Иқлим      Бош саҳифа

Сув танқислиги – яқин келажакда бизни кутиб турган катта хавф

Дунё яралибдики тўрт муҳим унсур: қуёш, ер, ҳаво ҳамда сув ушбу тирик­ликнинг занжири вазифасини ўтаб келади. Қадимдан бизга маълумки, одамлар яшаш учун сой ва дарёлар бўйида исътиқомат қилишган.

Сув  танқислиги –  яқин келажакда бизни  кутиб турган катта хавф

Қаерда сув бўлса, ўша ерда ҳаёт пайдо бўлган. Инсонлар ўзлари исътиқомат қиладиган ҳудудларда табиат берган неъматлардан оқилона фойдаланишган ва ўзларига маълум бўлмаган воқеа ҳодисаларни тушуниб ета олмаганликлари боис табиат олдида кучсиз эканликларини англаб етишган ва қўрқишган.

Вақтлар ўтган сари эса инсон онги ва тафаккури шаклланиши натижасида кишиларнинг яшаш шароити яхшилана борди. Мана энди биз инсониятнинг ақл тафаккури юқори чўққиларга эришган даври – «Нано технологиялар асри»да яшаб келмоқдамиз. Лекин, қадимда ҳам, ҳозирги кунда ҳам инсон тафаккури шунчалик юқори бўлишига қарамай, табиат ҳодисалари олдида ҳамон ожиз экани айни ҳақиқат.

Инсон эҳтиёжлари чексиз, аммо табиат ресурслари чекланган. Бизнинг энг катта эҳтиёжимиз ҳам сув бўлиб, ундан ҳад-ҳисобсиз тарзда фойдаланиб келяпмиз. Аслида эса сувсиз бир кун эмас, бир соатни ҳам тасаввур эта олмаймиз. Бугун эса табиатнинг ноёб неъмати бўлмиш ўша сув ҳам чексиз эмаслиги, унинг ҳам охири борлиги ҳақида табиатнинг ўзи белги бермоқда. Афсуски бу «белги» инсоният учун қимматга тушиши ҳеч гап эмас.

Бугун Ер юзида истиқомат қилувчи инсонлар барчаси у ёки бу даражада ичимлик сув танқислигини ҳис этмоқда. Ичимлик сув етарли бўлган жойларда ҳам унинг қиймати ошиб бораётгани сир эмас. Ифлосланган сув истеъмоли туфайли қанча касалликлар ортиб бораётгани, ерлар ишдан чиқаётганини-ку айтмаса ҳам бўлади.

Ҳақиқатдан, бир кун табиатнинг бизга инъом этган барча неъматлари ўз ниҳоясига етиши мумкин. Бу эса инсоният олдида турган энг даҳшатли, ер юзидаги тирикликнинг фожиасига сабаб бўлиши мумкинлигини англаш у қадар мушкул эмас. Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, ер юзидаги океан, денгиз, дарё, кўллар, музликлар ва ёмғир сувларини 100 фоиз сув деб оладиган бўлсак, уларнинг бор-йўғи 3 фоизигина чучук сув ҳисобланади. Шунинг ҳам 2 фоизини музликлар ташкил этса, инсоният фойдаланиши мумкин бўлган сув бор-йўғи 1 фоизга етиши мумкин, холос.

Бугунги глобаллашув шароитида ер юзида 60 фоизга яқин инсонлар ичимлик сув етишмовчилигидан азият чекади. Маълумотларга кўра, ер юзида яшовчи 1,2 млрд. аҳоли ичимлик сув етишмаслиги ва 2 млрд. аҳоли ичимлик сув танқислигидан қийналади. Бугунга келиб дунё мамлакатларининг 80 дан ортиғида ичимлик сув етишмаслиги ҳамда 30 дан ортиқ давлатларда эса сув танқислиги кузатилаётганининг ўзи бу муаммо дунё ҳамжамияти орасида аллақачон глобал аҳамият касб этганидан далолат беради.

БМТнинг хабар беришича, 2025 йилга келиб ичимлик сув танқислигидан 2,4 млрд. одам азият чекса, 2050 йилга келиб эса бу кўрсатгич 4 млрд.га етиши тахмин қилинмоқда. Бу дегани, дунёни ушлаб турувчи унсурлардан бири бўлган сувнинг камайиб бориши Ер шарига мудҳиш хавфдан дарак бермоқда. Демак, бу нафақат инсоният, балки бутун сайёра – тириклик, туп­роқ, ўсимлик ҳамда ҳайвонот олами хавф остида қолаётганини кўрсатади.

Дунёда баъзи бир давлатлар ўртасида сувдан фойдаланиш бўйича низолар мавжуд. Масалан Исроил Фаластин ҳамда Ҳиндистон ва Покис­тон шулар қаторига киради.

БМТ маълумотларига кўра, Европа, АҚШ ва Хитойда ичимлик сув бўйича муаммолар етарлича ва уни ҳал қилиш бўйича бир неча маротаба мурожаатлар қилингани ҳам бу муаммо ечими ҳақида ўйлашга ундайди.

Албатта, бу муаммо фожиали тус олишини секинлаштириш, бирмунча юмшатиш мумкин. Глобал миқёсда бу йўналишда бир қатор лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда.

Аслида эса бунинг ечими инсониятнинг ўзига, янада аниқроқ айтсак, ҳар биримизга боғлиқдир. Табиат бизга берган бу неъматни асраб-авайлаб, ундан оқилона фойдаланишимизга бориб тақалади муаммонинг ечими.

Биринчи навбатда, ичимлик сувни ақл билан сарфлаш орқали тежаш ва уни сарф қилишда эҳтиёткорлик билан ёндашишдир. Буни амалга оширишда етишиб келаётган янги авлодни ёшлигиданоқ сувнинг миқдори чекланганлиги ва буни ортидан жуда кўп инсонларнинг сув танқислигидан қийналаётганини мунтазам таъкидлаш орқали сингдириш ҳамда узлуксиз тарғибот чораларини амалга ошириш керак. Яъни экологик маданиятни қоғозда эмас, амалда шакллантириш талаб этилади.

Экологик маданиятни шакллантиришни биринчи навбатда оиладан бошлаш лозим. Оилада экологик маданиятни шакллантириш, экологик таълим ва тарбия бериб боришдан мақсад – бу инсонни ҳаётга қадам қуйган вақтдан бошлаб, бутун умри давомида табиатдан онгли равишда фойдаланиш, унга ҳурмат ва эътибор билан қараш, урф-одатларини, удумларини тиклаш, яъни ариқларни обод тутиш, сувни ифлос қилмаслик, чиқинди ташламаслик каби сувни исроф қилмаслик билан боғлиқ азалий қадриятларни эъзозлайдиган, амал қиладиган авлодни камол топтиришдан иборат. Бинобарин, нафақат сув, балки инсониятга ҳаёт бахш этган она табиатни бутун борлиғи билан муҳофаза этишга ёш авлод вакилларини тўлиқ жалб этиш, табиий бойликлардан ўз ўрнида самарали фойдаланишда муҳим натижа беради.

Ёш авлод онгига экологик маданиятни етказиш ҳамда дунёқарашини шакл­лантириш узлуксиз давом этадиган тизимли иш ҳисобланади. Оилада болаларга экологик маданиятни миллий қадриятлар орқали сингдириб бориш, мактабгача таълим-тарбия муассасаларида она табиатни асраб-авайлаш ҳақида кўргазмали тушунтириш ишларини йўлга қўйиш, мактаб тизимида экологик маданиятни шакллантирувчи фанларни жориий этиш, олий таълим тизимида «Экологик маданият» саводхонлигини шакллантирувчи ўқув курслар ташкил қилиш шулар жумласидандир.

Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, барча неъматлар тириклик дунёси, инсоният учун берилган. Лекин инсон унинг қадрига етмаса, охири йўқдек кўринган неъматларнинг тугаб бораётганини англамай, беҳуда сарфлайверса қандай қилиб ўзининг ва келгуси авлодлар ҳаётини хавф остида қолдирганини англамай ҳам қолиши ҳеч гап эмас. Унда эса жуда кеч бўлади...

 

Нигора ҲУСАНОВА,

Республика Маънавият ва маърифат

маркази Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти кичик

илмий ходими, ЎзМУ таянч докторанти




Ўхшаш мақолалар

Сессия қарори асосида «Навоийазот» АЖ  атрофида атмосфера  мониторинг  қилинади

Сессия қарори асосида «Навоийазот» АЖ атрофида атмосфера мониторинг қилинади

🕔09:23, 23.10.2025 ✔6

Саноат корхоналари мамлакатда иқтисодий тараққиётнинг бош омили саналади. Уларда минглаб элдошларимиз меҳнат қилар экан, биринчи навбатда ўз оиласи фаровонлигини таъминлаётганидан мамнун, албатта.

Батафсил
Кўринмас сув нима?

Кўринмас сув нима?

🕔09:11, 23.10.2025 ✔6

Виртуал сув маҳсулотни ишлаб чиқариш жараёнида ишлатилган, лекин кўзга кўринмайдиган сув миқдоридир.

Батафсил
Сирдарёда  сувдан фойдаланиш қандай кечмоқда?

Сирдарёда сувдан фойдаланиш қандай кечмоқда?

🕔15:32, 16.10.2025 ✔26

Сирдарёда экологик ислоҳотлар бўйича эшитувда сув ресурсларини тежаш ва амалий натижалар босқичи бошлангани муҳокама қилинди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар