Китоб бу — мўъжиза      Бош саҳифа

Бахт шунчаки афсона эмас…

Мазкур асар ҳақида биринчи марта уч-тўрт йил аввал «Мени ўзгартирган китоб» кўрсатувида эшитгандим. Кўрсатув меҳмони бўлган мамлакатимизнинг машҳур тадбиркори китоб ҳақида тўлқинланиб гапирганди ўшанда.

Бахт шунчаки  афсона эмас…


Асар кўп ўтмай ўзбекчага ўгирилиб, қисқа вақтда бир неча марта қайта нашр этилгани ҳақида китобни қидириш жараёнида воқиф бўлдим. Бу китобга бўлган қизиқишимни баттар кучайтирди. Дарҳақиқат, китоб дунё бўйича «bestseller» асарлар рўйхатининг бошида турар экан. Муаллифи – Робин Шарма: канадалик адиб ва нотиқ, етакчилик ва шахсий муваффақиятлар бўйича дунёнинг таниқли мутахассисларидан.

Асарнинг номланишиёқ унинг бошқача китоб эканини кўрсатади: «Ўлсанг, ким йиғлайди?».

Муаллиф нима демоқчи?

Бунга китоб бошидаёқ изоҳ берилади: «...Бола пайтимдаёқ отам айтган ўгит ёдимдан чиқмайди: болам, сен туғилганингда йиғлаган эдинг, дунё эса шод-хуррам эди. Шундай яшагинки, вафот этганингда дунё йиғласин, сен эса шод-хуррам бўл!»

Муаллифга кўра, дунёга йиғлаб келган инсон дунёни йиғлатиб кетиши учун кўп нарса керак эмас. Улар асосан учта: кечиримлилик, адолатпарварлик ва (мақсад сари) ҳаракат. Шу учта фазилатни ўзида намоён қилган инсон ўзининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам қадрини билади. Чунки, кечиримли кишидан ёмонлик кутилмайди, адолатпарвар одам муаммога ўзгалардан эмас, аввало ўзидан сабаб қидиради, мақсад сари қилинган ҳаракат эса бир кун келиб натижасини беради, насиб. Бундай инсоннинг мақсади доим хайрли бўлиши эса шубҳасиздир.

Қаранг-а, биз мураккаб деб билган ҳаётда бахтли бўлишнинг қоидаси нақадар оддий экан. Шу оддийгина ҳақиқатни муаллиф ҳаётий мисоллар ва унча мураккаб бўлмаган машқлар орқали тушунтиради.

Китоб бир неча бобларни ўз ичига олган кичик-кичик «ҳаёт дарслари»дан иборат. Дарслар эса қуруқ панд-насиҳатлардан иборат эмас. Шу боис зерикмайсиз, аксинча, қизиқишингиз ортади. Эҳтимол муболағали туюлар, аммо мутолаа жараёнида кайфиятингиз кўтарилаётганини ҳис этасиз, умрнинг ҳақиқий мазмун-моҳиятини янгидан англаётгандай бўласиз... Бундай ҳислар чуқурроқ мулоҳаза юритишга, ҳаётда шунчаки кун ўтиши учунмас, ўзингиз хоҳлаган тарзда, энг муҳими, режа асосида яшашга ундайди.

Яширишнинг ҳожати йўқ: ҳаловатсизлик, бойлик иштиёқи, беҳуда суҳбатлар ва вақтни елга совуриш – аксариятимизнинг ҳаётимиз шу. Шу сабабли ҳам кўпчилик бахтни бир афсона деб билади. Ваҳоланки, бахт қўл етмас орзу эмас, у шундоқ ёнимизда эканини китоб мутолаасидан сўнг иқрор бўласиз.

Дарвоқе, бахт ҳақида.

Бахт ҳақида ҳар кимнинг ўз тушунчаси, ўз қарашлари бор. Улар бир-бирига мутлақо тескари бўлиши ҳам табиий. Бироқ умрнинг маълум довонидан ўтиб, бошдан ўтган иссиқ-совуқлардан хулоса қилинса, кўпчиликнинг фикри бир хил чиқса керак: «Бахт нима?» деган саволга жавоб топгунча инсоннинг бахтли дамлари ўтиб кетар экан...»

Асарни умрини беҳуда ўтказмаслик, ўз қобиғига ўралиб қолган одамга ундан чиқишни ўргатувчи қўлланма дейиш ҳам мумкин.

Албатта, ҳаёт бир текис эмас, инсон умри давомида турли синовларга дуч келиши табиий. Ҳаётнинг турли синовларида нима қилиши кераклигини билишнинг ўзи кам. Кимга қандай, аммо мазкур китоб мана шу билимларга суянган ҳолда албатта ҳаракатни бошлаб юбориш шартлигини ўргатади.

Китобнинг ҳар бир бобининг ўзи катта мавзу. Ҳар бирига ҳатто қисқа тўхталишга илож ҳам, ҳожат ҳам йўқ. Асарни фақат ўқиш керак, хуллас.

Китоб асосида бугунги давримиз учун ҳам долзарб бўлган ғоя бор, яъни ҳамма учун имкониятлар тенг муҳитда, тенг ижтимоий адолат таъминланади. Муҳими – инсоннинг ўзлигини, иқтидорини кашф этиш. Шу умуминсоний нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, ҳар қандай тараққиёт, юксалиш, уйғониш замири-моҳиятида ижтимоий адолат ётишига яна бир бор шоҳид бўламиз.

Мутолаа таъсиридан бўлса керак, китоб ҳақида бироз тарқоқ ва озроқ ҳаяжон билан буни ёзар эканман, бизда шундай асар йўқми, деган савол туғилди. Китобхонлигим билан мақтана олмайман, бироқ қачонлардир ўқиганим – муқаддас ҳадислардан тортиб, «Темур тузуклари», «Қобуснома» ёки Яссавий ҳикматлари... ҳамма-ҳаммасида инсоннинг ўзлигини англашидан то Яратган ато этган ҳаётни беҳуда ҳою ҳавасларга сарфламай муносиб яшаб ўтишга даъват этилмайдими? Унда нега дунёнинг нариги четидаги адибнинг ушбу асари бунчалар эътиборни тортяпти?

Қайд этилган ва бошқа кўплаб маънавиятимиз дурдоналари қимматини эътироф этган ҳолда айтиладиган бўлса, умуминсоний қадриятлар на макон, на чегара билади. Шундан келиб чиқилса, бировга яхшилик қилиш, кечиримли ва адолатли бўлмоқ ёки хайрли мақсад сари интилиш, ким ернинг қайси нуқтасида яшамасин, инсониятни комиллик сари етаклайдиган фазилатлар ҳисобланади. «Ўлсанг, ким йиғлайди?» китоби муаллифи умуминсоний қадриятлардан келиб чиққан ҳолда муваффақиятга эришиш йўлини ўз тадқиқоти ва кузатиш­лари асосида ўқувчига содда шакл, мураккаб бўлмаган машқлар орқали лўнда тушунтиришнинг уддасидан чиққани учун ҳам асар кўпларнинг эътиборини тортаётган бўлса, ажабмас...

 

Муҳайё ДЕДАМИРЗАЕВА,

Наманган вилоят судининг судьяси




Ўхшаш мақолалар

Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам  билимли авлодга боғлиқ

Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ

🕔10:54, 11.09.2025 ✔83

«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Батафсил
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»

«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»

🕔11:20, 29.05.2025 ✔236

Китоб ўқимаган, китоб­га ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.

Батафсил
Китоб –  ҳаётингизни  абадий  ёритувчи маёқ

Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ

🕔12:13, 24.04.2025 ✔281

Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам  билимли авлодга боғлиқ

    Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ

    «Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».

    Шавкат МИРЗИЁЕВ

    ✔ 83    🕔 10:54, 11.09.2025
  • «Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»

    «Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»

    Китоб ўқимаган, китоб­га ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.

    ✔ 236    🕔 11:20, 29.05.2025
  • Китоб –  ҳаётингизни  абадий  ёритувчи маёқ

    Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ

    Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди

    ✔ 281    🕔 12:13, 24.04.2025
  • Китоб –  озодлик  сари йўл

    Китоб – озодлик сари йўл

    Жиноий жазолар нафақат жазолаш, балки шахсни тузатиш ва жамиятга қайта мослашиш жараёни сифатида ҳам қаралиши керак. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида муҳокама қилинган янги қонун лойиҳаси айнан шу тамойилга асосланган. Унга кўра, маҳкумлар ўз устида ишласа, хусусан, китоб ўқиб, имтиҳон топширса, жазо муддати қисқартирилади.

    ✔ 385    🕔 15:24, 14.03.2025
  • Мутолаа  хўжакўрсинга бўлса...

    Мутолаа хўжакўрсинга бўлса...

    «Боболаримиз китоб топишга қийналар эдилар: ҳозир эса биз китоб танлашга қийналамиз. Мутолаа учун жуда зийрак бўлмоқ керак».

    ✔ 359    🕔 15:53, 10.01.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар