Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
Батафсил(Бошланиши ўтган сонда)
Устюрт бўйлаб уюштирилган саёҳатимиз шу зайлда давом этарди. Қум бўронлари, ботқоқликлар, чек-чегарасиз тақир майдонлардан ўтиб борардик.
Йўлда тўхтаб, етиб олмаган шерикларни кутиш, лойга ботганларини тортиб чиқаришга тўғри келди. Атроф жайрон, арқал ва қулонларнинг тезаги билан тўлган. Демак, улар яқинда бу ерларда бўлган. Йўлда қулон оиласини ҳам кўрдик. Қулон тойчаси бирам чиройли бўларкан-эй! Қулонни зебрага ўхшатдим – фақат йўл-йўл эмас, сариқ рангда.
Қулон Халқаро табиатни муҳофаза қилиш уюшмасининг «Қизил китоб»ига ҳам, Ўзбекистон Республикасининг «Қизил китоб»ига ҳам киритилган.
ХIХ асрда Устюрт кенгликларида кўп сонда учраган туркман қулонлари ХХ асрнинг 30-йилларига келиб бутунлай қирилиб кетган эди. Сариқамишдаги балиқчиларнинг айтишича, кўл атрофида 20 бошдан иборат қулон тўдаси тез-тез кўзга ташланадиган бўлибди. Кейинги йилларда қулонлар популяцияси яхшилангани одамни қувонтиради.
Табиат, экологлар ва браконьерлар тўқнашуви бу ҳудудда ҳам ўз асоратларини қолдирган. Йўл-йўлакай Урал мотоцикли излари, ўқ гильзалари, спиртли ичимликлар шишалари кўриниб қолади. Экоинспекторларнинг айтишича, браконьерлар тунда ҳаракат қилгани боис уларни таъқиб қилиш, миллий табиат боғининг ҳайвонот дунёсини улар тажовузидан асраб қолиш осон кечмайди.
Узоқдан уфққа қадар чўзилган баланд чинклар кўринди. Демак, бир замонлар бу ерларда денгиз бўлган. Навбатдаги чинк устидан кўринган кенг водий ва яна бир фантастик пейзаж бизни лол қолдирди. Йўл юриб, мўл юриб, ўтмишда қоплонлар макони бўлган Қоплонқирга етиб келдик.
Якранг манзарали чўлдан келиб, Яратганнинг бу бетакрор тасвирларидан кўз яйрайди, дил ором олади, йўл азоби бир зумда тарқаб кетади. Ўзингизни ўзга сайёрага тушиб қолгандек ҳис қиласиз.
Чинк остидаги қирлар шамол, қуёш ва ёмғир таъсирида нақшланиб, ажойиб шакл ва скульптурани ҳосил қилган. Бўр, оҳактош, қумтош, гипс, кварц, темир каби тоғ жинслари юқоридан турли рангларда товланиб, кўзингизни олади.
Дарвоқе, бу жой – Ватанимиз сарҳадларининг энг жануби-ғарбий нуқтаси, уч давлат чегараси ўтган манзил. Тўғримиздаги чинкнинг уёғи Туркманистон, ўнг томонимиздаги тепаликнинг нариги томони Қозоғистондир.
Қоплонқирнинг шимолий қисми Ўзбекистон ҳудудида, катта қисми эса Туркманистон ҳудудида жойлашган. У шимоли-ғарбдан жануби-шарққа 200 километрга чўзилган. Эни жануби-шарқдан шимоли-ғарбга кенгайиб (35 км гача) боради. Энг баланд жойи 305 метр. Қирнинг Туркманистон ҳудудида Қоплонқир қўриқхонаси фаолият кўрсатади.
Канъон – даралар юқорисидан пастга қараганда ўзанга кўзим тушди. Пастликда булоқ бор дейишганди – уни ҳам кўришим керак. Канъоннинг тепасидан пастни чамаладим: юқоридан тушиб бўлмайди. Учта қир айланиб ўтишга тўғри келди. Канъонлар ости жайрону арқаллар тўпланиб, сув ичадиган манзил экан. Ҳаммаёқда туёқ излари. Термитлар бино қилган уя баландлиги эса 1,5 метрга етади.
Афсуски, булоқ топилмади. Юқоридан туриб ўша ерда булоқ бўлса керак деб тахмин қилишган, шекилли. Ўзан эса юқоридан тушадиган ёмғир ва қумга сизиб оқадиган сув йўли экан. Сув ости сариқ, жигарранг тусда. Қандайдир кимёвий реакциялар бўлганга ўхшайди. Жуда шўр ва тахир. Чўл жониворлари мана шу шўр сувни ҳам ичаверади.
Чинк тепасида шамол эсаётганди. Канъоннинг ости эса шу қадар сокин эдики, юрак уришингиз эшитилади. Бирдан бошқача тортасиз, Яратувчининг яратмишларига боқиб тафаккурга чўмасиз.
Шомга яқин ҳаво совий бошлади. Бу ерлар иқлими кескин-континентал, кундузи қуёш қиздиради, кечқурун анча салқин бўлади. Кечаси яна шамол бўлди. Бомдоддан кейин сув ичгани келадиган жониворлар галасини кўрмоқ илинжида чинк устига яшириндим. Йўқ, бир неча километрдан одам исини олган ҳайвонлар кўриниш бермади. Узоқдан икки-уч бош Устюрт қўйи югуриб ўтди, холос. Қир устидаги тезаклардан бу жойларда бўрилар ҳам кўп эканига амин бўлдим. Лекин бўри ҳам бўй кўрсатмади, шунча одамдан йиртқич ҳам чўчийди-да!
Қуёш ётоғидан бош кўтариши билан водий янада очилиб кетди. Пастдаги даралар яна анвойи рангларга бурканди. Яна ва яна суратга оласиз. Манзарага қараб тўймайсиз. Кетгиси келмайди одамнинг...
Судочье – тиниқ сувлар ўлкаси (эди...)
Қоплонқирдан кундузи соат ўнда йўлга чиқдик. Олдинда қарийб 400 километрли сафар бор. Агар йўлда бирон фавқулодда ҳолат юз бермаса, кечқурун Судочьега кириб борамиз.
Манзил узоқ. Йўл деб аталадиган тузилманинг ўзи йўқ. Қадимгилар бу саҳрода асосан тунда йўл юриб, юлдузлардан мўлжал олган. Русия босқинигача ва ундан сўнг географ олимлар ҳудудни тадқиқ этиб, ҳарбий харитасини тузганлар. Фойдали қазилмаларга бой бўлган бу жойларда геологлар қидирув ишларини олиб бориб, махсус белгилар қолдиришган. У триангулятор (уч оёқли устун), бетон ёки темир устун бўлиши мумкин. Мана шундай белгилар ҳам ҳайдовчилар учун мўлжал вазифасини бажаради. Шунингдек, замонавий GPS хариталарида ҳам ҳайдовчилар мўлжал қолдириб кетиши, кейингилар шундан фойдаланиши мумкин.
Йўлда бир пайтлар чўпонлар бурғулаб сув чиқарган қудуқ ёнида тўхтадик. Чўпон-чўлиқ бу ерларни ташлаб кетганига анча бўлса-да, улар қазиган қудуқда ҳамон сув бор экан. Балки, ёмғир сувларидан қайта йиғилгандир. Шу ердан бир жағ суягини топиб олдим. Ит ёки бўри жағига ўхшамас, анча кенгроқ, кичикроқ айиқникига ўхшаб кетарди. Экологлардан сўрасам, бу «Қизил китоб»га киритилган Ҳинд асалхўрининг жағ суяги бўлиши мумкинлигини айтишди.
Асалхўр сувсарлар оиласига мансуб сут эмизувчи ҳайвон бўлиб, танасининг узунлиги 68-75 см. думи 17-20 см. бўлади. У асосан Африка, олд, ўрта ва Жанубий Осиёда (Ҳиндистон) яшайди. Асалхўр кучли ва тажовузкор жонивор. Африкада унинг шер ва гепардларга қарши чиққани, ҳатто ҳужум қилгани ҳақида видеолар кўп. Асалхўрлар майда умуртқалилар, тошбақалар ва ҳашаротлар, жумладан, ари ва асал билан озиқланади. Қудуқ атрофида бир қанча тошбақа косалари ҳам топилди. Демак, шу манзилда асалхўр яшагани аниқ.
Дарҳақиқат, 2012-2014 йилларда жанубий Устюрт ва шимолий Сариқамиш ҳавзасида ўтказилган илмий экспедиция пайтида ҳудудда ҳинд асалхўри яшаши аниқланган ва суратга олинган.
Бунақа узоқ йўл ва машаққатли сафарда йўлдошларнинг сабрли, киришимли ва бағрикенг бўлгани – бахтинг. Машинадаги ҳамроҳларим билан гапимиз бир жойдан чиқди. Есимхон Қаноатов – қорақалпоғистонлик журналист, фольклорчи, тарихчи. «Устюртдаги тарихий ёдгорликлар» мавзусида докторлик иши ёзмоқда. Есимхон ака билан қорақалпоқ халқининг тарихи ва бугуни ҳақида сўзлашиб кетдик. Экология қўмитаси матбуот котиби Бунёд Абдуллаев атроф муҳитни муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган хайрли ишлар ҳақида гапириб берди. У билан табиат ва албатта, айиқлар ҳақида гурунг қилдик. Қорақалпоғистон экоқўмитаси ҳайдовчиси Соғиндиқ эса инспекторлар ҳаётидан қизиқарли воқеалар, браконьерлар билан тўқнашувлар ҳақида сўзлаб берди.
Машинамиз Ақшўлақ овулига яқинлашиши билан узоқдан электр чироқлари кўринди. Бироздан сўнг телефонлар ишлаб кетиб, хабарлар кела бошлади. Суҳбат бўлинди – ҳамма мобил қурилмасига ёпишди. Уч кундан бери фойдаланилмаган алоқа воситалари яна ишга тушди. Машинамиз ҳам асфальт йўлда хотиржам ҳаракатланаётир. Бундан энг кўп ранжиган Соғиндиқ бўлди: «Эҳ, маза қилиб гурунглашиб кетаётгандик-а, ҳамма телефонга кириб кетди!». Трассадан Судочье томонга бурилишимиз билан телефон сигналлари аста-секин узилди.
Судочьедаги балиқчилар уйига кечаси соат иккида етиб бордик. Тўхталишлар билан йўлга 16 соат кетибди. Ҳамма чарчаган, ухлашга жой қидирган. Экологлар барака топишсин, тезда овқатга унашди.
Кечаси қоронғида қаерга келганимизни яхши кўролмаган эдик. Бу ерлар ўтган асрнинг 50-йилларида яшнаган, лекин ҳозирда арвоҳ шаҳарга айланган Урга посёлкаси экан. Балиқчилар уйидан чиқишим билан улкан омборни эслатувчи хароба бинога кўзим тушди. Бу бир пайтлар балиқ сақланадиган ва қайта ишланадиган завод бўлган экан. Унинг нарироғида балиқ музлатиладиган омборхона – афтидан, балиқчилар ҳозир ҳам фойдаланишади.
50-йилларда Урга балиқчилар посёлкасида 100 дан ортиқ оила яшаган. Аҳолининг аксарияти XIX асрда Оролбўйига сургун қилинган Урал казакларининг авлодлари бўлган.
Ургада мактаб, клуб, почта бўлими, моховлар касалхонаси фаолият юритган. Аҳоли балиқчилик ва ондатрачилик билан шуғулланган. Орол денгизи ва Судочьедан сув қочиши билан аҳоли бу ерларни тарк эта бошлаган. Посёлканинг охирги турғуни 1971 йили Судочьедан бош олиб кетган. Ҳозирда биноларнинг харобалари қолган холос.
Собиқ балиқ заводи орқасидаги чинкдан юқорига кўтарилдим. Тепадан кўллар ва атрофдаги ярим вайрона бинолар яққол кўзга ташланади. Кўллар атрофини қамиш босган. Ўртада ҳам қамиш ороллар талайгина. Қушларнинг бир неча турини кузатдим. Ҳув ана, фламинголар галаси кўл бўйида бир оёқда турибди!
Судочье кўллар тизими ҳудудида 2021 йили алоҳида экологик қимматга эга бўлган табиий объектлар ва мажмуаларни, ҳайвонларнинг ноёб турларини сақлаб қолиш ҳамда уларни қайта тиклаш мақсадида «Судочье-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилган. Мўйноқ ва Қўнғирот туманларида жойлашган қўриқхонанинг умумий майдони 280 507 гектар.
Судочье кўллар тизимида 240 турдаги минглаб кўчманчи ва доимий яшовчи қушлар бор. Бу ерда Ўзбекистоннинг «Қизил китоб»ига киритилган 40 турдаги қушларнинг 30 тури, Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро ташкилотининг «Йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги турларнинг Қизил рўйхати»га киритилган 24 турдаги қушнинг 18 тури яшайди. Бу кўллар тизими қушларнинг уя қўйиш, учиб ўтувчи қушларнинг эса дам олиш, учиш олдидан озиқланиш ўрни бўлиб хизмат қилади.
Амударё Орол денгизига етиб борган пайтлари Судочье кўли дарё дельтаси билан чегарадош ва майдони катта бўлган. Орол денгизининг қуриши натижасида сув чекиниб, Катта Судочье, Акушпа, Каратерен, Тайла, Бегдулла-Айдин деб номланувчи майда кўлларга бўлиниб кетган. Дарвоқе, Судочьенинг асли номи Сувдошин ёки Судусши бўлиб, чин сув, тиниқ сув, чучук сув деган маъноларни англатади. Бир замонлар кўлнинг суви тиниқ, чучук бўлгандир, лекин ҳозир ундай эмас.
Ургада бир замонлар денгизчилар учун маёқ вазифасини бажарган минора харобаларини кўрдик. Уларнинг энг баланди 10 метр. Археологларнинг таъкидлашича, бу миноралар IX-X асрларда қурилган. Ҳудудда массагет ва скиф қабилаларига оид бир қанча мозорлар ҳам мавжуд.
Ҳозир ов мавсуми бўлмагани учун балиқчилар кам. Кўл бўйидаги катта қайиқлар ҳам тўнкариб қўйилган. Соҳилда омонатгина кичик қайиқ турибди, холос. Балиқчи отадан илтимос қилгандик, кўлда бироз сайр қилдирди. Кичик қайиқда мувозанатни обдон ушлаш керак. Акс ҳолда чайқалиб, сизни сувга отиши мумкин. Бу ерда кўл чуқурлиги 15 метргача боради.
Қамиш чакалакзордан ўтиб, кўлнинг асосий қисмига ҳам етиб бордик. Атрофда турли қушларни кўриш мумкин. Баъзилари қамиш ораларига ҳам ин қурган. Сув лойқа бўлгани учун балиқлар кўринмади.
Кўллар тизими бўйлаб чўзилган чинк устидан машинада юриб саёҳатни давом эттирдик. Кўлда ўзим таниган қушлардан оққуш, фламинго (айтганча, уни маҳаллий аҳоли қизилғоз деб атаркан), ғоз ва ўрдакларни учратдим. Бундай гўзал манзарани умримда биринчи кўришим: мовий кўл, айниқса, булутлар орасидан қуёш нури тушганда ўзгача товланади; юмалоқ-юмалоқ қамиш ороллар; ҳавзада қийқириб чўмилаётган қушлар; нафис рақс тушаётган оққушлар; кўлдан эсаётган оромбахш шабада...
Юртимизнинг шундай гўзал маскан-манзиллари бор экан, билмай юрган эканман!
Устюрт бизни ана шундай бетакрор, унутилмас таассуротлар билан кузатиб қўйди.
Давронбек ТОЖИАЛИЕВ
«Нукус – Борсакелмас – Сариқамиш –
Қоплонқир – Судочье»,
2022 йил 6-9 май
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилБоғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.
БатафсилБаъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.
Батафсил