Иқлим      Бош саҳифа

Оролга йўл ёхуд қирқ йиллик муаммо амалий ечим топмоқда

Эссе

Яқинда маърифатли дўстларим билан Қорақалпоғистон бўйлаб саёҳатга чиқдик. «Кетдик-ҳо, кетдик!» деб олис Мўйноққа бориб қолганимизни ҳам сезмай қолибмиз. Мўйноқ тумани маркази – Мўйноқ шаҳрига қадам қўйганимиз заҳоти хотирам қабатларида беркиниб ётган воқеалар қайта жонлангандек бўлди.

Оролга  йўл  ёхуд қирқ йиллик муаммо  амалий ечим топмоқда

…Ўшанда бўзбола эдим. Мактабдан келсам, бобом пешайвон устинига суянганча журнал ўқиб ўтирар, унинг кўзларидан эса шошқатор ёш мошгуруч соқолига оқиб тушарди. Юрагим шув этиб кетди. Олдига бориб салом берарканман, «Тинчликми?» дегандек мўлтираб термулдим.

– Шўримиз қурийдиганга ўхшайди, Орол қуриб қолаётганмиш, мана, ёзишибди... – дея менга қўлидаги журнални кўрсатди бобом.

Бобогинам «Онам!» деб эҳтиром билан тилга оладиган ҳайҳотдай денгиз қандай қуриб қолишини ҳеч тасаввуримга сиғдиролмасдим. Ўша даврда қишлоғимиздаги катта-катта кўллар жамоа хўжалиги мутасаддилари томонидан уюштирилган зарбдор меҳнат жабҳасида тамомила кўмилиб, ўрнида пахта далалари бунёд қилинаётган эди. Уйимизнинг шундоқ қибласида балиқлари сув юзидан сапчиб ўйнаб юрадиган мовий кўллар гўё «қатл қилиниб», дафн этилаётгандек эди. Оролнинг қуриб қолаётгани ҳақидаги хабарни эшитибоқ уни ҳам катта-катта раҳбарлар ташаббуси билан кўмишиб, ўрнида поёнсиз пахтазорлар яратишаётган бўлсалар керак деб ўйладим. Бироқ Орол ташналикдан қуриётган экан, унга Амударё ва Сирдарё сувлари бормай қолибди.

Бобомнинг олис бир кечмиши Амударё билан боғлиқ. Ўсмирлигидаёқ у дарёда юк қатновчи кемаларнинг бирига таёвчи бўлиб ишга ёлланган. То нафақага чиққунга қадар Чоржўй – Мўйноқ ўртасида кемада юк қатнаб, дарёчилик илмини сув қилиб ичиб юборган эди. Бўш қолди дегунча ўтмиш хотираларини бир-бир сўзлаб берар, мен уларни киприк қоқмай эшитардим. Амударё, кемачилик билан боғлиқ атамалар мен учун жуда ҳайратланарли бўлиб туюларди. Масалан, бобом кемада таёвчи вазифасига ёлланган экан.

– Таёв одамнинг қўллари кафти билан ушлашга ўнғай уч-тўрт метр узунликдаги йўғон тол ходасидан йўниб тайёрланган, учи темир пойнакли узун бир анжом, – дея тушунтиради бобом. – Бундай таёвлардан ҳар доим олти-саккизтаси кема пастига ташлаб қўйилади. «Ўлик сув»да тўхтаб қолган кема энди таёв ва таёвчилар ёрдамида, улар кучи билан секин ўрнидан қўзғалиб, юра бошлайди.

Хаёл оғушига чўмаман. Хаёлимда забардаст бобомнинг таёв тираб улкан юк кемасини ҳаракатга келтираётгани намоён бўлади...

Дарёнинг оқими паст, саёз жойларида ўн-ўн беш нафар чоғли алпкелбат йигитлар қирғоққа тушиб, арқон билан кемани тортиб ҳаракатлантира бошлайди. «Бу оғир юмушни бажарувчиларни салдовчилар дейи­шади», дея тушунтиргандек бўлади бобом.

Асрлар давомида авжга чиққан дарё нақлиёти ўтган асрнинг 60-йилларига келиб таққа тўхтади. Бунга асосий сабаб 1956 йилда дарёга йирик тўғон – Тахиатош ГЭСнинг қурила бошлагани бўлди.

...Жавзонинг илк кунлари кутилмаганда бобом Мўйноққа отланиб қолди. Уйдагиларнинг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамасдан ёнига мени олиб, «Запорожье»сини кун ботиш тарафга ҳайдаб кетди. На катта шаҳар, на бир туман марказларидан эмас, овлоққина Амударёга яқин баланд рошдан машинани ҳайдаб бораётганди. Шундоқ ўнг тарафда дарё қирғоғигача текисланган пахта далалари. Амунинг лойқа сувлари эса ҳорғин мавжланиб оқиб турибди.

– Яқин йилларгача сен кўриб турган бу ерлар кўркам ўрмон ва тўқай эди, – дейди бобом йўлдан кўзини узмай. – Одамзотдан ваҳший яратилмиш йўқ, ҳайҳотдай кўлларни кўмишди, тўқай ва ўрмонларни кесиб, дарахтларининг илдизини қўпоришди. Ўрнига, мана, сен кўриб турганингдек, пахта экишяпти...

– Пахта, ахир оқ олтин-ку, бобо, бизни боқаяпти, – дейман мактабда ўқитувчиларимиз миямизга қуйган фикрларни такрорлаб.

– Кўллар ҳам, тўқай ва ўрмонлар ҳам олтин кони. Улардан ҳам самарали фойдаланиш мумкин эди. Афсус, ерга тўймаслар уларни йўқ қилишяпти...

Бобом йўл бўйи Амударёга яқин ҳудудлардаги қайирлар, ўрмон ва тўқайлар тарихи, наботот олами ҳақида гапириб борарди.

Олдинлари бу ҳақда кўп эшитганман. Абдукарим поччам уйимизга шундоқ бир қадам бўлган Жумалоқ тўқайни ўзлаштираётганида юз берган бир воқеани гапириб берганди. Бир куни бульдозер ҳайдаб кетаётганида рўпарасидан баҳайбат йўлбарс чиқиб ҳужумга ўтибди. Абдукарим почча шартта бульдозерни тўхтатиб, зудлик билан кабина эшикларини беркитиб олибди.

– Жониворнинг она йўлбарс эканини кўрдим, унинг елинлари тарсиллаб, сут сизиб турарди, – деганди у.

Ўшанда йўлбарс бульдозер кабинаси олдига чиқиб, панжалари билан ойналарини тимдалаб-тимдалаб, пастга қайтиб тушган ва сал наридаги тўронғил остидан яқиндагина туғилган боласини оғзига қисганча дарё томон лўкиллаб юриб кетган.

– Қараб турдим, йўлбарс дарёдан сузиб нариги қирғоққа ўтмоқчи бўлди, шекилли, ўзини шалоп этиб сувга ташлади. Шошқин дарё уни хасдек оқизиб кетди...

Абдукарим поччанинг ҳовлиси табиат музейига ўхшарди. Катта долони шифтига қанотларини кенг ёйган бургутни қотириб осиб қўйганди. Ҳовлисида уч-тўрт тошбақа ўрмалаб юрарди. Уйи деворларининг у ер-бу ерида тулки, бўри, силовсинларнинг терилари гиламдек осилиб турарди. Катта-катта қафасларда қирғовул, саққоқушлар. Қўни-қўшнининг бола-бақраси ҳар куни поччанинг ҳовлисида ўйнашади. Баланд оқ тол остидаги мотоцикли аравасида ўтирганча ов милтиғини тозаларкан, қотирилган бу даррандаю паррандаларни Жумалоқ тўқайни ўзлаштираётганда ушлаб олганини ҳикоя қилиб берарди.

Мана ноёб ҳайвонот оламига эга тўқайнинг бугунги аҳволи – яп-яйдоқ дала! Энди унда кўкариб турган пахта экинларидан бошқа ҳеч вақо йўқ.

– Одамзотнинг табиат устидан ҳукмронлиги қимматга тушади, болам, – дейди бобом ҳўрсиниб. – Бу «оқ олтин» васвасаси Оролнинг ҳам бошига етяпти. Энди Жўлмирзага қийин. У энди нима қилади?

Кўзларидан думалаб тушган томчи ёш мошгуруч соқолида қировдек туриб қолди. У қадрдон дўсти Жўлмирзани қайғуряптими ёки Орол денгизига ичи ачияптими, билолмасдим. Бироқ унинг юрагида улкан дард – ҳалокатга учраётган табиатга куюнчаклик ҳисси оловланганини сезмасдан қолмадим.

– Мана бобонгнинг қирчиллама йигитлик даври ўтган жойлар! – деди бобом «Чолиш пристани» деб ёзиб қўйилган лавҳага ишора қиларкан. – Бу ер 1956 йилгача энг гавжум бандаргоҳ бўлган. Биз урушга мана шу жойдан кемага ўтирганча жўнаб кетганмиз.

Бобомнинг айтишича, Хоразмда мана шундай бандаргоҳлар анча бўлган экан. Булар: Гурлан, Чолиш, Хонқа ва Шорловуқ бандаргоҳлари. Уларнинг барчаси кема қабул қилиб-жўнатиш билан шуғулланган. Кемалар одамлар ва юкларни элма-эл ташиган. Тошкентдан келадиган ёки Хоразмдан жўнатиладиган юкларни, шунингдек, йўловчи одамларни Ҳазорасп туманидаги Шорловуқ бандаргоҳигача олиб борган. Шорловуқдаги Туямўйин дарасида Амударёнинг кескин юқори ўзани бошланади. Шаршарадек баландликка сузиб чиқишнинг имкони йўқлиги боис кемадаги юклар пастки ўзандан юқоридаги ўзанга қайта ортилиб, Чоржўйгача сузиб кетилган.

Хотиралар аста-секин жонланаверади. Бобом дарёнинг қуйи оқимига – Оролга ҳар ойда икки марта кемада сузиб боргани, мўйноқлик дўсти Жўлмирза ҳақида эслайди.

– Биз пахта толаси ортилган юкларни Қозоғистоннинг Аральск бандаргоҳига олиб бораётгандик. Эҳтиётсизлик қилиб кемада оёғим тойиб сувга шалоплаб тушиб кетдим. Шунча йил кемада таёвчилик қилибману, тузукроқ сузишни ҳам ўрганмабман. Кимдир таёвини узатди, яна кимдир арқон ташлади, кема эса жадаллик билан сузиб бораётгани боис мен уларнинг бирортасини ҳам ушлаб қололмадим. Қиш кунлари эди, сув муздек, совуқдан оёқларим ҳам ҳаракатсизланиб қолди. Базўр қўлларимни ёрдам дея шалоплатаман. Кема тўхтаб, менга ёрдамга келгунча аллақачон сув тубига ғарқ бўлишим турган гап. Кутилмаганда шу артофда балиқ овлаб юрган бир йигит кичкинагина кемасида шитоб билан эшкак эшганча келиб, мени қутқариб олди. Қарасам, Хивада мадраса тупроғини бирга ётиб ялаган сабоқдошим Жўлмирза! У мени таниб қаттиқ қучоқлаганча йиғлаб юборди. Менинг эса ўкраб юборишга мадорим ҳам қолмаганди.

Кун совуқлиги, кемада исиниб олишнинг имкони йўқлиги учун дарғамиз Жумабой Йилдам мени жўрамникида қолдириб кетишга қарор қилди. Ўша халоскорим Жўлмирза эди!..

«Запорожье» чарчоқ билмас, зириллаб учиб борарди. Ниҳоят атрофга шом чўкиб, мени уйқу элитиб, мизғиб қолибман. Тонг арафаси кўзимни очганимда машина бийдай биёбонда тўхтаб турганини сездим. Бобом йўл чеккасида намоз ўқирди. Намоздан сўнгги дуолари шундоқ қулоғимга урилиб турарди: «Эй Яратган Роббим! Оролни қуритма!.. Жўлмирзага раҳм қил!..»

Машина яна анча йўл босди. Кун пешин деганда йўлда «Мўйноқ» деб ёзиб қўйилган лавҳага кўзим тушди. Атроф яп-яйдоқ, у ер-бу ерда чўнқайган кемалар улкан динозаврларга ўхшаб кўзга ташланиб турарди.

Узоқларда бир кулба кўзга ташланди. У ерга етиб боргунимизча нигоҳимни узмадим, бир одам тошқудуқдан ҳадеб сув тортарди. Етиб борганимизда билдимки, бу ўша бобомнинг қадрдон дўсти Жўлмирза ота экан. У қудуқдан сув тортиб чиқариб, экиб қўйган жийдаларини суғораётган эди.

Машинадан туша солиб бобом ва Жўлмирза ота «Ассалому алайкум, соқолдош!» дея аввал бир-бирига таъзим қилди ва сўнгра қучоқ очиб кўришди. Одатда Хива мадрасалари таълимини олган уламолар шундай кўришади (Афсуски, бу одат жуда кам жойларда сақланиб қолган).

Қуюққина ҳол-аҳвол сўрашгандан сўнг мезбон бизни ҳовлисининг бир чеккасидаги лойсувоқ супага бошлади. Ичкаридан чиқа солиб бизга таъзим қилганча салом берган бошига савлатли оппоқ лачак ўраган кампир дастурхон ёзиб қозонга уннади.

– Оллоёр, энди дийдор қиёматга қолар-ов, деб қўрққандим. Келганинг зап иш бўлди. Айт, кўнглинг нима тусайди? – деди Жўлмирза ота кўзидаги ёшни енги билан артаркан.

– Дийдордан ортиқ тотли неъмат бор эканми?! Кампиринг овора бўлмасин, овқатдан чиққан одамман, бир коса шубатинг бўлса, етади, – деди бобом.

– Шубат сендан айлансин! Мана, зоғорани бўктириб-бўктириб енглар! Ортидан тансиқроқ таом ҳам бўлади, – деди миқтигина Жўлмирза ота ва чуқур хўрсиниб қўйди.

Шубат – туя сути экан. Кейин билсам, отани ўғиллари ва келинлари ташлаб бошқа ёққа кўчиб кетибди. «Мўйноқда ортиқ яшаб бўлмайди. Ота, биз билан юринг», десалар ҳам чол кампири билан кетмабди.

Икки дўст Хива мадрасасида ўқиган дамларини, давр ўзгариб, алғов-далғовларда қандай жон сақлашганини, Оролнинг мавж уриб оққан пайтларини эслашиб гурунг қилишди. Мен мароқ билан тинглаб ўтирардим.

Кўринишидан анча тандор чаққонгина кампир супанинг бир чеккасида ўтириб ёғоч тоғорачада муштдеккина хамир қорди. Сўнг уни бармоқларида япалоқлаб қайнаб турган қозонга ташлай бошлади. «Ҳа, курдик қилаяпти», дея ўйладим мен. Оролбўйи халқларининг севимли таоми бу. Оқжўхори унидан тайёрланган курдик, сиқмон оши каби азалий неъматлар Мўйноқда ҳали-ҳануз унутилмаганига қойил қолдим.

Атроф-жавонибга намозгар салқини югурди. Жўлмирза ота бизни шундоққина кулбасини кўмиб юборай деб турган қум барханлари оша бошлади.

– Мана Орол қуригач бошимизга қандай ташвишлар тушди. Қуриган денгиз қум ва тузлари аждаҳодек ямлаб келяпти, – деди куюниб Жўлмирза ота.

Олдимизда қаққайиб қолган улкан кемалар юракларга куйдирги солиб турарди. Айтишларича, бир пайтлари денгиз Жўлмирза отанинг кулбасигача тўш уриб турган. Сира ишонгим келмайди, эндиликда бу ерлар ўркач-ўркач қум барханларидан иборат саҳро бўлиб ётибди. Теваракда на бирор дарахтни, на бирор майсани кўриш мумкин. Орол юзлаб километр чекинган.

– Ёшлар киндик қони томган Мўйноқни ташлаб кетишяпти. Бу ерда биз тенги қари-қартангдан бошқа ҳеч ким қолмаяпти. Биздан кейин бу ерлар ҳувиллаб қолса керак, – деди овози титраб Жўлмирза ота.

– Худойим, ёшуллиларга инсоф берсин, Оролни сақлаб қолишсин! – деди бобом ортиқча таскин беролмай...

Хоразмга қайтиш арафасида Мўйноқ шаҳрини айландик. Ҳаммаёқ ҳувиллаб қолгандек эди гўё. Оламга донғи кетган Мўйноқ консерва заводи эшигига рапидадай қулф осиғлиғ турарди. Кўчаларда фақат кексалар. Ёшларни учратиш қийин.

Ҳунук бир таассурот билан уйга қайтдик...

Хотирам қабатларида чумак отган бу воқеаларнинг бўлиб ўтганига ҳам қирқ йилдан ошибди. Мана эди ўзим ҳам бобом ёшига етай деб қолдим. Мана ҳозир бир гуруҳ дўстларим билан Қорақалпоғистон бўйлаб сафар қиляпмиз. Мўйноққа борарканмиз йўл бўйи ана шу хотиралар кўз ўнгимда бир-бир намоён бўлди. Туман марказига яқинлашганимиз сари болаликдаги кўримсиз таассуротлар тиниқ торта бошлади. Кўчалар бўйлаб экилган ранг-баранг гуллар, ям-яшил дарахтлар кўзни қувнатади. Йўл бўйи баланд серҳашам янги иморатларга дуч келамиз. Ёшлар маркази, Амфитеатр, музей, таълим даргоҳлари, завод ва фаб­рикалар! Булар яқин беш-олти йил ичида барпо қилинган. Мўйноқда ҳаёт тадрижи авжи паллада! Бир пайтлари биз меҳмон бўлган Жўлмирза отанинг кулбаси ўрнида замонавий уйлар қад ростлаб турибди.

Тарихчи дўстим Умид Бекмуҳаммад билан «Орол» музейига ташриф буюрдик. Бир пайтлари денгиз тўлқинлари тўш уриб турган бандаргоҳ ўрнида эндиликда «Кемалар қабристони» деб номланган кўргазмалар мажмуаси жойлашган. Денгиз ўтган эллик йил ичида уч юз километр ичкарига чекинган. Уч юз километр!

Музей экспонатларини томоша қилиб кишида ҳам ҳайратланиш, ҳам куюниш ҳисси уйғонади.

Чунки бу ердаги барча кўргазмалар бир пайтлари Оролбўйи минтақасининг жонли бўлаги саналган паррандаю даррандалар, ўсимлик­лар эндиликда йўқ ҳисоби – улар «Қизил китоб»да!

Энди улар фақат мана шу музейда қотирилган жасадлари билангина тасаввуримизни бойитиб турибди.

– Яна беш-олти йилда Мўйноқ табиати тамомила бошқача тус касб этишига ишонаман, – дейди Умид Бекмуҳаммад йўл бўйи гурунгда. – Қаранг, туманда катта ўзгаришлар, муҳит беш-олти йил олдингига тамомила ўхшамайди. Ҳудуд яшилланиб, яшариб бормоқда.

Дарҳақиқат шундай, Мўйноқда одамлар билан бирга табиат ҳам ўзгармоқда. Шу билан бирга одамлар турмуш тарзи ҳам ўзгача ижобий тус олаяпти. Бу ерда яшовчи ёш-қари ватандошларимиз юзида мусаффо илинж ҳароратини кўргандай бўламиз.

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев­ ташаббуси ва бевосита саъй-ҳаракати билан Оролбўйи минтақасида жуда кенг кўламли ишлар амалга оширилди ва бу хайрли ишлар яна давом этмоқда. Қуриган денгиз ўрнида яшил макон яратиш бўйича қилинган ишлар ўз самарасини бераётир. Икки-уч йил муқаддам экилган саксовул, юлғун ва жийда дарахтлари бугун дуркунгина кўчатга айланган. Шахсан Юртбошимизнинг ўзлари Оролбўйида 1 миллион 500 минг гектар ер майдонида яшил макон яратишга бош-қош бўлмоқда. Бу 1 миллион 500 минг гектарлик ям-яшил дарахтзорлардан иборат денгиз дегани!

Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи минтақасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳудуднинг экологик ҳолатини соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ижросини таъминлашга давлатимиз томонидан жиддий эътибор қаратилгани айни муддао бўлди. Орол денгизи фожиаси натижасида сув ресурслари танқислиги, чўлланишнинг кучайиши, биохилма-хилликнинг кескин камайиши ва бошқа жиддий иқлим ўзгаришлари тобора чуқурлашиб бораётган эди. Бу нафақат минтақамиздаги, балки дунёдаги экология ва атроф муҳит муҳофазасига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсонда жиддий ташвиш уйғотарди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор фармон ва қарорлари ҳамда ҳукуматнинг қарорлари мазкур экологик муаммони ҳал этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан жаҳоннинг нуфузли минбарларида атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларни бартараф этиш соҳаси бўйича берилган илғор таклифлари халқаро жамоатчилик томонидан ҳам катта қизиқиш билдирилиб, эътироф этилди.

Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қўллаб-қувватланиб, 2018 йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида Орол фожиа­си оқибатларини юмшатишга бағишлаб халқаро конференция ўтказилди. Мазкур халқаро анжуманда билдирилган хулоса ва тавсиялар ҳисобга олинган ҳолда Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшерикли Траст фондини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Ушбу ташаббус қўшни мамлакатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди. Бу борадаги ишларни амалга ошириш учун 2018 йил 27 ноябрда Нью-Йорк шаҳрида БМТнинг Бош Ассамб­леяси томонидан ташкил этилган 73-сессияси доирасида Ўзбекистонда Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик асосида БМТнинг Траст жамғармасини ишга туширишга доир олий даражадаги тадбир ўтказилди ва ушбу жамғарма ўз фаолиятини бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст жамғармаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазкур жамғарма олдига қўйилган асосий вазифаларни амалга ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Мамлакатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида барча соҳалар қатори экологик хавфсизлик масаласига ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, Юртбошимиз «Ҳар йили 100 миллион тонна қум ва туз ҳавога кўтарилмоқда. Бу эса Орол ҳалокати глобал муаммо эканини яна бир бор исботламоқда. Орол денгизининг сувсиз қолган ерларида яшил ўрмонлар барпо этишга алоҳида эътибор бермоқдамиз... Қабул қилинаётган махсус дастурга кўра, Орол денгизининг сув ости ҳудудида келгуси йилнинг ўзида яна 500 минг гектар ўрмонзор барпо этилади», дея таъкидлаб ўтган эди.

Қисқа вақт ичида амалий ҳаракатлар бошлаб юборилди. Қорақалпоғистон Рес­публикасининг Мўйноқ туманида ўрмонзорлар барпо этиш бўйича алоҳида штаб ташкил этилиб, ишлар жадаллик билан олиб борилди. Маълумотларга қараганда, бугунги кунга қадар Оролнинг қуриган тубидаги ер майдонларига саксовул уруғлари экилган.

Ҳудуддаги вазиятни яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 январда «Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривож­лантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Мазкур ҳужжатга асосан, 2019-2021 йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини жадал комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ишлаб чиқилган бўлиб, 120 та лойиҳага жами 1 триллион 485 миллиард 176 миллион сўм, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида амалга ошириладиган истиқболли инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхатига кўра саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида 75 та лойиҳага жами 26 триллион 974 миллиард 827 миллион сўм маблағ ажратилди. Бундан шуниси ойдинлашадики, мазкур лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиб, 1700 га яқин янги иш ўринлари ташкил қилинган. Пировардида мазкур ҳудудда яшаётган аҳолининг иқтисодий ва ижтимоий ҳолатини янада яхшилаш, экологик вазиятни соғломлаштириш учун кенг имкониятлар яратилган.

Дарҳақиқат, Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббус ва таклифларни рўёбга чиқариш ҳамда Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш, Оролбўйи ҳудудида ижтимоий-иқтисодий ва экологик ҳолатни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган улкан ишлар Марказий Осиё минтақаси давлатларининг экологик, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳал этишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда экологик хавфсизликни таъминлаш имконини беради.

Одамлар дуои хайр қилиб алқаса арзийди, Орол муаммосини ҳал қилишга янада самаралироқ муносабат пайдо бўлди. Ёшуллилар юмшоқ креслоларини ташлаб, ҳалокатли минтақага келишди, фожиа билан танишишди.

Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган «Яшил макон» лойиҳаси ўз вақтида ва ҳаётий зарурат ҳисобланиб, яқин йиллар ичида ўзининг ижобий мевасини бера бош­лайди. Бу яшил макон Оролбўйидан кўтарилаётган қум бўронлари учун мустаҳкам иҳотадир.

Мўйноқдаги сафаримизни давом эттирар эканмиз, биз эсимизни таниганимиздан бери оммавий ахборот воситаларида Орол ҳалокати ва унинг олдини олиш бўйича жуда кўп бонг урилганини эсладим. Қанчадан-қанча фикр-мулоҳазалар, илмий асосланган таклифлар ўртага ташланган бўлса-да, бу давр ичида бирор марта амалий иш қилишга ҳеч ким енг шимариб чиқмаганди. Фақатгина уч йил муқаддам хайрли бу ишга дебоча ясалди. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бу эзгу тадбир Янги Ўзбекистоннинг кўзгусига айланмоқда. Янги Ўзбекистон пойтахт Тошкентдан салкам икки минг километр олисдаги Мўйноқдан бошланди.

 

Эрпўлат БАХТ,

Хоразм вилояти




Ўхшаш мақолалар

Сессия қарори асосида «Навоийазот» АЖ  атрофида атмосфера  мониторинг  қилинади

Сессия қарори асосида «Навоийазот» АЖ атрофида атмосфера мониторинг қилинади

🕔09:23, 23.10.2025 ✔6

Саноат корхоналари мамлакатда иқтисодий тараққиётнинг бош омили саналади. Уларда минглаб элдошларимиз меҳнат қилар экан, биринчи навбатда ўз оиласи фаровонлигини таъминлаётганидан мамнун, албатта.

Батафсил
Кўринмас сув нима?

Кўринмас сув нима?

🕔09:11, 23.10.2025 ✔6

Виртуал сув маҳсулотни ишлаб чиқариш жараёнида ишлатилган, лекин кўзга кўринмайдиган сув миқдоридир.

Батафсил
Сирдарёда  сувдан фойдаланиш қандай кечмоқда?

Сирдарёда сувдан фойдаланиш қандай кечмоқда?

🕔15:32, 16.10.2025 ✔26

Сирдарёда экологик ислоҳотлар бўйича эшитувда сув ресурсларини тежаш ва амалий натижалар босқичи бошлангани муҳокама қилинди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар