Ўқувчи ва ота-она дуч келадиган тўрт муаммо
Бола улғайгач, унинг муаммолари ҳам каттариб бораверади. Фарзандингиз мактабга қатнай бошлагач, фанларни ўзлаштириши, ўқитувчи ва синфдошлари билан муносабати ҳақида қайғурасиз. Бу борада қатор саволлар, муаммолар юзага келиши табиий. Хўш, уларни боланинг дилини оғритмай, осон ҳал этиш мумкинми?
Урсанг, эти қотади
Айрим ота-оналар боласи ёмон баҳо олиб келса ёки ўқишга мойиллик кўрсатмаса, буни тузатишнинг ягона чораси уни жисмоний жазолаш, деб ҳисоблайди. Ваҳоланки, бу — хато: жисмоний жазо болани тўғри йўлга солмайди, балки шахсиятини хўрлайди, унга руҳий жароҳат етказади. Гарчи болани фақат яхши ўқимагани учун уришаётган бўлсангиз-да, у ўзини ёмон, ҳеч ким ёқтирмайдиган бола сифатида ҳис эта бошлайди.
Ўқишга қизиқиш уйғотиш учун фарзанди билан бирга дарс тайёрлаган, унга ҳар томонлама ёрдам берган ота-оналар амалда кўпроқ натижага эришади. Агар ота-она болага ўқиш, илм олишнинг ҳаётий зарурат эканини уриш-жанжалсиз англата олса, бу катта ютуқдир.
Ҳақоратомуз сўзлар
Боланинг атрофдагилар билан мулоқоти, аввало, оила муҳитида ўрганганларига асосланади. Шу билан бирга, уни ташқи муҳитдан бутунлай иҳота қилиш ҳам иложсиз. Гарчи ота-она ширинсўз ва муомалада ҳеч қандай ҳақоратли сўзларни ишлатмаса-да, кўча-кўйдан ёмон сўзларни ўрганиб келиши мумкин. Айниқса, бу ўғил болаларга хос. Мабодо, фарзандингиз сўкинаётганини эшитиб қолсангиз, ваҳима кўтарманг. Одатда, бошланғич синф ўқувчилари ўзи ишлатаётган ҳақоратомуз сўзларнинг асл маъносини тушунмайди. Шунчаки, бошқаларга тақлид қилади, холос. Шунинг учун хотиржам ҳолда, яхши ва ёмон сўзлар борлигини, ёмон сўзларни ишлатиш одобдан эмаслигини ётиғи билан тушунтиринг. Болага жаҳл қилмасдан, бундай ножоиз сўзларни фақат тарбиясиз болалар ишлатишини тушунтиринг.
Исм кулгили бўлса...
Мактабда исм-фамилияси ноодатий ёки кулгилироқ ўқувчиларни майна қилиш ҳоллари ҳам учраб туради. Катталар бу ҳақда жилмайиб эслашади, аммо ўша вақтда бундан роса жаҳли чиққани рост. Агар синфда болангизнинг исми ёки фамилиясини майна қилишаётган бўлса, унга ёрдам беришингиз лозим. Бу ўринда фарзандингизга инсоннинг қандайлиги исм-шарифига эмас, балки унинг ўзига боғлиқ эканини тушунтиринг. Исми кулгили ёки тўпорироқ бўлса-да, лекин ҳаётда катта муваффақиятларга эришган кўплаб инсонларни мисол келтиринг. Фамилияни ўзгартиришнинг ҳожати йўқ. Зеро, бу номни боланинг ота-онаси кўтариб юрган бўлса, ундан воз кечиш одамнинг ўзлигини инкор этиш билан баробар. Буни бола англаб етиши керак.
Ўқитувчиси билан гаплашиб, мактабда болангизни қўллаб-қувватлашини, бошқа тенгқурлари уни камситишига йўл бермаслигини илтимос қилинг.
Ўқитувчи ва ўқувчи зиддияти
Шубҳасиз, ўқувчи ва ўқитувчи зиддиятида икки киши иштирок этади. Мабодо, фарзандингиз иштирокида шундай ҳолат юз берса, аввало, у билан гаплашиб, юзага келган бу келишмовчиликнинг сабабларини яхшилаб суриштириб, билишга ҳаракат қилинг. Лекин ҳисобга олинг, бола воқеани холис айтиб бермайди: ўзининг айбини яшириб, ўқитувчисиникини ошириши мумкин. Эҳтимол, фарзандингиз устозини ранжитган ёки унинг айтганини қилмаётгандир? Сўнгра ўқитувчи билан гаплашинг. Гапга кирмаётган, дарсдан чиқиб қочадиган, ўзини тутишни билмайдиган, дарснинг охиригача тоқати етмайдиган болалар учун мактабга ўрганиш анча қийин кечади, албатта. Бундай болаларни тартибга солиш борасида ўқитувчи ҳам турли усулни қўллайди: дарсдан чиқариб юборади, икки баҳо қўяди, уришади.
Гавҳар ХЎЖАЕВА,
болалар психологи
Автомашинамиздан воз кечолмасак, тоза ҳаво исташда мантиқ борми?
🕔11:00, 04.12.2025
✔40
Тоза ҳаво бугунги кунда нафақат юртимиз, балки бутун дунё мамлакатларининг оғриқли муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар бир давлатда демографик кўрсаткичлар ўсиб боргани сайин тоза ҳаво масаласи ҳам кўндаланг муаммога айланмоқда.
Батафсил
Сунъий ёмғир атмосфера ҳавосини тозалашда қанчалик самарали?
🕔10:59, 04.12.2025
✔36
Тошкент шаҳрида бир неча ҳафтадан буён давом этаётган ҳаво ифлосланиши фонида сунъий ёмғир ёғдириш масаласи яна муҳокамалар майдонига чиқди. Тўғри, юртимиз осмонида сунъий ёмғир ёғдириш ҳақида бир неча йиллардан буён айтиб келинади.
Батафсил
Уй ҳавосини энг яхши тозаловчи етита ўсимлик
🕔10:54, 04.12.2025
✔28
Қиммат техникалар эмас, табиий йўллар самарали ва зарарсиз
Батафсил