Табиат      Бош саҳифа

Оммавий қирилаётган дарахтлар Мораторий ҳам, баланд жаримаю узлуксиз назорат ҳам нега ёрдам бермаяпти?

«Ҳар кимки ҳаётдан олмаса таълим, унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим» деган ҳикматни ёшлигимиздан бот-бот эшитганмиз. Аммо дарахт кушандаларига ҳаёт ҳам, жорий қилинган жарималар ҳам, мораторий ҳам «сабоқ» бўлмаяпти.

 Оммавий қирилаётган  дарахтлар  Мораторий ҳам, баланд жаримаю узлуксиз назорат  ҳам нега ёрдам бермаяпти?

Куни кеча дарахтларга нисбатан Фарғона вилояти ва шаҳримиздаги Чилонзор туманида содир этилган қирғинлар бунга яққол мисол бўлади.

Ўзбекистон туманидаги «оммавий қирғин» оқибатида табиатга 856 млн. сўмдан ортиқ зарар етказилган. Аммо бизни бир масала қизиқтирмоқда, шу жарималар ундирилиши аниқми? Агар ундирилаётган бўлса, нега шундай катта жарима тўлаб ҳам дарахткушлар хулоса чиқаришмаяпти, тарбияланмаяпти?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевга Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани «Қирқ кетмон» қишлоғидан келиб тушган мурожаатга кўра, қишлоқдаги қимматбаҳо дарахтлар электр таъминоти ходимлари томонидан ёлғон сабаблар билан кесиб ташланган.

Давлат экология қўмитасининг маълум қилишича, 48 туп сосна, 9 туп шумтол ва 30 тупдан ортиқ мевали дарахтлар кесилиб, табиатга 856 млн. 500 минг сўм миқдорида зарар етказилган. Видеомурожаатдаги ҳолатни кўриб, тўғриси йиғлагиси келади кишининг. Ёш, навқирон, ям-яшил яшнаб турган дарахтлар ер билан битта бўлиб ётибди. Эссиз... Шунча дарахтнинг кесилиши бу ҳудуднинг иқлимига қанчалар катта зарар келтиришини ўша валломатлар тасаввур қила олишадими?

Яқиндагина мамлакатимиз иқлими бошдан кечирган «термик депрессия», яъни ўта жазирама иссиқ кунлари тангадек сояга маҳтал, ғир этган шабадага зор бўлганимиз бир пасда ёддан кўтарилганга ўхшайди. Ахир дарахтлар кесилган жойда 30 даража иссиқ 50 даража бўлиб туюлиши аниқ-ку.

Тошкент шаҳрида Ўзгидрометнинг иккита узоқ йиллардан бери ишлаб келаётган метеорологик кузатув станцияси мавжуд. Бири Юнусобод туманидаги қадимий «Тошкент-Обсерватория» станцияси бўлса, иккинчи – Тошкент шарқидаги Қибрай туманидаги (Тузел) кузатув станцияси.

– Ушбу икки станцияда ўртача йиллик ҳаво ҳарорати ўртасидаги фарқ 1 даража ва ундан юқорироқни ташкил этади. Яъни Тошкент шаҳри ичи атрофидан 1 даража иссиқ. Бу ёзда ҳам, қишда ҳам 1 даража иссиқликни тақдим этади. Ҳозир эса ёз ойларида Тузелдаги станция пойтахт ичидаги станциядан 2 даражагача паст ҳароратни тақдим этмоқда, – дейди иқлимшунос  олим Эркинжон Абдулаҳатов. – Бунга катта эҳтимол Тузелга яқин ҳудудда «Янги Ўзбекистон боғи» барпо этилиши сабаб бўлиши мумкин. Ушбу боғда ҳозирда яшиллик фитомассасини яратишга куч берилмоқда. Яшиллик ҳароратни бироз пасайтираётгандек гўё. Айрим тадбиркорлар ҳароратлар юқорилаши, жазирама ҳаводан тинкаси қуриб турли йўқотишларга дуч келмагунча яшиллик фитомассасини йўқ қилаверадилар шекилли...

Бундай фожиа содир бўлишида ўша ҳудудда яшовчи аҳолининг ҳам айби катта. Аслида жамоатчилик назорати бундай вақтда биринчи ўринга чиқиши керак эмасми?

Дарахтлар кесилиб бўлгач, айюҳаннос солгандан бирор фойда борми?..

Энг ачинарлиси, экологик вазиятнинг ниҳоятда танглашиб бораётгани сабабли йирик миқёсдаги лойиҳа – «Яшил макон» доирасида қанча техниканинг, қанча инсоннинг, қанча раҳбарларнинг, қанча юртдошларимизнинг қуввати, вақти, кучи сарфланиб юртимиз бўйлаб  миллионлаб ниҳоллар экилди. Ҳалигача уларни жазирама саратондан олиб чиқиш учун куч-қувват, техникалар тиним билмай сарф қилиняпти. Ушбу икки воқеа мисолидаги ишларни қандай тушуниш керак? Бу парадокс нега тегишли ҳудудлар раҳбарлари, ҳокимларни ўйлантирмаяпти?

 

Саида ИБОДИНОВА,

«Оила ва табиат» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Ўсимлик қолдиқларини табиий ўғитга қандай айлантириш мумкин

Ўсимлик қолдиқларини табиий ўғитга қандай айлантириш мумкин

🕔11:36, 20.08.2026 ✔54

Тўкилган барглар, қуриган шохлар ва бошқа ўсимлик қолдиқларини чиқиндига айлантириш шарт эмас.

Батафсил
Хавфли  чиқиндилар: муаммо шунчаки назоратни эмас,  ҳал этиш учун аниқ чораларни кутмоқда

Хавфли чиқиндилар: муаммо шунчаки назоратни эмас, ҳал этиш учун аниқ чораларни кутмоқда

🕔14:25, 14.08.2026 ✔100

Иқтисодиётнинг жадал ривожланиши ва ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши – мамлакат тараққиётининг муҳим индикатори.

Батафсил
Жаҳоннинг  энг  «яшил»  мегаполиси

Жаҳоннинг энг «яшил» мегаполиси

🕔14:29, 13.08.2026 ✔104

Сингапур – жаҳондаги энг экологик тоза ва «яшил» шаҳарлардан бири. Бу мамлакатда расмий рўйхатдан ўтган «яшил» партиялар ва парламентда яшиллардан бўлган депутатлар йўқ.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар