Сўнгги йилларда инсониятнинг табиатга салбий муносабати унга катта зарар етказмоқда. Бунинг оқибатида табиат инсондан қасд олишга ўтди, десак ҳам бўлади. Ер юзида бўлаётган тўфонлар, зилзила ва бошқа табиий офатлар, коронавирус бунга яққол мисол бўла олади.
Катта-катта ҳудудлардаги табиий бойликларнинг ўзлаштирилиши, янги-янги механизмларнинг ишлаб чиқилиши, ўсимликларни касаллик ва ҳашаротлардан ҳимоя қилиш воситаларидан тизгинсиз фойдаланиш глобал даражадаги экологик муаммоларни келтириб чиқараётгани рост гап.
Масалан, оддий биз ичадиган сувнинг сифати инсон саломатлиги учун нечоғли муҳим аҳамиятга эга эканлигини яхши биламиз. Аммо Фарғона вилояти ҳудудидаги бир қанча туманларда сувнинг қаттиқлик даражаси юқорилиги, турли ташқи таъсирлар оқибатида ичимлик сувнинг кимёвий таркиби ўзгариб бориши кузатилмоқда.
Атмосфера ҳавоси, ер ости сувлари ва тупроқнинг сифатига саноат корхоналаридан чиқадиган зарарли омиллар таъсир қилиб, «Фарғона азот» ва Фарғона нефьтни қайта ишлаш заводи сингари корхоналардан чиқаётган турли чиқиндилар, Фарғона шаҳрининг Қиргули, Тошлоқ туманининг Турват, Қанжирға, Ахшак, Конизар, Терактаги қишлоқлари аҳолиси соғлиғи учун жиддий хавф туғдирмоқда. Жумладан, Фарғона шаҳар Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўлимининг маълумот беришича,
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи бир йилда 172 тоннадан зиёд, «Фарғона азот» эса 1560 тоннадан зиёд чиқинди чиқарар экан. Энди ўзингиз бу ер ҳавосининг сифатини тасаввур қилаверинг.
Тоза ҳавосиз, сувсиз ҳаётни тасаввур этиб бўлмаганидек, тупроқсиз ҳам ҳаёт кечириш имконсиз. Тупроқ ернинг пўстлоқ қавати бўлиб, кўркам табиатнинг ҳаётбахш омилларидан саналади. Тупроқ ҳаётнинг боши, ўсимликлар озуқаси, у одамларни боқади, кийинтиради, жониворлар учун эса яшаш макони ҳисобланади. У атроф муҳитнинг бир бўлаги.
Шунинг учун тупроққа тегишлича озуқа бериб, уни зарарланишдан муҳофаза қилиш, унда кечаётган мураккаб биогеоценоз жараёнларга зарар бермаслик зарур. Акс ҳолда тупроқнинг экологик ҳолати бузилиб инсон учун зарарли омиллардан бирига айланиб қолади. Хусусан, ерга кўп миқдорда минерал ўғитларнинг ташланиши, уларнинг турли кимёвий унсурлар билан зарарланиши тупроқ таркибини тубдан ўзгартириб юбормоқда.
Тупроқнинг санитария ҳолати унга тушаётган турли маиший ва саноат чиқиндилари, оқова сувлар туфайли бузиляпти. Бу эса инсонлар ўртасида соматик, юқумли ва паразитар касалликлар келиб чиқишига, кўпайишига сабаб бўлмоқда.
Мухтасар қилиб айтганда, атроф муҳит софлиги биз, унда яшовчи инсонлар учун ғоят муҳимдир. Соғлиғимиз – энг катта бойлигимиз. Қачонки табиатни, ундаги табиий ва моддий ресурсларни асрар эканмиз, шундагина ўз саломатлигимизни сақлаган бўламиз. Айни йўналишдаги ҳаракатларимизнинг барчаси тоза ҳудуд ва мусаффо ҳавосиз асло самара бермайди. Демак, соғлик – экологияга боғлиқ. Бу ҳаёт ҳақиқатини асло унутиб қўйиш керак эмас.
Рўзматжон ТОШҚУЛОВ,
Ўзбекистон Экологик партияси
Тошлоқ туман кенгаши раиси
Геоэкологик барқарорлик: Сув, тупроқ ва ер ости бойликларини асраш масъулияти
🕔14:30, 22.10.2026
✔12
Бугунги кунда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, сув ва тупроқни муҳофаза қилиш, ер ости сувлари ҳолатини кузатиш ҳамда геоэкологик мувозанатни сақлаш энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Батафсил
Иссиқхоналар «яшил» технологиялар асосида экологик хавфсиз фаолият юритади
🕔13:24, 15.10.2026
✔92
Ўтган йилларда куз-қиш ойларида шамол сустлашиши ва ҳарорат инверсияси туфайли иссиқхоналардан чиқадиган ташламалар пойтахт ва унинг атрофида тўпланиши кузатилди.
Батафсил
Термизнинг чанг бўронлари ва ҳаво ифлосланишига чидамлилиги оширилади
🕔13:15, 24.09.2026
✔136
«Термиз шаҳрида қум ва чанг бўронлари ҳамда ҳаво ифлосланишига нисбатан жамоалар ва соғлиқни сақлаш тизимининг барқарорлигини табиатга асосланган ечимлар орқали мустаҳкамлаш» лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Батафсил