Ҳали баҳор келмасиданоқ бободеҳқонлар ва боғбонлар ғимир-ғимир ишга тушиб қолишади. Боғбонлар ниҳолини, деҳқонлар уруғини тайёр қилади, саралайди.
Юртимизда ҳар бир хонадон баҳор келишига дарахт ниҳолларини тахт қилиб, экишга тайёр қилиши йиллар давомида урфга айланган. Аммо охирги йилларда бу одат анча унутилгандек бўлганди. Ҳаёт ташвишлари, турмуш ғорини тўлдираман дея югуришлар бизни она табиат билан уйғунлашишдек оромбахш, қалбга яқин бир ҳолатдан узоқлаштиргандек эди. Аммо ноябрь-декабрь ойларида «Яшил макон», баҳорнинг илк кунида бошланган «Яшил йиллик» умуммиллий лойиҳалари яна бизни она табиатга боғланиш ва ерга ниҳол қадашдек савоб ишлар сари руҳлантирмоқда.
Мамлакатимиз бўйлаб 1 мартдан «Яшил йиллик» умуммиллий тадбири бошланиши анча аввалроқ маълум қилинганидан хабарингиз бор. Жорий йил баҳор мавсумида «Яшил макон» лойиҳаси доирасида 125 млн. дона дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган. Шу билан бирга аҳолига камида 10 млн. дона мевали ва манзарали дарахт кўчатлари бепул тарқатилади. «Агар Ўзбекистонда экологияни яхшилайман деса, ҳар йили ҳар бир хонадон иккитадан дарахт эксин. Ҳар бир ташкилот бештадан дарахт эксин, қайси ташкилот бўлишидан қатъи назар», – дея халқимизга мурожаат қилган эди Президент Шавкат Мирзиёев.
Дарҳақиқат, бу ҳақида қанча гапирмайлик, қанча ёзмайлик озлик қилаверади.
Ҳар биримиз оила аъзоларимиз сонига қараб киши бошига 2 тадан ниҳол экканимизда шунча ўтган йилларда юртимиз ердаги жаннатнинг ўзи бўларди. Биз эса бугунги куннинг энг долзарб муаммолари сифатида халқаро ҳамжамият ва юртимиз олдида кўндаланг турган ҳаво ифлослиги ва у келтириб чиқарадиган миллионлаб касалликлар, зарарларига тўқнаш келмас эдик ҳисоб.
Аммо ҳалиям кеч эмас. «Яшил йиллик» умуммиллий лойиҳаси баҳорнинг илк кунидан бошланди. Демак, бугун биз эккан, сиз эккан ниҳоллар 3-4 йилда каттагина дарахтга айланиб, ўз мевасини бера бошлайди.
Ёшлигимда ҳовлимизда ёзда ғарқ пишган меваларни узиб еб, улоқтирган данакларимиздан униб чиққан ниҳолчалар жудаям кўп бўларди. Биз уларни баҳор чоғи олиб тартиб билан ҳовлимиздаги мўъжазгина боққа экардик. Қўшниларимизга тарқатардик. Отам қаерга бормасин, мева еса данагини рўмолчага тугиб олиб келарди. Онамнинг матодан тикилган катта-кичик халтачаларига мева данакларини ўрик, шафтоли, қантак, ёнғоқ деб ёзиб солиб қўярдик. Куз охирида данакларни ерга кўмардик. Баҳорда эса бу данаклардан митти ниҳолчалар униб чиқарди.
Қай бир ерда эшитганим бор эди, қайсидир давлатда мева данакларини, ўсимлик уруғларини йиғиб катта йўллар бўйига сочиб кетишар экан. Агар улардан 10 таси униб чиққандаям катта дарахтларга айланиб мева солиши эҳтимоли жуда юқори.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмас. Унинг доирасида келгуси беш йилда 1 миллиард туп дарахт кўчатини экишни мақсад қилганмиз. Бу умуммиллий ҳаракатнинг натижаси ҳар бир маҳаллада кўриниши керак, бу савобли ишни ҳавас билан қилиш керак», – дея давлат раҳбари бежиз куюниб айтмаяпти. Зеро, бундан буёғига биз фақат тоза ҳаво, тоза атроф муҳит, тоза сув, яшил маконлар учун ҳаракат қилишимиз, ҳар кун, ҳар дақиқа табиат ва унинг бор неъматларини асрашни ўйлашимизга тўғри келади. Чунки ер юзида инсоният кўпайгани сари унинг табиий ресурсларга бўлган эҳтиёжи ҳам ошиб бораверади.
Бу эҳтиёж эса биздан яшил маконларни кўпайтиришни, чўлланишни кескин камайтириш учун дарахтзорлар барпо этишни, тупроқ, ҳаво ва сув софлигини сақлаб қолишни талаб қилади.
Азиз юртдошим, сиз «Яшил йиллик»ка тайёрмисиз? Кўчатларингизни, ниҳолларингизни бадастир қилиб қўйдингизми? Агар жавобингиз йўқ бўлса, дарҳол ишга киришинг. Ҳовлингизни кўздан кечиринг, ниҳолчалар бордир? Йўқ бўлса дарров кўчат бозорига боринг. Ҳозир минг турли кўчатлар савдога чиққан пайт. Хулоса қиладиган бўлсак дарахт экиш фурсатини қўлдан бой берманг.
Саида ИБОДИНОВА,
«Оила ва табиат» мухбири
Сессия қарори асосида «Навоийазот» АЖ атрофида атмосфера мониторинг қилинади
🕔09:23, 23.10.2025
✔7
Саноат корхоналари мамлакатда иқтисодий тараққиётнинг бош омили саналади. Уларда минглаб элдошларимиз меҳнат қилар экан, биринчи навбатда ўз оиласи фаровонлигини таъминлаётганидан мамнун, албатта.
Батафсил
Кўринмас сув нима?
🕔09:11, 23.10.2025
✔8
Виртуал сув маҳсулотни ишлаб чиқариш жараёнида ишлатилган, лекин кўзга кўринмайдиган сув миқдоридир.
Батафсил
Сирдарёда сувдан фойдаланиш қандай кечмоқда?
🕔15:32, 16.10.2025
✔26
Сирдарёда экологик ислоҳотлар бўйича эшитувда сув ресурсларини тежаш ва амалий натижалар босқичи бошлангани муҳокама қилинди.
Батафсил