Инсон ўзинг      Бош саҳифа

Навбат кутаётган гўдаклар Бу тўқима ҳикоя эмас!

Ўша куни болалар асаб касалликлари шифокорига навбат узун, диққинафас коридор деярли тўлган, анчагина танилиб қолган мутахассисга бемор кичкинтойларини кўрсатиш илинжидаги ота-оналар садага қўнган чумчуқлардай чуғурлашарди:

Навбат кутаётган  гўдаклар  Бу тўқима ҳикоя эмас!

– Охири ким?

– Биз!

– Вой-вў, сиздан олдин ўттизтача одам бор шекилли?

– Кўпроқ денг ўргилай, – қўшилди кўк рўмоли елкасига тушиб сочлари тўзғиб қолган жувон. У озғин қўллари билан боласи эмаётган кўкрагини яширар экан, бир кўзи билан ўтиргани ўриндиқ қидирарди.

– Касал кўп келишини билишади, ҳамма болали бўлса. Шароит яратиб қўйишса бўларди.

Унинг гапини мақуллаб бош ирғаган олтмиш ёшлардаги онахон ҳам норози эди:

– Гапирманг. Кеча неварамни келиним олиб келганди. Бояқиш кечга яқин ўзи касалхонага тушиб қолди. Ҳомиладорда. Анави икки келин ҳам оғирбўй экан, ҳеч бўлмаса яна беш-ўнтача устул қўйишса давлатлари камайиб қолармикан.

– Вой-вў, ҳамма жойдаги аҳволку...

– Йўқ, ҳамма жойда эмас, – деди қўлидаги сут идишни боласининг оғзига тутаётган жувон, – аксарият поликлиникаларда денг. Тунов куни каттамни эндокринологга олиб боргандим. Ўттизтача ўриндиқ қўйишибди. Хусусийларда шароит яхши. Налогларни суғуриб бўлса ҳам олишадию, битта устулни раво кўришмайди...

Учта ўриндиқда тўртта бўлиб омонат ўтирган чақалоқли келинлар ўнғайсизланиб кўзларини яширишди. Жой берай дейишса қиш кийимида бола билан оёқда туришнинг ўзи бўлмайди, қийналиб қолишади. Ўтираверишса, тик турганларнинг олдида айбдордай, селгимаётган навбат ва шифокор ўтирган хона эшигига қараб пичирлашарди:

– Тезроқ навбатимиз келсинда...

– Илоҳим. Одамни қаранг. Боламнинг памперси ҳам тўлиб кетди.

– Меникиям.

Чириллаб йиғлаётган чақалоғини овута олмаётган рангпар жувон атрофдагиларга айбдорона мўлтиради:

– Водийдан саҳар тўртда келганмиз. Бирор нарсаям еб олмабман. Сутим йўқ шекилли, эмса ҳам йиғлаяпти. Жижиси борлар навбатсиз киради дейишса хурсанд бўлибман. Бу ерга келганларнинг ярмидан кўпида чақалоқ-ку. Қолаверса, ҳамманинг боласи ҳам касал...

Унинг гапи чала қолди. Эшик очилиб кўзойнаги ярашмаган ҳамширанинг чи­йиллаган овози эшитилди.

– Воҳидова... Воҳидова Шаҳло.

Ҳозиргина нолиб турган жувон «Биз» дея овоз бериб, шифокор ҳузурига кириб кетган чоғ эшик ёпаётган ҳамширанинг рўпарасида олти ёшлар чамасидаги қизалоқни етаклаган барваста эркак пайдо бўлди.

– Раъно Муродовна қабул қиляптими?

– Ҳа, сиз кимсиз? Регистратурадан тартиб рақами ёзилган қоғозча олган бўлсангиз қайд варақангиз билан беринг. Ўзим чақираман.

Эркак икки дона тилла тишини кўрсатиб илжаяр экан, ичкаридаги шифокор эшитсин деб, овозини баландлатди:

– Эээ синглим. Қанақа тартиб рақами? Вазирликдан Олимжон Ҳакимович юборган одам келибди денг, бўлди.

Навбатда турган хотин-халаж чувиллаб кетди:

– Қанақа вазирлик, уятингиз борми? Шунча одам, чақалоғи, ногирон боласи борлар ҳам кутиб турибдику...

– Дўхтирнинг ўзи кеч келди. Устига-ус­так ётиб даволанаётган беморлардан ҳам консультацияга олиб тушиб, анча вақтимизни олишди. Энди сиз пайдо бўлдингизми?

– Қочинг, орқага ўтинг. Вазирлик тугул, ундан каттаси юборган бўлса ҳам навбат билан кирасиз!

Оломон ўз ҳаққини талаб қилган сари у ҳам авжига чиқди:

– Мениям эшитинглар. Ўзим ҳам врачман. Худди сиздака касалларим кутиб турибди. Неварамни кўрсатаману чиқаман. Ўн минут ҳам кетмайди-ку. Телефон қилиб айтиб қўйишган.

Сабр косалари тўлиб турган бўлса ҳам одамларнинг уни ўчди. Бирор куни шу шифокорга ҳам ишимиз тушиши мумкун-ку, деган истиҳолада тақдирга тан беришди.

 

У ҳамширанинг «ичкарида касал бор» деганига ҳам қарамай шаҳд билан эшикни очиб, «Ассалому алайкуууум» дея чўзилганча ортга тисарилиб турган қизчасини итариб кириб кетди.

 

Бироқ, икки дақиқа ҳам ўтмай, шумшайганча қайтиб чиқди. Йўлакнинг у бошига бориб, кимнингдир рақамларини териб, асабийлашиб баланд оҳангда гаплашди, арзи ҳол қилди.

Гапи тугаб, яна бир рақамни тераётган чоғ ичкаридан чиққан шифокорнинг овози эшитилди:

– Султонхўжаев...

Гавдасига ярашмаган чаққонлик билан пилдираб келган эркак шифокорга ғолибона нигоҳ ташлаб тиржайди:

– Алдамабманми? Ўзи қўнғироқ қилдиларми?

Асабийлашиб ўнг қовоғи учаётган шифокор аёлнинг овози титраб чиқди:

– Ҳа қилди. Майли, неварангизни нав­батсиз кўриб қўяман. Фақат сиз бунинг учун аввал мана шу одамлардан рухсат олинг. Ана қаранг, ёш болалилар, ҳомиладорлар, сизга ўхшаб невара етаклаб келган кекса онахонлар ҳам бор. Ўзи эрталаб ярим соатга чўзилган «беш минутлик»ни деб кеч қолдим. Ичкарида ўтирган жувоннинг боласи оч қолганидан ва бош ички босими туфайли тортаётган азобдан чириллаяпти. Сиз бўлса... Кейин буларни врачман деб алдаманг, мебель дўконининг эгаси, тадбиркорсиз. Буниям қўнғироқ қилиб айтишди. Нима, сиз кечроқ борсангиз савдо тўхтаб қоладими? Ёки харидорларингиз аразлаб қолишадими? Энди, қайтиб қўнғироқ қилинг. Ишдан олишса амаллаб куним ўтар!

Титраб турган шифокор шунча «ширин» гапдан сўнг шалвираб қолган эркакка яна бир карра нафрат билан назар ташлагач ичкарига кириб кетди.

...Ўша куни унинг боши хам бўлди.

Ўша куни у кўзларини каттароқ очиб атрофига назар ташлади.

Узоқ-яқиндан келган ҳамюртларининг маҳзун қиёфаларига қараб, дунёда фақатгина ҳамма жойда сўзини ўтказадиган бойваччалар эмас, ҳеч қанақа таниш-билиши йўқ оддий одамлар ҳам борлигини ҳис қилди.

Ўша куни у қизининг тўйига фалонча турадиган мебеллар олувчи вазирликдаги акахонидан ҳам нафратланиб кетди.

Ўша куни у умрида илк бор навбат кутди.

Эл қатори – дўконида сотилаётган, уйида тиқилиб ётган кресло, юмшоқ стулларда эмас, тик оёқда, ўзлари чақиришмагунча сабр билан навбатини пойлади.

Ўша куни у бошқа ҳеч кимга қўнғироқ қилмади.

...Уч кундан сўнг эса узун коридорда навбат пойлаётган одамларнинг бирортаси тик туриб қолмади. Қатор қўйилган янги стулларга бемор болажонларини ҳам ўтирғизиб олган хотин-халаж чумчуқдай чуғурлаб, қулай ўриндиқлар эҳсон қилган одамни тинмай дуо қилишар эди...

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА




Ўхшаш мақолалар

Тил –  миллатнинг қалби,  тафаккурнинг жонли ифодаси

Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси

🕔09:19, 23.10.2025 ✔5

Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:

Батафсил
Беҳбудийнинг сўнгги васияти

Беҳбудийнинг сўнгги васияти

🕔15:48, 03.10.2025 ✔58

Жадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.

Батафсил
Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

Она мушук ва меҳр мўъжизаси

🕔15:48, 26.06.2025 ✔204

Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Тил –  миллатнинг қалби,  тафаккурнинг жонли ифодаси

    Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси

    Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:

    ✔ 5    🕔 09:19, 23.10.2025
  • Беҳбудийнинг сўнгги васияти

    Беҳбудийнинг сўнгги васияти

    Жадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.

    ✔ 58    🕔 15:48, 03.10.2025
  • Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

    Она мушук ва меҳр мўъжизаси

    Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

    ✔ 204    🕔 15:48, 26.06.2025
  • Тинчлик қадри  «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Тинчлик қадри «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 80 йил тўлди. Бу анча узоқ муддат. Бир инсоннинг умридай, эҳтимол ундан ҳам ортиқ. Лекин ўша машъум урушнинг мудҳиш асоратлари ҳали-ҳамон ўчгани йўқ.

    ✔ 261    🕔 15:27, 08.05.2025
  • Оилани  камбағалликдан  эркак  қутқаради

    Оилани камбағалликдан эркак қутқаради

    • Азим Тошкентнинг Олмазор тумани «Юқори Себзор» маҳалласида 83 ёшли, Ўзбекистон халқ устаси Маҳмуджон Мамажонов яшайди. Табаррук ёшда ҳам меҳнат қилишдан бир лаҳза тўхтамаган ҳунармад уста меҳнатга муҳаббати йўқ одамни бой яшашга рағбати йўқ одам, деб ҳисоблайди.

    ✔ 268    🕔 16:16, 17.04.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар