Баҳор келиши билан кишида беҳоллик аломатлари сезила бошлайди. Бунга асосий сабаб ушбу фаслда организмда моддалар алмашинуви тезлашади, шу боис танада витаминларга бўлган эҳтиёж ошади.
Витаминларнинг инсон саломатлиги учун нечоғлик аҳамиятли эканлиги маълум. Улар организмда мунтазам давом этадиган моддалар алмашинувида, ҳужайра ва тўқималарнинг ўсиши ва қайта тикланишида, организмнинг касалликларга қарши курашишида фаол иштирок этади.
Баҳорги «илик узилди» пайтида гўштни таомномамиздан бир муддат чиқариб, эътиборни кўкатларга қаратсак мақсадга мувофиқ бўлади. Шифокорлар кўпроқ ялпиз, исмалоқ, жағ-жағ каби ўсимликлардан тайёрланган таомларни тавсия этишади. Кўкат ва сабзавотлардан олинган фойда бир неча ҳафта ичидаёқ натижасини кўрсатади. Уларни истеъмол қилиб туриш танада моддалар алмашинуви, ошқозон-ичак тизими ишининг яхшиланиши ва яна бошқа аъзоларнинг иш фаолиятини тартибга солади.
Баҳорнинг ўзига хос таомлари борки, улар соғлиқ учун жуда фойдали бўлиб, гиповитаминознинг олдини олади, кишининг руҳиятига ўзгача тетиклик бағишлайди. Авитаминозда юзага келадиган беҳоллик, руҳий толиқиш, тушкунлик, лоқайдликни енгиш учун бизга кўклам неъматлари яхши фойда беради.
Жағ-жағ. Халқ табобатида қон тўхтатувчи ва қон босимини туширувчи омил сифатида қўлланади. Уни чаён чаққан жойга эзиб боғлайдилар ҳамда ўсимликнинг ер устки қисмини қайнатиб, бод, суяк оғриғида буғлайдилар. Жағ-жағ ўз таркибида органик кислоталар, холин, ошловчи моддалар, тирамин каби манбалар, С, К витаминлари, инозит, каротин, сапонинлар, зарра сингари маъданлар мажмуасини сақлаши аниқланган.
Ялпиз. Халқимиз орасида «пудина» ва «ҳулво» деб ҳам аталадиган ялпизнинг шифобахшлигини Абу Али ибн Сино қуйидагича таърифлайди: «Бир неча кунгача уни еб, кетидан сузма зардоби ичиб турилса, қон томирларини кенгайтиради». Ялпизда эфир мойлари, органик кислоталар, флавоноидлар, витамин С, каротин, рамноза, глюкоза, рутин, минерал туз ва бошқа моддалар мавжуд.
Cумалак. Организмга осонлик билан сингийдиган, қон ва лимфа суюқликларига сўриладиган ҳаётбахш озуқалар мавжуд бу таомда. Сумалак қувватбахш бўлиш билан бирга хафақон хасталигига ҳам шифодир. У қон таркибини яхшилайди, уни суюлтиради.
Гўжа оши. Жуда тўйимли, инсонга қувват бағишлашда женьшен ва сумалакдан кейин туради. Туршак, нўхат, ловия, буғдой, арпа, жўхори, мошдан тайёрланган ушбу таомни еган одам бардам юради. Гўжа оши таркибидаги дуккаклилар оқсил, аминокислоталар, витаминлар тутса, жўхори эса липотроп моддаларга, буғдой, арпа биофаол моддаларга бой.
Ҳалим. Уни тайёрлашда қўлланиладиган буғдой, ёғ, гўшт оқсил ва аминокислоталарга жуда бой. Буғдой таркибидаги макро ва микроэлементлар, гўштдаги аминокислоталар ва оқсиллар организмнинг иммун қобилиятини оширади. Халқ табобатида ҳалим таркибидаги экстрактив моддалар меъда-ичак фаолиятини яхшилаши, марказий асаб тизимига ижобий таъсир қилиши, мия, юрак ҳаракатини фаоллаштиришга ёрдам бериши исботланган.
Кўкпиёз. Пиёздошлар оиласига мансуб кўкпиёз оқсил, пектин, органик кислоталар, А, В1, В2, С, Е витаминлари, фолий кислотаси, калий, кальций, магний, фосфор, темир, кобалт, марганец, рух каби озиқ моддаларга бой. Франциялик олимлар тадқиқотлари кўкпиёз ва саримсоқпиёз таркибидаги биологик фаол моддалар кўкрак саратони хавфини камайтиришини кўрсатган. Шунингдек, кўкпиёз бош мия ҳужайраларини зарарли иллатлардан тозалайди. Таркибидаги биологик моддалар организмга тез сингиб, қонга тушгач, хотира ва ҳиссиётларни бошқарадиган марказлар ишини тезлаштиради.
Салат барги. Таркибида қанд моддаси, енгил ҳазм бўладиган оқсиллар, калий, кальций, магний, фосфор, А, В1, В2 В6, Е, С, РР, Р, К витаминларини тутувчи кўкатлардан бири. Нонуштада 1-2 дона салат баргини нон ва пишлоқ билан бирга истеъмол қилиш тавсия этилади. Салат барги овқатнинг тез ҳазм бўлишига ёрдам беради, асаб тизимини тинчлантиради.
Равоч. Меъда-ичак, жигар ва бошқа аъзоларни соғломлаштиради, қусишни тўхтади, кўнгил айнишининг олдини олади, қон босимини меъёрлаштиради. Таркибида калий тузи кўп бўлгани учун ҳам барг банди юрак фаолиятини яхшилашга ҳамда организмдаги сув-туз алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади.
Худди шундай исмалоқ барглари гастрит, энтероколит билан оғриган беморларга тавсия қилинади. Ичи яхши юришмаган ва қорин дам бўлган пайтларда 10 грамм исмалоқ баргини бир литр сувда қайнатиб, вақти-вақти билан ичиб турилса, ичаклар фаолиятини яхшилаб, дам бўлишни йўқотади.
Донишманд табиблар «Дори-дармон истеъмол қилганингдан кўра соф ҳавода бўлганинг маъқул», дейишгани бежиз эмас. Бу фаслда организмда оксидланиш жараёни табиий ривож топади. Ҳужайралар эркин, дуркун ўсиб, одам кўклам нафасидан, табиат уйғонишидан баҳра олади. Мовий осмон ва ям-яшил майсалар асабни тинчлантиради, кўнгилга осойишталик бағишлайди.
Манбалар асосида тайёрланди.