Ота-оналар медиасаводхонлиги
Ўзбек ёш-ялангларидан бири онасини туғилган куни билан қандай табриклагани хусусидаги видеони ижтимоий тармоққа жойлади. Тасвирдаги манзара ақл-ҳуши жойида бўлган инсонни гангитиб қўяди.
БатафсилПойтахтимизнинг «Ўзэкспомарказ» мажмуасида халқаро китоб кўргазмаси иш бошлади. Ташкилотчиларнинг хабар беришича, уч кун (2-4 ноябрь) давом этган мазкур кўргазма доирасида китобхонлар учун кўплаб қизиқарли ва фойдали тадбирлар ташкил этилди. Китоб кўргазмасини айланиб, хаёлимдан ўтган айрим фикрларни қоғозга туширишга ҳаракат қилдим.
Бугун ноширлик фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари кўп. Бундан ўттиз йиллар муқаддам Ўзбекистонда бор-йўғи бармоқ билан санарли нашриёт бўлган. Лекин улар нима иш қилаётганини ҳамма билиб-кўриб, манфаат топиб турган. Бу ҳақда Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим шундай деган эди: «Ўша пайтларда биргина китоби чиққан ижодкорни ҳамма танирди. Чунки марказда чоп этилган ҳар бир китоб энг чекка қишлоқдаги китобхоннинг қўлигача етиб борарди. Ҳозир нашриётлар кўпайиб, ҳамма ўзича бир нарсалар чиқариб ётибди. Улар нима чиқараётганини биров билиб, биров билмайди...»
Мозийга қайтиб...
Мулкчилик шакллари эркинлаштирилгач, хусусий нашриётлар сони олдингига қараганда кескин ортди. Ўшанда одамлар «энди сара-сара китоблар кўпаяди. Шундай бўлгач, нарх янаям арзонлашади. Халқнинг китобхонлик савияси, илмий-маърифий даражаси ошади», деб умид боғлаган эди.
Эркинлик нималигини халқ ҳали тўла тушуниб етмасданоқ, «урҳо-ур» билан пултопар замонлар бошланиб кетди. Бозор иқтисоди деган нарса ҳамма жойда кун тартибининг бошига чиқиб олди. Шу зайл билган ҳам, билмаган ҳам бозорга кирди. Қўлидан иш келадиган ҳам, келмайдиган ҳам бозорни макон тутди. Бозор иқтисодидан бехабар мардум савдонинг ягона қоидаси бор: фойда топиб, бойлик орттириш, деб тушунди.
Баъзилар тўғридан-тўғри ўзини бозорга урган бўлса, баъзилар ўз фаолиятини кишибилмас қилиб, «қоғозга ўраб» растага қўйишди. Бу ўроғлиқ қоғознинг ичида нима бор ўзи, деб биров қизиқмади. Муҳими, олувчига арзон, сотувчига пул келиб турибди. Шунинг ўзи етарли.
Маҳсулот орқасидан кўп пул келиши учун у кўпчиликнинг таъби-дидига, ҳамёнига муносиб бўлиши керак. Бозор учун албатта кўпчилик зарур. Бўлмаса, савдо ўлади, бозор касод бўлади. Ана шу кўпчиликнинг чўнтагидаги пулни ўзиники қилиб олиш учун бозормонлар орасида кескин кураш бошланиб кетди. Биров харидорга зарур нарсани таклиф қилса, биров заруратга қараб ўтирмай, арзонини таклиф қилиб қўя қолди. Арзоннинг ўз тош-торозиси бор. У ҳеч қандай сифат, фойда-зарар, муҳим-номуҳим каби жиҳатлар билан ҳисоблашиб ўтирмайди. У шунчаки арзон – бўлгани шу. У харидорнинг бошқа талабини кўтара олмайди. Арзоннинг шўрваси татимаслиги моддий нарсаларда-ку ҳар ҳолда кўринади, лекин бошқаларида арзоннинг хусусияти нималарга олиб келишини англаш учун жуда кў-ўп фурсат зарур бўлади. Харидор буни ўйлаб, бош қашиб олгунча, бозормон-ношир унинг олдини юз хил маҳсулотга тўлдириб ташлади. Улар ичида кўча-кўйда ё чойхонада бекорчиликдан йўлигагина гаплашиб ўтирадиган гаплардан тортиб, икки киши учинчи одамнинг олдида гаплаша олмайдиган, фақат қулоққа айтиладиган гапларгача бор. Бахтли бўлиш йўллари, омадга олиб чиқадиган пиллапоялар, бойлик орттиришнинг энг осон йўриқномалари, исталган қиз ёки йигитнинг қулоғига «секунд»да лағмон илиш санъатидан дарс бериб қўядиган қўлланмалар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек потраб чиқди. Бир пайтлар бир муқова остида чоп этилган элликта эртак энди харидорга жуда-жуда ўнғайлаштирилиб, ҳар бир эртак алоҳида китоб ҳолида чоп этилди. Харидор ўзига ёққан биттасинигина харид қиладиган, умри давомида биргина эртак ўқиб, ўзини китоб ўқиган деб ҳисоблайдиган бўлди. Бунинг учун мутолаа ишини анча осонлаштириб берган ноширдан чексиз миннатдорлик туйди. Бундан беҳад илҳомланган ношир энди унга қандай ухлаш, қайси шаклда нафас олиш, овқатланганда қошиқни қайси қўлда ушлашгача бўлган маслаҳат ва тавсиялар ишлаб чиқди.
«Чой ичиш сирлари»
Расталар оммага ақловарлик қилиб, ақл ўргатадиган ўша тавсия ва маслаҳат китобларига тўлди. Асрлар давомида одоб-ахлоқ қоидалари сифатида қаралиб келаётган баъзи бир тутумларни бошқа тиллардаги китоблардан таржима қилиб чиқариш авж олди. Уларнинг номини ўқиган киши сотиб олмасдан қўймайди. Масалан, «Чой ичиш сирлари». Китобнинг номини ўқибоқ чой ичишда қандай сир бор экан, деб бошингиз қотади. Кейин чорасиз қолиб, уни сотиб оласиз. Мук тушиб ўқигач, оламшумул бир сир сизга маълум бўлади. Яъни «пиёлага қуйишдан олдин чойни уч марта қайтариш керак» экан. Чойни пиёлага қуймасдан қандай қайтариш мумкинлигига ҳеч ақлингиз бовар қилмайди. Мана сизга катта сир! «Дунёни қўлга олай десангиз…», «Пазандаликнинг 99 сири», «Эпитетнинг олтин қоидалари», «Ҳадемай одам бўласиз»... кабилар ҳам ана шундай жуда сирли китоблар.
Кўпчилик харид қиладиган китоблар албатта ўша омманинг савиясига мос бўлиши керак. Шунинг учун оммабоп китоблар чиқариш авж олди. Аввалига оммабоп бадиий асарлар пайдо бўлди. Уларда енгилтак қизнинг хилватхонадаги қилмишлари, муштумзўрнинг бойлик орттириш йўлидаги хунрезликлари, йўлини йўқотган сарсон-саргардон лақманинг бошдан кечирганлари асосий мавзу қилиб олинган. Омма у китобларда ўзини кўрди. Ҳар кунги ҳаётини, ўзига ўхшаш тақдирларни ўқиди. Кейин қилиб юрган қилмишлари ўзига ёқиб тушди. Демак, шундай қилса, шундай яшаса бўларкан, мана, китобда ёзиб қўйишибди-ку, дея ўзига таскин-тасалло топди. Олдинги бир қилғилиғи энди ўн бўлди.
Халқнинг китобхонлик борасидаги савияси омманинг оёғи остига тушиб қолди. Айрим ноширлар буни «ҳаммасини бошидан бошлаш учун шундай қилиш керак», деб изоҳлашди. Ўзлари эса бозор иқтисодининг биринчи зарбасиданоқ тиззаларигача пул топиш ботқоғига ботиб қолишди. Орадан қарийб чорак аср вақт ўтди ҳамки, шу ботқоқдан чиқиб кета олмаётган ноширлар, афсуски, жуда кўп. Фақат бозоргир, ҳамёнбоп ва камхарж китоблар чиқаришга танда қўйиш уларни шу кўйга солиб қўйган бўлса, ажаб эмас.
Нашриётларнинг ҳаммаси шу йўлдан борди, десак, уларга туҳмат қилган бўламиз. Халқнинг китобхонлик даражаси, илм савияси ва миллий менталитет ҳимояси учун жиддий қайғуриб, салмоқли китоблар тайёрлаётган нашриётларимиз, шукрки, бор. Илм-фан ва маданият аҳлини ўз гирдига тўплаб, нуктадон олимлар билан маслаҳатлашиб, уларнинг ёрдамига таяниб, шу ишларга маблағ ажратиб, алал-оқибатда ўз зарарига бўлса ҳам ишлаб келаётганлар йўқ эмас. Масалан, биргина академик нашр тайёрлаш учун кези келганда ўнлаб заҳматкаш олимлар, турли соҳа мутахассисларини жалб қилиш зарур. Уларга эса шунга яраша ҳақ тўлаш керак. Қолаверса, нашрнинг полиграфияси нафақат арзон бўлиши, балки ўқувчи дид-савиясини ўстиришга ҳам кўмаклашиши зарур. Бу ҳам мутахассисга ва маблағга бориб тақалади. Шулар натижасида фидойи ноширнинг маҳсулоти омманинг олдида бозоргир бўлмайди. Унинг ўқувчиси кам. Лекин бундай нашрлар ўқувчи учун жуда муҳим ва зарур. Агар ноширда фидойилик бўлмаса, бундай оғир савдога бош қўшолмайди. Енгил-елпи, олди-қочди, бозорбоп ва оммабоп китоблар чиқариб, пулини санаб юраверади.
Китобдан ҳаётга...
Оммабоп нашрлар келтираётган зарар кундалик ҳаётимизда кўзга ташланиб қолди. Бир пайтлар фақат китобларда ёзилган ваҳшийлик, бадбинлик, нонкўрлик ва қонхўрликлар ўша китоблардан секин-аста ҳаётимизга ҳам кириб келди. Оқибат шу бўлдики, ота-онага ва катталарга ҳурматсизлик – шахс эркинлиги, олифталик ва такасалтанглик – янги маданият, ҳаёсизлик ва бетгачопарлик – замонавийлик тусини ола бошлади. Эндиликда эса фарзандини ўз қўли билан бўғизлаш, туғишгани билан дон олишиб юриш, эрига пичоқ ўқталиш ҳақидаги хабарларни эшитиш кундан-кун одатий ҳолга айланиб боряпти. Антик давр юнон тафаккури отасини ўлдириб, онаси билан бирга яшаш ҳолатини инсониятни ларзага соладиган даҳшатли фожиа – разолатнинг энг юқори чўққиси деб санаган эди. Ҳозирда чоп этилаётган ўзбек тилидаги айрим китоблар билан муқояса қилганда у чўққи анча пастда қолиб кетади.
Китоб танлаш ва ўқишдаги савиясизлик инсонни ҳаётдаги бошқа жабҳаларда ҳам савиясиз ва оммабоп қилиб қўяди. Бу жараёнда ҳар бир инсоннинг ўз хусусиятлари йўқола боради ва ҳамма худди инкубатордан чиққан жўжалардай бир хил қолипли кимсага айланади. «Оммавий маданият» деб номланган қирғинбарот ғоянинг мақсади ҳам шу. Бу йўлда айрим ноширлар кўзга кўринмас жангларнинг хос аскарига айланиб қолаяётганини сезмаслик оқибатида ўзига ва ўзлигига қарши қирон келтирмасдан, ҳамиша буюк ота-боболар бошлаган эзгу иш – маърифат тарқатиш йўлини мустаҳкам тутишлари шарт.
Бугун нашриётларнинг кўпчилиги ўзининг китоб дўконига эга эмас. Бу эса харидорга китоб ҳамиша иккинчи қўл воситасида қиммат нархда етиб боришига сабаб бўляпти. Қолаверса, замон талабларига мос равишда ҳар бир нашриёт интернетда ўз сайти ва интернет магазинига эга бўлса, бугунги кун китобхонига янада яқинлашган бўларди.
Яна бир муаммо. Бугун нашриётга берилган қўлёзманинг китоб ҳолида чиқиш-чиқмаслигини маркетолог белгилайди. Агар у уч минг нусхада чиқса ва бир йил ичида сотилиб бўлса, яхши китоб ҳисобланади. Китобга муносабат ана шундай бўлгач, бир йилдан кейин шу китобни китобхон ҳеч қаердан топа олмайди. Ўтган йили нашр қилинган китобни бу йил яна қайта чоп этишга таваккал қиладиган нашриёт жуда кам. Натижада бир неча йил давомида шу китобга катта эҳтиёж юзага келади.
Тўғрисини айтиш керак, ноширларимизнинг дарди ичида. Қоғоз қиммат. Нашр ускуналари талабга жавоб бермайди. Бахтга қарши буларнинг ҳар иккаласи ҳам ўзимизда ишлаб чиқарилмайди. Шундай бўлгач, бундан кейин ноширнинг иши осон бўлармиди. Лекин бу савиясиз ва саводсизларча китоб чиқариш учун асос бўла олмайди.
Китоб чоп этишнинг бошқа тижорат турларидан катта фарқи бор. У пул топиш, бойлик орттириш мақсадида қандай бўлса-да маҳсулот чиқариш эмас. У халқнинг маърифатини оширадиган, илмий дунёқарашини кенгайтирадиган, маънавий-эстетик савияси ва дид-фаросатини ўстирадиган сифатли ва сара китоблар чиқариш воситасида халққа хизмат қилишга асосланиши зарур.
Соҳибназар ТУРДИАЛИЕВ
Ўзбек ёш-ялангларидан бири онасини туғилган куни билан қандай табриклагани хусусидаги видеони ижтимоий тармоққа жойлади. Тасвирдаги манзара ақл-ҳуши жойида бўлган инсонни гангитиб қўяди.
БатафсилКитобни танлаб ўқиш керак.
Китоб танлаш учун кўп нарсалардан ўтиш керак. Бир воқеани айтиб берай. Набоковнинг «Лолита» деган оламга машҳур романи бор. Дунёда 100 буюк китобнинг биттаси дея рўйхатларга киритилган. Бунинг ўзига хос жиҳатлари бор.
БатафсилИчки кечинмалар, ҳаётий қараш ва китоб ўқишга бўлган иштиёқдан келиб чиқиб ҳамма турли мавзудаги китобларни танлаб ўқийди. Энг асосийси, биргина ўқилган китоб турли ёшда турлича таъсир қилиши мумкин.
Батафсил