Табиат      Бош саҳифа

Жонли табиат – катта даромад манбаи

Одамларда саёҳат қилиш, турли давлатларнинг диққатга сазовор жойларини ўз кўзи билан кўришга бўлган қизиқиш йилдан-йилга ошиб боряпти.

Жонли табиат –  катта даромад манбаи

Бу, албатта, мамлакатларнинг ривожланиб бориши, сайёҳлик масканлари ва туристларга хизмат кўрсатувчи компаниялар сонининг ортиши билан ҳам боғлиқ. Шунинг ҳисобига, туризм дунё мамлакатлари миллий иқтисодиётида салмоқли даромад келтирувчи соҳалардан бирига айланган. Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотларига кўра, биргина туризмдан тушаётган даромад йилига 2,5-3 триллион долларни ташкил этмоқда.

Саёҳат ишқибозлари орасида анъанавий туризмни хуш кўрадиганлар талайгина. Доим орзу қилган мамлакатига бориб, ҳамиша тилга олинадиган машҳур масканларни томоша қилиш кишига бир олам завқ беради. Аммо саёҳат қилиш янада қулай ва осон машғулотга айланиб бораётган бугунги даврда ноанъанавий туризм ишқибозлари сони ҳам ортиб боряпти.

Аниқроғи, охирги йилларда туристик хизматларнинг тобора ривожланиб бориши натижасида экотуризм, агротуризм, археологик, этнографик, диний туризм, экстремал шароитлар туризми ва бошқалар ҳам кенг таклиф этилмоқда. Табиийки, уларга қизиқувчилар ҳам оз эмас. Ҳатто, мутахассислар мазкур йўналишлар одатий туризмдан кўра кўпроқ оммалашаётгани ва муайян бир мавзуга асосланган йўналишларда саёҳат қилиш истаги ортаётганини таъкидламоқда.

Аслида туризм, нафақат катта даромад манбаи, балки мамлакат ислоҳотларининг энг йирик йўналишларидан бири ҳамдир. Боиси, бирор давлатга сайёҳларни жалб қилиш, хорижликлар, ҳатто, маҳаллий аҳолида саёҳат қилишга қизиқиш уйғотиш осон эмас. Бунинг учун туризм имкониятларини тўлиқ ишга солиш, мамлакатнинг ҳам тарихий, ҳам замонавий қиёфасини намоён эта билиш лозим. Қолаверса, бугунги давр сайёҳларни чорлашнинг интерактив усулларидан фойдаланишни ҳам тақазо этмоқда.

Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти ҳақида гап борганда, охирги йиллардаги катта ўзгаришлар алоҳида кўзга ташланади. Авваллари, сайёҳлар юртимизга асосан қадимий обидалар, хусусан, Самарқанд, Бухорога боришга қизиқиш билдирган бўлса, ҳозир мамлакатимизнинг янгиланиб бораётган замонавий қиёфасини томоша қилиш мақсадида келаётган хорижликлар сони ортиб боряпти.

Жорий йил 19 сентябрда давлатимиз раҳбари раислигида мамлакатимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борадаги вазифаларни янада жадаллаштириш лозимлиги таъкидлангани бежиз эмас. Туризм соҳасини ривожлантириш мамлакат тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан бирига айланган.

Ҳар манзил – ўзгача!

Яқинда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг тарихий саммити доирасида ҳам ташкилотга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Бу битим сайёҳликнинг янги йўналишларини шакллантириш ва ривожлантиришга йўл очади.

Ана шундай истиқболли йўналишлардан бири – экотуризмдир. Сўнгги ўн йилликда дунё сайёҳларида табиий ёки экотуризмга қизиқиш ортиб бормоқда. Инсон тобора табиатга интилаётган бугунги даврда шаҳар шовқинидан четда, сўлим масканларда туристик зоналар ташкил этиш катта даромад келтиради. Боиси, экологик муҳитда жонли табиатни томоша қилиш иштиёқи кўпчиликка ўзгача завқ беради. Айниқса, ён-атрофда ноёб жонзотларнинг кезиб юриши экзотик саёҳат ишқибозларида унутилмас таассурот қолдиради. Бундай манзарани одатий ҳаётдан топиш амри маҳол.

Маълумотларга кўра, сайёҳлик бозорида экотуризмдан келадиган даромад 10-18 фоизни ташкил этар экан. Хусусан, Кения, Коста-Рика, яқин Шарқ ва баъзи араб давлатлари, Европа қитъасидаги айрим мамлакатлар иқтисодиётида экологик туризм улуши салмоқли ўрин эгаллайди. Сайёҳликнинг бу тури нафақат катта даромад манбаи экани, балки табиатни муҳофаза қилиш, ноёб ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсини сақлаш ва кўпайтириш муаммоларини ҳал қилишдаги аҳамияти билан ҳам ажралиб туради.

Яъни, экологик туризм табиатни муҳофаза қилишдаги янгича ёндашувдир. У орқали одамларни атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга чорлаш самаралироқ. Туризмнинг мазкур йўналиши сайёҳларни ва сайёҳлик ташкилотларини табиатга салбий таъсир қилмасликка, уни муҳофаза қилишга даъват этади. Шу асосда сайёҳлар она заминнинг ноёб табиати ва маданий-этнографик хусусиятларини ўрганиб, жонли гўзалликдан баҳра олади.

Ўзбекистонга туристларни жалб қилувчи асосий омил бу унинг мафтункор табиатидир, унинг хилма-хиллигидир. Булар табиати қайтарилмас тоғлар, Қизилқумнинг арид ландшафтлари, йирик сув ҳавзалари ва бошқалардир.

Мамлакатимиз экотуристик салоҳияти бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Диёримизда жонли табиати, мусаффо ҳавоси, бир-биридан гўзал манзаралари билан сайёҳларни ўзига тортадиган масканлар бисёр.

Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ўзларининг тоғ ландшафтлари, ғорлари, тоғ сойлари ва шаршаралари, булоқлари, кўллари, музликлари билан экотуризм марказларига айланиб боряпти. Уларда экотуризмни ривож­лантириш, дам олиш учун қулай шароитлар яратиш бўйича катта ишлаш амалга оширилмоқда. Туризм йўналишида фаолият олиб бораётган тадбиркорларга кенг имконият ва имтиёзлар бериляпти.

Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонга келаётган 50 ёшдан ошган саёҳларнинг 41 фоизи мамлакатимизнинг энг хушманзара ҳамда табиий ландшафтлари яхши сақланиб қолган ноёб жойларини томоша қилиш, 25-30 ёшлар атрофидаги саёҳларнинг 26 фоизи эса экологик муаммолар мавжуд ҳудудларни кўриш истагида экан. Юртимизда улар истаган экоҳудудларни кўплаб топиш мумкин.

Пойтахтимизга энг яқин Тошкент вилояти мисолида олайлик. Мазкур вилоят туризм соҳасини ривожлантириш учун қулай геог­рафик жойлашуви, сўлим табиати, пурвиқор тоғлари, маданий ёдгорликлари, муқаддас қадамжолари билан алоҳида ажралиб туради. Масалан, Бўстонлиқ тумани «Чорвоқ» эркин туристик зонаси, Угам-Чотқол миллий боғи, «Чорвоқ» сув омборига эга, ҳудудда туризм, айниқса, экотуризмнинг барча йўналишларини ривожлантириш имконияти мавжуд. Паркент тумани эса тоғолди ҳудуд, табиати гўзал, зиёратгоҳлари, агротуризм масканлари, хуштаъм таомларга бой овқатланиш шохобчалари бисёр. Зангиота тумани ўзининг тарихий ёдгорликлари билан машҳур.

Шу йил 22 сентябрь куни Тошкент вилоя­ти Нурафшон шаҳрида бўлиб ўтган халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида давлатимиз раҳбари ушбу ҳудуднинг туризм имкониятларига алоҳида тўхталди. Сайёҳларнинг 80 фоизи асосан Бўстонлиқ туманига бориши, бироқ Паркент, Ангрен ва Оҳангароннинг тоғли жойларида ҳам туризм кластерлари ташкил этиш мумкинлиги таъкидланди.

Чиндан, Тошкент вилоятининг туристик салоҳияти ва имкониятлари анча кенг. Бундан унумли фойдаланиш мақсадида ҳудуднинг туристик объектларини жаҳон андозаларига мувофиқ ташкил қилиш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, ўтган 2020-2022 йиллар давомида умумий қиймати 17,8 триллион сўм бўлган 266 та объект қуриб битказилган. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида эса 54 та лойиҳа ишга туширилди.

Вилоятга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони тобора кенгайиб боряпти. Сўнгги беш йилда вилоят 12 миллион 578 минг нафар сайёҳга мезбонлик қилган. Шундан 11 миллион 998 минг нафари маҳаллий, 580 минг нафари эса хорижий сайёҳлардир. Бунда аҳолининг соҳадан олган даромадлари ўртача 968 миллиард сўмни ташкил этди.

Саёҳатчиларнинг келиб-кетишига қараб кун сайин меҳмонхоналар, хостел ва оилавий меҳмон уйлари сони ортмоқда. Бугунги кунда вилоятда 904 та жойлаштириш масканлари мавжуд бўлиб, шундан 720 таси оилавий меҳмон уйларидир. Мазкур жойлаштириш воситалари бир вақтнинг ўзида 21 минг 244 нафар меҳмонни жой билан таъминлаш имконига эга. Аҳамиятлиси, 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида туризм ва унга йўлдош соҳаларда 12 минг 772 та янги иш ўринлари ташкил этилиб, аҳоли бандлиги таъминланган.

Мароқли саёҳат завқи

Экотуризмни ривожлантиришнинг яна бир ижобий томони, унда сайёҳларга юқори даражада хизмат кўрсатувчи меҳмонхоналар кўп ҳам талаб қилинмайди. Чунки бу йўналишда анъанавий ҳордиқ чиқариш ва маиший қулайликлар иккинчи даражали масалага айланади. Сайёҳ учун асосийси табиатдан баҳра олиш ва унинг гўзалликларни томоша қилиш ҳисобланади. Бунинг учун палаткаларни жойлаштириш ва кемпингларни ўрнатиш кифоя.

Аммо бошқа томондан, экотуризм юқори малакали мутахассисни, яъни ҳар бир гуруҳ учун эколог, туристларнинг хавфсизлигини таъминловчи ходимни талаб қилади. Турфирмаларнинг барча ҳаракатлари табиатни муҳофаза қилиш бўйича қонунчилик талаблари асосида олиб борилиши керак.

Экотуризм соғлом ҳаёт тарзи шакли ҳамдир. Экологик турлар кўпинча спорт билан шуғулланиш, соғломлаштириш муолажаларини ҳам кўзда тутади. Улар, одатда, туроператорлар томонидан турли шаклларда таклиф этилади. Масалан, тоғли жойда яшаб, табиат объектларини зиёрат қилиш ёки курорт меҳмонхоналарида яшовчилар учун қўшимча хизматлар сифатида қўриқхона зоналарига экскурсиялар, тоғ ёки кўлларга бир кунлик сафар уюштириш мумкин.

Юртимизнинг деярли барча вилоятлари оммавий экотуризм марказлари бўла олади. Биздаги экотуризмнинг қулай томони шундаки, саёҳатларни деярли йил давомида ташкил этиш имкони бор. Баҳорда саҳролар ва чўллар ўта чиройли манзара касб этса, ёз фаслида тоғли ҳудудларда дам олиш туристларга мароқ бағишлайди.

Мамлакатимизнинг миллий боғлари, экологик вазият мураккаблашган Оролбўйи минтақаси, шунингдек, ихтисослашган муассасалар ҳам экотуризм учун қулай. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида экологик туризмни ривожлантириш имкониятлари мавжуд. Хорижлик сайёҳларда Орол денгизининг қуриган туби ва ундаги «кемалар қабристони»ни томоша қилиш иштиёқи кучли.

Тўғри, Орол денгизига оммавий ва доимий сайёҳлик турларини уюштириш қийин, аммо мазкур сайёҳликдан келган даромаднинг муайян қисми минтақа аҳолисининг ҳаёт даражасини кўтариш, улар учун ичимлик сувни тозаловчи воситалар ўрнатиб беришга сарфланиши мумкин.

Мамлакатимизга сайёҳларни янада кўпроқ жалб қилиш учун, биринчи галда, хизмат кўрсатиш шароитларини яратиш, қулай транспорт воситалари билан таъминлаш ва албатта, Ўзбекистоннинг экотуристик салоҳиятини жаҳон миқёсида тарғиб қилиш зарур. Соҳани ривожлантиришда дам олиш уйлари, меҳмонхона, турис­тик базалар, йўллар, муҳандислик тармоқларини қуриш билан боғлиқ барча лойиҳаларни экологик баҳолаш ҳам муҳим омил саналади.

Умуман, саёҳат инсоннинг ҳаётий эҳтиёжларига айланиб бормоқда. Ҳар кунги бир хил иш тартиби, шаҳарларнинг заҳарли газлардан димиққан ҳавоси, қулоқ аллақачон ўрганиб қолган доимий шовқин одамни сокин табиат бағрига чорлайверади. Янги масканларни «забт этиб», турли мамлакатларни кўриш истаги эса саёҳат иштиёқини оширади.

Ислом ХУШВАҚТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси




Ўхшаш мақолалар

Янги ҳуқуқий меъёр  Ёввойи  Ўсимликлар эътибордан  четда  эмас

Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас

🕔09:22, 23.10.2025 ✔10

Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.

Батафсил
Боғотда чиқинди муаммоси:  рақамлар тизимли ёндашувни  талаб  қилмоқда

Боғотда чиқинди муаммоси: рақамлар тизимли ёндашувни талаб қилмоқда

🕔09:18, 23.10.2025 ✔13

Боғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.

Батафсил
Ҳайвонлар ва қушларда ҳам  ғурур бор

Ҳайвонлар ва қушларда ҳам ғурур бор

🕔09:09, 23.10.2025 ✔10

Баъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Янги ҳуқуқий меъёр  Ёввойи  Ўсимликлар эътибордан  четда  эмас

    Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас

    Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.

    ✔ 10    🕔 09:22, 23.10.2025
  • Боғотда чиқинди муаммоси:  рақамлар тизимли ёндашувни  талаб  қилмоқда

    Боғотда чиқинди муаммоси: рақамлар тизимли ёндашувни талаб қилмоқда

    Боғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.

    ✔ 13    🕔 09:18, 23.10.2025
  • Ҳайвонлар ва қушларда ҳам  ғурур бор

    Ҳайвонлар ва қушларда ҳам ғурур бор

    Баъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.

    ✔ 10    🕔 09:09, 23.10.2025
  • Тозалик ва озодалик  ойлиги бошланди:  Ҳисса  қўшинг, фаол  иштирок этинг!

    Тозалик ва озодалик ойлиги бошланди: Ҳисса қўшинг, фаол иштирок этинг!

    Ўзбекис­тон Президенти топшириғига кўра, 15 октябрдан эътиборан бутун республикада тозалик ва озодалик ойлиги бошланди.

    ✔ 37    🕔 15:30, 16.10.2025
  • Табиатнинг  олтин  бешиги

    Табиатнинг олтин бешиги

    «Сайгачий» мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси Устюрт текислигининг ноёб биологик хилма-хиллигини ўзида мужассам этган. Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот ва Мўйноқ туманлари ҳудудида жойлашган мазкур қўриқхонанинг асосий мақсади табиий гўзалликни асл ҳолича ишончли муҳофаза қилишдан иборатдир.

    ✔ 29    🕔 15:27, 16.10.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар