Табиат      Бош саҳифа

Жонзотларга шафқатли бўлинг!

Курраи замин ўз бағридан қир-адирлар, тоғ-тошлар, чўл-биёбонлар қатори турфа хил ўсимликлар, гиёҳлар, жониворлар, қушлар, ҳашаротлар ва одамларга жой берган.

Жонзотларга  шафқатли  бўлинг!

Унда барча бир-бирини тўлдириб, қўллаб, узвий боғланган ҳолда яшаб келмоқда. Аммо бир тур бошқасидан кучли чиқиши тайин ва ана шу кучлилар, ақл ва идрок соҳиблари инсонлардир.

Бугун орамизда шундай «муштуми зўрлар» борки, кучини тилсиз, забонсиз жониворларга кўрсатади, бор аламини улардан олиб, камига қилган иши билан мақтанади. Афсуски, бугун интернетда итлар ва мушукларга озор бериб, жароҳат етказиб, ўлдириб ғурурланадиган, қилган ишини видеога олиб ижтимоий тармоқларда «юлдуз» бўлишга уринаётган ёшлар кўпайиб бормоқда. Уларнинг бу қилмиши ҳайвонларга нисбатан шафқатсизликдан бошқа нарса эмаслигини билиб туриб, баъзан жим қараб турадиганлар ҳам топиляпти. Афсуски, бугун биз инсон деган номга ана шу йўсинда доғ туширмоқдамиз.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, «тик-ток»да кўпроқ «лайк» олиш учун итларни қийноққа солган, ҳатто бошини узиб олган болани инсон дейиш мумкинми? Мушукни бўйнидан дарахтга осиб, қимирлай олмас даражада оёқларини бойлаб, ўзи ожиз қолган ҳайвонни хода билан бошига қайта-қайта уриб, камига буни видеога олган кишидан яна нима кутиш мумкин? Беозор ва озодалиги учун нафақат инсонларнинг хонадонларига, ҳатто масжидга ҳам киришига рухсат этилган ягона ҳайвон мушук ҳисобланади. Хўш, уни шу ҳолга солганларни қандай аташ лозим?

Аслида муқаддас динимизда инсонлар билан баробар жониворларга ҳам яхши муносабатда бўлишга чақирилган. Муқаддас китобимиз Қуръони каримда эса «Ердаги бирор жонивор ва бирор икки қаноти билан учадиган парранда йўқки, (улар ҳам) сизлар каби умматлар бўлмасалар...» (Анъом, 38) дейилган.

Аслида ҳайвонларнинг фойдаси, ҳаётимизда тутган ўрни юқори. Ахир истеъмол қилаётган таомимиз ҳам улар сабабли эмасми? Ўтмишда ҳозиргидек трактор, КамАЗ каби турли русумдаги транспортлар бўлмаган. Ерга омоч қўшилган ҳўкиз ёрдамида ишлов берилган. Арава қўшиб юк ташилган. Отлар узоқни яқин қилган. Итлар уйни, чорвани қўриқлаган. Мушук­лар эса ҳосилни еб қўядиган сичқонларни тартибга солган, уларни еб, бизни улар келтирадиган зиёндан асраган. Қолаверса, биз истеъмол қиладиган таомимиз таркибидаги гўшт ҳам айнан парранда ва чорва молларининг гўштидир. Тасаввур қилинг, буғдой бошоқларини териб, ун қилиб, хамир қориб нон ёпмоқчисиз. Бунинг учун, аввало, буғдой бошоқларини йиғиб олиш лозим. Агар уларни саваласак ерга тўкилади, териб олиш оғир машаққат. Хўш, нега шундай қилмайсиз, аммо ҳайвонларни урасиз?

Ҳадиси шарифда: «Бирон киши чумчуқни сабабсиз ўлдирса, қиёмат куни Аллоҳга: «Эй Парвардигорим, бу киши мени ноҳақ ўлдирди, бундан унга ҳеч қандай фойда йўқ эди», деб шикоят қилади», дейилган (Имом Насаий ривояти). Ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) юзига тамға босилган бир эшак ёнидан ўта туриб: «Ким бу ишни қилган бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, мен бундай ишни ман қилган эдим-ку!» дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Бундан кўринадики, ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш динимизда ман қилинган. Аслида бугунги қонунларимизда ҳам бу таъқиқланган. «Ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун бунга мисол.

Очиғи, болалигимни эсласам, мени мактабга кузатиб қўядиган итим, уйда кутиб оладиган мушугим ёдимга тушади. Ҳар тонг мактабга итим мен билан бирга борар, йўлда кимдир мени хафа қилишга уринса, дарров ирриларди. Мактаб дарвозасига етгач, то ўқув биносига кириб кетгунимча дарвоза ёнида қараб турарди. Танаффусларда қорасини кўрсатмасдию, лекин дарсим тугаш вақтига яна ўша темир дарвоза ёнида пайдо бўларди. Мени кутиб олар ва уйга бирга кетарди. Эрталаб ойим сумкамга солиб қўйган ноннинг бир бўлагини итим учун асраб қўярдим. Уйга етмасдан унга бериб, гўё миннатдорлик билдирардим. Уй ҳайвонлари мен учун бирга ўйнайдиган ўртоқ, гаплашадиган дўст, бегоналардан асрайдиган ҳимоячи эди. Ҳар гал ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик қилингани ҳақида эшитсам, ўқисам, видеони кўрсам, итим ёдимга тушади. Бирор марта қўл кўтармаган итимга кимдир шундай муносабатда бўлса, нима қилардим, дея хаёл қиламан.

Аслида табиатсеварлар қатори жониворларга меҳри бўлак инсонлар ҳам орамизда жуда кўп. Улар ўз маблағи эвазига эгасиз итларга бошпана қилишади, егулик беришади, ҳеч бўлмаса озор бермасдан, жимгина ўтишади. Ҳатто шундай ит ва мушуклар борки, шоҳона яшайди. Эгаси оила аъзоси қатори кўради: ювинтиради, сайрга олиб чиқади, махсус таом билан боқади ва ҳатто кийим кийдириб қўяди. Бу ким учундир бемаъниликдир, аммо аслида меҳрнинг бир кўриниши ҳисобланади. Шулар ортидан ветеринарларга, зооаптекаларга, махсус овқат ишлаб чиқарувчи ва сотувчиларга иш бор.

Биласизми, Аргентинада одамлар ит боқишни яхши кўришади. Шу сабабли итлар учун махсус сайр қиладиган жойлар ташкил қилинган. Одамлар эса итларини сайр қилдириш хизматидан фойдаланишади. Яъни итларни сайр қилдириш касби мавжуд. Бу касб эгалари ўрта ҳисобда бир варакайига 10 тадан 40 тагача итларга хизмат кўрсатишади ва ойига 3 минг АҚШ долларидан ортиқ маош олишади. Тасаввур қилиш қийин, аммо бу ҳақиқат.

Ҳайвонларга нисбатан меҳр-шафқатли бўлиш инсоннинг охиратда ҳам баланд даражаларга эришишига сабаб бўлади. Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бир киши йўлда кетаётиб қаттиқ ташна бўлди. Йўлида бир қудуқ кўриниб қолди-да, унинг ичига тушиб сувидан ичди. Қудуқдан қайтиб чиққан вақтида бир ит ташналигидан ҳансираб, ҳўл тупроқ ялаётганини кўрди. Бу бечора ҳам менга ўхшаб чанқабди, деб ўйлади ва қайта қудуққа тушиб, маҳсисига сув тўлдириб чиқиб итга ичирди. У кишининг қилган иши Аллоҳ таолога хуш келиб, гуноҳини кечди», дедилар. Шунда саҳобийлар: «Эй Расулуллоҳ! Ҳайвонларга қилган яхшилигимиз учун ҳам бизларга савоб бўладими?» деб сўрашди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ҳа, ҳар бир жонлида шундай ажр бор», деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий ривояти).

Аксинча, ким ҳайвонларга жабр-зулм ўтказса, азоб берса, бундай одамни охиратда қаттиқ жазо ва уқубат кутади. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда бир мушукни қамаб қўйиб қийнаган одамнинг охиратда азобланиши ҳақида хабар берилган.

 

Ноилахон АҲАДОВА,

«Оила ва табиат» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Янги ҳуқуқий меъёр  Ёввойи  Ўсимликлар эътибордан  четда  эмас

Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас

🕔09:22, 23.10.2025 ✔10

Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.

Батафсил
Боғотда чиқинди муаммоси:  рақамлар тизимли ёндашувни  талаб  қилмоқда

Боғотда чиқинди муаммоси: рақамлар тизимли ёндашувни талаб қилмоқда

🕔09:18, 23.10.2025 ✔13

Боғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.

Батафсил
Ҳайвонлар ва қушларда ҳам  ғурур бор

Ҳайвонлар ва қушларда ҳам ғурур бор

🕔09:09, 23.10.2025 ✔10

Баъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Янги ҳуқуқий меъёр  Ёввойи  Ўсимликлар эътибордан  четда  эмас

    Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас

    Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.

    ✔ 10    🕔 09:22, 23.10.2025
  • Боғотда чиқинди муаммоси:  рақамлар тизимли ёндашувни  талаб  қилмоқда

    Боғотда чиқинди муаммоси: рақамлар тизимли ёндашувни талаб қилмоқда

    Боғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.

    ✔ 13    🕔 09:18, 23.10.2025
  • Ҳайвонлар ва қушларда ҳам  ғурур бор

    Ҳайвонлар ва қушларда ҳам ғурур бор

    Баъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.

    ✔ 10    🕔 09:09, 23.10.2025
  • Тозалик ва озодалик  ойлиги бошланди:  Ҳисса  қўшинг, фаол  иштирок этинг!

    Тозалик ва озодалик ойлиги бошланди: Ҳисса қўшинг, фаол иштирок этинг!

    Ўзбекис­тон Президенти топшириғига кўра, 15 октябрдан эътиборан бутун республикада тозалик ва озодалик ойлиги бошланди.

    ✔ 37    🕔 15:30, 16.10.2025
  • Табиатнинг  олтин  бешиги

    Табиатнинг олтин бешиги

    «Сайгачий» мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси Устюрт текислигининг ноёб биологик хилма-хиллигини ўзида мужассам этган. Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот ва Мўйноқ туманлари ҳудудида жойлашган мазкур қўриқхонанинг асосий мақсади табиий гўзалликни асл ҳолича ишончли муҳофаза қилишдан иборатдир.

    ✔ 28    🕔 15:27, 16.10.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар