Иқлим      Бош саҳифа

Дунёни қамраб Олаётган муаммо, унга қандай ечим топиш керак?

Кундан –кунга дунёда чиқиндилар муаммоси энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб бормоқда. Афсуски  бизда ҳали бунга етарлича эътибор қаратилганича йўқ. 

Дунёни қамраб  Олаётган  муаммо,  унга қандай ечим топиш керак?

Одамларнинг ҳар кунлик фаолияти натижасида ҳосил бўлувчи органик ва ноорганик чиқиндилар, шунингдек ҳудуд ва ободонлаштириш объектларидаги табиий жараёнлар натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар (озиқ-овқат ва ўсимлик чиқиндилари, тўқимачилик маҳсулотлари, ўраш-жойлаш (қадоқлаш) материаллари, шиша, резина, қоғоз, пластмасса, ёғоч чиқиндилари, ўзининг фойдаланиш хусусиятларини йўқотган уй-рўзғор буюмлари) маиший чиқиндилар деб аталади.

Лекин ўзингиз бир ўйлаб кўринг, Ўзбекистонда замонавий, атроф муҳитга зарар етказмайдиган чиқинди полигонлари борми? Албатта йўқ! Борлари эса шунчаки ахлатхоналар. Чунки ҳақиқий чиқинди полигонида ерости сувларини заҳарламаслиги учун махсус изоляция қатламлари бўлади. Бундан ташқари чиқиндиларнинг қуёш нури таъсирида чириши оқибатида ундан биогазлар ажралиб чиқади. Натижада, айниқса иссиқ кунларда улар ўз-ўзидан ёниб, атрофга заҳарли ҳид ва тутун тарқатади.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маълумотига кўра,

Ўзбекистонда 20-30 фоиз чиқинди қайта ишланади. Қолганлари чиқинди полигонларига олиб кетилади.

Чиқиндиларни қайта ишлаш заводлари фаолиятини ўрганиш мақсадида Бухоро вилоя­тидаги сараланган маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва маҳсулот чиқариш МЧЖ «AHOLITRANS» кластерига ташриф буюрдик.

Кластерга Бухоро вилоят Когон туман ҳокимининг қарорига асосан Когон туман «Беклар» ҚФЙ ҳудудидаги «Etalon building service» МЧЖга тегишли 20,82 гектар майдон, шундан қурилиш майдони 42857,0 м2 дан иборат собиқ «Когон чўчқачилик комплекси» бино-иншоотлари ости ва атрофидаги ер майдонлари доимий фойдаланишга бриктириб берилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Когон туманида чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш кластери қуриш лойиҳаси билан танишган эди. Клас­терда Хитойдан бир кеча-кундузда 450 тонна чиқиндини қабул қилиш қувватига эга технологиялар келтириб, ўрнатилган. Бу ерда металл, тош, шиша, яроқсиз резина ва автошиналар, пластмасса, ёғоч-тахта бўлаклари, шох-шаббалар, макулатура, қурилиш материаллари, матолар чиқиндиси сараланади. Улардан брикет, синтетик тола, қоғоз картон, тўқимачилик матоси, қурилиш блоклари, биогумус ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Заводда умумий ҳисобда 140 та транспорт воситаси бор. Ҳар бир машинанинг қатъий жадвал асосида ишлашини назорат қилиб туриш мақсадида уларга GPS тизими ўрнатилган. Ушбу тизим орқали машиналар онлайн назорат қилиб борилади. Улар қайси ҳудудлардаги чиқиндиларни олиб бўлганини ҳам шу орқали билса бўлади. GPS тизими фуқаролар билан мулоқот қилишда ҳам катта аҳамиятга эга. Аксарият фуқаролар чиқинди олиб кетилмагани юзасидан Истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига ариза ёзиб, судга беришади. Буларнинг барчаси чиқинди пули тўламаслик учун қилинади. Лекин GPS тизими бор экан, судда фуқарога чиқинди қачон ва қайси куни, қай вақтда олиб кетилганини исботлаб бериш осон.

Коронавирус пандемияси сабаб мамлакатимизда ҳам жуда кўп тиббиёт чиқиндилари ҳосил бўлди. Тиббиёт тарихида ҳеч қачон бу қадар кўп дока ниқоблар, резина қўлқоплар, ҳимоя воситалари ишлатилмаган. Қолаверса, уларни ишлатиб бўлгандан кейин маиший чиқиндиларга аралаштириш асло мумкин эмас. Аммо юртдошларимиз хонадонидан чиқадиган тиббий чиқиндиларни маиший чиқиндиларга аралаштириб ташлашади. Бу ишчилар учун ҳам хавфли. Иш давомида юқумли касаллик юқтириб олмасликлари учун улар кўрикдан ўтказиб турилади.

— Ҳафтанинг ҳар шанба кунида Бухоро шаҳар тиббиёт клиникалари ва давлат шифохоналаридан чиқадиган чиқиндиларни махсус печда 1200 ҳароратда қиздириб йўқотиб юборамиз. Печда фақат тиббиёт чиқиндилари утилизацияси амалга оширилади. Унда 3 та ходим ишлайди, ишчиларга иши хавфли бўлгани боис, ойлик маошларига 20 фоиз қўшимча қўшиб берилади. Ҳозирда корхонамизда  юз нафар ишчи доимий фаолият юритмоқда, — дейди завод раҳбари Насриддин Рашидов.

«Аслида заводга Бухородаги учта ҳудуд Бухоро, Когон шаҳарлари, Когон туманидан маиший чиқиндилар ташиб келтирилади. Бухоро ва Когон шаҳарларидан кунига 350-400 тонна чиқинди чиқарилади. Бухоро, Когон, Қоровулбозор туманларидан ҳам худди шундай кунига 250-300 тонна чиқинди чиқади. Бир йилда бу 120 минг тонна чиқинди дегани. Аммо ташиб келтирилган ахлатлар орасида қайта ишланадиган маҳсулотлар деярли йўқ. Шу сабабли иш ўринлари ва чиқиндини қайта ишлаш ҳажми ҳам камайиб кетди. Аслида чиқиндини биздан бошқа биров йиғиб олишга ҳақи йўқ. Аммо йўл-йўлакай ана шу чиқиндига ҳам эга чиқаётганлар кўп.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 сентябрдаги қарорига асосан маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматини кўрсатиш жараёнида, шунингдек, маиший чиқиндиларни тўплаш шохобчалари ва саралаш пунктларидан маиший чиқиндилар таркибидаги иккиламчи хом ашёни маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилотларнинг розилигисиз ажратиб олиш ва ўзлаштириш тақиқланади, дейилган. Чунки чиқинди вирус тарқатувчи ҳисобланади. Чиқиндиларни қайта ишлаш учун зарур қонун ва қонуности ҳужжатлар яратилган, аммо уларни амалга татбиқ этиш механизми йўқ ,» —дея куйиниб давом этади завод раҳбари.

 

Ўз вақтида тўланмаган тўловлар ва кластернинг умумий фойдасидан тўланиши керак бўлган айрим ноаниқ солиқ фоизлари сабаб клас­тер 20-25 миллион газ таъминотидан, 200 миллион электр таъминотидан қарздор.

Корхона умумий фойдасининг 5 фои­зидан кўп бўлмаган миқдори ҳар йили тасдиқланадиган харажатлар сметаси доирасида Санитар тозалаш бўйича ихтисослаштирилган корхоналар республика бирлашмаси фаолиятини молиялаштиришга, шунингдек, чиқиндилар билан боғлиқ инфратузилмани ривожлантириш тадбирларини амалга оширишга тўланади. Аслида бу фоизлар чиқиндини қайта ишлаб, респуб­ликадаги катта муаммони бартараф қилаётганлиги учун корхонага тўланиши керак эмасми? Ахир улар экологияни яхшилаш учун ҳам чиқиндини қайта ишлашмоқда, ҳам ўз даромадидан Экология қўмитасига пул тўламоқда. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, бу қанчалик тўғри?

Яна бир масала аҳолининг экологик мадания­ти пастлиги муаммосидир. Аксарият ҳолатда одамлар ахлатни махсус чиқинди қутиларигача олиб боришга эринишади. Кўп қаватли уй-жойларда яшовчи аҳолининг аксарияти чиқиндини деразасидан улоқтиради. Ярми дарахт шохларига илиниб, қолганлари ерга сочилиб ётади.

Бизнингча, чиқинди билан боғлиқ маълумотларни мактаб дарсликларига киритиш керак. Экопартия ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ўқувчилар учун чиқиндини қайта ишлаш кластерларига саёҳатлар уюштириб, чиқиндининг қайта ишлаш жараёнларини ёшларга кўрсатиши керак.

Суҳбатимизга заводнинг иш бошқарувчиси Алишер Назаров қўшилиб, корхонадаги цехлар фаолияти билан бизни таништирди. Кластердаги цехларда балон ва пластик чиқиндилардан РДФ ёқилғиси, резина брусчаткалари, шох-шабба чиқиндиларидан кўмир брикетлари, қоғоз чиқиндиларидан картон маҳсулотлари, пластик чиқиндилардан полиэфир толаси, озиқ-овқат чиқиндиларидан ўғит (компост), металл чиқиндиларидан пресланган металл, қурилиш чиқиндиларидан пишган ғишт ва шлакаблок, органик чиқиндилардан биогаз, иккиламчи пластик гранулалардан турли пластик маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига гувоҳ бўлдик.

Кластер фаолиятини ўрганиш давомида биз чиқинди полигонларини айландик — гектарлаб майдонлар чиқиндига тўлиб ётганлигининг гувоҳи бўлдик. Улардан чиқаётган заҳар экологик муҳит учун қанчалар катта зарарлигини билганингизда эди... Шунинг учун ҳам чиқиндиларни саралаш ва чиқитга чиқаётган маҳсулотлар сонини имкон қадар камайтириш жудаям муҳим масала.

Шу ўринда айтиб ўтмоқчимиз, чиқиндини кўпайтирмаслик учун аввало ўзингиз билан матодан тикилган халта олиб юринг, чунки сизга бозорда, дўконда товар солиб берилган целлофан пакет 400 йилда чирийди.

Бир марталик идишларни ишлатманг, уйда чиқиндини саралашни ўрганинг, қайта ишлаш осон бўлади, озиқ-овқат маҳсулотларини молингиз бўлмаса, алоҳида идишда чиқиндихонанинг бир чеккасига қўйинг. Батарейкаларни ерга ташламанг, чунки улардаги кимёвий моддалар 1 кв.метр жойни 20 йилга заҳарлаб, у ердаги барча микроорганизмларни ўлдиради. Хуллас, маҳалламиз, туманимиз, шаҳримиз, Ватанимиз озода ва экологик хавфсиз бўлиши учун ҳар куни тонг саҳарда сиз ва биз ташлаб кетган чиқиндиларни тозалаётган опа-акаларимизнинг меҳнатини қадрланг!

 

Ферузбек Сайфуллаев




Ўхшаш мақолалар

Сессия қарори асосида «Навоийазот» АЖ  атрофида атмосфера  мониторинг  қилинади

Сессия қарори асосида «Навоийазот» АЖ атрофида атмосфера мониторинг қилинади

🕔09:23, 23.10.2025 ✔6

Саноат корхоналари мамлакатда иқтисодий тараққиётнинг бош омили саналади. Уларда минглаб элдошларимиз меҳнат қилар экан, биринчи навбатда ўз оиласи фаровонлигини таъминлаётганидан мамнун, албатта.

Батафсил
Кўринмас сув нима?

Кўринмас сув нима?

🕔09:11, 23.10.2025 ✔6

Виртуал сув маҳсулотни ишлаб чиқариш жараёнида ишлатилган, лекин кўзга кўринмайдиган сув миқдоридир.

Батафсил
Сирдарёда  сувдан фойдаланиш қандай кечмоқда?

Сирдарёда сувдан фойдаланиш қандай кечмоқда?

🕔15:32, 16.10.2025 ✔26

Сирдарёда экологик ислоҳотлар бўйича эшитувда сув ресурсларини тежаш ва амалий натижалар босқичи бошлангани муҳокама қилинди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар