Ҳарорат кўтарилиб, кунлар исий бошлаши билан сувга бўлган эҳтиёжлар янада ортади. Бундай пайтларда сувнинг қадри ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлиши табиий.
Гарчи сув Ер сайёрасининг учдан икки қисмини ташкил этса-да, инсоният у билан боғлиқ муаммоларда жиддий ўзгаришлар қилишга муваффақ бўлолгани йўқ. Мутахассислар бунинг асосий сабаби сифатида кейинги пайтларда сувга бўлган эҳтиёжларнинг кескин ошиб кетганини таъкидлашмоқда. Демак, глобал муаммога айланган бу масалага ечим топиш учун биринчи навбатда мавжуд сув ресурсларидан оқилона ва унумли фойдаланиш, қатъий меъёрга риоя қилиш кабиларга янада каттароқ эътибор қаратиш зарурати юзага келмоқда.
Сув нафақат инсон, балки борлиқдаги ҳар қандай жонзот учун ҳаётий зарурат саналган табиий неъматдир. Шу жиҳатдан, сайёрамиздаги ҳар қатра сувда миллионлаб жонзотларнинг улуши бор. Бу улушларни тўғри тақсимот қилиш ва назоратига жавобгарлик эса, инсон зиммасига юклатилган. Демак, ёнимиздаги Оролқум ҳавзаларидан тортиб, Саҳрои Кабир чўлларигача бўлган барча сарҳадларда ҳаёт кечираётган биргина гиёҳ ёки жонворнинг ташналикдан нобуд бўлмаслиги учун ҳар биримиз ўзимизда масъулият ҳис қила билишимиз зарур.
Ҳадиси шарифлардаги ҳатто дарёнинг бўйида бўлса ҳам сувни исроф қилмасликка чақириқ асрлар давомида аждодларимиз турмуш тарзининг ўзагига айланиб келди. Сув исрофидан сақланиш фақат инсон манфаати учунгина эмас, юқорида назарда тутилган табиат мувозанатига дахл қилмаслик учун ҳам муҳим саналади.
Бугун бизни ўз ҳол-ҳаракатимизни чуқурроқ тафаккур қилишга ундайдиган мавсум – муборак Рамазон ойида турибмиз.
Ҳар бир инсон ўзида исрофдан сақланиш кўникмасини ҳосил қилиши, меъёрни билиши ва унутмаслиги, бошқалар ҳолини худди ўзи каби ҳис қилишни ўрганиши жуда муҳим хусусият саналади.
Ўзгалар ҳақ-ҳуқуқи риоясини худди ўзиники каби ҳурматга лойиқ тутиш сингари фазилатларни шакллантириш ва қарор топтиришда бу муборак ой бизга яна бир имкониятдир. Рамазон ойида тутиладиган рўзадан асл мақсад кундузларни шунчаки очлик ва ташналик билан ўтказишдангина иборат эмас. Моҳият – рўза воситасида инсон табиатида, ботинида, қалбида ҳосил бўладиган ҳол. Илмий тилда «тақво» деб юритиладиган ушбу истилоҳ аслида ҳар бир ишда ўз меъёрини билиш, шунга амал қилиш воситасида бошқалар ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилишдан (қўрқиш) сақланишни ифода этади. Рамазон муносабати билан инсонда бошқалар ҳақларига тажовуздан сақланиш кўникмасини ҳосил қилиш назарда тутилади.
Танамизга бир ўйлаб кўрадиган бўлсак, табиат мувозанатининг бузилиши, иқлим ўзгариши оқибатида юзага келадиган ноқулайликлар, бирон биологик турнинг кескин камайиб ёки йўқолиб кетиши, атроф муҳит мусаффолигига зиён етказилиши каби ҳолатларнинг ҳаммаси ана шу тажовуз натижасида юзага келади. Тажовузнинг асл илдизи аввалига инсон табиатида пайдо бўлиб, кейин атроф-табиатга ёйилиши инобатга олинса, рўза воситасида тийилиш ва сақланиш кўникмаси нақадар буюк муолажа экани янада ойдинлашади. Бундан аён бўладики, қачон инсон табиатида номувофиқлик (бузилиш) кузатилса, у бошқаларга етказиладиган зарарларда акс этади. Рамазон эса, айнан инсоннинг ўзига ва ўзгаларга тажовуз этишдан сақланиш кўникмасини ҳосил қилиш мавсумидир.
Бу ойда қилинадиган – оила аъзоларимиз, ота-она ва қариндошларга янада илтифотли бўлиш, хаста ва ногиронга мурувват кўсатиш, етимларга эҳсон қилиш, қўшничилик муносабатларини яхшилаш, хайриятларда бир-бировдан ўзишга мусобақалашиш каби ишларда ҳам айни шу жиҳат намоён бўлади. Очлик ва ташналикни ихтиёрий ибодат сифатида ўз вужудида ҳис қилган киши дунёда бир қатра ичимлик сув ёки бир бурда нондан маҳрум яшаётган миллионлаб инсонлар ҳолатини тафаккур қилишга одатланади. Ўзи эга бўлган неъматларда бошқаларнинг ҳам ҳақи ва насибаси борлигини ҳис қилишни ўрганади. Ўзигача етиб келган нарсалардан эҳтиёжига яраша ўз меъёрида фойдаланган ҳолда худди ўзи каби бошқа инсонлар ва жонзотларнинг ҳам ҳақи борлигини мулоҳаза қилади.
Буларнинг барчаси дин амаллари фақат бир шахс доирасидаги ибодатгина бўлиб қолмасдан, ҳар бир мавжудот ҳақларига риоя этиш, тажовуздан сақланиш, яхшилик қилишни ибодат тарзида тушуниш каби соф инсоний ва умумбашарий фазилатларга чорлаб туради.
Қисқача айтганда, ифторликнинг тўкин дастурхонида оғиз очишга тайёрланаётган киши дунёда бир миллиарддан ортиқ киши тоза ичимлик сувисиз, яна бир миллиардга яқини қорни тўймасдан кун кечираётгани, қанчадан-қанча инсонлар экологик ноқулай шароитларда азият чекиб яшаётганини бир зум тафаккур қилиши зарур.
Камолиддин ШАМС
Сессия қарори асосида «Навоийазот» АЖ атрофида атмосфера мониторинг қилинади
🕔09:23, 23.10.2025
✔6
Саноат корхоналари мамлакатда иқтисодий тараққиётнинг бош омили саналади. Уларда минглаб элдошларимиз меҳнат қилар экан, биринчи навбатда ўз оиласи фаровонлигини таъминлаётганидан мамнун, албатта.
Батафсил
Кўринмас сув нима?
🕔09:11, 23.10.2025
✔6
Виртуал сув маҳсулотни ишлаб чиқариш жараёнида ишлатилган, лекин кўзга кўринмайдиган сув миқдоридир.
Батафсил
Сирдарёда сувдан фойдаланиш қандай кечмоқда?
🕔15:32, 16.10.2025
✔26
Сирдарёда экологик ислоҳотлар бўйича эшитувда сув ресурсларини тежаш ва амалий натижалар босқичи бошлангани муҳокама қилинди.
Батафсил