Табиат      Бош саҳифа

Бухоро хонгули ўлжа эмас!

Жорий йилнинг 23 февраль куни Беруний тумани Ўрмон хўжалигига ёндош ҳудудда милтиқнинг отилган овози ҳақида резерват ходимларига хабар келиб тушган.

Бухоро хонгули  ўлжа эмас!

Айтилган ҳудуд атрофини кўздан кечириш жараёнида шу ердаги ички асфальт йўлида қон излари аниқланган.

Шунингдек, фермер хўжалигига тегишли буғдой даласининг ёнидаги ариқда туёқ излари ҳам кўзга ташланган. Инспекторлар қон излари билан асфальт йўлда 4 км. ва тупроқ йўлда мотоцикл изи билан тахминан 2 км. масофагача боришади. Изланиш натижасида фермер хўжалиги даласи ёнидаги ариқ ичида бир дона Бухоро буғусининг сўйиб олинган боши, оёқлари, териси ва ички аъзолари аниқланади...

Бухоро хонгули (Бухоро буғуси) буғулар оиласи жуфт туёқлилар туркумига мансуб сут эмизувчи ҳайвон ҳисобланади. Танаси 78-86 см., бўйи (яғринидан) 56-60 см., оғирлиги 75-100 кг. атрофида бўлади. Тўқ кулранг, елкасида қорамтир йўллари бор, шохлари бутоқли бўлган бу бетакрор жонзот илгари Амударё, Сирдарё ва Орол денгизи соҳилларидаги қамишзор ва тўқайларда тарқалган эди. Ҳозирда фақат Амударё воҳасидаги қўриқхоналарда яшайди. Сувда яхши сузади, ўсимликлар билан озиқланади. Урчиш даврида урғочи ва эркаклари бирга пода бўлиб юради. Сентабрь-октабрь ойларида жуфтлашади ва апрель-май келганда болалайди. Буғулар 2-3 ёшда жинсий вояга етади.

Бухоро хонгулининг сони камайиб кетганлиги сабабли табиат ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи Қизил рўйхатига ва «Ўзбекистон Рес­публикаси Қизил китоби»га киритилган ҳамда овлаш тақиқланган. Шунга қарамай бугун айрим кишилар ўз моддий манфаати йўлида мазкур ноёб ҳайвонни овлашдан, ўлдиришдан тап тортмаяпти. Ана шундай ҳолат Қорақалпоғистонда қайд этилди.

Ўлдирилган Хонгули бўйича Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси ва Беруний тумани ИИБга хабар қилинади. Резерват ходимлари мотоцикл изи бўйлаб қидирувни давом эттиришади ва из бориб тўхтаган уйни аниқлашга муваффақ бўлишади. Уйда Беруний тумани ИИБ тергов гуруҳи текшириш олиб борганда давлат рақами йўқ «ИЖ» русумли қизил рангли мотоцикл тургани ва бу мотоцикл ушбу хонадонда яшовчи 1993 йилда туғилган А.Ш.га тегишли экани маълум бўлади. Мотоцикл кўздан кечирилганда яхшилаб ювилганига қарамай баъзи жойларида қон доғлари ва ҳайвон жунлари борлиги аниқланади.

Мазкур фуқаро ҳақиқатдан ҳам бир бош Бухоро буғусини отганини тан олади ҳамда уйидан бир дона ҳужжатсиз ов милтиғи ва бир жуфт Бухоро буғуси шохини олиб чиқиб беради.

 Суриштирувлар давомида фуқаро ушбу қонунбузарликни бир ўзи эмас, шериги – Беруний тумани «Олтинсой» ОФЙда истиқомат қилувчи 1996 йилда туғилган К.М. билан бирга содир этганини тан олади. Шу тариқа иккала овчи ҳам қилмишини тан олади.

Қонун – бу адолат, тенглик демак. Унинг тарози палласи баробардир. Шундай экан ҳар ким ўз қилмишига яраша қонун олдида тегишли тартибда жавоб беради. Шу боис мазкур ҳолатда Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси терговчиси томонидан қонунни бузиб Бухоро хонгулини ов қилган фуқароларга нисбатан тўпланган материаллар процессуал тартибда расмийлаштирилиб, қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли ташкилотларга тақдим этилди.

Биз бу икки фуқарога қандай чора кўришни ўргатмаймиз, боиси қандай қонуний жазо берилса ҳам овланган буғулар қайтмайди. Улар ўрнини тўлдириш учун эса яна вақт кетади. Бўлар иш бўлди-да, дейиш ҳам нотўғри. Ахир табиатсеварлар, резерват ходимлари ва бошқа яна қанча инсонлар ушбу ноёб жониворларни кўпайтириш учун кечаю кундуз меҳнат қилмоқда. Қанча маб­лағ сарфланмоқда.

Бу шунчаки ов эмас. Бир ноёб жониворнинг бошига етган бу ҳолат нафси ҳакалак отган кимсаларнинг бошқалар меҳнатини ҳам оёқости қилишидир. Бухоро хонгули ноёб, табиатнинг бетакрор мўъжизавий ҳайвони ва у овчилар учун ўлжа бўлмаслиги лозим.




Ўхшаш мақолалар

Навоийлик талабаларнинг  ободликка  қўшган ҳиссаси

Навоийлик талабаларнинг ободликка қўшган ҳиссаси

🕔14:37, 22.10.2026 ✔18

Кўчалар озодалиги, ариқлар тозалиги, дарахтлар соясидаги саранжом-саришта йўлак­лар... Буларнинг барчаси маҳаллага ўзгача файз бағишлайди.

Батафсил
Ноёб  кўршапалак тури топилди

Ноёб кўршапалак тури топилди

🕔14:33, 22.10.2026 ✔18

Олимлар Ўзбекистон табиатида яна бир ноёб жонивор мавжудлигини тасдиқлади. Узоқ йиллар давомида деярли учрамаган, ҳатто тирик ҳолда кузатиш имконияти жуда чекланган туркман узунқулоғи номли кўршапалак илк бор мамлакатимиз ҳудудида аниқланди.

Батафсил
Йўллар –  ёввойи табиатга  дахл қилмасин

Йўллар – ёввойи табиатга дахл қилмасин

🕔14:26, 22.10.2026 ✔22

Йўллар шаҳар ва қишлоқларни, одамлар ва бозорларни, ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчиларни бир-бирига боғлайди. Улар масофаларни яқинлаштириб, тараққиётга хизмат қилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Навоийлик талабаларнинг  ободликка  қўшган ҳиссаси

    Навоийлик талабаларнинг ободликка қўшган ҳиссаси

    Кўчалар озодалиги, ариқлар тозалиги, дарахтлар соясидаги саранжом-саришта йўлак­лар... Буларнинг барчаси маҳаллага ўзгача файз бағишлайди.

    ✔ 18    🕔 14:37, 22.10.2026
  • Ноёб  кўршапалак тури топилди

    Ноёб кўршапалак тури топилди

    Олимлар Ўзбекистон табиатида яна бир ноёб жонивор мавжудлигини тасдиқлади. Узоқ йиллар давомида деярли учрамаган, ҳатто тирик ҳолда кузатиш имконияти жуда чекланган туркман узунқулоғи номли кўршапалак илк бор мамлакатимиз ҳудудида аниқланди.

    ✔ 18    🕔 14:33, 22.10.2026
  • Йўллар –  ёввойи табиатга  дахл қилмасин

    Йўллар – ёввойи табиатга дахл қилмасин

    Йўллар шаҳар ва қишлоқларни, одамлар ва бозорларни, ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчиларни бир-бирига боғлайди. Улар масофаларни яқинлаштириб, тараққиётга хизмат қилади.

    ✔ 22    🕔 14:26, 22.10.2026
  • Салар каналида сувнинг ифлосланиши  сабаби нима?

    Салар каналида сувнинг ифлосланиши сабаби нима?

    Сув – табиатнинг энг муҳим бойликларидан бири. Инсон ҳаёти ҳам, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳам бевосита унга боғлиқ.

    ✔ 105    🕔 13:18, 15.10.2026
  • Экологик «парковка»:  яшилликни асраб, қулайлик яратиш  имкони

    Экологик «парковка»: яшилликни асраб, қулайлик яратиш имкони

    Автомобиль бугунги ҳаётимизнинг ажралмас қисми. Аммо автомобиль сони кўпайгани сари уларни қаерга ва қандай жойлаштириш масаласи ҳам тобора мураккаблашмоқда.

    ✔ 122    🕔 14:53, 08.10.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар