Табиат      Бош саҳифа

«Гужумлар музейи» асраб қолиниши зарур

Садақайрағочни Хоразмда гужум дейишади. Бу кўркам ва серсоя дарахт бошқа минтақаларга қараганда Қуйи Амударё ҳудудларида кўпроқ экилади. Чунки у табиатнинг жонли кондеционери саналиб, ҳавони тозалаш ва салқинлантирувчи хусусиятларга эга.

«Гужумлар музейи»  асраб қолиниши зарур

Яқин йилларгача ҳар бир ҳовлида бир туп гужум экилган бўлиб, унинг остида катта бир оила жазирама ёзни соғ-саломат ўтказишган. Болалигимизда юз йиллик гужумларни ҳам кўрганмиз. Беш-олти одамнинг қучоғи етмас баҳайбат гужумлар эндиликда ўтмишга айланган.

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида гужумларга «мозор қурти» ёки мўйловдор қурт деган ҳашарот қирон етказа бошлади. Ўктам ва пурвиқор гужумларнинг танаси илма-тешик бўлиб, қурий бошлади. Одатда гужум дарахтининг танаси жуда қаттиқ бўлгани учун ҳам қадимда ота-боболаримиз ундан арава ёки чархпалак гупчаги ва ғилдиракларини ясашган. Хива шаҳридаги арк ва мадрасаларнинг нақшинкор дарвозалари ҳам гужум дарахтидан ишлангани билан аҳамиятли.

Кўпгина мутахассислар жуда қаттиқ танали дарахт бўлишига қарамасдан гужумнинг зараркунанда ҳашаротлар томонидан нобуд қилинаётганининг сабабини ўрганишга ҳаракат қилишган. Бироқ аниқ хулоса ҳалигача берилмаган. Кўпни кўрган нуроний отахонларнинг фикрига кўра, ўтган асрнинг 80-йилларида авж олган пахта яккаҳокимлиги даврида эски қабристонларни бузиб экин майдонлари яратилиши оқибатида зараркунанда ҳашаротлар кенг равишда тарқала бошланган. «Мозор қурти», яъни мўйловдор қурт деган ҳашарот метиндек қаттиқ дарахтларнинг танасини ўйиб, уруғланар экан. Ўз вақтида қатъий чоралар кўрилмагани боис Хоразмнинг ям-яшил дунёсига жиддий путур етган.

Ўсмирлигимизда ариқ ва зовурлар ёқасида бульдозерлар билан йиқиб ташланган баҳайбат гужумларни кўп кўрар эдик. Уларнинг кўпчилигини қурт босиб, зарарлаган бўлса, аксарияти янги ерлар ўзлаштирилиши натижаси жамоа хўжаликлари раҳбарлари томонидан қўпортириб ташланган эди.

1990 йилларга келиб гужумларни сақлаб қолишга эътибор бир мунча жонлангандек бўлди. Ҳатто ўз даврида фидойи раҳбар Маркс Жуманиёзов Хоразм вилояти ҳокими бўлиб ишлаган пайтда эшиги олдига бир туп гужум эккан кишиларнинг томорқасига 1 сотих ер қўшиб беришни ваъда ҳам қилган эди.

Воҳада гужумларни сақлаб қолиш бўйича энг кўп жон куйдирган ва самарали ишларни олиб борган инсонлардан яна бири Аҳмаджон Собиров бўлди.

 Узоқ йиллар прокуратура идораларида меҳнат қилган бу ажойиб инсон нафақага чиққач, Урганч шаҳрини кўкаламзорлаштириш ишларига бош-қош бўлди. Ўзи турфа гуллар ва дарахт кўчатлари етиштиришга иштиёқманд инсон бўлгани учун ҳам кексалигини баҳона қилиб уйда ўтириб қолмади. 1999 йилда вилоят марказининг энг кўркам нуқтаси – Шовот канали ёнгинасида Жалолиддин Мангуберди хиёбони ташкил қилингач, Аҳмаджон ота унга масъул қилиб тайинланди. Она табиат фидойиси бўлган бу ажойиб инсон хиёбонни турфа гуллар билан безаш билан бирга, бу ерда гужумларнинг турли навларини кўпайтиришга муносиб ҳисса қўшди. Аҳмаджон ота, ҳатто Туркманистоннинг Кўҳна Урганч туманидан гужумнинг икки хил навини олиб келиб хиёбонга ўрнатганига гувоҳман.

Собиқ прокурор Аҳмаджон Собиров Жалолиддин Мангуберди хиёбонида 18 навли гужум экилгани ҳақида гапириб берганида жуда ҳайратланган эдим. Булар: қорамон, шохаки, чиний нарвон (Хитой садақайрағочи), пастлак ва ҳоказо. Эътиборли жиҳати шуки, бу ердаги гужумлар ўзининг дуркун ва ўктамлиги билан ажралиб туради. Улар касалликка ҳам кам чалинган, ҳашоратлар зарар етказмаган.

Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди хиёбони бунёд қилинганига ҳам, мана, йигирма икки йил тўлибди. Орадан шунча вақт ўтиб, бу ерга экилган гужумлар пурвиқор дарахтларга айланди. Эндиликда мазкур хиёбонни бир сўз билан табиат бағридаги «Гужумлар музейи» десак, асло янглишмаймиз. Чунки бу ерда ҳақиқатан ҳам ранг-баранг турфа навли гужумларни учратишимиз мумкин. Япроқлари қалин, тўқ яшил тусдаги қорамон, бутоқлари бир-бирига чирмашиб ўсаётган серсоя шохаки нави ёхуд осмон сари тобора талпиниб бораётган чиний нарвонлар... Уларнинг барчаси кўзни қувонтиради.

Яқиндагина Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангубердининг 25 метрли янги ёдгорлиги қад ростлади. Эндиликда 1999 йилда асос солинган Жалолиддин Мангуберди хиёбонидаги эски ёдгорлик бошқа жойга кўчирилди. Аҳамият қаратиш муҳим бўлган жиҳат шуки, эски хиёбон табиатнинг очиқ жонли музейи сифатида сақлаб қолиниши зарур. Менга қолса, хиёбонни Огаҳий номидаги боғ сифатида қайта таъмирлаб, уни Қуйи Амударё минтақасида яшаб ижод қилаётган қаламкашлар ихтиёрига берган маъқул...

Бугунги кунда юртимизда кун сайин бунёдкорлик ва қурилиш ишлари ривожланмоқда. Бу, албатта она табиатга зиён-заҳмат етказмаган ҳолда давом этиши лозим. Жалолиддин Мангуберди номидаги эски хиёбон юзлаб туп гужумлари билан табиатнинг жонли бир бўлаги, ноёб экспонат сифатида сақлаб қолиниши шарт. Аксинча бўлса, биз катта бойликни ўз қўлимиз билан нобуд қилган авлод сифатида тарихда қолишимиз шубҳасиз.

 

Эрпўлат БАХТ,

Ўзбекистон

Ёзувчилар уюшмаси аъзоси




Ўхшаш мақолалар

Ўзбекистон учун биринчи марта  комплекс тизим яратилди

Ўзбекистон учун биринчи марта комплекс тизим яратилди

🕔10:58, 04.12.2025 ✔39

CITES иштирокчи давлатларининг 20-конференцияси доирасида «Табиат лойиҳалари: биохилма-хилликни сақлаш учун ўрмонларнинг экологик таснифи» мавзусида параллель тадбир ўтказилди.

Батафсил
Рақсга  уста  йўрға тувалоқлар

Рақсга уста йўрға тувалоқлар

🕔10:53, 04.12.2025 ✔28

Ўз вазифамга кўра қўриқхона ҳудудини назорат қилиб айланиб юрарканман, икки томонини бутазорлар қоплаган тор сўқмоқлардан бирида икки ноёб қушнинг қанотларини кенг ёйиб рақсбоп ҳаракатлар қилаётганини кўриб қолдим. Панароққа ўтиб дурбинда эътибор билан кузатдим. Бу ер юзида тобора камайиб бораётган ноёб йўрға тувалоқ экан.

Батафсил
Чўл бағридаги мўъжизавий  маскан

Чўл бағридаги мўъжизавий маскан

🕔15:45, 27.11.2025 ✔44

Сир эмаски, бир неча йиллардан буён мамлакатимизда экотуризмни ривожлантириш ҳақида кўп гапирилиб келинмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Ўзбекистон учун биринчи марта  комплекс тизим яратилди

    Ўзбекистон учун биринчи марта комплекс тизим яратилди

    CITES иштирокчи давлатларининг 20-конференцияси доирасида «Табиат лойиҳалари: биохилма-хилликни сақлаш учун ўрмонларнинг экологик таснифи» мавзусида параллель тадбир ўтказилди.

    ✔ 39    🕔 10:58, 04.12.2025
  • Рақсга  уста  йўрға тувалоқлар

    Рақсга уста йўрға тувалоқлар

    Ўз вазифамга кўра қўриқхона ҳудудини назорат қилиб айланиб юрарканман, икки томонини бутазорлар қоплаган тор сўқмоқлардан бирида икки ноёб қушнинг қанотларини кенг ёйиб рақсбоп ҳаракатлар қилаётганини кўриб қолдим. Панароққа ўтиб дурбинда эътибор билан кузатдим. Бу ер юзида тобора камайиб бораётган ноёб йўрға тувалоқ экан.

    ✔ 28    🕔 10:53, 04.12.2025
  • Чўл бағридаги мўъжизавий  маскан

    Чўл бағридаги мўъжизавий маскан

    Сир эмаски, бир неча йиллардан буён мамлакатимизда экотуризмни ривожлантириш ҳақида кўп гапирилиб келинмоқда.

    ✔ 44    🕔 15:45, 27.11.2025
  • Бургут  фарзандларига  қандай қилиб ота танлашини биласизми?

    Бургут фарзандларига қандай қилиб ота танлашини биласизми?

    Табиат сир-синоатларга тўла. Она бургутларнинг бўлажак фарзандларига ота танлаш жараёни ҳам жуда ҳайратланарли кечади.

    ✔ 42    🕔 15:44, 27.11.2025
  • Табиатнинг  чегараси йўқ

    Табиатнинг чегараси йўқ

    Ўзбекистон ва Тожикистон мактаб ўқувчилари иштирокида «Зарафшон дарёси. Умумий экотизим – умумий ғамхўрлик» халқаро экомарафони ўтказилди.

    ✔ 93    🕔 15:30, 20.11.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар