Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилСўнгги йилларда Ўзбекистонда дарахтларга қирон келтириш чинакамига авж олди. Аниқ жавобгар йўқ. Қайсидир идора хулоса беради, қайсидир бири – рухсат. Кимдир ер сотиб олади, у жойнинг устида турган дарахту ўт-ўлангача – ҳаммаси меники дейди. Бошқа бир ташкилот «дарахтга тегма» деб чиқади, у эса юз йиллик дарахтни еримдан кўтар дейди.
Муаммо тобора чигаллашиб, калаванинг учи йўқолади. Масъулиятни зиммасига олишни ҳеч ким истамайди. Бу орада эса яна қанча-қанча навқирон дарахтлар «оёғини узатиб юбораверади».
Рақамларга эътибор беринг: 2020 йилда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесиш билан боғлиқ 7854 та, 2021 йилнинг дастлабки 6 ойида 2597 та ҳуқуқбузарлик ҳолати содир этилибди. Оқибатда 4516 та қимматбаҳо дарахт кесилган ё шикастланган, ўсимлик дунёсига 6,7 миллиард сўмлик зарар етказилган. Миллиардларни қўя турайлик. Битта дарахт «одам бўлгунча» энг ками 5 йил кетадиган бўлса, 22 580 йиллик дарахтнинг шўри қуритилган бўлиб чиқяпти. Шу муддатни ўша масъул шахсларга бўлиб бериш керак эмасми аслида?!
Бундан ўн йиллар олдин Тошкентнинг қоқ марказидаги хиёбонда юз йиллик чинорларнинг кесилиши билан бошланган кампания афсуски ҳамон давом этиб келмоқда. Бир йил ичида Фарғонадаги азим чинорлар йўқ қилинди, Чирчиқдаги хиёбон чўлга айланди. Кимлардир яширинча, кимлардир эса очиқчасига қанча-қанча улкан чинорлар, бақатераклар, ноёб турдаги дарахтларни таг-туги билан қўпориб ташлади. Энг ёмони йиллар давомида ота-боболаримиз экиб кетган минглаб дарахтларни кесишга кесдигу, аммо битта кўчат экиб, уни вояга етказишга кучимиз етмади.
Детектив кино ёки асарларда юзига қора ниқоб тортган кимсаларнинг одамкушлик қилиши, ўғирлик, талон-тарожликларни содир этиши, ана борингки, банкка талончилик учун бостириб кириши каби ҳолатларга кўп дуч келганмиз, ўқиганмиз, эшитганмиз.
Аммо охирги пайтларда юртимизнинг турли ҳудудларида ана шундай қора ниқоблилар дарахтларга суиқасд уюштиришни бошлаганига нима дейсиз? Тунда дарахтларни кесиб кетишга уларни нима мажбур қиляпти экан?
Энг ачинарлиси дарахтларни кесишга қарши мораторий эълон қилиниб, қонунда жазо чоралари кучайтирилганига қарамасдан бу хуфёна иш негадир ҳеч тўхтамаяпти. Дарахт кесишга қасд қилганлар қанчалик катта куч эканки, ҳатто қонунлару, назорат органлари ҳам уларнинг фаолиятига бутунлай чек қўйишга ожиз қолмоқда.
Ёмоннинг кучи япалоққа етадими?
Яқинда, 2021 йилнинг охирларида пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги Амир Темур ва Чинобод кўчалари чорраҳаси ёнидаги бир неча сотихлик жойда яшнаб турган 18 дона қарағай дарахтини йиқитишга тайёр қилиб арралаб кетишди. Шу ерни аукцион орқали қўлга киритган фуқаро эса бу дарахтларни бошқа жойга кўчиришга рухсат беришни сўраб Экология қўмитасига мурожаат қилган. Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бунга рад жавобини бергандан кейин ушбу дарахтлар атрофида турфа «ўйин»лар бошланган. Афсуски, шу билан бу томоша ниҳоясига етмаган.
Дастлаб номаълум кимсалар томонидан тунда 10 та дарахт ярмигача арралаб кетилган. Кўриниб турибдики, у кимсаларга дарахт ҳам, ундан олинадиган материал ҳам керак эмас, шунчаки бу ердан уларни йўқотиш зарур бўлиб қолган. Айни вақтда экологлар ушбу дарахтларни қуритмасдан сақлаб қолиш мақсадида Ботаника институти мутахассисларини жалб қилишган. Улар ҳозирча қуриб қолмаган.
Тун чўкмоқда. Қиш кунлари атрофга қоронғулик эртароқ тушади. Табиатга ёвуз муносабатда бўлиш қонига сингган айрим виждонсизларга бу айни муддао. Олдинги сафар «жиноятини» охирига етказа олмаганлар орадан маълум вақт ўтгандан кейин қора ниқобда шу атрофда яна пайдо бўлишади. Тўртта дарахтни кесиб, воқеа жойидан қочиб қолишади. Бу ернинг қонуний эгаси эса қўрққан олдин мушт кўтарар деганларидек, экологлар устидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига шикоят йўллайди. Эмишки, дарахтлар кўчирилишига рухсат берилмагани туфайли унинг ҳуқуқлари бузилганмиш. Суд эса ушбу аризани қаноатлантиришни рад этади.
Ҳозирги кунда мазкур ҳолат бўйича тузилган махсус ишчи гуруҳи қайд этилган манзилда батафсил ўрганиш ишларини ўтказиб, содир бўлган ҳолатга қонуний баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар прокуратура органларига топширилган. Тунда дарахтларга атайин шикаст етказаётганларни топиш мақсадида ички ишлар органлари билан ҳамкорликда режали тадбирлар амалга оширилмоқда экан.
– Ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларнинг кесилишига жорий этилган мораторий муддатсиз даврга узайтирилган вақтда юз берган бу ҳолатни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Модомики, қўмита раҳбарияти ҳуқуқбузарларга нисбатан тез кунда қатъий чоралар кўрилишини изчил назорат қилади ва бу ҳақда жамоатчиликка ахборот бериб боради, – дейди Экология қўмитаси вакиллари вазият ҳақида хабар берар экан.
Бугун экологик муаммоларга ҳар қадамда дуч келаётган бўлсак ҳам, ҳавонинг ифлосланиши, чанг ва қум бўронларига қарамасдан пул, бойлик кўзини кўр қилган айрим кимсалар ҳали ҳамон бир дона дарахтнинг табиат учун қанчалик аҳамиятга эга эканини тушуниб етмаяпти. Маълумотларга кўра, ўртача катталикдаги битта дарахт йилига 150 килограмм карбонат ангидрид газини ютади. Аммо уларнинг иш-фикри битта: кесиш, янчиш, бузиш ва мўмай даромад топиш. Эртага ана шу пулини кўтариб хорижнинг қайсидир бир серсоя жойига дам олишга ошиқиши аниқ ундайлар. Бундайларнинг кучи фақат тил-забонсиз дарахтларни қақшатишга етяпти холос. Ёмоннинг кучи япалоққа етибди деганлари шу бўлса керакда.
Кесишади «анжанчасига»
Куни кеча ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ва жамоатчилик нафратига сабаб бўлган «андижонча дарахт кесиш»ни ҳам ҳеч қанақасига, ҳеч қайси тарозида ўлчаб ҳам, оқлаб ҳам бўлмайди.
«15 январь куни кечаси Андижон вилоят перинатал маркази ҳудудидаги 12 туп дарахт кесиб ташланди», дея хабар қилди куни кеча Экоқўмита. Ташкилот томонидан эълон қилган баёнотда перинатал марказ ҳудудидаги дарахтларни кесишга рухсат сўраб мурожаат қилингани, лекин қонунчиликда белгиланган тартибда экология органи хулосаси ва рухсатнома олмай туриб бу иш амалга оширилгани таъкидланган.
Бу ҳам тунда ими-жимида амалга оширилган. Кесиб ташланган 12 туп дарахт «элдор қарағайи» бўлиб, у ҳукумат қарори билан тасдиқланган «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг рўйхати»га киритилган.
Қолаверса, кесилган энг кичик қарағайнинг диаметри 12 сантиметрни, энг каттасиники эса 40 сантиметр.
Уларнинг бари гуркираб, ҳаётга интилиб, «менман ўша тоза ҳавони берадиган, мен ўша ҳаёт манбаи» дегандек яшнаб турган. Яна денг, перинатал марказ олдида, янги туғилган гўдакларнинг соғлиғи учун кислородга тўйинган мусаффо ҳаво бериб турган «жонкуяр» дарахтлар булар.
Қонунсизлик шу даражага етганки, дарахтларни кесишга жалб этилган Андижон шаҳар ободонлаштириш бўлимининг юк машинасидан давлат рақам белгилари ечиб олиб қўйилган. Хўш, дарахтларни кесишни тақиқловчи мораторий муддатсиз даврга узайтирилган бўлса-да, бунга амал қилмаганларга отнинг калласидай жарималар белгиланган, етказилган зарар 2 баробар қилиб ундирилиши ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилса-да, бундай дарахткушликни амалга оширишга уларни ким ундаган?..
Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати эса «қовун тушириш»да давом этмоқда. Одатда ҳар қандай айбловга мантиқсиз ва тутуриқсиз баҳоналар, сабаблар топиб бера оладиган айрим матбуот хизматлари вакиллари каби Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ҳам аввалига дарахтлар ўз жойида турганлигини иддао қилган, аммо бироз вақт ўтиб ушбу ёлғон хабарини ими-жимида таҳрирлаб, оммавий ахборот воситаларига оид қонунларни қўпол равишда бузган. Демакки бу ишга «катта бош»лар қўшилган кўринади.
Ҳайрият, тезкор Экоқўмита вакиллари вилоят перинатал маркази атрофидаги 145 туп дарахтларни рақамлаб чиқиб, алоҳида муҳофазага олибди. Қўмитанинг бу ҳаракати эътирофга сазовор. Энди бу ишни бутун республика бўйлаб амалга оширилишини сўраган бўлардик. Аммо бу жараённи тезлаштириш, дарахтлар кесилиб соб бўлмасдан аввалроқ уларни асраш чораларини кўпайтириш лозим.
Хулоса ўрнида
«Яшил макон» умумиллий лойиҳаси доирасида мамлакатимиз бўйлаб миллионлаб ниҳоллар экилди. Аммо улар ҳозирча 100 йиллик чинорлар, кесиб йўқ қилинган минглаб азим дарахтлар ўрнини босолмайди. Ниҳолнинг ўсиб униб кетиши, мева ва сояга киришига камида 10 йил вақт керак бўлади. Демакки, дарахтларни кесиш бўйича янаям қаттиқроқ жазо чоралари жорий қилиниши зарурга ўхшайди.
Юртимизда маҳаллий дарахт турларини экиш, шафқатсизларча кесилган чинорларнинг ўрнини қайта тиклаш, аввало фарзандларимизни табиатга меҳрли қилиб ўстириш, ҳар бир ўқувчи, ҳар бир талаба, ҳар бир оила кўкламда дарахт экишда фаол қатнашишини таъминлаш орқали табиатга меҳрли қилиб тарбиялаш вақти аллақачон келди.
Саида ИБОДИНОВА,
«Оила ва табиат» мухбири
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилБоғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.
БатафсилБаъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.
Батафсил