Чироқларни ўчиринг, қоронғилик ҳам табиат неъматидир
Тунда осмонга боққанмисиз? Юлдузлар милтиллаб турган самода сокинлик, сирли гўзаллик ва абадий ҳайрат яширинган. Аммо бугун бу манзара тобора хира тортаётгандек.
БатафсилБолалигимда қишлоғимизнинг кекса боғбони Чори бобонинг нок ва беҳини чатиштириб ҳосил қилган дарахтининг меваси бутун Сурхонга машҳур эди. Барча болалар каби беҳини унча ёқтирмасдим.
Таркибида сув камлигидан еганда ноқулайлик келтириб чиқарадиган бу мевани мен фақат ошга солиш мумкин деб ўйлардим. Аммо Чори бобонинг беҳи-ноки (мен уни ҳам беҳи, ҳам нок таъмини бергани учун шундай атардим) хуш таъми бир умр оғзимда қолган.
Ҳар куни мактабдан қайтгунимча атайлаб Чори бобонинг дарвозаси ёнидан имиллаб ўтардим. Зора бобо кўринса-ю, доимги одатига кўра ерга тўкилган беҳи-нокдан берса. Ҳар доим ҳам бундай имконият бўлавермасди. Мен эса бола кўнглим билан уялишни билмай бобонинг чор атрофи боғ ҳовлиси атрофида ўралашардим.
Бироқ негадир ҳафта ўтди ҳамки, дарвозаси олдида катта, ариқ устига салом бергандек эгилиброқ ўсган қари тол тагидаги ёғоч ўриндиқда газета варақлаб ўтирадиган бобо кўринмади. Мен беҳи-нок ейиш учун эмас, бобони ҳар куни кўриб турганим учун ўрганиб қолганман шекилли, у кишидан хавотир ола бошладим. Чори бобонинг ҳеч кими йўқ деб ўйлардим негадир. Чунки кампири оламдан ўтгач, бобонинг ўзи ёлғиз яшарди. Унинг яккаю-ягона овунчоғи боғи эди. Боғдаги дарахтлар хилма-хил, сув бўйидаги қари толдан бошқа ҳаммаси мевали.
Мактабдан қайтаётиб ўриндиқда хаёлга чўмган бобога кўзим тушдию, қувониб кетдим. Ёнига югуриб бориб, салом бердим. Кўринмай қолганига хавотир олганимни айтдим. Бобонинг кўзлари ёшланди. Лаблари титради. Секин бошимни силаб: «Меҳрибонгина бола экансан, Толибнинг ўғлимисан?» – деди. Бош ирғаб «ҳа» ишорасини бердим. Сўнг бобо мендан: «Боғни томоша қиласанми?» – деб сўради. Албатта қувониб кетдим, уйга шошилаётган бўлсам ҳам, жон деб боғни томоша қилишни хоҳлардим.
Бобо мени чоғроққина ёғоч эшикдан кириладиган боғига бошлади. Боққа кирганимда ҳайратдан кўзларим яшнаб кетди. Ҳаммаёқ жуда озода, бирор дарахтнинг тагида ортиқча, хас-хазон ёки бирор чиқинди кўринмасди.
Дарахтлар худди эндигина гўзаллик марказидан чиққан қизлардек чиройли, буталган, беҳи-нок, яна мен олдин кўрмаган олма дарахти меваларини тутиб «мени, е» деб турибди.
Ҳар бир дарахтнинг тагидан кичик чуқурча ковланиб, ўғит солинган. Бобо менга боғни кўрсатар экан, беҳи-нокни қандай кашф қилганини сўзлаб берди. Энди ўйлаб қарасам, бу боғбонлар тилида пайвандлаш дейилар экан. Яъни тури яқин бўлган икки дарахтнинг новдасини бири-бирига улаб, янги беҳи-нокка ўхшаган дарахт пайдо қилинади. Пайвандланган шохчалар жароҳатни даволагандек авайлаб, доим текшириб, мато билан ўраб турилади, то икки хил дарахт шохи бир тану, бир жон бўлиб барг ёзиб кетмагунча. Шу куни бобо боғидан бир сават мевани узиб менга тутқазди. Саватни ҳам бобонинг ўзи тўқиганлигини эс-эс эслайман. Чунки баъзида ёғоч ўриндиқда у кишининг тол шохларидан сават, яна ҳар хил буюмлар тўқиб ўтирганига кўзимиз тушарди.
Чори бобо узоқ йиллар олдин бу дунёдан ўтиб кетди. Аммо менинг ёш кўнглимда дарахтларга, боғбонликка меҳр уларнинг боғларидан бошланди. Мен ўзим кейинчалик бир ташландиқ ерни олиб, каттагина боғ қилдим. У ерда жудаям кўп янги дарахт турларини пайвандлаш орқали кашф қилдим. Аммо Чори бобонинг бир гаплари менга умрбўйи ҳамроҳ бўлди. «Қуриган қалб билан боғ яратиб бўлмайди. Қалби қурум босган одам минг дарахт эксин, боғ қилсин, унмайди, ўсмайди. Бахилнинг боғи кўкармас, деган мақол бежизга айтилмаган, болам. Боғим униб, ўссин десанг қалбингни тоза қил! Боғингдаги мевадан инсону жонивор, қурту қумурсқа баҳраманд бўлсин. Фақат ўз манфаатингни кўзлама. Сахий бўл! Агар бирор жиддий сабабга кўра, ё қуриб қолганидан дарахтни кесишга тўғри келса, бирни ўрнига ўнни эк. Шундагина сен яшаётган ерлар жаннатга айланади», деганди бобо.
Ҳозир бобонинг ўгитларини яна бир бор ёдга олар эканман, ҳақиқатдан ҳам «Яшил макон»га йўл қалбдан бошланишини тушундим. Гўдакликданоқ қалбимизда она табиат ва унинг неъматларига меҳр-муҳаббат, ҳурмат бўлмас экан, яшил келажакдан умид қилишга асло ҳақимиз йўқ. Шунинг учун ҳам биз бошлаган эзгу ишлар қалбдан, чин дилдан, худди ўзимизники деб ҳис қилишдан бошланиши керак.
Саида ИБОДИНОВА
Тунда осмонга боққанмисиз? Юлдузлар милтиллаб турган самода сокинлик, сирли гўзаллик ва абадий ҳайрат яширинган. Аммо бугун бу манзара тобора хира тортаётгандек.
БатафсилХалқаро олимлар жамоаси иқлим инқирози – бу шунчаки глобал чиқиндилар оқибати эмас, балки маълум бир шахсларнинг аниқ қарорлари натижаси эканини аниқлади.
БатафсилЯқинда халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида қабул қилинган қарорга кўра, маҳалла, кўча, дала чети, йўл бўйларида, канал ва коллекторлар атрофида 10 миллион туп гужум экиш бўйича уч йиллик дастур қилинадиган бўлди. Бу ерларда тут ва жийда ҳам кўпайтирилади.
Батафсил