Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилЭкологик муаммолар ечимида инсоннинг ўрни қаерда ва қандай бўлиши керак?
Бугун атроф муҳит мусаффолигини сақлаш масаласи бутун дунёдаги глобал муаммолардан бири бўлиб турибди. Бу муаммони бартараф қилиш учун кўрилаётган чора-тадбирлар кутилганидек самара бериши борасида жиддий ҳаракатлар қилинмоқда. Аммо инсониятни тобора кенгроқ қамраб олаётган экологик хавфлар ортса ортмоқдаки, сира ортга қайтмаяпти.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда атроф муҳит мусаффолигини сақлаш борасида ҳар йили тегишли дастурлар қабул қилиб, дунёни глобал экологик инқирозлардан огоҳлантириб келмоқда. Кейинги йилларда кўп кузатилаётган глобал иқлим ўзгаришлари каби хатарларлар табиат мувозанатининг бевосита инсон омили таъсирида бузилиши сифатида баҳоланмоқда. Аммо мазкур бузилишни ўнглаш юзасидан инсониятнинг олиб бораётган кўплаб саъй-ҳаракатлари вазиятни ижобий томонга ўзгартиришда катта силжишларни амалга ошира олмаётгани ташвишга солмоқда.
Инсоният ўз қўли билан барпо этилган муаммоларни бартараф қилиш учун бугун фақатгина инсон имкониятлари доирасида ҳаракат қилиш йўлидан боришни кўзламоқда. Юзага келган муаммо ечимида бундай ҳаракатнинг улуши жуда кичик миқдорларни ташкил қилиши мумкин. Эндиликда ечим табиий воситалар сабабли амалга ошишига ишонч ҳосил қилиш фурсати етганини жиддий мулоҳаза қилиб кўриш зарурга ўхшайди.
Табиий ечим
Атмосферага чиқарилаётган заҳарли моддалар таъсиридан об-ҳаво, сув, тупроқ, ўсимлик ва ҳайвонот олами ҳамда инсон омилига етаётган моддий ва маънавий зарар қаршисида кўп ҳолларда деярли иложсиз қолмоқдамиз. Бундай пайтларда табиий шамол ҳаракати бир ҳудуддаги заҳарли ҳаво массасини ёйиш ва тарқатиш орқали зарар миқдорини нисбатан парчалаш ва камайтиришга имкон беради. Табиий ёғингарчилик эса, атмосферадаги зарарли моддаларни ерга тушириш воситасида ҳавонинг тоза ва мусаффо бўлишини таъминлайди. Ҳар куни атроф муҳитга улоқтириладиган ёки чиқариб ташланадиган чиқиндиларнинг табиий равишда утилизация қилинишида қуёш ва тупроқнинг ижобий таъсири инкор этиб бўлмас даражадаги ҳақиқатдир. Бинобарин, тупроқ инсонга ҳамма нарсани ўз бағридан чиқариб берувчи бебаҳо ресурс бўлгани билан бирга, барча кераксиз ёки утилизация қилиниши зарур бўлган моддаларни ҳам яна қайта ўзига олувчи, беркитувчи ва йўқ қилувчи беқиёс манбадир.
Атмосфера мусаффолигини таъмин этувчи яна бир табиий манба бу, шубҳасиз, ранг-баранг ўсимлик дунёси ҳисобланади. Улардан ҳосил бўлувчи кислород борлиқдаги барча мавжудотнинг тириклигини таъмин этишга хизмат қилади. Атмосфера мусаффолигининг бузилиши бир жиҳатдан осмонда кутилмаган туйнуклар ҳосил бўлишига олиб келяпти. Бу эса, инсониятни яна бир янги муаммо – озон қатламининг емирилиши билан юзлаштиряпти. Асосан саноат чиқиндиси ҳисобланган заҳарли газларнинг катта миқдорда ва давомли равишда чиқарилиши табиатдаги умумий кислород миқдоридан катта фарқ билан ошиб кетиши оқибати мазкур муаммони юзага келтирмоқда.
Ернинг учдан икки қисмини эгаллаб турган сувликлар табиий мувозанатни сақлашда ўзига хос аҳамиятга эга саналади. Шунингдек, сув ресурси воситасида экологик барқарорлик юзага келади.
Ҳозирда иқлим ўзгаришларининг глобал хатарлари сайёрамизда айнан сув айланишининг турли нуқсонларга учраши билан изоҳланмоқда.
Тўфон ўзинг, тўғон ўзинг
Экологик муаммоларнинг юзага келиши фақат ҳозирда пайдо бўлган ноқулай вазият эмас, албатта. Баъзан табиатдаги табиий ҳодисалар таъсирида турли кутилмаган вазиятлар юзага келиши доимий такрорланувчи ҳолат, дейиш мумкин. Аммо ҳозирги вазиятнинг олдингилардан кескин ажралиб турувчи фарқи шундаки, XX асрдан бошлаб илмий техника инқилоби табиий жараёнларга катта таъсир кўрсатди. Баъзида узоқни ўйламасдан йўл қўйилган ушбу таъсирнинг аянчли оқибатлари бугунга келиб бутун инсониятга қимматга туша бошлади. Бунинг биргина мисоли сифатида ҳавонинг заҳарланиши оқибатида юзага келаётган касалликлар таҳлилига назар ташлаш кифоя қилса керак. Ёки саноат усулида ишлаб чиқарилаётган гени ўзгартирилган маҳсулотлар хатари инсоният бошига қандай кулфатлар солаётгани (саломатликни издан чиқарувчи турли саратон хасталиклари, диабет, цирроз, қон босими, инфаркт, инсульт каби охири ўлимга олиб борувчи оғир хасталиклар тобора кўпайиб бораётгани) бугун ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Буларнинг барчаси инсоният бошига ёғилаётган экологик муаммолар инсон таъсири билан янада кескинлашаётганидан далолат беради.
Табиат фош қилади
Баъзида кучли шамол эсиб, ҳатто уйлар томини учириб кетади. Гоҳо бир неча кунлаб ёмғир ёғиши бироз малол келади. Кутилмаганда сув тошқинидан тинч аҳоли уй-жойсиз қолишидан ташвишга тушамиз. Табиат ҳодисаларининг биз билганимиз ва ўйлаганимиздан ташқари бошқа бир зарурати борлиги эса унча мулоҳаза қилинмайди. Эҳтимол, одамларни алдаш йўли билан пулини олиб, уйларини мустаҳкам қилиб қуриб бермаган қурувчининг кирдикорини фош этишга шамолдан бошқанинг кучи етмаётгандир?.. Ўзини ер-сувнинг мутлақ эгаси деб ҳис қилаётганлардан ортмаётган сувни пулга сотиб ололмаётганларга осмондан текинга сув тушириб берилиши ҳам балки бежиз эмасдир?.. Ҳар қандай лойиҳани амаллаб ўтказиш мумкин, деб ҳисоблайдиганлар учун сув тошқин сифатида муносабат билдираётгандир?.. Қаловини топиб, қорни ёндираётган инсон деган мардум бор-йўғи хом сут эмган банда эканини хотирлатиб туриши учун ҳам эҳтимол шундай ҳодисаларга эҳтиёж бордир... Каттакон пойтахт шаҳарнинг марказий кўчалари ёмғир сувига лиммо-лим тўлганида бундан эллик йиллар олдин шаҳар бош лойиҳаси қанчалик «эътибор» билан қилинганини ҳаммага рўйи-рост кўрсатиш учун юзимизга ойна тутишга тўғри келаётгандир...
Хуллас, шайх Саъдий айтганидай, одам боласи бир бурда нонни тишлаб ютгунича борлиқдаги ҳамма жонзотлар ўз вазифасини сидқидилдан ва масъулият билан бажариб келади. Лекин биргина инсон зоти бундан мустасно...
Қуёшни тўсманг
Юнон олимларидан бири – Диоген умрининг охирида дунёдан чекиниб, ўзига бир хумни макон тутган экан. Шунда одамлар унинг ҳузурига келиб, суҳбатлашадиган, баъзи нарсаларни ундан сўраб билиб оладиган бўлишибди. Улар Диогенни шу тор хумдан чиқариш учун кўп ҳаракат қилишибди. Мол-давлат, кенг имкониятлар таклиф қилишибди. Шунда олим уларнинг гапларини эшитиб туриб, хум атрофини ўраб олган одамларга қарата: «Сизлардан биргина илтимосим, бу ерга тўпланиб, қуёшнинг нурини устимга тушишидан тўсиб қўйманглар. Шу кифоя», – деган экан.
Эрта баҳорда умид билан ерга ниҳол қадаган, яхши ниятда уруғ сочган, фаровонлик учун ариқ қазиб, сув келтирган ҳар бир киши табиатнинг барқарор мувозанатида ўзининг кичик ҳиссасини кўришни истайди. Бу кичик ҳаракатлар куни келиб катта бунёдкорликларга ҳам айланиши мумкин. Аммо бунинг акси бўлса, инсон табиатга зарар етказиш йўлидан борса, унинг оқибатида юзага келадиган катта зарарларнинг кўпчилиги ҳам айнан инсон бошига тушади.
Экологик хавф-хатарлар баъзан инсон таъсирисиз ҳам бартараф бўлиши мумкин. Аммо инсон табиатнинг табиий низомига ҳеч қачон тўсқинлик қилмаслиги зарур.
Абдукарим АВАЗБЕКОВ
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилБоғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.
БатафсилБаъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.
Батафсил