Саломатлик      Бош саҳифа

Чой ичишда меъёр керак, акс ҳолда...

Чой дунё аҳли севиб истеъмол қиладиган ичимлик­лардан бири. Айниқса Осиё мамлакатларида у ҳамиша дастурхонда бўлади ва таомланишда асосий ичимлик саналади.

Чой ичишда  меъёр керак,  акс ҳолда...

Туркия чой ичиш бўйича дунёда етакчилик қилади, бироқ ўзбек халқи ҳам азалдан чой ичишни жуда яхши кўради. Қишнинг қаҳратонида ва ҳатто ёзнинг жазирамасида ҳам иссиқ чой ичишни канда қилмайди. Албатта чойнинг кўплаб фойдали хусусиятлари бор ва шу билан бирга чой ичишнинг айрим жиҳатларини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак.

Британиялик отоларинголог ва пластик жарроҳ Генри Шарпнинг фикрича, қайноқ чой ичиш одати бурун-халқум томирларига салбий таъсир кўрсатади. Ундан чиқаётган буғ иссиқлиги бурун-халқум томирларини кенгайтиради ва қон кетишига сабаб бўлади. Тахминларга кўра, иссиқ чой ичиш қизилўнгач саратонининг ривожланиш хавфини ошириши мумкин.

Айримлар чойи рангини обдон чиқариб, аччиқ қилиб дамлаб ичишади. Йиллар давомида аччиқ чой ичиш оқибатида тишлар зарарланиши ва суяклар мўрт бўлиб қолиши мумкин. Бу – суяк флюорозининг белгилари ҳисобланади. Касаллик суякларда фторнинг йиғилиб қолиши оқибатида пайдо бўлади. Боиси аччиқ чой орқали организмга фтор моддаси келиб тушади. Шунингдек, чойнинг юқори ҳарорати тишларда кариес ривожланишига олиб келади.

Одатда чойни овқатдан сўнг истеъмол қиламиз.

Айниқса, ёғли ош ва бошқа таомларни еб олиб, ортидан босиб чой ичадиганлар кўп. Аммо овқатдан сўнг ичилган чой организмда темир моддаси етишмаслигини юзага келтиради.

Калифорния университетида ўтказилган тадқиқотларда чой темир моддасининг организмга овқат билан бирга келиб тушишига ва сингишига тўсқинлик қилиши исботланган. Шунинг учун шифокорлар бу ичимликни нонушта, тушлик ёки кечки овқат маҳали эмас, балки овқатланишдан ҳеч бўлмаса 20 дақиқадан кейин ичишни маслаҳат беради.

Яниқда германиялик Гисела исмли сайёҳ билан суҳбатлашдик ва бирга овқатланишга таклиф қилдик. Табиийки, ўзбек таомилига кўра меҳмонга чой узатдик, аммо меҳмонимиз тушликдан сўнг чой умуман ичмаслиги, бу уйқуни қочиришини айтди. Суҳбат давомида германияликлар чойни хуш кўрса-да кўп истеъмол қилмаслиги, айниқса овқатдан сўнг асосан тоза ичимлик сув ичиш соғлиқ учун энг фойдали эканини таъкидлади. Дарҳақиқат, 70 ёшли бу аёлни кўриб 45 ёшдан ошмаган дейсиз, айниқса ҳаракатланиши жуда тетик ва соғлом эди. Мутахассислар чой таркибидаги кофеин ва хушбўй моддалар уйқу қочишига сабаб бўлишини таъкидлаган. Шу боис тунда чой ичишдан тийилган маъқул.

ЖССТ маълумотларига кўра, ҳарорати 70 даражадан юқори бўлган ичимликни кунлик истеъмол қилиш қизилўнгачнинг хавфли ўсимталари ривожланишига олиб келади. Бунда қизилўнгач саратонига чалиниш хавфи 8 баравар ортади. Лотин Америкасида, Осиё мамлакатларида қизилўнгач онкология­сидан ўлим дунёда энг юқори кўрсаткичда, чунки бу ерлик аҳоли қайноқ чой ичишга одатланган. Бундан ташқари иссиқ чой ҳужайра тузилишининг ўзгаришига ҳам сабаб бўлади ва натижада таъм сезиш ёмонлашади. 65 даражадан юқори иссиқликдаги суюқлик тил, лаблар ва қизилўнгач шиллиқ қаватидаги ҳужайраларга зарар етказиб, яллиғланишига олиб келади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, чой ичиш учун энг мувофиқ бўлган ҳарорат 50-60 °С ҳисобланади. Парҳезшунослар бир кунда 4-5 пиёладан кўп бўлмаган миқдорда чой ичишни тавсия қилади. Шундай экан чой истеъмолида ҳам меъёрни унутмаслик соғлом ҳаёт гаровидир.

 

Ноилахон АҲАДОВА,

«Оила ва табиат» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Болалар  саломатлиги – келажакка энг зўр  сармоя

Болалар саломатлиги – келажакка энг зўр сармоя

🕔10:53, 24.03.2026 ✔91

Япония мактабларида овқатланиш тизими ва «Сёкуику» фалсафаси

Батафсил
Саломатлик посбонлари фаолияти депутатлар нигоҳида

Саломатлик посбонлари фаолияти депутатлар нигоҳида

🕔16:45, 26.02.2026 ✔132

Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиббий хизмат сифатини ошириш депутатларнинг доимий назоратида турган масалалардан.

Батафсил
«Фаст-фуд»  ва газли  ичимликлар асосий  қобилиятларини сусайтиради

«Фаст-фуд» ва газли ичимликлар асосий қобилиятларини сусайтиради

🕔08:48, 05.02.2026 ✔176

Олимлар «фаст-фуд» ва ширин газли ичимлик­лар нафақат семиришга, балки когнитив назоратни йўқотилишига сабаб бўлишини исботлашди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар