Ош бўлмасин!..
Дошқозондаги ошдан қолган қоп-қора ёғни чўмичда пластик идишга қуяётган ошпазга «Буни нима қиласиз?» дея савол бердим. У «Шуниям билмайсанми?!» дегандай энса қотириб жавоб қайтарди:
БатафсилЙилига 3 миллион инсон умрига зомин бўлаётган хавфли иллатга қарши қандай курашяпмиз?
Ён-атрофга назар ташлаб, кўчада ўтган-кетганни кузатар эканмиз атрофимизда «семизлик» аталмиш касаллик нақадар кўпайиб бораётганлигини, аёллар, болаларнинг танасида ёғ йиғилиб, ортиқча вазн тўплаётгани, айниқса эркакларнинг ҳар тўрттасидан учтаси қорин қўйиб юборганига гувоҳ бўламиз. Дарҳақиқат, сўнгги йилларда қорни «Шум бола»даги бой отаникидек қаппайиб, яна уни «авторитет» дея атаб, гўё қилган амаллари билан эмас, катталашиб бораётган қорни билан гердайиб, ғурурланадиган кимсалар кўпайиб бормоқда.
Энг ёмони бу иллат одатий ҳолга, оддий кўринишга айланиб бормоқда. Ҳаттоки 30 ёшга кириб улгурмаган йигитларнинг ҳам қорни ўсиб бораётгани, афсуски бор гап. Бу семизлик аталмиш касалликнинг нақадар илдиз отиб, бутун жамиятни зарарлаётганидан далолатдир.
Маълумотларга қараганда, дунё бўйлаб 1 миллиарддан ортиқ одам семириб кетган. Шундан 650 миллион нафари катталар, 340 миллиони ўсмирлар ва 39 миллиони болалар орасида кузатилмоқда. Рақамлар эса йил эмас ой ва кун сайин ортиб, ҳатто Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини (ЖССТ) ҳам жиддий ташвишга солмоқда. ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилга келиб, тахминан 167 миллион одамнинг (катталар ва болалар) соғлиги ортиқча вазн ёки семириб кетганлиги сабабли ёмонлашар экан. Шу боис ҳам ташкилот дунё аҳлини бунинг олдини олиш, соғлиқ инқирозини бартараф этиш учун кўпроқ ҳаракат қилишга чақирмоқда.
Нимаси билан хавфли?
Семизлик оқибатида дунёда ҳар йили 3 миллионга яқин одам вафот этади. Семириб кетиш ўлимнинг бешта асосий хавфидан бири ва сурункали касалликнинг энг жиддийларидан саналади. Боиси ортиқча вазн инсон танасига, асосан юрак, жигар, буйраклар, бўғимлар ва репродуктив тизимига таъсир қилади. Бу эса 2-тоифа диабет, юрак-қон томир касалликлари, гипертония, инсулт ва инфаркт, саратоннинг турли шакллари, шунингдек, руҳий саломатлик муаммолари каби бир қатор юқумли бўлмаган касалликларга олиб келади. Пандемия даврида ҳам айнан семизликдан азият чеккан беморларда коронавирус оғирроқ кечгани қайд этилди. Афсуски вазннинг керагидан ортиғи қанчалик зарарли эканлигига кўпчилик жиддий эътибор қилмаяпти, шу сабабли ЖССТ маълумотларига кўра, семириш тобора кенгайиб, янада ортиб бормоқда. Солиштирадиган бўлсак, дунёда 1975 йилдан бери семизлик деярли уч баравар ошганлиги хавотирларнинг нечоғли асосли эканини кўрсатади.
Ортиқча вазн ва семириш статистикаси шуни кўрсатадики, бугун 1,9 миллиарддан ортиқ катталар ортиқча вазнга эга. 2 ёшдан 5 ёшгача бўлган америкаликларнинг деярли 14 фоизи семириб кетган.
2019 йилда беш ёшгача бўлган 38 миллиондан ортиқ болада семизлик кузатилган. АҚШда 13,7 миллион семиз болалар ва ўсмирлар бор бўлиб, бу ташвишли ҳолат саналади. Болаликдаги семизликка чалинишнинг сабабларини кўпинча уларнинг атрофида топиш мумкин. Касалликнинг асосий сабаби керагидан кўра кўпроқ калорияга эга таом истеъмол қилиш ва камҳаракатлилик ҳисобланади.
Бунинг олдини олиш учун эса доимий ҳаракатда бўлиш, жисмоний машқлар билан шуғулланиш ва тўғри овқатланиш лозим. Боланинг семизликдан азият чекмаслиги учун ҳаракатни аёлнинг ҳомиладорлик давриданоқ бошлаш лозим. Яъни ҳомиладорлик даврида кўпроқ жисмоний ҳаракатда бўлиш, масалан юриш, сайр қилиш мақсадга мувофирдир. Бу ҳомиланинг ортиқча каттариб кетишининг олдини олади ҳамда туғруқ жараёни енгил кечишига ёрдам берди.
Қайси мамлакат аҳолиси энг соғлом?
Глобал семизлик статистикаси вьетнамликларни энг соғлом аҳоли сифатида баҳолайди. Уларда семиз одамларнинг энг кам фоизи мавжуд бўлиб, Вьетнам аҳолисининг атиги 2,1 фоизини ташкил этади. Кейинги ўринда Бангладеш, бу ерда одамларнинг атиги 3,6 фоизи семизликка чалинган. Ҳиндистон ва Камбоджада мазкур кўрсаткич 3,9 фоизни ташкил қилади. Бунинг сири нимада эканлигига кўплар қизиқиши табиий. Масалан, йога билан шуғулланувчиларнинг деярли 50 фоизи ҳиндистонликлар ҳисобланади. Бу эса яна ўша спорт ва жисмоний машқлар билан шуғулланишга бориб тақалади. Аслида спорт ва жисмоний машқлар эрта ўлимни 30 фоизга камайтиришга ёрдам беради. Бу эса соғлом ва узоқ умр кўриш учун жисмоний машқлар билан шуғулланиш қанчалик муҳим эканидан дарак беради.
«Соғлом турмуш тарзи» қани?
Ёдингизда бўлса 2020 йил 30 октябрда Ўзбекистон Президенти томонидан «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон имзоланган эди. Унга кўра, давлат органлари ва ташкилотларида соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида 2021 йил 1 январдан бошлаб меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган ходимга «Спорт тарғиботчиси» қўшимча вазифасини юклаш ва унинг иш ҳақига 20 фоиз миқдорда устама белгилаш йўлга қўйилиши айтилган. Шунингдек, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, «Workоut» (маҳалла ва кўча фитнеси) каби спортнинг устувор турлари белгиланган. Аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида эса «Соғлом турмуш тарзи» платформаси яратилган эди.
Дастлаб, бир сутка давомида 10 минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги фуқароларнинг электрон ҳамёнига 3 минг сўмдан тўлаб берилиши айтилганди. Бу амалда ишга тушиб, аҳоли орасида юришга қизиқувчилар ортишига сабаб бўлди. Бироқ кўп ўтмай белгиланган маблағ тўланишида турли муаммолар юзага келди. Шундан сўнг жорий йилда платформада белгиланган миқдорда юрган инсонлар турли совринларни ютиб олиш учун иштирокчига айланиши ҳам айтилди. Аммо бу ҳам гўёки тўхтаб қолгандек, яна жим-житликка чўмилди.
Тўғри, юриш ҳар бир инсоннинг ўз саломатлиги учун керак, бироқ бу одатни шакклантириш бироз вақт талаб этади.
Бунинг учун етарли шароит, мос йўлак, югуриш майдончалари бўлиши лозим албатта. Бу борада пиёда ва велосипедда юриш учун мўлжалланган «Саломатлик йўлаклари» қурилмоқда. Аммо унда юрадиган одамлар саноқлилигича қоляпти.
Аслида пиёда юриш нафақат инсон саломатлиги учун, балки табиатни асраш йўлида ҳам фойда келтиради. Боиси пиёда ёки велосипедда юриш, автомобилда юргандан кўра безарар бўлиб, атмосферани ифлосланишдан сақлайди, йўллардаги тирбандликларни эса камайтиришга хизмат қилади. Яқин масофаларга имкон қадар пиёда бориш ҳам ҳамённи тежайди, ҳам табиат ва саломатликни асрашга ҳисса қўшади.
Шундай деймиз-ку, лекин эътибор берсак давлат идораларида фаолият юритувчилар, амалдор ва ходимлар, куни билан компьютер қаршисида ўтириб ишлашга маҳкум инсонлар учун ҳаракат буткул йироқ мавзу. Боиси иш сабаб кунни ўтириб ўтказиш, тушликни қилибоқ тезроқ ишини давом эттиришга ошиқиш уларнинг одатий кун тартиби. Шусиз ҳам иш вақти тугагунча зиммасидаги вазифаларни тамомлаб бўлмагач, қўшимчасига яна ўтириб ишлашда давом этадиганлар ишдан сўнг тезроқ уйига бориб дам олишга ошиқиши тайин. Афсуски бундай носоғлом турмуш тарзи халқимиз учун доимий одатга айланмоқда.
Семизлик ва коррупция
Чинакамига семизликка қарши курашмоқчи бўлсак, ишда мунтазам ўтириш эмас, орада қисқа танаффуслар бериб туриш, инсон қадрини устунроқ қўйиб, Меҳнат кодексига чин маънода амал қилиб, белгиланганидан ортиқ ишда қолмаслик ва қолган тақдирда қўшимча ҳақ олишимиз лозим бўлади. Бироқ ҳозирги шароитда бу ширин тушни орзу қилишга ўхшайди...
«The Economist» нашрида 2017 йилда қизиқ бир мақола эълон қилганди. Унда Собиқ СССР таркибидаги республикаларда вазни оғир амалдорларнинг кўплиги ўша мамлакатдаги коррупцион вазият билан боғлиқлиги айтилади. Мазкур индексга кўра, Болтиқбўйидаги учта давлат – Эстония, Латвия ва Литва, шунингдек Грузия собиқ СССР таркибида бўлган мамлакатлар орасида ўша даврдаги энг коррупциядан ҳоли давлатлар ҳисобланган. Шунингдек, ушбу давлатлар вазн жиҳатдан энг ихчам вазирлари билан ҳам мақтана олган экан. Аксинча, ўша вақтларда коррупция индексида энг қуйи ўринларда турган Ўзбекистон ва Туркманистонда, шунингдек Украинада ортиқча вазнга эга амалдорлар сони кўп бўлган экан.
Албатта биз бугун ҳамма амалдорларнинг ҳам вазнини коррупцияга боғламаймиз, зеро коррупция борасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги шуғулланади.
Биз эса шунчаки мутасаддилар, раҳбарлик лавозимларини эгаллаган кишилардан семизликка қарши курашда шахсий намуна кўрсатишларини сўраймиз холос. Боиси раҳбар ўз вазнига аҳамият берса, пиёда ва велосипедда юришда ўрнак бўлса, ишдан ташқари қўшимча спорт билан шуғулланиб, ходимларини ҳам бунга жалб қилса, ундаса ўша корхона ёки ташкилотдан семизлик чекинади. Қолаверса, вазннинг нормал бўлиши инсон энергияси ортишига, спорт қон айланишни яхшиланишига ёрдам беради ва ишчанлик қобилият янада кучаяди.
Шахсий намуна қаерда қолди?
Афсуски шахсий намунани йилда бир ёки икки марта кўрсатиб, пиар қилиш билан иш битмайди. Бунга «Автомобилсиз кун»ни эслаш кифоя. Ўшанда бир нечта вазир ва мутасаддилар пиёда, велосипедда юриб халқни шу бир кун бўлсада автомобиллардан ҳоли яшашга ундашган эди. Бу барча ижтимоий тармоқлар, интернет нашрларида ҳам «сенсация» каби ёритилди (аслида ҳам сенсация бўлди). Аммо шу бир кун билан ўша шахсий намунамиз якун топди. Юқорида биз тилга олган фармонда ҳам раҳбарларнинг «шахсий намуна»си ҳақида тўхталиб ўтилганди. Унда: «Биринчи раҳбарлар «Шахсий намуна» тамойили асосида ўзларининг антропометрик кўрсаткичларини (семизлик даражасини, вазн индексини камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш) яхшилаш орқали ходимларнинг антропометрик кўрсаткичларининг яхшиланишига қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади» дейилган. Мана йил кетидан йил ўтмоқдаки амалда фармонда белгиланган вазифалар ва унинг ижроси унут бўлмоқда.
Ноилахон АҲАДОВА,
«Оила ва табиат» мухбири
Дошқозондаги ошдан қолган қоп-қора ёғни чўмичда пластик идишга қуяётган ошпазга «Буни нима қиласиз?» дея савол бердим. У «Шуниям билмайсанми?!» дегандай энса қотириб жавоб қайтарди:
БатафсилЎтган ҳафтада ҳукуматнинг тегишли қарорига мувофиқ рецепт билан бериладиган дориларни электрон рецепт асосида тайинлаш тартиби белгиланди.
БатафсилЗамонавий ҳаёт ритми биздан тезкорликни талаб қилаётгани бор гап. Улар орасида энг оммабопи – тез тайёрланадиган егуликлар (фаст-фуд) ва қайта ишланган саноат маҳсулотлари эканлиги ҳам ҳақиқат.
Батафсил