Ўзбекистонни дунёга машҳур қилаётган олим Бакриддин Зарипов билан суҳбат.
Яқинда Манхэттендаги 80 қаватли осмонўпар бинода ўзбек олими Бакриддин Зариповнинг сурати (билборд) пайдо бўлди. Билборднинг остида «Ўзбекистонга инвестиция киритинг!» шиори ўзбек ҳамда инглиз тилида акс этган.
Билл Гейтс, Илон Маск, Марк Сукерберг каби таниқли шахслар суратлари ва дунёга машҳур компанияларнинг рекламалари жойлаштириладиган бинода ўзбек олимининг кўриниш бергани дунё эътиборини тортмай қолмади.
Биз ҳам шу ва бошқа қизиқишларимиз ортидан олим Бакриддин Зарипов билан боғландик.
Маълумот учун, олим Жаҳон физиологлар жамияти академиги, Рим университети фахрий профессори, биология фанлари доктори. Айни кунда у Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетларида дарс беради. Шунингдек, ўзбек китобхонлари орасида машҳур бўлган, «Истеъдодли инсонлар мамлакатнинг бебаҳо бойлигидир» номли китобнинг муаллифларидан бири.
– Манхэттен дунёнинг юраги, деб эътироф этиладиган, таниқлилар диққат маразидаги маскан. Қандай қилиб у ерда сизнинг билбордингиз пайдо бўлди?
– Дастлаб менга Ҳарвард университетининг биология ва физиология бўйича профессорлари – И.Кушак ва Аллан Жакс қўнғироқ қилди. Улар АҚШда NASA (Миллий Аэронавтика ва Фазо маъмурияти)нинг «Озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш физиологияси бўйича» дастури мавжудлиги, Ҳарвард профессорлари дастурни «ечиб» беришга таклиф этилганини айтишди. Лойиҳа қиймати нақд 10 миллион доллар экан.
Хуллас, профессорлар менинг ҳам соҳам озиқланиш физиологияси экани ва АҚШ илмий журналларида бу соҳада кўплаб илмий мақолаларим чоп этилгани сабаб улар билан иштирок этишга чақирди.
NASA лойиҳасида қатнашиш катта янгилик ва қувонарли ҳол эди. Таклифга бажонидил рози бўлдим. Сафардаги барча – бориб-келиш, яшаш харажатларим Ҳарвард томонидан қопланди. NASA лойиҳаларида АҚШ журналистлари фаол иштирок этар экан. Манхэттендаги билборд айнан журналистлар туфайли пайдо бўлди.
Улар мендан интервью олиш давомида Ўзбекистондан эканлигимни билиб, қайта-қайта «New Uzbekistan» дейишарди ва юртимизда бўлаётган ўзгаришлардан бохабар эканлигини айтишарди. Мен ҳам мамлакатимиздаги янгиликлар ҳақида гапириб бердим. Суҳбатдан сўнг улар Ўзбекистонда бўлаётган ислоҳотлардан мамнунлигини билдириб, бу ўзгаришлар рамзи сифатида менинг байроғимиз акс этган билбордимни Манхэттен марказига жойлаштириш таклифини айтишди.
Билбордга узоғи 3-4 та сўз ёзилиши кераклиги учун бироз ўйлаб, «Ўзбекистонга инвестиция киритинг!» шиорини ёзишларини сўрадим.
– Биламизки, NASA дунёдаги энг йирик космик тадқиқотларни олиб борувчи ташкилот. У ҳақидаги таассуротларингиз билан ўртоқлаша оласизми?
– Афсуски, йўқ. Чунки бу – ташкилотнинг сири. Кўп нарсаларни айтмаслик учун ҳам шартномага қўл қўйганмиз. Аммо фақат бир маълумотни айта оламан: менга иштирокдан сўнг NASA илмий ишлари иштирокчиси деган махсус сертификат ҳамда миннатдорлик хати топширилди. Унда дастур пулининг миқдори ҳам ёзилган.
– Бундан 10-15 йил аввалги Ўзбекистон таълими билан бугунги таълимдаги тафовутлар қандай? Узоқ йиллар жаҳон ва юртимиз таълимида фаолият юритган мутахассис сифатида бу борада нима дея оласиз?
– Мустақилликка эришганимиздан кейинги даврда давлат сиёсати яратилди, давлатчилик қурилди. Лекин бу даврда муваффақиятлар билан бирга, кечириб бўлмас хатолар ҳам бўлди. Хатолардан энг каттаси илмга, билимга эътибор берилмагани. Мактаблар, олий ўқув юртлар аянчли аҳволга келиб қолди, эркак ўқитувчилар мактабдан, олий ўқув юртларидан қочиб кетди.
2008 йилда 60 га кирган барча академик, профессорларни нафақага чиқарилиши ҳақида топшириқ бўлди. Менимча, мана шу энг катта хатолардан бири эди... Ўша вақтда назаримда, фанда энди куч-қувватга етган вақтим эди. Бир лаҳзада бор-будимдан айрилгандай бўлдим. Бу нафақат мен, балки бутун Ўзбекистондаги академик профессор, зиёлилар учун оғир кечди.
Ана шундай тушкунликни бошдан ўтказаётган вақтимда чет давлатларнинг нуфузли университетларидан дарс бериш таклифлари тушгач, бор тажрибам узоқ йиллар бошқа мамлакат университетларига сарф бўлди.
АҚШ, Италия, Россия ва бошқа давлатларнинг олий ўқув юртларида соҳам бўйича дарс бердим.
Ўзбек академик профессорларининг айримлари мен каби чет элга чиқиб, университетларда ишлади. Уят бўлса ҳам айтаман: кўплаб зиёлилар ўшанда бозорга чиқиб, савдо қилди. Киракашлик қилганларни ҳам кўрдик.
Мана энди улар қайта тикланяпти. Фанлар академиясининг жуда кўп илмий текшириш институтлари ёпилиб кетганди. Бугунги сиёсат натижасида илмий текшириш институтларининг деярли ҳаммаси қайта очиляпти. Илм-фанга, таълимга, хусусан, аёллар таълимига, тадбиркорликка эътибор қаратиляпти. 2016 йил сўнгида Президентимиз ЎзФА академикларини йиғиб суҳбат қурди. Бундай воқеа тарихда бўлган эмас. Академик ва профессорларга катта имконият, шароитлар яратиляпти.
Сўнги йилларда юртимизда халқаро университетларнинг филиаллари очилди. Авваллари бунга имкон йўқ эди. Мен ва айрим ҳамкасбларим ўтган даврда Ўзбекистонда чет эл университетларидан бирининг филиалини очгандик, лекин минг афсус, у ҳам ёпиб юборилганди. Бу жуда аччиқ хотира...
Соҳа мутахассиси сифатида шуни айтаманки, бу ишлар, энг аввало, Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятининг ўсишига, жаҳон бозорларида мавқеининг ўсишига хизмат қилади. Буларнинг барчасини менинг АҚШдаги ҳамкасбларим олқишлаяпти ва катта қизиқиш билдирмоқда.
– Яқинда ижтимоий тармоқларда «Ўзбек илм-фани жар ёқасида» номли мақола баҳсларга сабаб бўлди. Унда ўзбек олимлари ичида плагиатлик авж олгани ва бошқа муаммоли масалалар кўтарилганди. Сиз бу борада нима дея оласиз?
– Тан олиш керак, сўнги 25 йилда ҳатто ўз исм-фамилиясини тўғри ёза олмайдиган, чаласавод авлод вакиллари ҳам етишиб чиқди. Бу худди ана шуларга қаратилган гаплар. Гуруч курмаксиз бўлмайди. Афсус, илм-фанда ҳам кимнингдир қўллаб-қувватлови ёки бошқа бир омиллар билан илмий даражалар олган, мияси бўм-бўш одамлар бор. Уларнинг қўлидан ҳеч вақо келмагач, кўчирмакашлик ва бошқа қинғир йўллар билан ҳам мақсадига етишга ҳаракат қилади. Аммо замон ўзгаряпти. Бундайларнинг даври кўп ўтмай тугайди. Янгиланаётган жамиятимиз энди уларни сиқиб чиқаради барибир.
Мен бир муддат АҚШнинг Ҳарвард университетида дарс бердим. Университет кутубхонасидаги шиорни қаранг: «Билим олиш азоби вақтинча, билимсизлик азоби умрбод». Ҳарвардда «илтимос» ёки «кимнингдир фалончиси» каби тушунча йўқ. Имтиҳондан ўта олмаган одам хафа ҳам бўлмайди, ўзини ўққа-чўққа уриб югурмайди. Индамай кутубхонага кириб, китобини ўқиб ўтиради ва пулини тўлаб келаси йил яна имтиҳон топширади. Ҳатто 5 йилдан буён имтиҳондан йиқилаётганлар бор. Университетнинг жами 80 та катта-кичик кутубхоналари мавжуд. Битта университетда 80 та кутубхона!
Яна бир қизиқ маълумот: АҚШнинг 46 нафар президентидан 12 нафари Ҳарвард университетининг битирувчиси. Дунё миллиардерлари маблағининг тенг ярми Ҳарвард университетининг битирувчилариники. Ҳарварддан жами 79 нафар Нобел мукофотининг лауреатлари етишиб чиққан. Айтмоқчи бўлганим, илм-фанга эътибор кучли бўлган мамлакатгина бой, қудратли бўла олади. Ўзбекистон ҳам бугун шу йўлга қадам қўйди.
– Қачон Ўзбекистон университетларида ҳам Ҳарварддаги каби анъаналар пайдо бўлади, деб ўйлайсиз?
– Саволингизга жавобни ренессанс деган тушунчадан бошламоқчиман. Мен бу ҳақда М.Раҳматов билан ҳаммуаллифликда ёзган «Янги Ўзбекистон учинчи ренессанс остонасида» китобимда муфассал тўхталгандим. Тарихимиз бугунгача 2 та ренессансни кўрганди. Ҳар иккисининг ҳам якунига етишига, барбод бўлишига хурофот ва билимсизлик сабаб бўлгани сир эмас. Бугунгача ўрганишлари секунд-секундигача тўғри чиқаётган иккинчи ренессанс асосчиларидан бири Мирзо Улуғбекни бошидан жудо қилган нарса ҳам хурофот эди.
Аслида ҳар биримизнинг қонимизда Беруний, Ал-Хоразмий, Амир Темур, Улуғбек, Фарғоний, Ибн Сино, Навоий, Бобурларнинг қони оқяпти. Генларимизда буюкларнинг хусусияти бор. Фақат шу хусусиятни бироз «қитиқлаб» қўйиш керак. Бу «қитиқлаш» фақат билим, илм билан бўлади. Мана энди илмга бўлган бугунги эътибор ортидан шу генлар албатта уйғонади. Юртимиз маърифатсизлик, илмсизлик, қўйингки, хурофот ботқоғидан чиқиб, чин маънода Учинчи ренессансга қадам қўйяпти. Ўйлайманки, бу ўзгаришлардан кейин Ҳарвард университетидаги муваффақиятлар юртимизда ҳам пайдо бўлади!
ЎзА мухбири
Мафтуна КАРИМОВА
суҳбатлашди.