Бугун иқлим ва атмосферада, умуман экологияда кузатилаётган ўзгаришлар ҳаётимиз, турмуш тарзимизга таъсир кўрсатмоқда. Атрофимизда эса экомуаммолар ортса ортмоқдаки, ҳеч камайишидан дарак кўринмаётгандек.
Айни дамда иқлим ўзгаришлари Самарқандда қандай ҳолатларга сабаб бўлаётгани ҳақида Ўзбекистон Экологик партияси Самарқанд вилояти партия ташкилоти раиси, Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали доценти Бахтиёр АБДУЛЛАЕВ билан суҳбатлашдик.
– Маълумки, юртимизда йил фаслларида кузатиладиган об-ҳаво ўзгариб бормоқда. Мазкур жараён Самарқанд вилояти ҳудуди экологиясига қандай таъсир қилмоқда?
– Қиш фаслида ҳавонинг исиб кетиши, аввало, дарахтларнинг эрта уйғонишига олиб келмоқда. Бир неча йиллардан бери ўрик, бодом каби эрта гуллайдиган мевали дарахтлардан ҳосил олиш камаймоқда. Боиси қишда ҳавонинг исиши натижасида дарахтлар ёлғон ҳаводан куртак чиқаряпти. Ҳаво бирдан совиганида эса бу нозик куртаклар нобуд бўлиб, дарахт баҳорда қайта гуллай олмаяпти. Баъзан йил давомида гуллашдан қолиб кетса, баъзан эса кеч гуллаб, ҳосилда кечикмоқда. Кеч гуллаган дарахтлар ҳосили эса камаймоқда. Ҳозир айни қишнинг ўртасида ҳовлимдаги анжир гуллаш арафасига келиб қолди, ўрик куртаклари ҳам кўзга ташланади. Дарахтлар уйғонмоқда, ўт-ўланлар ҳам бўй чўзмоқда.
Аслида кимёвий усуллар ёрдамида дарахтлар куртаклашининг олдини олиш мумкин, аммо катта майдонларда, боғларда бу имконсиз, ўзини оқламайдиган усулдир.
Тупроқ таркибидаги ўсимликка зарар келтирадиган ҳашаротлар, микроорганизмлар совуқда йўқолишини деҳқонларимиз яхши билади. Қиш совуқ келсин, қорлар кўпроқ ёғсин дея ният қилади. Бироқ йил сайин ҳароратнинг кўтарилиши зарарли микроорганизмларнинг тупроқда авж олишига, кўпайиб кетишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳам экинлар ҳосилига жиддий зарар етказмоқда.
Ана шундай об-ҳаво ўзгаришлари таъсиридаги ҳодисалар аҳолини хавотирга солмоқда. Даромадига ҳам таъсир қилмоқда.
– Биламизки, экишда ҳудуд иқлим шароитига мос ўсимлик ва дарахт кўчатларини танлаш муҳим аҳамиятга эга. Хўш Самарқанд учун қандай дарахтлар мос келди?
– Самарқандда «Яшил макон» умуммилий лойиҳаси доирасида сув кўп, суғориш осон бўлган жойларга павловния ва тут экилди. Қурғоқчил ҳудудларга ярим бута, бута, турли навдаги арча, қайрағоч кабилар ўтқазилди. Мисол учун, Булунғур туманидан Ғаллаоролгача бўлган ҳудудда шамол кўп эсади. У ерда 16 қаторли ҳимоя дарахтзорлари яратилиши шамолни, гаримселни ушлаб қолади. Шу боис ана шундай ҳимоя дарахтзорлари ҳам ташкил этила бошланди. Қўшработ туманида қурғоқчиликка чидамлилиги, яримбута шаклида ҳам ҳосил олиш мумкинлиги билан ажралиб турган узум кўчатлари кўпроқ экилди. Узумзорлар ҳам яратилди.
– Афсуски ижтимоий тармоқларда вилоятдаги дарахтлар кесилиши билан боғлиқ муаммолар акс этган фотолавҳалар ўтган 2021 йил давомида кўзга ташланди. Бу бўйича қандай ҳолатлар аниқланди?
– Қурилиш жойларида дарахт кесиш ҳолатлари кўп учрайди. Бунёдкорлик ва қурилиш майдонларига жой керак ва шу важдан дарахтларнинг ноқонуний кесилиши кузатилмоқда. Ҳаттоки, қурилиш майдони атрофи ўраб олиниб, дарахтларнинг илдизини қирқиб қўйиб, сўнг «мана ўзи қуриб қолди» деган ҳолатлар ҳам кузатилган. Уларга қонун доирасида чора кўрилди, аммо дарахт қуроб бўлганди.
Сўнгги вақтларда ҳаво ҳароратининг кўтарилиши ва аномал иссиқлик дарахтларнинг ўз-ўздан ёнишига сабаб бўлмоқда. Масалан, Жомбой туманидаги бир неча гектар майдонда дарахтларнинг табиий ёнгани, сувсизликдан қуриш, иссиқдан ёниш анча ўсимликларни нобуд қилганини айтиш лозим.
Буларнинг барчаси инсон омили билан ҳам бевосита боғлиқ. Шу сабабли, аввало аҳолининг экологик маданиятини ошириш лозим. Бу борада тушунтириш-тарғибот ишлари ўтказилмоқда. Табиатга, тупроққа, ўсимликка меҳрни мактабдан, боғчалардан бошламоқдамиз. Маҳалла ва олий ўқув юртларида ҳам шунга йўналтирилган суҳбатлар ўтказилмоқда.
– Вилоятдаги чиқиндилар билан боғлиқ вазият қандай?
– Самарқанд шаҳрининг ўзида 50 гектарлик чиқинди полигони мавжуд бўлиб, унга бир кунда қарийб 400-500 тонна қаттиқ ва маиший чиқиндилар келтирилади. Улар сараланиб, 15 фоизигина қайта ишлашга йўналтирилади. Айни вақтда чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича корхоналарга пластмасса, резина идиш ва буюмлар, қоғоз, целлофан пакет каби чиқиндилар қайта ишланмоқда. Қолган чиқиндиларни ҳам қайта ишлашни йўлга қўйиш борасида мутасаддиларга таклифлар берилган.
Қурилиш чиқиндилари бўйича ҳам муаммолар талай. Уларни саралаш, қайта ишлаш, компос, ўғит тайёрлаш бўйича илмий изланишлар олиб борилиб, янги технологиялари ишлаб чиқилмоқда. Қолаверса, 2022 йил аҳоли учун энг зарур бўлган чиқинди ташлаш қутиларини таъминлаш мақсадида 1,5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу маблағ эвазига 500 та ана шундай контейнер олиб келинади ва етишмаётган ҳудудларга ўрнатилади.
– Самарқанд вилояти тупроқ унумдорлиги, шўрланиш даражаси қай ҳолатда? Муаммоларнинг олдини олиш ва ҳал этишда оптимал ечим нимада?
– Вилоятда кам шўрланган ерлар миқдори 10-20 фоиздан ошиб бормоқда. Шўрланиш иқлим, рельеф, ернинг қанча паст-баландликда эканлиги билан боғлиқ. Сув доимий оқиб турган жойларда шўрланиш бўлмайди. Тўпланиб қолганда эса сув парланади ва ўрнини шўрланган тупроқ эгаллайди. Тупроқ табиий ёки инсон омили билан шўрланиши мумкин. Бунинг олдини олишда эса томчилатиб суғориш, қурғоқчиликка чидамли ўсимликларни экиш ёрдам беради.
2021 йилда қарийб 20 минг гектардан ортиқ майдонга турли хилдаги сув тежамкор технологиялар жорий этилди. 2022 йилда ҳам қишлоқ хўжалигида яна шунча майдонда томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Масалан, Жомбой, Булунғур, Қўшработ, Пастдарғом каби туманларда томчилатиб суғориш орқали яхши ҳосил олинмоқда.
Нега айнан томчилатиб суғориш керак, дерсиз. Боиси томчилатиб суғорилганда сув сизот сувларигача етиб бормайди ва шўрланиш кузатилмайди. Агар суғоришда фойдаланилган сув сизот сувларига етиб борса, сув сатҳи кўтарилади ва намлик тупроқ юзасигача етиб келади. Оқибатда намлик юқоридан тушаётган иссиқлик сабаб парланади ва ўрнини туз, шўр тупроқ эгаллайди.
Ноилахон АҲАДОВА
суҳбатлашди.