Фикрбазм      Бош саҳифа

ҲАВОДА ҚОЛГАН ҚЎЛГА ЧЕТДАН «ЭТАК» КЕЛМАСИН

Таниқли журналист, «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Фармон ТОШЕВ билан фикрбазм

ҲАВОДА ҚОЛГАН ҚЎЛГА ЧЕТДАН «ЭТАК» КЕЛМАСИН

Махсус савол

Воҳид ЛУҚМОН,

«Оила ва жамият» газетаси бош муҳаррири:

— Сиз раҳбарлик қилаётган газеталарда танқидий материаллар кам берилмайди. Яна барида вилоятдаги энг муҳим соҳалардаги масалалар таҳлил қилинади. Сиз эса наинки таниқли ижодкор ва вилоят бош газетасининг раҳбари, балки жамоат арбоби сифатида ҳам вилоятдаги катта расмий-норасмий йиғинларда доим фаолсиз. Буёғи, ўзбекчилик — «одамнинг юзи иссиқ» деган гаплар бор. Ана шундай ўт ва сув орасидаги вазиятдан қандай чиқиб кетасиз?

— Гап эплаб таҳлил қилиб беришда. Айтайлик, кўчада чиқинди ётибди. Шуни «ҳаммаёқни чиқинди босди», деб ёзишдан осони йўқ. Лекин ҳар киши ерга бир донадан писта пўчоғи ташласа, неча тонна чиқинди ҳосил бўлиши, буни бартараф этиш учун қанча маблағ кетиши ё унинг олдини олиш учун нималар қилиш кераклиги ҳақидаги таҳлилдан, ўйлайманки, ҳеч ким хафа бўлмайди. Масалан, газетамизда «кун ҳикмати» рукни бор. Шунда бир гал «порахўрлик — яшириб бўлмайдиган иллат» деган гапни бердик. Шу гапга юздан ортиқ хат олдик: одамлар бу иллатга мисоллар, унинг ечимига таклифлар ёзишди... Ёки яқинда бир туман ҳокимлигида бир хат саккиз ой қолиб кетгани ҳақида «Эртага келинг...» кайфиятидан қачон қутуламиз?» сарлавҳали материал бердик. Албатта, ҳокимлик эътироз билдирди. «Марҳамат, материалнинг битта хатосини топиб беринг, расман кечирим сўраймиз», дедик. Журналистнинг ҳақлигини тан олишдан бошқа чора қолмади.

Воҳиджон, биласиз: мен очиқ сўзбўронга қаршиман, пишиқ-пухта таҳлил бўлса дейман. Лекин ҳар «одамнинг юзи иссиқ» деяверсак, журналистика қачон ўз функциясини тўла бажаради?.. Сиз айтган «ўт ва сув орасидаги вазиятдан чиқиб кетиш»нинг йўли битта — дипломатия. Журналист савол беришни билдими, унга жавоб беришни ҳам қотириши керак. Бир эшикка киришдан олдин ундан чиқиш йўлини етти марта текшириши зарур. Энди, ҳар қандай материалга мақтов билан ёнма-ён, албатта, эътироз бўлиши табиий. Масалан, яқинда бир одамни олтмишга кирди, юбилей бўлди, деб табрик бергандик, биров шунга ҳам эътироз билдириб келса денг: нима эмиш, «бу кимса менга ёмонлик қилганди, унинг газетада мақталишга ҳаққи йўқ» эмиш...

Ҳатто мақтовга эътироз бўлади-ю, сиз тағин танқидий материални айтасиз?!.

Нодир ЖОНУЗОҚ, «Ёшлик» журнали бош муҳаррири:

— Ижодкор зоти борки, пойтахтга интилади, лекин Тошкентга катта орзулар билан келган ижодкорларнинг ҳаммаси ҳам кўзлаган мақсадига эриша олмайди. Пойтахтда бир умр яшаб ҳам ўз истеъдодини юзага чиқара олмаган қаламкашлар талай. Айни пайтда вилоятда яшаб туриб ҳам мамлакат миқёсида обрў қозонган, ўз сўзи ва услубига эга бўлган ижодкорлар-да кўп. Чекка ҳудудда яшаб, эл назарига тушишнинг сири нимада? Вилоятда яшаб-ижод қилаётганларнинг ютқизиқлари ҳам борми?

— Бадиий ижодда истеъдод жой танламайди. Дейлик, Толстой ё Шолохов бир умр қишлоқда яшаса-да, дунёга донғи чиқди-ку. Ваҳоланки, уларнинг даврида интернет йўқ эди.

Шунга қарамай, қишлоқ боласининг марказга интилишини маданиятга, илмга интилиш, деб тушуниш керак. Чунки улар пойтахтга қора меҳнат ё қийинчиликдан қочиб эмас, ўз истеъдодини намоён этиш учун келади. Агар туғилган жойида етарлича адабий муҳит бўлса, ёш ижодкорларнинг пойтахтга келишига ҳожат қолмасди.

Ўз қишлоғида яшаб-ижод қилаётганларнинг ютқизиқлари... — о, улар жуда кўп. Энг аввало, адабий саводнинг пастлиги. Чунки шаҳарда ижод қилаётган қаламкаш, ҳеч бўлмаса, газета-журнал ўқийди-да. Адабий муҳит йўқ жойда на мутолаа маданияти, на фикр алмашиш, на адабиёт тарғиботи — ҳеч вақо бўлмайди.

Нодиржон, биласиз: тайёр адабий муҳитни ҳеч ким пойтахтда ҳам яратиб бермайди. Эътибор берсангиз, оддий мактабда битта фидойи адабиёт муаллими бўлса, ўша жойда адабий муҳит пайдо бўлади. Кимдир кеча ё бугун чекка ҳудудда яшаб, эл назарига тушса, билингки, ё унинг ўзи, ёки атрофида кимдир фидойидир. Чунки имконият барибир бўлади, ундан эплаб фойдалана олмаслик — бу энди бошқа масала.

Абдукарим СОҲИБОВ, пенсионер (Наманган вилояти):

— Бундан бир неча минг йил муқаддам барпо этилган қадимий обидаларнинг биридан «Ёшлар қалбини асранг» деган битик  топилган экан. Назаримда, бу даъват бугун ҳам ўз аҳамиятини заррача йўқотмаган. Бу борада бугун зиёлиларнинг энг бирламчи вазифалари нималардан иборат, деб ўйлайсиз?

— Бугун кўп зиёлиларимизда фидойилик сусайиб, «устоз-шогирд» анъанаси камайиб кетаётгани мени жиддий ташвишга солади. Фидойилик — соат 9 дан 18 гача ишлаш ё бирор тўгарак раҳбари бўлиш дегани эмас. Ахир бунинг учун мояна тўлайдилар. Фидойилик — одамнинг белгиланган вақтдан, ўз куч-қувватидан ташқарида ҳам ҳеч бир таъмасиз ишлай олиши. «Буни мен қилмасам, ким бажаради?» деган савол-мақсад билан яшай билишидир. Фидойилик, балки, ўз вақтида олқиш олмас, аммо зиёлининг ўз миссиясини бажариши ҳар қандай олқишдан баланд туради-ку! Кимнидир ўқитган, унга репетиторлик қилган, ё айтайлик, асарига сўзбоши ёзган ҳар кас устоз бўлавермайди-да. Устозлик — шогирдининг бутун тақдирига алоқадор, ҳаётига жавобгар, умрига масъул бўлиш демак. Ҳаётимда кўп кўрдим: ўзини билган ҳар зиёлининг этагида, албатта, бир қўл бор. Ўзи рисоладагидай яшаб-ишлаб юрган зиёли ҳеч қачон шогирдининг бошига уриб, бир нимани ўргатмайди — ҳар сўзи-иши ибрат, дарслик бўлиб бораверади. Бугун эса кимнинг этагини ушлашни билмай юрган ёшлар кам эмас. Ҳавода қолган ҳар қўлга эса четдан «этак» келиб қолмаслигига кафолат йўқ.

Ёшлар қалбини асраш — мурғақ руҳиятни майиб қилиб қўймасликни ҳам англатади. Масалан, Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзод айрим қизлар икки-уч китоб чиқарган, бироқ «сўнгги бор қайси асарни ўқидинг?» деган саволга тайинли жавоби йўқ. Бир укамиз қизини шоира қиламан, деб келди. Майли, ният яхши, лекин истеъдоддан асар ҳам бўлмаса, қийин-ку. Қораламаларини ўқиб шундай десам, ота бояқиш очиқ ранжиди: «сиз биласизми ё Раъно малим биладими?». Мактабидаги ўша «Раъно малим»ни чақирдим, «опа, нега бу қизга «шеъринг зўр», деб ёлғон гапиряпсиз, ахир булар жумла ҳам эмас-ку», десам, «мен қаёқдан билай, шоир бўлмасам», деди. Балки шу қизимиз зўр врач ё архитектор бўлар... Ахир қачонгача ёшларни папалаймиз? Қачон уларга тўғри йўлланма берамиз? Бугун ўзбек зиёлиларининг энг бирламчи вазифаси шулар эмасми?!.

Соҳибназар ТУРДИАЛИЕВ, журналист

(Хоразм вилояти):

— Бир гал «ҳафтада бир чиқадиган нашрни қандай қилиб газета ҳисоблаш мумкин?», дегандингиз. Бугун — глобаллашув, моддият маънавий эҳтиёжларни ўз асирига айлантириб олаётган бир пайтда матбуотнинг сўзи қаергача етиб боради, сизнингча? Газеталарнинг яқин келажакдаги аҳволини қандай тасаввур қиласиз?

— Хитой, Европа ё Америкада интернет биздан кам ривожлангани йўқ, телеканалларининг саноғи бормикан? Лекин нега ўша ёқларда кунига икки-уч марта газета чиқади? Яна миллионлаб нусхада. Шу ўринда зиёлиларимизнинг диди эмас, бурчи ҳақида айтсам: нима учун улар газетада ўқигани ҳақида бошқаларга айтиб бермайди? Ёки аксинча — фикрларини нашрга ёзиб жўнатмайди? Газеталарнинг вақтида етиб боришига ҳам ҳамма панжа орасидан қараяпти. Энг ёмони — обуначи ўзи пул тўлаган нашрнинг келиш-келмаслиги билан иши йўқ!.. Ташкилот раҳбарлари ходимларининг газета-журнал ўқишини ташкил этмаса, нега обуна бўляпти — ҳеч тушунмайман. Мана, биргина Самарқандда 15 ташкилот обуна билан машғул. Лекин улар кўпайгани сайин обуна сусайиб кетяпти — ўзимиз ҳам ҳайронмиз...

Бугун ҳафтада бир чиқадиган газета хабар эмас, шарҳ, таҳлил бериши керак. Бундан барча ютади. Чунки янгилик ўта тез эскираётган кунларда яшаяпмиз. Барибир, газеталарнинг яқин келажакдаги аҳволи ўнгланиб кетишига ишончим мустаҳкам. Чунки жамият ривожи унинг матбуоти қай даражада тараққий этганида ҳам кўринади.

Шоҳжаҳон АСРОРЖОНОВ, абитуриент

(Фарғона вилояти):

— Журналист бўлиш — болаликдан орзум. Яқинда бир китобингизда ёш мухбирларга маслаҳатларингизни ўқиб қолдим. Унда «танқид ёзмоқчи бўлсангиз ҳам муомалани яхши қилинг», дегансиз. «Муомалани яхши қил»иб, танқид қилганингизда, сизни иккиюзламачи сифатида айблашмаганми? Яна устозлар айтадики, илгари газеталарда танқидий материал тайёрланса, танқид қилинган идора бошлиғидан муҳр бостириб келиш талаб қилинар экан? Шу ҳолатлар фаолиятингизда бўлганми?

— Ўзини билган одам учун ишдан кетиш эмас, фельетон  бўлиш — шармандалик. Энди илгари танқидий материал озми-кўп муҳокама бўлар, бунинг натижаси нашрда эълон қилинарди. Эсимда, бир гал ҳикоя берганмиз: уй ёниб кетади, ўт ўчирувчилар келганча бари кул бўлади, уй эгаси эса беркитган тилласи учун ўзини оловга отади. Табиийки, қишлоқ номи ҳам тўқима бўлган. Ёнғинга қарши курашадиган идорадан шу ҳикояга «ҳудудимизда бундай қишлоқ йўқ, ёнғин ҳам юз бермаган, тилла ҳам топилмаган, агар яна шу мавзуда шеър, ҳажвия ё ҳикоялар ёзилса, биз билан маслаҳатлашилсин» деган мазмунда хат келган... Ёки танқид чиққан журналнинг барини киоскага чиқармай сотиб олган раис ҳақида кўпчилик эшитган. Танқиддан қўрқув кучли эди-да. Балки шу боис ўша пайтлар танқид кўпайгани сайин муаммолар ҳам баттар илдиз отгандир. Танқид — кимнингдир шармандасини чиқариш эмас, балки муаммонинг сабаб ва ечимлари ҳақидаги таҳлил, мушоҳададир. Яқинда бир ходимимдан сўрадим: «биласанми, фарқимиз нимада?». «Тажрибангиз бор-да», деди. «Йўқ, мен уч кун ўйлаб, уч дақиқада ёзаман. Сен эса бунинг тескарисини қиляпсан», дедим. Ахир ари ҳам, шифокор ҳам нина санчади.

Абдусалом НАРИМОНОВ, таълим фахрийси (Тошкент вилояти):

— Атоқли олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддиновнинг шундай гапи бор: «Халқимизнинг учта катта душмани бор: кўролмаслик, нафс балоси, мансабига қараб лаганбардорлик қилиш. Шуларни енгсак, шунда маънавиятимиз бутун бўлади». Бугун маънавий ҳаётимиздаги энг катта хатар, сизнингча, нима? Унинг давоси-чи?

— Устоздан ўтиб бир нима демоқ мушкул. Ҳамма ёвузликнинг онаси — нафс. Одамзод ўз нафси билан курашган, уни енгган куни инсонлик мақомига кўтарилади. Фаридиддин Аттор айтадики, «кўзини нафсдан тийган одам энг кучлидир». Шуни ўзимда синаб кўрдим — бир куни қизиқ китобни сақлаб юриб, айни оч қолган пайтимда ўқишга киришдим: етти соат ўтдики, овқатга эҳтиёж сезмадим. Чунки кўзимни таомдан китобга бурдим-да.

Нафс оила даврасида тарбия қилинади, даволанади. Отам ўқитувчи эди: доим бировнинг ҳақини ейишдан қайтарарди. Афсуски, бугун фарзанди қаердан қандай қилиб, қайси йўллар билан пул топаётганини сўраш тугул, қинғир даромад билан мақтанадиган ота-оналар орамизда камми?..

Озода ВАЛИЕВА, ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети талабаси (Тошкент шаҳри):

— Бугун газеталар ахборот етказишда рақобатлаша олмаса-да, таҳлил билан ўрнини бериб қўймаслиги мумкин. Аммо негадир, матбуотимизда таҳлил камдек. Бунга сабаб бугун баъзи журналистлар тўрт девор ичида қолганими?

— Шундайликка шундайку-я, бироқ айрим ёш ходимларимиз ташқарига чиққанда ҳам бир нимани ўрганмай қайтяпди-да. Таҳлилни қўйинг, йўналиши ҳар хил нашр оддий бир тадбир ҳақида бир хил хабар — пресс-релиз кўчирмасини беришини ҳеч ҳазм қилолмайман. Ахир ракурс турфа бўлиши керак-ку.

Панжимурод ДЎРМОНОВ, муаллим (Сурхондарё вилояти):

— Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад бир суҳбатида ёшлик даврини эсларкан, қизиқ деталь айтган: «Колхоздаги мажлисларда маккажўхори экиш ё қисир сигирларни сотиш тўғрисида гап борса ҳам, нотиқ, барибир, сўзини Чемберленни сўкиб тугатиши керак эди. Ҳатто Ҳайитвой оқсоқол колхоз идораси деворига ўзининг Чемберленни кетмон кўтарганча қувлаб кетаётган сувратини ҳам ишлатганди. Бироқ уларнинг ҳеч бири Чемберлен бизга нима ёмонлик қилган, айби нимада — билишмасди». Бугун айрим «мутахассислар»нинг «оммавий маданият» ҳақидаги умумий, мужмал, хориж сайтларидан кўчирилган гаплардан иборат материалларини ўқисам, шу Ҳайитвой оқсоқол эсимга тушади...

— Шифокорларнинг бир хил оқ халат ёки талабаларнинг оқ кўйлак-қора шим кийиши ҳам — оммавий маданият. Аммо бу тушунчани ҳар миллат ўзидан келиб чиқиб қўштирноққа олади. Бу — кўпчиликка маъқул шаклда келган қарашларнинг бемаъқул ишларни қилиб кетиши бизга маъқул эмас, дегани. Биз ҳам бу чегарани ўз ҳаёт ва тафаккур тарзимиздан, миллий мақсадларимиздан келиб чиқиб белгилаймиз.

Чўпонларда бир нақл юради: етим қўзи дуч келган совлиққа онам деб эргашиб кетавераркан. Руҳиятдаги, маънавиятдаги «етим қўзи»ликдан эса оғзи-бурнимиз мой бўлмайди — бу аниқ! Ахир илгари тўрт-беш киши билан ўтган «куёв чақириқ» ё ақиқага бугун юзлаб кишининг ёпирилиб меҳмон бўлиши — хориждан кириб келгани йўқ. Ё келиннинг ота-онаси ҳам қизини, ҳам бор-будини бериб, яна қирқ кун унга овқат ташишини кимдан ўргандик? Ҳеч кимдан. Улар тоғора кўтаришга ишқибозлик, дабдабабозлик васвасаси билан ўйлаб топилмаяптими?

Муса Жалилнинг «Хадича» шеъри бўларди: илғор, ибратли ишчи Хадича девор ошаётиб, юбкасини илгакка илиб олади. Эртаси хаёл билан шу аҳволда ишга келади. Индини кўрсаки, қолган қизлар ҳам юбкасини худди шундай йиртиб олибди. Кўрдингиз, гап айланиб, яна зиёлиларга келиб тақалмоқда. Зиёлилар лоқайд бўлса, Ҳайитвой оқсоқолдек бўлиб қолаверамиз. Бу даражадан баландлаш учун эса аниқ концептуал фикрлар ва амалий ишлар керак.

Нурпўлат ЧИНПЎЛАТОВ, чимбойлик талаба:

— Қайси сўз чайналса, қадри увадаланиши бор гап. Бугун вақтли матбуотимизда айрим муқаддас тушунчалар (Ватан, ўзлик каби) шунчалик кўп ишлатиляптики, уларни оддий сўздек қабул қила бошладик. Масалан, мен «ҳар томонлама баркамол авлодни дунёга келтириш» деган иборани ҳеч калламга сиғдира олмайман. Ахир чақалоқ қанақасига «ҳар томонлама баркамол» бўлиши мумкин?

— Ўзи, баркамол — ҳар томонлама етук, дегани. Энди, нима дейсиз: нўноқ қаламкаш ҳар қандай эзгу ғояни чиппакка чиқариши мумкин-да. Бу ҳам бугун таҳририятларда «адабий йиғин»лар, журналистлар ўртасида ижодий баҳслар, фикрлашувлар сусайиб кетгани туфайлидир. Масалан, биз газеталаримизда «маълумки», «таъкидлаш жоизки», «эътироф этиш керакки», «хулоса қилиб айтганда» каби ортиқча кириш сўзлардан аллақачон воз кечганмиз. Лекин шуларнинг ортиқча эканини англаш-англатиш учун менга ўн йил керак бўлди.

Ғайбулла ЭШБОБОЕВ, зангиоталик муаллим:

— Менга бугун дунё ахборот уруши, манфаатлар уруши гирдобида қолгандек туюлади. Афсуски, бунда ижтимоий тармоқлар фитна-ю фисқ-фасод уяси бўлиб қолмоқда. Зиёлиларимиз эса асосан телевидение ва матбуот орқали чиқишлар қилишади. Бугун устоз қаламкашларнинг интернетда ҳар қачонгидан ҳам фаол бўлиши давр талаби эмасми?

— Бу баҳсли мавзу. Билмадим, ёшим ўтиб қолдими, интернетга ҳушим йўқ. Сиз айтган мулоқотларни расмий давраларга олиб кирайлик, фойдаси ўн чандон яхши бўлади. Жонли мулоқот жонли-да, барибир. Меҳр кўзда, дейди-ку.

Умид ЁҚУБОВ

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

Мактаб  яратган ҳофиз

Мактаб яратган ҳофиз

🕔15:48, 21.01.2022 ✔506

Мусиқа халқ қалбининг ифодасидир. Ўтган асрлар мобайнида аждодларимизнинг тақдири қандай кечди, кўнглида қандай ҳис-туйғулар ҳукмрон бўлди, буларнинг бари мусиқий асарларда ўз аксини топган.

Батафсил
ИЛМДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ!

ИЛМДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ!

🕔15:06, 16.02.2018 ✔11104

«Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов мухлислардан келган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

Батафсил
«…ЎША ТЕАТРНИ ЁПИШ КЕРАК»

«…ЎША ТЕАТРНИ ЁПИШ КЕРАК»

🕔16:00, 12.10.2017 ✔11502

«Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони Ўзбек миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Халқаро Бобур мукофоти совриндори Муҳаммадали АБДУҚУНДУЗОВ мухлислар саволларига жавоб берди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Мактаб  яратган ҳофиз

    Мактаб яратган ҳофиз

    Мусиқа халқ қалбининг ифодасидир. Ўтган асрлар мобайнида аждодларимизнинг тақдири қандай кечди, кўнглида қандай ҳис-туйғулар ҳукмрон бўлди, буларнинг бари мусиқий асарларда ўз аксини топган.

    ✔ 506    🕔 15:48, 21.01.2022
  • ИЛМДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ!

    ИЛМДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ!

    «Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов мухлислардан келган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

    ✔ 11104    🕔 15:06, 16.02.2018
  • «…ЎША ТЕАТРНИ ЁПИШ КЕРАК»

    «…ЎША ТЕАТРНИ ЁПИШ КЕРАК»

    «Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони Ўзбек миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Халқаро Бобур мукофоти совриндори Муҳаммадали АБДУҚУНДУЗОВ мухлислар саволларига жавоб берди.

    ✔ 11502    🕔 16:00, 12.10.2017
  • «МЕНИНГ ТЕАТРДА ҚОЛГАН АРМОНЛАРИМ...»

    «МЕНИНГ ТЕАТРДА ҚОЛГАН АРМОНЛАРИМ...»

    «Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони — Ўзбекистон халқ артисти Мурод РАЖАБОВ муштарийлар саволларига жавоб берди.

     

    ✔ 11752    🕔 11:32, 15.06.2017
  • «ШУКУР БУРҲОН 50 ДА ЎЙНАГАН, МЕН 70 ДАН ЎТДИМ»

    «ШУКУР БУРҲОН 50 ДА ЎЙНАГАН, МЕН 70 ДАН ЎТДИМ»

    «Фикрбазм»нинг бу галги меҳмони Ўзбекистон халқ артисти Эркин КОМИЛОВ.

    ✔ 11571    🕔 10:17, 13.04.2017
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар