Ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси билан минтақамизда ягона ҳисобланувчи маскан
Давлат Экология қўмитаси тасарруфидаги Ҳисор давлат қўриқхонаси Ўзбекистоннинг жанубий-шарқий қисмида, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Қамаши туманлари ҳудудида, Ҳисор тоғ тизмасининг ғарбий ёнбағирларида, денгиз сатҳидан 1750 метрдан 4366 метргача баландликда жойлашган.
Ҳисор давлат қўриқхонаси ўсимликлар дунёси жуда бой ва хилма-хил бўлиб, уларни муҳофаза қилиш ва ўрганиш қўриқхона ходимларининг асосий вазифаларидан биридир. Мутахассисларнинг маълумотига кўра, қўриқхона ҳудудида 970 турдаги ўсимлик ўсади. Улар 81 оилага кирувчи 384 туркумга мансуб. Улардан камёб ва йўқолиб бораётган 30 тур ўсимлик Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган. Дилбанд лола, улуғвор лола, нор ширач, оқ парпи, сунбул коврак, Ўзбекистон чиннигули шулар жумласидандир.
Қўриқхона ҳудудида 250 турдан ортиқ доривор ва озуқабоб ўсимлик ўсади. Улардан қирқбўғим, зира, зирк, олтин томир, чаканда, равоч, буймадарон, шувоқ, торон, салеб, руян, сумбул, кийик ўти, қизилпойча, ошанин пиёзи, тоғбаргли пиёз, алқор кабилар халқ табобатида маҳаллий халқ томонидан озуқабоб ўсимлик сифатида кўп ишлатилади.
Камёб ҳайвонот олами
Ҳисор давлат қўриқхонаси ҳудудига ўрнатилган фотоқопқонлар ва мутахассисларнинг берган маълумотларига кўра, умуртқали ҳайвонларнинг 276 тури, 17 турдаги ноёб ҳайвонлар мавжуд. Жумладан, жорий йилнинг 17 март куни қўриқхона қўриқлаш ходими бош мутахассиси Абдулазиз Худойқулов ва қўриқлаш ходими Ҳасан Раҳмонов томонидан ўрнатилган яширин фотоқопқонларга бир бош қор қоплони видеотасвирга муҳрланган. Шунингдек, қўриқхона ҳудудида қизил суғурларнинг фотоқопқонга муҳрланишини қўриқхона ходимларининг саъй-ҳаракатлари натижаси дейиш мумкин. Қизил суғур (Marmota caudata, Красный сурок) Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг (ТМХИ) Қизил рўйхатига энг камёб тур сифатида киритилган. Бугун қўриқхонада «Қизил китоб»га киритилган ҳайвонларнинг эркин яшаши ва кўпайиши учун доимий муҳофаза чоралари амалга ошириб келинади.
Экологик рейдлар самара бермоқда
Қўриқхона ҳудудида браконьерликка қарши курашиш, ноёб турларни асраш мақсадида доимий рейд тадбирлари ўтказиб келинади. Жумладан, жорий йилнинг 31 май куни Яккабоғ тумани ҳудудида жойлашган «Қизилсув» бўлими қўриқлаш ходимлари томонидан қўриқхонанинг юқори сарҳадларида назорат ишлари олиб борилганида уч нафар фуқаронинг ноқонуний тарзда, ўрнатилган тартиб-қоидаларни бузиб кирганлик ҳолати аниқланган. Қўриқлаш бўлими ходимлари томонидан мазкур фуқаролар тўхтатилганда уларнинг бир нафари қочиб кетган. Икки нафар қонунбузар юклари кўздан кечирилганда 1 дона ов қуроли, 1 бош Сибирь тоғ эчкисининг гўшти, бош суяги ва шохи, ўқотар ов қуролига тегишли ҳужжатлар, 11 дона ишлатилмаган ҳамда 2 дона ишлатилган патронлар, 2 дона рация аппарати, 1 дона пичоқ, 1 дона дурбин, 1 дона балиқ овлайдиган тўр ва Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган 115 дона ноёб Амударё гулбалиқлари борлиги аниқланган. Содир этилган ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар қўриқлаш ходимлари томонидан расмийлаштирилган. Қонунбузарлик ҳолати бўйича жарима ва табиатга етказилган зарар миқдори ҳисобланиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган ва ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган.
Илмий-тадқиқот ишларида янгилик
Таъкидлаш жоиз, қўриқхонада илмий-тадқиқот ишларининг олиб борилишидан асосий мақсад ҳудуддаги табиий мажмуалар ва уларни ташкил этган табиий унсурларнинг йиллар давомидаги фенологик динамикаси ҳамда хусусиятларини ўрганиш, тўпланган маълумотлар таҳлили натижасида атроф муҳит мониторингини амалга ошириш ва тегишли илмий хулосалар тайёрлашдир. Қўриқхонанинг илмий салоҳиятини ривожлантириш учун эса қўриқлов ва илмий бўлим ходимлари малакасини ошириш ҳамда салоҳиятли илмий ходимлар билан таъминлаш долзарб аҳамиятга эга.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника ва Зоология илмий текшириш институти, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкет давлат Аграр университети, Самарқанд давлат университети, Қарши давлат университети ва бошқа илмий салоҳиятга эга таълим муассасалари билан ҳамкорликда илмий изланишлар тизимли йўлга қўйилган. Улар томонидан олиб борилаётган илмий изланишлар флора ва фаунанинг янги турларини кашф қилиш баробарида, йўқолиб бораётганларини асраб қолиш чораларини кўришга ёрдам бермоқда.
Қўриқхона – туризм маскани
Ҳисор давлат қўриқхонаси ҳудудидаги диққатга сазовор жойларда туризм масканлари барпо этиш кўзда тутилмоқда. Ташриф марказини экотуристик объект сифатида шакллантириш ва марказни замонавий экоахборот технологиялари билан жиҳозлаш, туризм инфраструктурасини замонавий талаблар асосида шакллантириш, экотуристик маршрутлар (пиёда ва отда) ташкил этиш ва уларни хавфсизлик нуқтаи-назаридан жиҳозланишини таъминлаш мақсадга мувофиқ. Айниқса, Ҳазрати Султон ота зиёратгоҳи ва Амир Темур ғорига чиқадиган сайёҳлар учун отда саёҳат хизматини йўлга қўйиш, Сувтушар шаршарасида сайёҳлар учун кичик зоопарк ёки питомник ташкил этиш яхши натижа бериши шубҳасиз.
Экотуризмга доир экотарғибот ишларини амалга ошириш, яъни қўриқхонанинг табиати ва фаолиятига доир реклама баннерларини кенг миқёсда аҳоли кўп ташриф буюрадиган жойларда (парклар, автомобиль ва темирйўл вокзалларида, аэропорт ва бошқалар) жойлаштириш, ОАВ орқали реклама бериш орқали сайёҳлар оқимини кўпайтиришга эришиш мумкин. Бу жараён аҳолини гўзал табиат билан таништириш, инсон ва атроф муҳит уйғун эканлигини англашига кўмаклашишига шубҳа йўқ.
Носир ҲАЛИМОВ,
ЎЭП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси
Қатъий чоралар кўриш бошланди: Тоза ҳавони таъминлаш учун муросага ўрин йўқ
🕔15:51, 27.11.2025
✔54
Сўнгги кунларда Тошкент шаҳри ва атрофида кузатилаётган ҳаво ифлосланиши даражаси жамоатчиликда чуқур ташвиш уйғотмоқда. Пойтахт аҳолисини ҳақли равишда хавотирга солаётган бу ҳолат тезкор ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни талаб этади.
Батафсил
Уйингиз ичидаги экологик муҳит қандай?
🕔15:24, 20.11.2025
✔32
Беш ёшли Азизбек қишда ҳам, ёзда ҳам тез-тез шамоллайди, йўталади, аксиради.
Батафсил
Иссиқхона газлари 50 фоизгача камайтирилади
🕔15:54, 13.11.2025
✔64
Ўзбекистон Париж битимига мувофиқ ўзининг 3-Миллий миқёсда белгиланадиган ҳиссасини (ММБҲ 3.0) эълон қилди. Миллий шароитлар ва имкониятларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси «2010 йил даражасига нисбатан 2035 йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари ташламалари (яъни уларнинг интенсивлиги)ни 50 фоизга камайтириш» мажбуриятини олди.
Батафсил