Бундан икки йил олдин баҳор бекободликлар учун бирмунча ноқулай келганди. Айни дарахтлар гуллаб, довча тукканида, деҳқонлар аллақачон ерга экин экиб, баъзи экинлар бош чиқариб қолган паллада бир соатлик сел ҳаммасини вайрон қилиб кетганди.
Айни ўша пайтда Бухородаги кучли шамол ва сел оқибатлари ҳақида оммавий ахборот воситаларида ўқиган, кўргандик.
Ўша кун ҳаво булутли эди, фермерлар одатдагидек далага эккан пахта-буғдойининг ҳолатини кўргани борган, кўпчилик шахсий томорқасидаги кўчатларига қараган, хуллас ўз иши билан банд. Биз ҳам бетон деворни эндигина якунлаган усталарни кузатдик, кечки овқатга тайёргарлик кўришга уннадик. Бирдан шамол тезлиги кучайди, ёмғир ёға бошлади. Онам дарров ҳовлидаги шамол учирадиган нарсаларни уйга ташишни айтдилар. Дадам ёмғир тезлашаётганини айтиб, кетмонни кўтарганча тарновни тўғирлашга кетдилар.
Шамол кучайгандан кучаярди, ёмғир челаклаб қуя бошлади. Онам ва синглим деразадан ҳовлига қараб, «Эҳ, ана анорлар ётиб қолди, ҳовлига сув кириб келяпти...» дея бир-бирига хавотир билан қарарди...
Ўша кун қишлоқда кимларнингдир уйига сув кирган, томидан шифери учган, экинларини сел ювиб кетган, далаларда пахталар текисланиб қолган, буғдойларнинг боши ерга текканди. Ўша йил деҳқонлар учун ҳам, боғбонларга ҳам оғир келди...
Шу кунларда тинимсиз ёғаётган ёмғирга қараб, ўша воқеа ёдимга тушди. Ишқилиб, деҳқонлару фермерларнинг экинига зарар етмасин, халқнинг ризқи қийилмасин, дейман ўзимга ўзим.
«Ўзгидромет»нинг хабар беришича 16-19 март кунлари кутилаётган кучли ёмғир сабаб Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Навоий, Жиззах, Тошкент, Наманган, Фарғона, Андижон вилоятларининг қатор туманларида сел келиши хавфи эълон қилинди. Боиси ҳаво ҳарорати пасайиб, ёғингарчилик давом этади. Ўзи Жиззах, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларининг айрим ҳудудларида шусиз ҳам сел келиб, аҳоли жабр кўрмоқда. Хўш бундай паллада мевали боғ ва дарахтлар, токзорларнинг, бошоқли донларнинг ҳолати қандай бўлади? Бу ёмғирнинг уларга салбий таъсири борми?
– Республикамизда жами 337 минг гектар боғлар ва 182 минг гектар узумзорлар мавжуд, – дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Нигора Ходжаева. – Бугун гуллаш фазасига кирган ўрик, шафтоли каби дарахтлар гулига ёғингарчиликдан зарар етмади, фақат чангланиши кечикмоқда. Қолган мевали дарахтлар ҳали гуллагани йўқ ва бу ёмғирнинг уларга зарари тегмайди. Янги барпо этилган 88 минг гектар мевали боғлар, 75 минг гектар узумзорларнинг тупроқдаги намлигини ёмғир яхши сақлаб қолади ва илдиз тизими янада ривожланишига ёрдам беради.
Бошоқли дон етиштиришда эса ёғингарчиликнинг кўп бўлиши ўсимликка берилган азот, фосфор каби минерал ўғитларнинг ўсимлик томонидан тўлиқ ўзлаштирилиши ва тупроқда намлик захираси кўпайишига олиб келади. Қишлоқ хўжалиги экинлари учун намлик етарли бўлиши ва тупроқда ҳароратнинг пастроқ бўлиши бошоқли экинларнинг қўшимча поя ҳосил қилишига сабаб бўлади. Қолаверса, бошоқли дон экинларини бир марталик суғориш учун кетадиган 750-900 м3 сув иқтисод қилинишига сабаб бўлади.
Маълумотларга кўра, ғалла майдонларида суғоришни тартибга солиш лозим. Сизот сувлари яқин жойлашган, ҳавонинг нисбий намлиги юқори бўлган жойларда замбруғли касалликлар пайдо бўлиши, бегона ўтлар кўпайиши мумкин ва бу борада доимий кузатув олиб бориш зарур.
Занг ва бошқа касалликларга қарши кимёвий ишлов бериш талаб этилади.
Гарчи ёмғир ерни сув билан тўйинтирсада ерга ишлов бериш, агротехник тадбирларни ўтказиш кечикмоқда. Бу эса деҳқон ҳамда фермерлардан ернинг намлик ҳолатини мунтазам кузатиб бориш, вақти келганида агротехник тадбирларни тезроқ амалга ошириб, экин экишни талаб этади. Зеро ёмғирдан сўнг ҳар бир кун ғанимат, ҳар лаҳзада намлик кўтарилиб кетиши мумкин.
Ноилахон АҲАДОВА,
«Оила ва табиат» мухбири
Сессия қарори асосида «Навоийазот» АЖ атрофида атмосфера мониторинг қилинади
🕔09:23, 23.10.2025
✔7
Саноат корхоналари мамлакатда иқтисодий тараққиётнинг бош омили саналади. Уларда минглаб элдошларимиз меҳнат қилар экан, биринчи навбатда ўз оиласи фаровонлигини таъминлаётганидан мамнун, албатта.
Батафсил
Кўринмас сув нима?
🕔09:11, 23.10.2025
✔8
Виртуал сув маҳсулотни ишлаб чиқариш жараёнида ишлатилган, лекин кўзга кўринмайдиган сув миқдоридир.
Батафсил
Сирдарёда сувдан фойдаланиш қандай кечмоқда?
🕔15:32, 16.10.2025
✔26
Сирдарёда экологик ислоҳотлар бўйича эшитувда сув ресурсларини тежаш ва амалий натижалар босқичи бошлангани муҳокама қилинди.
Батафсил