Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир ёхуд бир ҳарф билан мазмуни ўзгариб кетаётган мақоллар

Афоризм, мақол, таъбир ва ибораларни баъзан бузиб қўллаймиз. Масалан, «Беш қўл баробар эмас». Савол туғилади: нима учун айнан «беш қўл баробар эмас»? Беш оёқ ҳам баробар бўлмаслиги мумкин.

Ўйнаб гапирсанг ҳам,  ўйлаб гапир  ёхуд бир ҳарф билан мазмуни  ўзгариб кетаётган мақоллар

Айни дамда беш қўл ёхуд беш оёқ маълум даражада «баробар» ҳам бўлиши (беш кишига бир ўлчамдаги қўлқоп ё оёқ кийими тўғри келиши) эҳтимолдан холимас-ку?

Мақолнинг тўғри шакли: «Беш бармоқ (панжа) баробар эмас».

«Аввал таом – баъдаз калом» деймиз ва ёзамиз. Ҳолбуки «Аввал таом, баъд калом» саҳиҳроқ. «Баъд»га қўшилган «аз»нинг ортиқчалиги мақолга бутунлай бошқача маъно ҳам бериши мумкин.

«Гапнинг қисқаси» ўрнида «Хулласи калом» деймиз. Лекин «Хулласи калон» дегувчилар ҳам йўқ эмас. «Калом» ўрнига «калон»ни қўллаш мутлақо ножойиз.

«Ёш авлод» баробарида «Баркамол авлод» иборасини қўллаш тўғримикан? «Баркамол» дегани – «комилликка етган» (мукаммал) дегани. Ёшлар эндигина камолот сари қадам босаётган навқирон авлод-ку?

Ҳар жиҳатдан беками-кўст, камчиликдан холи шахсни «комил инсон» дейишади. Бироқ ҳатто ёши бир жойга борган улуғ-алломаларимиз хокисорлик юзасидан «мен комилман» («комилликка етганман») демаган.

«Устоз – отадан улуғ» деган мақолни кўпчилик нотўғри тушунади. Ота – мўътабар зот, ундан устознинг устунлиги мантиққа тўғри келмайди, мақолнинг тўғри шакли «Устоз – отадай улуғ» дейишади. Ҳолбуки, «устознинг отадан улуғ»лигини бошқа халқлар ҳам эътироф этган. Искандар Мақдуний ўз устози Арастуни улуғлаб шундай ёзган: «Отам дунёга келишимга сабабчи бўлган бўлса, устозим мени одам қилган». «Устоз жаври (жабри) ота меҳридан афзалроқ» деб ёзади Шайх Саъдий ўз «Гулистон»ида. «Ҳаққи устод аз падар беш аст, В-аз падар устод дар пеш аст», деган байти ҳам бор бу мутафаккир шоирнинг (шарҳлаш ё таржима қилишнинг ҳожати бўлмаса керак).

Бир неча йил муқаддам улуғ шоиримиз Эркин Воҳидов баҳсга аралашиб, «Устоз – отадан улуғ»ни қувватлаб, мақол замиридаги маъно-моҳиятни очиб берган эди.

«Кампирнинг дарди ғўзада» деган мақол ҳам баҳсларга сабаб бўлган. Кампирнинг дарди ғўзада эмас, балки ғозада, яъни пардоз-андозда, дейди маълум гуруҳ ва иккинчи вариантни – «Кампирнинг дарди ғозада»ни тўғри деб ҳисоблаб, изоҳ ҳам қолдиради: «Бу ёши ўтган аёлнинг пардоз воситасида ёш кўриниш учун ҳаракат қилишига бир ишора» (Мақолнинг рус тилидаги шакли: «Старуха думает о румянах»).

Аслида «ҳар кимнинг ўз дарди бор» деган маънони ифодаловчи бу мақолнинг тўғри шакли ҳақида, тўғриси, қатъий бир фикр билдиришга ожизмиз. Донишманд­ларимиз бу хусусда ўз хулосаларини айтишса айни муддао бўларди.

«Ўзингдан чиққан балога, қайга борасан давога» деган халқ мақолини бот-бот эшитамиз ва ишлатамиз. Лекин маъносига эътибор бермаймиз. Ўзимиздан чиққан бало (яъни боламиз) касал эмаски, даволагани олиб борсак. Модомики «бало» деб атадик, у ноқобилроқ. Ўз фарзандимиз устидан қаерга бориб арз қиламиз? Мақолнинг тўғри варианти: «Ўзингдан чиққан балога, қайга борасан даъвога?».

Аҳл – кўплик. Соҳа, касб ёки доира одамларини «аҳл» дейишган. Классикларимиз «аҳли илм» (илм аҳли), «аҳли шеър», «аҳли дил», «аҳли ҳунар» сингари иборалардан кўп фойдаланган.

«Аҳли хонадон» (хонадон аҳли), шунингдек, «хотин аҳли» иборасига ҳам дуч келамиз. Ойбек: «Биласан, хотин аҳли молга ўч бўлади, алалхусус, сандиқдаги молни ер-кўкка ишонмайди».

«Аҳли аёл» деб «рафиқа»нимас, оиладаги барча аёлларни ёхуд «хотин аҳли» деб «аёл зоти»ни тушунмоқ лозим.

Ёнимиздаги одам аксирса «соғ бўлинг!» баробарида «ҳақ аст рост» дейишга одатланганмиз. Гўё у акса уриб, айтилган гапнинг тўғрилигини (чин ва ҳаққонийлигини) тасдиқлади. «Ҳақ аст рост»мас, «ҳақ асту рост» десак ифода ва мантиқ жойига тушади. Яъни айтилган гап «ҳақ ва рост».

«Кампирнинг дарди ғозада»нинг русча вариантини эслаганимиздек, айрим мақоллар айнан ва мазмунан бошқа тилга ўгирилган ва истеъмолга кирган. Бироқ таржимонлар баъзан носаҳиҳликка йўл қўйган. Масалан, ўзбек халқ мақоли «Пул бўлса чангалда шўрва» тожик тилига «Пул бошад дар жангал шўрбо» деб таржима қилинган. Таржимон чангални (сиқимни) «чангалзор» (турли дарахтлар, тиканли буталар майдони) деб тушунган. Натижада оригиналдаги маъно шикастланган, мақол мавҳумлигича қолган.

Ҳаётий тажриба асосида халқ томонидан яратилган, панд-насиҳат мазмунига эга бўлган ихчам, образли ва ҳикматли иборалар, яъни мақоллар ёхуд тугал маъно англатувчи қисқа ифода, ибора, таъбирлар ва афоризмлар (ҳикматли сўзлар) асрлар давомида сайқал топган ва шаклланган экан, уларнинг тўғри (асл) шаклини қўллаш (шунингдек, тўғри тушуниш) бизнинг вазифамиз.

 

Муҳаммад ШОДИЙ




Ўхшаш мақолалар

Эътибордан четда қолаётган  «ётоқ туман»  муаммоси

Эътибордан четда қолаётган «ётоқ туман» муаммоси

🕔16:35, 02.05.2024 ✔3

Катта шаҳарларимиз, айниқса, пойтахтда ҳаво ифлосланиши энг долзарб муаммога айлангани сир эмас. Атмосфера ифлосланишига 53 фоиз ҳолатда автомобиллардан чиқадиган зарарли тутунлар сабаб бўлмоқда. Кўчаларда юзага келадиган тирбандлик эса транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли ташламалар миқдорини янада оширади.

Батафсил
Электр энергияси ва  табиий газ қимматламоқда,  ижтимоий норма халққа  қандай ёрдам бўлади?

Электр энергияси ва табиий газ қимматламоқда, ижтимоий норма халққа қандай ёрдам бўлади?

🕔20:38, 19.04.2024 ✔35

Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилади, кўп ишлатган кўпроқ тўлайди. Яъни, энергетика соҳасида «ижтимоий норма» жорий этилди. Буни қандай тушуниш керак?

Батафсил
Экологик стикерлар бизни  ҳаво ифлосланишидан қутқара  оладими?

Экологик стикерлар бизни ҳаво ифлосланишидан қутқара оладими?

🕔22:10, 12.04.2024 ✔40

1 июндан бошлаб Ўзбекистонда «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этила бошлайди. Бунинг учун шаҳарлар экоҳудудларга бўлинади ва автомобилларга экологик стикерлар берилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар