аксарият шундай объектларни экин майдонларида жойлаштиришга тўғри келмоқда. Табиийки, бу деҳқоннинг чўнтагига зарар. Энергетик компаниялар уларга етказилган зиённи қоп­лаш баробарида ер ижараси учун алоҳида ҳақ тўлайди. Қолаверса, фермер сотилаётган ҳар бир киловатт электр энергиясидан ўз улушини олади. Баъзиларига компания акцияларига эгалик қилиш ҳуқуқи ҳам берилмоқда.

Яна бир қизиқ жиҳат: энергетик объект қурилишига бел боғлаган тадбиркор ўша ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояси учун муниципал бюджетга 25 йил мобайнида 1 миллион евродан сармоя йўналтириши шарт. Бундай тартиб бизнесни жамоатчилик манфаатлари билан ҳисоблашишга ўргатади.

ВОДОРОДДАН ЯХШИСИ ЙЎҚ

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишда кундалик эҳтиёждан ортган киловаттларни келгуси истеъмол учун ғамлаб қўйиш долзарб вазифа. «Groen»да айни масалага ўзига хос тарзда ёндашилган. Бу ерда шамолдан олинувчи электр энергия­нинг бир қисми электролиз натижасида водородга айлантирилади. Қолгани сувни иситишга сарфланади. Керакли пайтда водород ҳамда иссиқлик энергиясидан яна қайтиб электр энергия ҳосил қилиш мумкин.

Нидерландия ўз келажагини «яшил» водород билан боғлаган. Энергетиканинг бу тури нафақат хавфсиз ва арзон, балки ўта барқарордир.

Бугунги кунда мамлакатдаги ўнлаб иссиқлик электр станцияларида нефть ва кўмир ёқилиб, «кулранг» водород ажратиб олинади. Бироқ унинг атмосфера ҳавосига зиёни катта. Табиат муҳофазасига устувор аҳамият қаратган Қироллик эндиликда «яшил» водород ишлаб чиқариш ҳажмини муттасил оширишга интилмоқда. 2030 йилгача экологик тоза водороднинг йиллик генерациясини 3-4 ГВтга етказиш кўзда тутилган. Бунинг учун, аввало, қайта тикланувчи ҳамда гидроэнергетика манбаларини кўпайтириш зарур. Ушбу лойиҳалар учун Европа Иттифоқи ғазнасидан 1 миллиард евродан ортиқ маблағ ажратилди. Яна 600 миллион евро соҳадаги инновацион ечимларга йўналтирилган.

Водород энергетикаси бўйича Нидерландия ҳали тўлиқ мустақилликка эришгани йўқ. Истиқболли режалар амалга ошган тақдирда ҳам, мамлакатнинг ички имкониятлари маҳаллий саноат корхоналари эҳтиёжини қисман қондиришга етади холос. Яшил водород тақчиллигини бартараф этиш мақсадида бу маҳсулотни хориж (Япония, АҚШ, Канада, Чили, Португалия, Уругвай, Намибия)дан импорт қилиш вариантлари ўйланмоқда.

Дарвоқе, келгусида Нидерландияда саноат чиқиндиси ҳисобланган заҳарли газлардан ҳам водород энергиясини олиш йўлга қўйилади. Бундай қадам мамлакатни углеводород нейтраллигига янада яқинлаштириши аниқ. Ўрни келганда нидерландлар шунча водородни қаерда сақлар экан, деган савол билан қизиқдик. «Қироллик шимолидаги табиий туз ғорларида», – жавоб қилди маҳаллий экспертлардан бири. Ҳа, келажак энергиясини оддий ғорга «қамаб қўйиш» мумкинлиги етти ухлаб тушингга ҳам кирмас экан... Фантастика!

ДЕНГИЗ ПОРТИДАГИ ЭКОИННОВАЦИЯЛАР

Роттердам денгиз порти Европанинг энг йирик логистика маркази ҳисобланади. Порт Шимолий денгиз соҳили бўйлаб нақд 38 километрга чўзилган. Ҳудудида ишлаб чиқариш объектлари, жумладан, нефтни қайта ишловчи корхоналар кўп. Улар ҳар йили атмосферага 25 миллион тонна карбонат ангидрид газини чиқаради. Бу Нидерландиядаги умумий кўрсаткичнинг 10 фоизига тенг.

Заҳарли муддалар сув ости резервуарларида сақланмоқда. Лекин бу усул технологик жиҳатдан эскирди. Устига-устак, экологик хавфи ва харажати ҳам катта.

Жорий йилда порт маъмурияти углеводород чиқиндиларини қисқартириш дастурини ишлаб чиқди. Ҳужжатда саноат корхоналарини «яшиллаштириш» ҳамда энергия самарадорлигини оширишга бирламчи аҳамият қаратилган. Ҳар икки масала ўзаро боғлиқликда ҳал этилмоқда.

– Шимолий денгизда тўртта шамол турбинаси мавжуд, – дейди Роттердам портининг қайта тикланувчи энергия манбаларига доир дастури менежери Вилко ван дер Ланс. – Улар умумий ҳисобда 7,4 ГВт электр энергиясини ишлаб чиқаради. Шундан 2-2,5 ГВти водород кўринишида саноат объектларига тақсимланади.

Портдаги айрим заводлар тўлиқ водород энергиясига ўтказилган. Бу тежамкорликни таъминламоқда. Инновацион фаолиятга асосланган корхоналар ҳам талайгина. Масалан, яқинда плас­тикни қайта ишлаш цехини очдик. Унда иккиламчи хомашёдан самолёт ёнилғисини олиш технологияси ўзлаштирилган.

Шунга ўхшаш лойиҳалар портнинг «яшиллашиши»га, шаксиз, муносиб ҳисса қўшади.

Мутахассислар прогнозига кўра, 2050 йилга келиб Европа эҳтиёжи учун зарур барқарор энергетиканинг фақат ўн фоизини ўз ҳудудида ишлаб чиқара олади. Асосий салмоқни «яшил» водород кўринишида четдан импорт қилишга тўғри келади. Юқорида таъкидланганидек, Нидерландияда бундай сценарийга олдиндан пухта тайёргарлик кўрилмоқда.

МУЗ ЁРДАМИДА ИСИТИЛАДИГАН БИНО

2018 йилда Голландиянинг Апелдорн шаҳрида ҳарбий полиция мактаби қурилган. Қирол Вилям III номи билан юритилувчи ушбу мажмуа назарий ва ҳарбий-тактик машғулотлар олиб бориладиган ўқув корпуси, замонавий кутубхона, бир қанча маъмурий ва хўжалик биноларидан ташкил топган. Уни бунёд этишда экотехнологик ноу-хаулар қўлланилгани ҳаммасидан ҳам қизиқ.

Масалан, мактабнинг иситиш ва совутиш тизимлари муз энергияси асосида ишлайди. Электр энергия таъминотида эса одатдагидек қуёш панеллари қўл келмоқда.

Ҳарбий мажмуанинг ўқув биноси остида 800 минг метр куб сув музлатиб қўйилган. Тўртта иссиқлик насоси муз буферидаги энергияни тўплаб, тепага ҳайдаб беради. Мазкур жараён уйимиздаги музлатгичнинг ишлаш принципини эслатади.

Шу йўсинда қишда хоналарни иситиш, ёз кунларида эса совутиш мумкин. Хона деворларига ўрнатилган термостатлар ичкаридаги ҳаво ҳароратини мўътадиллаштириб беради. Инновацион тизим ёрдамида бир ойда атмосферага 5 тонна карбонат ангидрид гази чиқарилишининг олди олинмоқда. Бу 2 мингдан ортиқ дарахт кўчати экиш билан баробар. 

Муз буфери технологияси «Solar Eis» компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Ҳозирга қадар у нафақат Нидерландия, балки Европанинг бошқа давлатларида ҳам муваффақиятли синовдан ўтказилди. Жумладан, муздан қувватланадиган автоном истиш ва совутиш тизимлари билан Германиядаги 300 та, Белгиядаги 30 дан зиёд ижтимоий ва ҳарбий соҳа объекти таъминланган.

Апелдорнда татбиқ этилган инновацион лойиҳа учун давлат бюджетидан 30 миллион евро сарфланди. Технология тест режимида ишламоқда. Йўл-йўлакай унинг камчиликлари аниқланиб, мутахассислар томонидан бартараф этиляпти.

ТАЛАБАЛАРНИНГ «ЯШИЛ ҚИШЛОҒИ»

Дунё тажрибасидан маълумки, экологик инновацияларсиз «яшил» иқтисодиёт ривожланмайди. Инновацион фаолият эса, аввало, илм-фан ютуқларига асосланиши керак. Нидерландия қироллигида таълим ва фан интеграциясига юқори эътибор қаратилишининг боиси ҳам шунда.

Бугунги кунда мамлакатдаги кўплаб олийгоҳлар энергия тежамкор технологиялар яратиш билан шуғулланади. Делфт техника университети улар орасида энг пешқадами. Талабаларнинг илмий фаолиятига кўмаклашиш мақсадида бу ерда махсус экспериментал ҳудуд ташкил этилган. Аҳли толиб уни «Яшил қишлоқ» («Green village»), деб атайди.

Архитектура факультети талабаси Матильда ҳамроҳлигида «Яшил қишлоқ»даги ажабтовур лойиҳалар билан бирма-бир танишдик.

Йўл ёқасидаги кенгбар ариқни ойнали кўприк ёрдамида кечиб ўтамиз. Одатда бундай иншоотлар темир конструкцияли бўлади. Бироқ бизга дуч келгани бошдан-оёқ шишадан ясалган. Бу материал экологик тоза ҳамда қайта ишланганда (пластикдан фарқли ўлароқ) ўз хусусиятларини йўқотмайди.

Кўприк яқинида коворкинг маркази қад ростлаган. Унинг ҳам чор томони ойнаванд. Деворлар бир вақтнинг ўзида дераза вазифасини ўтаб, ичкарига табиий ёруғлик ва иссиқлик ўтказади. Бинодаги ҳароратни «ақлли» тизим бошқаради. Ташқарида ҳаво исиб кетса, у автоматик тарзда хонани совутади, қуёш тик тушганда, деразани парда билан тўсади.

«Яшил қишлоқ»нинг бир чеккасида икки қаватли иморат бор. Бу типдаги уйлар Нидерландияда ўтган асрнинг 70-йилларида оммалашган экан. Улар газ ёқиб иситиларди. Энергия сарфи юқорилиги боис, ҳозир бундай тураржойларни қуришга рухсат берилмайди.

– Тажриба уйида тўртта оила истиқомат қилмоқда, – дейди Матильда. – Ҳар бир хонадонни автоном тарзда водород энергетикасига ўтказиб кўрмоқчимиз. Бинога электр энергияси қуёш панеллари орқали тўғридан-тўғри етказиб берилади. Ортгани катта ҳажмли аккумуляторларни зарядлашга сарфланади. Улар тўлиб қолганда, ток сувга йўналтирилиб, электролиз жараёнида суюқликдан водород ажратиб олинади. Водородни махсус идишларда муддатсиз сақлаш мумкин.

Айни дамда Делфт техника университети илмий жамоаси электромобиллар қувватидан хонадонларни иситиш бўйича ҳам тажриба синовларини олиб бормоқда.

«Яшил қишлоқ»даги ранг-баранг объект­лар муқим эмас. Улар янги ғоялар пайдо бўлишига қараб янгилаб турилади.

 

Наргиза УМАРОВА

Нидерландиядан

«Оила ва ТАБИАТ» учун махсус




Ўхшаш мақолалар

Янги ҳуқуқий меъёр  Ёввойи  Ўсимликлар эътибордан  четда  эмас

Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас

🕔09:22, 23.10.2025 ✔12

Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.

Батафсил
Боғотда чиқинди муаммоси:  рақамлар тизимли ёндашувни  талаб  қилмоқда

Боғотда чиқинди муаммоси: рақамлар тизимли ёндашувни талаб қилмоқда

🕔09:18, 23.10.2025 ✔16

Боғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.

Батафсил
Ҳайвонлар ва қушларда ҳам  ғурур бор

Ҳайвонлар ва қушларда ҳам ғурур бор

🕔09:09, 23.10.2025 ✔12

Баъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Янги ҳуқуқий меъёр  Ёввойи  Ўсимликлар эътибордан  четда  эмас

    Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас

    Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.

    ✔ 12    🕔 09:22, 23.10.2025
  • Боғотда чиқинди муаммоси:  рақамлар тизимли ёндашувни  талаб  қилмоқда

    Боғотда чиқинди муаммоси: рақамлар тизимли ёндашувни талаб қилмоқда

    Боғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.

    ✔ 16    🕔 09:18, 23.10.2025
  • Ҳайвонлар ва қушларда ҳам  ғурур бор

    Ҳайвонлар ва қушларда ҳам ғурур бор

    Баъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.

    ✔ 12    🕔 09:09, 23.10.2025
  • Тозалик ва озодалик  ойлиги бошланди:  Ҳисса  қўшинг, фаол  иштирок этинг!

    Тозалик ва озодалик ойлиги бошланди: Ҳисса қўшинг, фаол иштирок этинг!

    Ўзбекис­тон Президенти топшириғига кўра, 15 октябрдан эътиборан бутун республикада тозалик ва озодалик ойлиги бошланди.

    ✔ 37    🕔 15:30, 16.10.2025
  • Табиатнинг  олтин  бешиги

    Табиатнинг олтин бешиги

    «Сайгачий» мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси Устюрт текислигининг ноёб биологик хилма-хиллигини ўзида мужассам этган. Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот ва Мўйноқ туманлари ҳудудида жойлашган мазкур қўриқхонанинг асосий мақсади табиий гўзалликни асл ҳолича ишончли муҳофаза қилишдан иборатдир.

    ✔ 30    🕔 15:27, 16.10.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар